Янгиликлар. Афғонистон: Толибон лидери ўз сўзини айтди, ҳукумати чурқ этмаслик билан огоҳлантирди... Ўзбекистон O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS
Энди ёмон бўладими? Афғонистондаги вазият Ўзбекистоннинг ҳам диққат эътиборида.
Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин этник ўзбеклар энг кўп яшовчи иккинчи йирик давлати бўлади, норасмий манбаларда уларнинг сони миллионларга нисбат берилади.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Афғонистон: Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди - ИШИД Ўзбекистон билан чегарадош Балхда шов-шувли ҳужумга қўл урди
- Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?
- Ўзбекистон, президент Мирзиёев Толибонни гапга кўндира оладими?

Сурат манбаси, Reuters
Толибон лидерининг янги буйруғи Афғонистонда 60 мингга яқин аёлни ишсиз қолдириши мумкин.
Хавотирли бу рақамларни Би-би-сига Афғонистон Савдо-саноат палатасидаги манба айтди.
Ҳибатулла Охундзода кечаётган ҳафтада бутун Афғонистон бўйлаб аёллар гўзаллик салонларини ёпишга қарор қилди.
У ўзининг оғзаки буйруғини бир ой ичида бажарилишини шарт қилиб қўйди.
Гўзаллик салонлари Толибон қудратда қайтганидан сўнг хотин-қизлар ишлаб, пул топишга имконли бўлган бармоқ билан санарли жойлардан бири бўлади.
Ўз исм-шарифини очиқлашни истмаган манбанинг маълум қилишича, пойтахт Кобулда 3 мингдан зиёд гўзаллик салонлари фаолият юритган.
Бутун Афғонистон бўйлаб бу рақамлар қарийб 12 мингтани ташкил этган.
Ҳар бир гўзаллик салонида ўртача 5 нафар хотин-қиз ишлаган.
Афғонистон аҳолисининг қарийб ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил этишади.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ ва серфарзанд давлатларидан бири саналади.
Миллионлаб аҳолисининг тақдири ҳозир ҳам халқаро инсонпарварлик ёрдамларига қараб қолган.

Сурат манбаси, Getty Images
Хотин-қизлар эса, Афғонистонда яна қудратни эгаллаши ортидан, Толибон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини энг кўп чеклаётган қатлам бўлади.
Толибоннинг устма-уст чекловлари, афғон хотин-қизларининг бугуни ва эртаси эса, қарийб икки йилдирки, бугунги Афғонистон билан боғлиқ халқаро ҳамжамиятнинг диққат-этиборидаги хавотирга молик масалалардан бири бўлади.
Халқаро ҳамжамият афғон хотин-қизлари ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлашни муваққат Толибон ҳукуматини расман тан олишларининг энг муҳим ва асос шартларидан бири ҳам қилиб қўйган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи эса, халқаро ҳамжамиятнинг мазкур талаби ҳануз кун тартибидан тушмаган бир пайтда кузатилган.
Манбанинг айтишича, Толибоннинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими уларни бу борада оммавий ахборот воситалари билан гаплашмаслик ҳақида оғзаки огоҳлантирган.
Сўнгги янгилик ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг эътиборидан четда қолмаган.
БМТнинг Афғонистонга кўмак миссияси (UNAMA) Толибон ҳукуматидан гўзаллик салонларини ёпиш қарорини бекор қилишини сўраган.
Ташкилот ҳам ўзининг баёнотида янги буйруқнинг Афғонистон иқтисодига салбий таъсиридан хавотир билдирган.
Буйруқнинг бекор қилинишига интилаётган томонлар билан ҳам мулоқотда эканлигини таъкидлаган.
Толибон ҳукумати тақиққа нима сабаб бўлгани ва салонда ишлаб келган аёллар тақдири энди нима бўлиши борасида бирор бир изоҳ бермаган.
Толибон Афғонистонда ўзининг илк тузуми амал қилган 1996-2001 йилларда ҳам худди шундай йўл тутган.

Сурат манбаси, Getty Images
Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтишига ҳаракат 2019 йилда расмий Вашингтон билан имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим йўл очган.
Аммо Толибон ҳокимиятни куч билан эгаллаган, Афғонистонни яна ўзининг Исломий Амирлиги деб эълон қилган ва унинг ўз талқинидаги шаръий қонун-қоидалар, қадриятлар асосида бошқарилишини эълон қилган.
Катта ёшдаги қизларнинг ўрта ва олий таълим олишларини чеклаган, хотин-қизларнинг стадион ва хиёбонларга чиқишларини маън этган.
Яқинда эса, уларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги идораларида ишлашларини ҳам тақиқлаб қўйган.
Толибон муваққат ҳукуматини ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати расман тан олмаган.
Халқаро ҳамжамият Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга ўзининг йирик миқдордаги молиявий кўмакларини ҳануз тикламаган.
Толибон сабаб, Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари ҳам деярли тўлиғича музлатилганича қолаётир.
Худди шу манзарада миллионлаб афғонларнинг очликка гирифтор бўлиши, Афғонистон Ер юзининг "жаҳаннами"га айланишига оид хавотирлар ҳам ҳануз тинмаган.

Сурат манбаси, official
Минтақа давлатлари эса, Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши катта сондаги қочқинлар оқимини пайдо қилиши ва бу ўз хавфсизликларини таҳдид остига қўйишидан хавотирда.
Аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош Афғонистон яқин-яқингача дунёнинг турли жанглари гуруҳлар фаол давлатларидан бири ҳам бўлиб келган.
Афғонистонда сўнгги ўн йилликларда энг йирик ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топиб, жанг қилиб, жон сақлаб келганлар.
Қудратли Хитой ҳам Афғонистонга чегарадош, йилларки, жангарилик муаммосининг ўз ҳудудига сизиб ўтишидан хавотирда, Шарқий Туркистон исломий ҳаракати фаолиятидан ошкора ташвишда.
Ўзининг таъбири билан айтганда, "жанубий чегаралари"даги вазиятга Россия ҳам бефарқ эмас.
Халқаро коалиция кучлари Афғонистонни буткул ташлаб чиққанига яқинда икки йил бўлади.
Сўнгги икки йил ичида Толибон бошқаруви остидаги афғон халқига инсонпарварлик кўмаги бериб, Афғонистон билан савдо-сотиқ қилиб келаётган, турли иқтисодий ҳамкорликларга бораётганлар ҳам айнан унга қўшни минтақа давлатлари бўлишади.
Афғонистондаги вазият Ўзбекистоннинг ҳам диққат эътиборида.

Сурат манбаси, .
Афғонистондаги вазият ва бу мамлакатга кўмак бериш масаласи куни-кеча Россия ва Хитой шамсияси остидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ҳиндистонда бўлиб ўтган саммити чоғида ҳам яна кун тартибига чиққан.
Саммит иштирокчиларининг Афғонистондаги вазиятдан ҳали-ҳануз жиддий хавотирда эканликлари кўрилган.
Худди шу манзарада эса, Хитой Афғонистонга Марказий Осиё орқали ўтувчи янги темир йўлини ишга туширганига оид хабарлар олинган.
Маълум бўлишича, шу кунларда "Бир белбоғ, бир йўл" лойиҳаси доирасидаги "Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё" иқтисодий йўлагига кирувчи ушбу йўналиш орқали илк юк поезди Хитойдан Афғонистонга етиб борган.
Янги поезд йўналиши Хитой ва Афғонистон ўртасидаги савдо ва алоқани янада кучайтириши айтилмоқда.
Янги темир йўли Хитойни Афғонистон билан қуруқлик орқали боғлаган.
Ҳатто шу илк поездда ҳам Афғонистонга ёрдам етказилгани айтилган.
Хитой қудратга келган қисқа вақтнинг ичидаёқ ўзи расман тан олмаган Толибон муваққат ҳукумати билан йирик иқтисодий битимларга келишаётган, эришаётган дунёнинг глобал геоиқтисодий қудрати бўлади.
Ҳатто Украина уруши ҳам бу икки анъанавий иттифоқчини Афғонистон масаласидан чалғита олмагани кўрилади.
Хабарларга кўра эса, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ҳиндистондаги саммити чоғида ҳам Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузишнинг муҳимлиги яна бир бор урғуланган.
Халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши учун Толибон муваққат ҳукуматига илгари суриб келинаётган талаблар эса, ҳануз кун тартибидан тушмаган.
Толибон муваққат ҳукумати орада бериб келаётган изоҳлар эса, уларнинг бу талабларни бажариш аҳдида қатъий эканига далолат қилмайди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














