Ўзбекистон: Кечирим сўра, дейишди, кечирим сўрадим – Artel ва бир видео можароси

моушн графика устаси Шавкат Эгамбердиев

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Моушн графика устаси Шавкат Эгамбердиев
Ўқилиш вақти: 3 дақ

31 август куни Troll.uz саҳифасида моушн графика устаси Шавкат Эгамбердиев тайёрлаган ҳажвий ролик эълон қилинди. Роликда Artel ва Akfa компаниялари ҳамда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳажв қилинган эди. Бироқ видео эълон қилинган кун эртасига дизайнер кечирим сўраб чиқди, Artel компанияси эса Эгамбердиевни узр сўрашга мажбурлашда айбланди.

Ролик «6 секунд» номи туширилган такси машинаси, автомашина орқа ойнасида эса бир жуфт калта пайпоқ тасвиридан бошланади.

Сўнг тасвирда муаллиф Эгамбердиев елкасига кондиционер кўтарган ҳолда пайдо бўлади ва чўнтагидан пул чиқариб, уни ҳавога сочиб юборади.

Пуллар Cartel ва Brakfa номлари акс этган икки бино томон ҳаракатланади.

Cartel биносида эса "любая монополия хороша" ва "духа нет" жумлалари кўзга ташланади.

Сўнг Brakfa биноси томида бир эркак рақсга туша бошлайди.

Одамлар ушбу роликда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев асос солган Artel ва Akfa компаниялари ҳамда сўнгги йилларда у томонидан тилга олиниб, халқ орасида оммалашиб кетган жумлаларга ишора қилинганини тезда англаб олдилар.

Ортиқхўжаев

Сурат манбаси, xabar.uz

Орадан атиги бир кун ўтиб эса ижтимоий тармоқда дизайнер узр сўраётгани тасвирланган видео пайдо бўлди.

Бу ҳол эса одамларнинг компанияга нисбатан ғазабига сабаб бўлди.

Artel «таҳдиди»

Дизайнер ўз узрида бу видеони тайёрлаб хатога йўл қўйгани, бундай ишга қўл ургани ватанпарварликдан эмаслиги ҳақида гапиради.

Бироқ бу билан масалага якун ясалмайди, балки ушбу ҳолат жамоатчилик орасида кенг акс-садо бера бошлади.

Ҳажвий видеони ўзининг саҳифаларида эълон қилган Troll.uz лойиҳаси асосчиси Умид Гафуровнинг таъкидлашича, дизайнер Artel компанияси вакиллари босимига учраган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Улар Наманганга етиб бориб, Эгамбердиевни видео орқали кечирим сўрашга мажбур қилганлар.

"Видео чиққанидан кейин эртаси куни Шавкат менга Artel компанияси вакилларидан таҳдид келаётганини айтди. Рамзиддин деган одам қўнғироқ қилиб таҳдид билдирган ва ўзини Artel бош директори деб таништирган... Видео муаллифидан видеода узр сўрашни олиш талаб қилинган. Мен Шавкатдан бундай қилмасликни сўрадим, чунки у ҳеч нарсада айбдор эмас эди.

Рамзиддин деган одам Шавкат билан суҳбатлашиш учун Тошкентдан Наманганга жўнаб кетган. Учрашув бугун соат 7 да бўлиб ўтиши керак эди. Шавкат билан телефонда гаплашдим, кечикяпти деди. Ёнингизда одам борми деб сўрадим. Бор деди. Соат 8 ларда учрашишди шекилли. Шундан сўнг, Шавкат қўнғироқларга ва телеграммадаги хабарларга жавоб бермади. Кейин у менга «Мен сизни ҳурмат қиламан, лекин мажбур бўлдим» деб ёзди. Хуллас, видео-кечирим юкланди… Гапларимни исботи сифатида менда барча скриншотлар бор", дея ёзган Гафуров.

Artel вакиллари дизайнер билан шахсан учрашгани ҳозирча тасдиқланмаган, аммо компаниянинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларида унинг кечирим сўраган видеоси улашилганини кўриш мумкин.

Бу ҳол одамларда Artel дизайнерга босим ўтказган, ҳатто, бу ишнинг ортида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев турган каби фаразларни янада оловлантириб юборган.

Кўплаб таниқли журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бўлиб ўтган ишни қоралаб чиқиб, Artel компаниясини ижодкорлик, ижод эркинлиги, ҳажвни тўғри қабул қилмаслик, бренд имижи билан юзага келган мубоҳасали вазиятни кўча қонунлари асосида ҳал қилишга уринишда айблаганлар.

«Кечирим сўрашимни сўрашди»

Би-би-си Artel компанияси ходимлари ҳақиқатан сиз билан учрашиб, омма олдида кечирим сўрашингизни талаб қилдими, деган савол билан Шавкат Эгамбердиевга боғланди.

У оммавий ахборот воситаларига беражак изоҳи нотўғри талқин этиб юборилиши мумкинлигини билдириб, ҳолатни қисқа изоҳлаш билан чекланди.

«Мендан юмор учун видеоролик чиқди. Улар буни ижобий баҳоламадилар. Кечирим сўрашни сўрадилар, мен кечирим сўрадим. Бор гап шу», жавоб қайтар дизайнер.

Би-би-си дизайнерни кечирим сўрашга мажбур қилиш ортида турганига ишонилган Artel брендини ривожлантириш ишлари бўйича раҳбар Рамзиддин Қўчқоров билан ҳам боғланди.

Қўчқоров видео интервью беришга рози эмаслиги, саволларга юзма-юз кўришган ҳолда жавоб беришини маълум қилди.

Бироқ Артелнинг расмий баёнотида компания муҳокамаларга сабаб бўлаётган роликдан жиддий дарғазаб бўлгани яққол кўзга ташланади.

Баёнотда ушбу видео 40 минг одам меҳнат қилаётган, миллионлаб долларлик маҳсулотни экспорт қилаётган, миллиардлаб сўм солиқ тўлаётган компания ва унинг жамоаси шаънига путур етказгани ҳақида сўз боради.

"Қанчалик ачинарли бўлмасин, айрим ҳасадгўй шахслар, бир марталик машҳурлик, замонавий тильда айтганда "хайп" учун нотўғри маълумотларни компания шаъни ва ишчанлик обрўсига зарар келтирувчи маълумотларни тарқатаётгани, унда меҳнат қилаётган кўп сонли жамоасини ғазабига сабаб бўлди", деган жумлаларни ўқиш мумкин расмий баёнотда.

Бироқ фаоллар компаниянинг бундай баёнотлари ва дизайнернинг кечирим сўрашга мажбур бўлиши Стрейзанд таъсирини юзага келтиргани ҳақида ёзмоқдалар.

"Ижтимоий ҳаётда, айниқса ижтимоийлашган интернетда маълум бир ахборот ёки маълумотни тақиқлаш ёки чеклаш унинг тарқалишини янада авж олишини тушунтириб берувчи жараён Стрейзанд эффекти деб номланади", дея ёзган Telegram'даги Bakiroo канали.

Айни вақтда муҳокамаларда одамлар монополист номи билан танилган Artel компаниясини эмас, балки Шавкат Эгамбердиевни қўллаб-қувватлаётгани, унинг моушн графика соҳасидаги маҳоратига юқори баҳо бераётганини кўриш мумкин.

Ҳатто, Тошкент шаҳридаги нуфузли ўқув марказларидан саналган Нажот Таълим дизайнерни 200 миллион сўм йиллик даромад билан ишга таклиф қилган.

Би-би-си, шунингдек, дизайнернинг кечирим сўраши ортида шахсан ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев турибди қабилидаги фаразларга ҳам ойдинлик киритишга қарор қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев бугунги кунда Ортиқхўжаевнинг Artel компаниясига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, бундай фаразлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek