Сурия қўшинлари пистирмада 62 исёнчини ўлдирган

Сурия армияси уюштирган пистирмада камида 62 исёнчи жангчилар ўлдирилган. Бу ҳақида Сурия инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳи хабар тарқатди.
Исёнчилар Дамашқ шарқидаги Адра шаҳри яқинида тонгда юз берган пистирмада ҳалок бўлганлар.
"Камида 62 исёнчи шаҳид бўлди, аксари ёшлар эди", деб айтилади гуруҳ баёнотида.
Сана давлат хабар агентлиги пистирмада неча одам ҳалок бўлганини очиқламади, аммо исёнчилар ал-Қоидага алоқадор ал-Нусра Фронти гуруҳидан бўлганларини айтди.
Сана исёнчиларнинг автоматик қуроллари ва гранатамётлари мусодара қилинганини хабар қилди.
БМТга кўра, Сурияда 28 ойдирки давом этаётган урушда 100 мингдан ошиқ одам нобуд бўлган, 1.7 миллион сурияликлар эса қўшни мамлакатлардан бошпана топишга мажбур бўлишган.
Сурия армияси Дамашқнинг аксар қисми ва ғарбга элтувчи йўлларни назорат қилаяпти, исёнчилар эса пойтахт шимоли ва шарқидаги ҳудудларни қўлларига олганлар.
Сешанба куни исёнчилар Туркия билан чегара яқинидаги Ҳалаб вилоятида жойлашган муҳим ҳаво қўналғасини қўлга киритганлар.
Менағ базаси Туркия билан боғловчи муҳим таъминот йўлида жойлашган.
Исёнчилар яқин кунларда, шунингдек, Президент Башар ал-Ассаднинг Алавий оқими маркази ҳисобланган Латакия вилоятида бир неча қишлоқларни қўлга олганлар.
Бироқ, президентга содиқ қўшинлар ҳам яқин кунларда Дамашқ ва Ҳалаб шаҳарлари, ҳамда Ҳалаб вилояти бўйлаб қатор ғалабаларга эришдилар.












