Ўзбекистон ва дунё: Истанбулдан Германияга етиб олиш учун $10000 тўлаган - Подкаст Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Венгрия ҳукумати тарқатган видеодан кадр

Сурат манбаси, Hungarian government

Сурат тагсўзи, Венгрия ҳукумати мамлакатнинг жанубидаги Сербия билан чегарасида ўқотар қуроллардан тобора кўп фойдаланилаётгани видеосини тарқатди
    • Author, Ник Торп
    • Role, BBC News, Венгрия
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Кейинги ойларда муҳожирларнинг Ғарбий Болқон орқали Европа Иттифоқига ўтиш йўли контрабандачилар ўртасидаги отишмалар ва автоҳалокатлар туфайли жуда хавфли бўлиб қолди. Боз устига, келувчилар сони ортиб бормоқда.

Яқинда ўзаро рақиб жиноий тўдалар ўртасидаги отишма сабабли уч одам ўлган. Ўлганлар афғонлар бўлгани тахмин қилинмоқда. Отишма Венгрия чегарасидан бир неча юз метр нарида, Сербиядаги ташландиқ фермада юз берган.

Алоқадор мавзулар:

Полиция зўравонликлар марокашлик, суриялик ёки афғон тўдалар ўртасида Венгрия жанубидаги Сербия билан чегара орқали йўлни назорат қилиш учун жанжалдан келиб чиқаётганини айтмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Сербия билан чегарадош Ҳоргос ва Хайдуково қишлоқлари ҳамда Суботица шаҳри аҳолиси тинчликни таъминлашни сўраб полицияга мурожаат қилган. Айримлар чегаранинг икки томонидаги полициячиларни контрабандачилар билан тил бириктирганликда айбламоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Австрия ва Словакия ҳукуматлари жуда кўп муҳожирлар Венгрия орқали ўз чегараларига етиб келаётганидан норозилик билдирди. Мустаҳкамланган тўсиқлар, ҳар кунги ҳибсга олишлар, ортга қайтаришлар ва Бош вазир Виктор Орбаннинг мигрантларга қарши сиёсати ҳам уларнинг оқимини тўхтата олмаяпти

Hungarian border map with Serbia
1px transparent line

"Баъзида агентлар (у контрабандачиларни шундай атайди) жуда шафқатсиз, ғазабнок бўлиб кетади, ҳатто бизни калтаклайди, - дейди Афғон армиясининг собиқ зобити 33 ёшли Садар. - Баъзида эса меҳрибон бўлиб қолишади, бизга овқат олиб келишади, яхши қарашади."

Мен уни Венгрия чегарасининг Сербия томонидаги бутазордаги ташландиқ бинолар ёнида учратдим. Унинг айтишича, у Болгария бўйлаб 25 кунлик машаққатли юришдан сўнг Сербия-Болгария чегарасида жойлашган Пиротдан автобусда етиб келган.

У Истанбулдан келган ва у ерда Германияга етиб олиш учун 10 000 доллар тўлаган.

Би-би-си кўрган бир видеода Суботицада пул тўламай чегарадан ўтмоқчи бўлган Афғон ёшларини контрабандачилар сўкаётганини кўриш мумкин. Яна бир видеода Суботица яқинида аввалроқ юз берган отишма тасвирланган.

Афғон мигрант Самир Хоргосда
Сурат тагсўзи, Йўлда зўравонликлар сони кўпайиб бораётганига қарамасдан мигрантлар ҳамон келишаяпти

Венгриянинг 175 километрлик чегараси бўйлаб улкан, электрлашган тиканли сим тўсиқ контрабандачиларга нафақат ким ва қачон кесиб ўтишини назорат қилишга ёрдам беради, балки уларга "ўзбошимча ўтишга уриниш" олдини олишга ҳам имкон беради.

Ёш муҳожирлар буни «ўйин» деб аташади. Бир нечта гуруҳ бир вақтда турли жойларда тўсиқни бузиб ўтади, уларнинг кўпчилиги ушланади, орқага қайтарилади, баъзилари амаллаб ўтиб кетади.

Ўйин ҳам тугайди.

Косоводан автоматлар ва тўппончалар келиши хавфни янада оширди. Ўтган июль ойида Суботица чеккасидаги Макова-Седмицада марокашлик ва афғон тўдалари ўртасида содир бўлган отишмада 16 ёшли қиз ҳалок бўлган ва етти нафар муҳожир яраланган эди.

Хабарларга кўра, ўтган жума куни Хоргос тўсиғи яқинида содир бўлган отишма суриялик жиноий тўда бу ерларга яхши ўрнашган афғон тўдасига ҳужум қилган пайтда бошланган. Сербия шимолига ўтаётган муҳожирлар асосан сурияликлар ва афғонлардир, лекин улар орасида курдлар, покистонликлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам бор.

Полициянинг айтишича, қуролланганлар муҳожирлар эмас, контрабандачилардир.

Атоҳалокатга учраган автомобиллар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Мигрантлар ўтирган автомобиль 27 октябрда Венгриянинг Сербия чегарасига яқин жойда ҳалокатга учраган

"Мен маҳаллий аҳоли қўрқувини тушунаман, - дейди суботицалик журналист Вираг Гуркович. - Аммо муаммо шундаки, оддий одам контрабандачилар ва қочқинларни фарқламайди. Ваҳоланки, қочқинлар бунда кўпинча қурбон бўлади."

Маҳаллий фаол Владимир Половинанинг айтишича, "Сим тўсиқдан мақсад, миграцияни тўхтатиш эмас, тўловларни назорат қилиш. Улар чегарани кесиб ўтган ҳар бир одамдан евро талаб қилади. Агар пулингиз бўлса, ўтишингиз мумкин".

Венгрия ҳукумати кўрсатган видеода эркаклар нарвон билан тўсиқни ошиб ўтаётгани, пастга сакраб тушиб, хода билан полиция машиналарини урганини кўриш мумкин. Хавфсизлик камералари олган инфрақизил тасвирларда эркаклар қуролланганини ҳам кўриш мумкин.

Айрим контрабандачилар орасида қурол кўтариб юриш одатий ҳолга айланган. Куппа-кундузи Суботицада суратга олинган видеода контрабандачилар машинасининг икки олд ўриндиғи ўртасида Калашников автомати турганини кўриш мумкин.

Венгрия полициясининг одам савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи Габор Балогнинг айтишича, "Тўсиқларга доим шикаст етказишади, бунинг учун турли хил асбоблардан фойдаланадилар. Тўсиқларни тешиб, эшик очиб қўйишади".

Афғон муҳожиридан иқтибос

Сурат манбаси, .

Бошқа бир полиция ходими бир гуруҳ муҳожирлар қурол билан панжарадан суриб чиқарилганини тасвирлайди. Улар Венгрияга яширинча киришга уринаётганларга контрабандачилар зўравонлик қилаётгани ҳақидаги серб хабарларини тасдиқлайди.

Венгрия полициясининг айтишича, ҳар кеча 80 га яқин одам тўсиқни кесиб ўтгандан кейин қўлга олинади. Кўпчилиги кейинчалик мамлакат ичида қўлга тушади.

Слвакия полицияси қўлга туширган мигрантлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Австрия ва Словакия ҳукуматлари Венгрияга жуда кўп мигрантлар ўтаяпти деб норозилик билдирди

Венгрия полицияси ва "чегара овчилари" томонидан муҳожирлар калтаклангани ҳолатлари ҳам бор. Уларни Сербия тиббиёт ходимлари ва Венгрия журналистлари ҳужжатлаштирган, аммо Венгрия полицияси буларни рад қилади.

Қочганлар ҳақида маълумот йўқ, аммо қўлга олинганларнинг аксарияти Хоргос яқинидаги тўсиқдан ортга қайтарилган. Бундай қайтаришлар халқаро ҳуқуқни бузади ва бунинг учун Европа суди Венгрияни қоралади ҳам.

Асотталом ва Морахалом қишлоқлари оралиғидаги тўсиқ Венгрия томонидаги йўл бўйлаб бузилган, ёниб кетган машиналар бор. Бу контрабандачилар фойдаланган машиналар бўлиб, кейинчалик қўлга олинган.

Венгриянинг нариги томонида, Словакия билан шимолий чегараси яқинида, Матраверебели қишлоғидаги айланма йўл яқинидаги ўтларда синган ойна ва пластмасса бўлаклари ётибди.

Октябрь ойи бошида айнан шу ерда 12 муҳожирни олиб кетаётган микроавтобус қишлоқдан шимолга, Словакия чегарасигача бўлган 21-шосседа полиция таъқиби вақтида юқори тезликда назоратдан чиқиб кетган ва ҳалокатга учраган. Етти муҳожир яраланган.

Бу Венгрияда ўтган йил давомида юз берган муҳожирлар иштирокидаги камида 20 та бахтсиз ҳодисадан бири эди.

Полиция Австрия чегарасида, шарқий Бургенланд штатида контрабандачилар полициядан қочишга уринган 70 та ҳолатни санади.

Австрия полицияси жиноий гуруҳларнинг янги бизнес моделлари бунга сабабчи демоқда. Ҳайдовчилар фақат муваффақиятли ўтиб кетолса маош олади, илгари улар пулнинг ярмини олдиндан олишарди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002