‘Мени қул қилиб ишлатишди’

Агар, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг маълумотларига қаралса, ўтган уч йил ичида юзлаб тожикистонликлар турли ҳуқуқни ҳимоя этиш идораларига ана шундай шикоят билан чиқишибди.
Шикоятчиларга кўра, ўзларини турли давлатларда қул каби ишлатишган.
Халқаро ташкилотнинг билдиришича, бу каби оғир меҳнат натижасида ўзларига мурожаат қилган муҳожирларнинг чорак фоиздан ортиқроғи ногирон бўлиб қолишган.
Бироқ уларни қул қилиб ишлатган инсонлар устидан очилган жиноий ишлар бу рақамларнинг яқинига ҳам келмайди.
Ўзларини депортация этишлари ёки ортларидан тушишларидан қўрққан муҳожирлар, ўзга юртларга тирикчилик илинжида боришган эмасми, камдан-кам ҳолларда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этишади.
Тожикистонликлар ишлагани асосан Россияга боришади. Аммо кўпчиликлари қишлоқ ҳудудларидан эканликлари боис, рус тилини яхши билишмайди.
Воситачи...
Агар, Россия Муҳожирлик масалаларини ўрганиш марказининг маълумотларига таянилса, четдан келаётган муҳожирларнинг аксарияти қонуний йўллардан фойдаланмай, воситачилар ёрдамида иш топишга уринишади.
Марказнинг билдиришича, худди ана шу боис, уларнинг 20 фоиздан ортиқроғи қул каби шароитда меҳнат қилишади.
Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий аҳволлари билан боғлиқ вазият эса, ўтган бир неча йилдан буён деярли ўша-ўша.
Бу ерда энг асосий масала – муҳожирнинг мавқеи бўлиб қолмоқда.
Қулчилик ҳолларига оид жиноий иш очиш учун лозим ҳужжатларни йиғиш осон иш эмас – чунки ноқонуний меҳнат муҳожирларини қўлликдан озод этишлари билан юртига депортация этиб юборишади.

“Мавқеинг ноқонунийми, демак ҳимоясизсан. Энг аввало иш берувчи сени истаган куйига солиши мумкин бўлади. Сизга мисол тариқасида айтай, тожикистонлик бир муҳожир 17 яшар ўғлини ахлатхонага ишга жойлаштиради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, боласи йўқолиб қолади. Расман қайддан ўтмагани учун, ҳужжатлари бўйича Россияда эмас. Отаси ўғлини фақат орадан бир йил ўтиб топди. Аён бўлишича, боласини иш берувчилар ҳали у ахлатхонадан ҳали бунисига олиб юриб, текин ишлашга мажбур қилишган”, дейди Россия Муҳожирлик масалаларини ўрганиш маркази раҳбари Дмитрий Полетаев.
Жаноб Полетаевнинг айтишича, худди шу сабабдан ҳам, бу каби вазият энг аввало меҳнат муҳожирларини чув туширувчи иш берувчиларга қўл келади.
Ширкатлар ҳам қолишмайди
Муҳожирлар одатда у ерда бўлган яқинларига орқа қилиб ўзга юртларга боришади.
Галалашиб иш излашаркан, улардан кўпчилиги давлат ва хусусий ширкатларга мурожаат этишади.
Ҳатто, ана шу каби ширкатлар ҳам соддадил одамларни ишга ёллаб, кейин қул қилиб сотиб юборган ҳоллар оз эмас.
“Уларга иш, маош ва турар-жой ваъда қилишади. Лекин қурилишнинг ўрнига, уларни харсанг майдалашга олиб боришлари мумкин. Гўёки, муҳожирлар билан меҳнат шартномаси ҳам имзолашади. Аслида эса, у ҳам қалбаки бўлиб чиқади. Бу каби жиноятлар давлатлараро тусга эга. Шу боис ҳам, буни исботловчи маълумотларни йиғиш қийин бўлади”, дейди Тожикистон Инсон ҳуқуқлари марказининг Меҳнат муҳожирлиги дастури бўйича мувофиқлаштирувчиси Нодира Абдуллаева.
Бу каби ҳолларнинг олдини олиш учун эса, россиялик масъуллар четдан келган меҳнат муҳожирларини расман қайдда ўтишга ундаб келишади.
Аммо, агар, тожикистонлик муҳожирларнинг сўзларига қаралса, бу жараён кўп вақт олади ва катта пулга тушади.
“Буни тез ҳал қилишнинг ҳам йўли бор. Бир ярим минг Россия рублига қалбаки янги муҳожирлик карточкаси ва рухсатномани уйингизга келтириб беришади. Ҳеч ёққа бориб ётишингизнинг ҳам ҳожати бўлмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, шундай бўлгач, кимнинг қонуний ишлагиси келади. Агар, ҳақиқийсини оламан десангиз, бу сизга 20.000 Россия рублига тушади”, дейди тожикистонлик меҳнат муҳожири Умид Тохиров...
Унинг айтишича, шунча катта пулга ҳаммасини расман ҳал қилган тақдирларида ҳам, муҳожир бир ойнинг ичида иш топиши шарт бўлади.
Аксарият иш берувчилар эса, уларни қонуний йўл билан ишга олишга ошиқишмайди. Чунки солиқ тўлашлари лозим бўлади.
“Бир ойдан сўнг ишга кирганингизга оид маълумот олмагач, Россия Федерал Муҳожирлик Хизмати рухсатномангизни бекор қилади. Кейин регистрация муддати тугайди. Сизнинг яна чегарани кесиб ўтишингиз тақазо этилади. Бу эса, яна қўшимча пул дегани”, дейди Умид.












