АҚШ расмийлари эҳтимолий Россия "бот фермасини" фош қилишди

Ботлар инсон ўрнига ижтимоий тармоқларда ёзиши ва хабар тарқатиши мумкин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ботлар инсон ўрнига ижтимоий тармоқларда ёзиши ва хабар тарқатиши мумкин
    • Author, Майк Вендлинг
    • Role, Би-би-си

АҚШ расмийлари Россиядан Сунъий ақл ёрдамида юритиладиган ахборот амалиётига, жумладан, ўзини америкалик деб кўрсатувчи 1000 га яқин аккаунтга қарши чоралар кўрди.

Х даги аккаунтлар россияпараст постларни тарқатган. Аммо аслида улар ҳақиқий одамлар эмас, балки автоматлаштирилган "ботлар" бўлган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, сешанба куни эълон қилган суд ҳужжатларида амалиёт Кремлга қарашли RT (собиқ Russia Today) нашри муҳаррир ўринбосари томонидан ишлаб чиқилгани айтилган.

Инглиз ва бир неча бошқа тилларда телеканаллар юритадиган RT, ТВ эфирларидан кўра, ижтимоий тармоқларда кўпроқ машҳур кўринади.

Адлия департаменти бот ҳисобларига алоқадор электрон почталар яратишда фойдаланилган иккита веб-сайт фаолиятини тўхтатди ва Х га терговчилар бот деб топган 968 та аккаунтга оид маълумотларни беришни буюрди.

Суд ҳужжатларига кўра, аккаунтлар сунъий ақл ёрдамида очилган, кейин улар россияпараст постлар, хусусан, Украинадаги уруш ҳақида ҳикоялар тарқатган.

"Бугунги ҳаракатлар Россия ҳомийлиги остида сунъий ақл яратган ижтимоий тармоқлардаги бот фермага зарба беришда илк қадам бўлди", деди Федерал қидирув бошқармаси директори Кристофер Врей.

iqtibos

"Россия ушбу бот-фермадан сунъий ақл яратган хорижий дезинформацияларни тарқатиш, Украинадаги ҳамкорларимизга путур етказиш ҳамда Россия ҳукумати учун қулай бўлган геосиёсий фикрларга таъсир ўтказиш иш кўламини кенгайтириш учун сунъий ақлдан фойдаланишни мақсад қилган", дейди жаноб Рей.

Ушбу аккаунтлар ҳозир Х томонидан ўчирилган. ФҚБ терговчилари томонидан тарқатилган скриншотларда уларнинг ўқувчилари оз бўлганини кўриш мумкин.

Суд ҳужжатларида "бот фермаси" хабарларни қандай қилиб тарқатишнинг янги йўлларини излаётган RT бош муҳаррири ўринбосарининг ташаббуси бўлганлиги батафсил баён этилган. 2022 йил Россия Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай, АҚШнинг бир неча йирик кабел телевидение провайдерлари эфирни узиб қўйгач, RT America ёпилганди.

Суд ҳужжатларида айтилишича, тармоқни яна бир РТ ходими ишлаб чиққан ва кейинроқ бу саъй-ҳаркатларга Россия разведкаси зобити қўшилган. Адлия департаменти буни "нотўғри маълумот тарқатиш орқали Қўшма Штатларда низо келтириб чиқариш"га уриниши деб таърифлаган.

RT Бош муҳаррир ўринбосари Анна Белкина Би-би-сига электрон почта орқали "Мен асосан помидор ва қулупнайдан иборат дачам (ферма)га қарашдан мамнунман, аммо афсуски, бунга Россия хавфсизлик хизмати (ФСБ) кўмак бермайди", деди.

Икки сохта аккаунтнинг скриншот тасвири

Сурат манбаси, X/DEPARTMENT OF JUSTIC

Сурат тагсўзи, Икки сохта аккаунтнинг скриншот тасвири

Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш очилгани маълум қилинмади, аммо Адлия бошқармаси суриштирув ишлари давом этаётганини билдирди.

Дезинформация тарқалишига қарши курашувчи Америка Sunlight Project нодавлат ва нотижорат ташкилоти раҳбари Нина Янковичнинг айтишича, Россияга алоқадор амалиётнинг сохта аккаунтлар яратиш учун сунъий ақлга таяниши янгилик эмас.

"Бу уларнинг ишида кўпроқ вақт талаб қиладиган қисмлардан бири эди; Энди бу операцияни дастакловчи технологиялар туфайли у анча осон кечадиган бўлди. Операция кучайишидан олдин тўхтатилганга ўхшайди. Сунъий ақл энди дезинформация қуролининг бир парчасидир", дейди Нина Янкович.

Би-би-си изоҳ сўраб, X ва Россия ТИВга мурожаат қилди.

Яқинда ўтказилган Би-би-си суриштируви Сунъий ақл томонидан қайта ёзилган ҳикоялар билан тўлдирилган сохта янгиликлар сайтларидан фойдаланиш орқали Россияда дезинформация тармоғини кучайтиришга алоҳида уриниш тафсилотларини аниқлаганди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002