Путинни сўккан Байденни Кремл қоралади Yangiliklar, Rossiya, AQSH

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жорж Райт
- Role, BBC News
АҚШ Президенти Байден Владимир Путинни "ақлдан озган қанжиқнинг боласи" деганидан сўнг, Кремл АҚШ президентини "Ҳолливуд ковбой"йига ўхшаб кўринишга уринганликда айблади.
Чоршанба куни Сан-Францискода қилган чиқишида АҚШ президенти Россия президентини "crazy SOB", яъни "ақлдан озган қанчиқнинг боласи" дея ҳақоратли сўзнинг бош ҳарфларидан фойдаланган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу сўзларга "Ҳолливуд ковбойига ўхшаб кўриниш учун ожиз уриниш", дея жавоб қайтарди.
У бу каби сўзлар "Американинг ўзини камситади", деган.
Сан Францискодаги қисқа нутқида Байден: "Бизда Путин каби ақлдан озган қанжиқнинг боласи ва бошқалар бор. Биз доим ядровий можаролардан хавотирланиб туришимиз керак, аммо инсоният учун реал таҳдид бу - иқлим", деган.

АҚШ президенти илк маротаба ҳақоратли сўз ишлатмаяпти. 2022 йили Байден Fox News журналистини "қанжиқнинг боласи" деган.
У, шунингдек, Путинни олдинроқ "қассоб" ва "уруш жиноятчиси" деганди.
Кремл матбуот котиби "бу бизнинг президент, президент Путинни обрўсизлантириши даргумон. Лекин бу каби сўзларни ишлатганнинг обрўсини тўкади", деган.
Песков, бу луқма "Ҳолливуд ковбойига ўхшашга қандайдир ҳаракатдир. Аммо тўғриси айтсам, шундай бўлди, деб ўйламайман. Жаноб Путин бирор марта сизга нисбатан шундай қўпол сўз ишлатдими? Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Шунинг учун бу каби сўзлар Американинг ўзини ерга уради", деган.
Калифорнияда Байден ноябр ойидаги сайловда унга рақиб бўлиши кутилаётган Доналд Трампни ҳам нишонга олган.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
Трамп ўзини ўтган ҳафта Россия қамоқхонасида вафот этган Россия мухолифати фаоли Алексей Навалнийга солиштирган кўринади.
Навалнийнинг ўлимида Республикачилар Путинни айбламади. Байден бўлса, "Россия президенти жавобгар эканлигига "шубҳа йўқлигини" айтди.
Ўтган ҳафта Путин ноябрда ўтадиган президентлик сайловида Трампдан кўра Байденнинг президент бўлишини афзал билишини айтиб айримларни лол қолдирганди.
"У анча тажрибали, олдиндан айтиш мумкин, у эски мактаб сиёсатчиси", деганди Путин Россия телеканалига.















