Россия полицияси инқирози: ҳолдан тойган, руҳи сўник, оммавий ишдан кетаётганлар Янгиликлар Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Олеся Герасименко
- Role, Би-би-си Рус хизмати
2020 йил 14 январ тунги соат уч яримдан кейин Россия жанубидаги Кемероводаги кўп қаватли турар-жой биносида ҳайқириқлар эшитилди.
Қўрқиб кетган маҳаллий аҳоли полицияга қўнғироқ қилиб, бир аёлга ҳужум қилинаётгани ҳақида хабар берди.
Лекин ҳеч ким келмади.
Алоқадор мавзулар:
Қичқириқлар тарсиллаган овозлар ва ёрдам чақиришлари билан давом этди.
Полицияга яна олти марта қўнғироқ қилинди, бироқ полиция етиб келмади.
Қўшнилар даҳшатли нимадир бўлишидан қўрқиб, ишни ўз қўлларига олишга қарор қилишди ва эшикни тақиллатиб, квартирага киришди.
Лекин жуда кеч эди.
Қичқириқлар тўхтади.
Аёл ўлган эди.
Полиция қўнғироқларга жавоб бермайди
Вера Пехтелева уч ярим соат давом этган ҳужумда собиқ севгилиси томонидан бир неча марта пичоқланган, калтакланган ва темир арқон билан бўғиб ўлдирилган.

Сурат манбаси, Family handout
Ўшанда полиция ҳудудда жавоб беришга тайёр бирорта ҳам зобит ёки патруль машинаси бўлмаганини айтган.
Аммо кейинроқ беш зобит бепарволик оқибатида ўлимга сабаб бўлганликда айбдор деб топилиб, 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Суднинг таъкидлашича, кўпчилик енгил деб ҳисоблаган бу жазо тўғри бўлган, чунки зобит етишмаслиги "барча кучларнинг" муаммоси.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Россия дунёдаги энг йирик полиция кучларидан бирига эга, 900 мингдан ортиқ полициячи 146 миллион аҳолига хизмат қилади. Унда 100 000 кишига деярли 630 офицер тўғри келади - бу АҚШ ёки Буюк Британиядан икки баравар кўп.
Аммо август ойида Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев мамлакатда полиция ходимларининг "ўткир" танқислиги борлигини, бу жиноятчилик даражасига таъсир қилиши мумкинлигини айтди.
Россиянинг кенг жуғрофияси ва ходимлар етишмаслиги бунга қисман сабабчи. Аммо сўнгги пайтларда юзага келган муаммолар кучлар сони кескин қисқарганидан келиб чиқади ва кетаётган офицерларнинг кўпчилиги тажрибали ва иқтидорли зобитлардир.
Кам иш ҳақи, стресс ва коррупция
Россиянинг кўплаб собиқ полициячилари Би-би-сига хизматни камроқ стрессли, яхши маошли ишларга кетиш учун тарк этишаётганини айтдилар.
"Улар иш ҳақини умуман ўзгартирмаган, - дейди ростов-донлик собиқ полициячи. - Инфляция ва янги нархлардан кейин бу етарли эмас." У ҳозир таксичилик қилаяпти.
Унинг полициячи бўлган дўсти эса ҳозир курьерлик қилади.
Уларнинг иккаласи ҳам полициячилардан икки баробар кўп маош олади.
"Мен майор бўлдим. Лекин барибир супермаркетда ишлайдиган одам мендан кўпроқ маош оларди, аммо унинг иши хавфли иш эмас. Ҳозирда полицияга фақат аҳмоқлар ишга киради", дейди ростовлик собиқ зобит.
Би-би-си аниқлашича, ҳаддан ташқари толиққан полициячилар ҳозир ҳатто айбланиши мумкин бўлса ҳам, ишни давом эттиришдан бош тортаяптилар.
"Уларга тушган аризаларни кўриб чиқиш учун 10 кун берилади, хоҳ 5 та ариза бўлсин, хоҳ 50 та. Иш сифати ёмонлашаётгани аниқ", дейди Россиянинг Сибиридан терговчи.
"Агар уларда 10 га яқин иш бўлса - қўшниларни чақириш, гувоҳларни сўроқ қилиш, жиноят содир бўлган жойга бориш - улар битта-иккитасини бажариб, қолганига буни "ҳал қилиш имконсиз" деб ёзиб қўйишади.
"Кейин улар айблов баённомаси тузишни исташмайди, шу билан ҳеч қандай тергов бўлмайди", дейди у.
Офицерлар сони камайгани сайин, қолганларга босим кучаяди.

Сурат манбаси, EPA
Собиқ офицерларнинг Би-би-сига айтишича, бу коррупцияга олиб келади.
"Ходимлар одамларни куч ишлатиб иқрор қилдиришади, ҳибсга олишлар сонини атай кўпайтиришади, биз буни доим кўряпмиз", дейди Россиянинг Томск шаҳридан полиция майори.
"Аҳвол фақат ёмонлашади. Далилларни сохталаштириш, мақсадли калтаклаш бўлади ва ҳеч нарсани тўғри текширишга вақт қолмайди.
Сизда гумонланувчи пайдо бўлди, уни таъқиб қилиш керакми? Биринчи гумонланувчини бўлимга судраб олиб борасиз ва айбини бўйнига олмагунча калтаклайсиз. Шуниси анча осон."
Баъзи ходимлар ўз қилмишлари учун ҳибсга олинади, бу эса кучни янада заифлаштиради.
Бу гиёҳванд модда сотувчисини калтаклагани учун олти йил хизмат қилган собиқ полициячи Сергей билан худди шундай бўлди. Сергейнинг айтишича, у сотувчини ҳибсга олишга мажбур бўлган ва фақат сотувчи далилларни яшириш учун гиёҳванд модда еб қўймоқчи бўлганда уни калтаклаган.

Сурат манбаси, .
Шунингдек, у Би-би-сига полиция ресурслари шунчалик кам эканлидан, иш учун зарур нарсаларга ёнидан тўлаши керак бўлган. "Мен ўз машинамда юрдим, ўзимга қоғоз, картридж ва принтер сотиб олдим; компьютерим, столим, курсим, газ... [Ишхонада] полга плиткаларни ўзим тўшадим, ҳаммасини тузатдим".
Россиянинг марказий қисмидаги собиқ ходимнинг айтишича, бўш иш ўринлари узоқ вақт давомида тўлдирилмаган. "Йиллар давомида танқислик мавжуд. Мен 2015 йилда иш бошладим, сўнгги саккиз йил ичида жамоамизга бор-йўғи икки киши келиб қўшилди, 15 нафари кетди".
Би-би-сининг бир қанча манбалари, жумладан, икки сержант ва бир майорга кўра, Ички ишлар вазирлиги 2021 йилдан бери қамоқдаги мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийга алоқадор зобитларни тозалаган.
Ушбу тозалаш жараёнида тажрибали зобитлар ишдан бўшатилди. Манбалардан бирининг айтишича, Москва Федерал хавфсизлик хизмати Навальний тарафдорлари рўйхатини тузган.
Украинадаги уруш таъсири
Украинада уруш бошланишидан олдин Россияда полициячилар сони камайиб бораётган эди.
Дастлаб, уруш баъзи ходимлар учун ишдан кетмаслик учун сабаб эди. Россия полицияси ҳарбий хизматга чақирувдан озод қилинган, шунинг учун Россия Украинага бостириб кирганида кетиш арафасида турган айрим ходимлар Би-би-сига урушдан қочиш учун ишда қолишганини айтишганди.
"Ё ишда ўтирасиз ёки кетиб, урушга чақириласиз, - деб тушунтиради Москвадан бир офицер. - Мен кетмоқчи бўлганлар рўйхатини тузиб, уни тўғридан-тўғри [армияга] чақирувчиларга топширишганидан хабарим бор. Ҳамма жуда қўрқиб қолди."
Аммо уруш давом этар экан, полициячилар сони камайиб бормоқда. Бу кучлар Украинанинг босиб олинган Донецк ва Луганск ҳудудларига, Ички ишлар вазирлигига кўра, қўшимча 40 минг ходимни жалб қилиш у ёқда турсин, мавжуд бўшлиқни ҳам тўлдира олмайди.

Сурат манбаси, Reuters
Путин 2022 йил сентябрида Украинанинг Россия назоратидаги ҳудудларида референдум ўтказганидан сўнг ғалаба қозонганини эълон қилди. Бироқ Украина ҳукумати ва унинг иттифоқчилари референдумни сохта деб атади.
Агар Россия янги ҳудудларни эгалласа, 2026 йилга бориб 42 минг қўшимча ходим керак бўлиши айтилмоқда.
Хизмат қилаётган милиция ходимларининг уруш ҳақида ўйлаши мумкин эмас. Уларга ҳатто уруш деб аташга ҳам рухсат берилмаган.
"Офицерлар тилларини тийиши керак, - дейди бир терговчи. - Махсус операция ҳақида шахсий фикр билдира олмаймиз, акс ҳолда ишдан ҳайдашади".
Би-би-сига айтишларича, полиция ходимлари уруш сабабли ортиқча қоғозбозликка кўмилиб қолган.
Россиянинг уч шаҳри - Томск, Екатеринбург ва Ярославлдаги Ички ишлар расмийлари ҳозир кўп вақтларини "армияни обрўсизлантирадиган одамларга қарши чексиз айбловлар"ни текшириш ва кўриб чиқишга сарфлашларини айтишмоқда.
Томсклик собиқ майор: "Одамлар доимо кимгадир қарши чақув учун сабаб излайди", дейди.
"Атрофда ҳеч ким йўқ эди... Ҳамма қайсидир бир буви Украина байроғига ўхшаш пардани кўриб қолиб, хабар берган жойга боришган.
Қаерга кетаётганимизни биламан, - дейди у. - Алоҳида эътибор давлатга қарши жиноятларга қаратилмоқда. Келажакда аксар ишлар шу категорияга киритилади".
"Оддий одамларнинг ҳақиқий муаммолари ҳақида нима дейиш мумкин? Ўғирлик, талончилик, зўрлаш, қотиллик... буларни текширишга вақт қолмайди".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












