Туркия сайлови: Мухолифат лидери Қиличдарўғли Президент Эрдўғондан қандай фарқ қилади? Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, GOKTAY KORALTAN / BBC
- Author, Орла Герин
- Role, BBC News
Хавф турли шаклларда келади.
Туркиянинг узоқ йиллик раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон учун бу хавф қўллари билан юрак эможисини ясаган мана бу собиқ давлат амалдори қиёфасида.
Олтита мухолифат партияси иттифоқи қўллаб-қувватловига эга Камол Қиличдарўғли, агар ғалаба қозонса, Туркияга нима бўлишидан қатъий назар эркинлик ва демократия олиб келаман, дейди.
"Ёшлар демократияни хоҳлайди", деди у Би-Би-Cига. "Улар бир твит ёзганлари учун эрта тонгдан полиция уларнинг эшикларига келишини хоҳламайдилар".

Сурат манбаси, Getty Images
У 14 май куни бўлиб ўтадиган сайловларда Эрдўғоннинг асосий рақиби бўлиб, ижтимоий сўровларда бироз илгари кетяпти. Ушбу шиддатли пойга икки ҳафтадан сўнг иккинчи босқичга ўтиши кутилмоқда.
Ҳозирда турклар "президентни ҳақорат қилганликлари" учун қамоққа тушишлари мумкин. Кўпчилик тушган ҳам.
"Мен ёшларга айтадиганим, улар мени эркин танқид қилишлари мумкин. Мен улар учун бу ҳуқуқни таъминлайман", - дейди асосий мухолифатдаги Республика Халқ партияси (РХП)нинг 74 ёшли етакчиси.
Жаноб Қиличдарўғлининг баъзи тарафдорлари унинг хавфсизлигидан хавотирда, аммо унинг айтишича, "ўйинни чидаганга чиқарган".
"Туркияда сиёсатчи бўлиш таваккал ҳаётни танлаш демакдир. Эрдўғон ва унинг иттифоқчилари нима қилсалар ҳам, мен ўз йўлимдан қайтмайман. Улар мени тўхтата олмайди. Мени қўрқита олмайди. Мен бу халққа ваъда берганман".
69 ёшли Президент Эрдўғон ўтмишда рақибини "бир қўй ҳам боқа олмайди" деб масхара қилган эди. Аммо энди уни масхара қилиш қийинроқ.
Мухолифат қароргоҳи бўлган порт шаҳри Измирга митинг учун келган мухолифат номзодини байроқ кўтарган тарафдорлар денгизи кутиб олди.
"Қиличдарўғли халқнинг умиди" деган нидолар янгради. Оломоннинг аксарияти ёшлар. Беш миллион турк бу сайловда илк бор овоз беради.
15 ёшида Ўғуз сайловга бориш учун ҳали ёш, аммо митингдан четда қола олмади. "У яхши инсон, келажакни ижобий кўради. Агар у президент бўлса, иқтисодиётимиз кўтарилади, биз ҳам кўтариламиз".

Сурат манбаси, GOKTAY KORALTAN/BBC
Жаноб Қиличдарўғли митингдан олдин менга Туркиянинг сиёсий йўналишини ўзгартиришини ва Кремл билан эмас, Ғарб билан муносабатларга устувор аҳамият беришини айтди.
"Биз цивилизациялашган дунёнинг бир қисмига айланишни истаймиз. Биз эркин оммавий ахборот воситалари ва тўлиқ суд мустақиллигини истаймиз. Эрдўған бундай фикрда эмас. У кўпроқ авторитар бўлишни хоҳлайди. Эрдўған билан бизнинг фарқимиз оқ ва қорадек".
Аммо Ражаб Тоййиб Эрдўғон 20 йиллик ҳокимият, аввалига бош вазир, энди эса қудратли президент лавозимида мағлуб бўлса, тинчгина кетадими?
"Биз уни нафақага чиқарамиз ва ўз бурчагига жўнатамиз", дейди жаноб Қиличдарўғли. "У жимгина орқага чекинади. Ҳеч ким бу ҳақда ташвишланмаслиги керак."
Бошқаларнинг ишончи унчалик кучли эмас. Туркия лидери мағлуб бўлса, овоз натижаларини қайта санаттириш учун курашиши мумкинлигига ишоралар бор. Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу бу сайловларда "Ғарб томонидан давлатни тўнтаришга уриниш" бўлишидан огоҳлантирди.
Жаноб Қиличдарўғлининг айтишича, бирлашган мухолифат на президентга, на "Олий сайлов кенгашига, на унинг судяларига" ишонади, шундай экан ҳушёр бўлади.
"Барча сайлов участкаларида бирдан ортиқ кузатувчи бўлиши орқали биз овозларнинг тўғри, ишончли берилиши ва санаб чиқиш жараёни тўғри ўтказилишини таъминламоқчимиз. Биз бир ярим йилдан бери қаттиқ меҳнат қилиб, бунга эришиш учун эҳтиёт чораларини кўрдик."
Кўп жиҳатдан у Эрдўғондан фарқ қилади. Ташвиқот видеоларини у камтарона ошхона столида ёзиб олган, орқа фонда чой сочиқлари чиройли тарзда осилган.
Пиёзни яхши билишини кўрсатиб, мухолифат лидери видеода бир қўлида пиёз билан пайдо бўлди ва агар жаноб Эрдўғон ҳокимиятда қолса, нархлар ошиб бориши ҳақида огоҳлантирди. "Энди бир килограмм пиёз 30 лира", деди у. - Агар Эрдўғон қолса, бир килоси 100 лира бўлади."

Сурат манбаси, GOKTAY KORALTAN/BBC
Туркияда инфляциянинг авж олишида президентнинг иқтисодий сиёсати айбдор деб кўрсатилади. Ким ғалаба қозонса, бузилган иқтисод ва бўлинган халқни мерос қилиб олади - иккаласини тузатиш учун ҳам сеҳрли таёқча йўқ.
Бошқа мухолифат етакчилари билан ёнма-ён саҳнада туриб жаноб Қиличдорўғли оломон учун ўзининг "савдо белгиси" бўлмиш юрак эможисини қилади. "Ҳаммаси гўзал бўлади", дейди у. "Бунга ишонинг."
Аммо унинг Измир қирғоғидаги митинги президент ўзининг катта йиғинини ўтказганидан бир кун ўтиб ўтказиляпти.
Кўпгина диний консерваторлар ҳануз Эрдўғон тарафида қолишяпти. У уларнинг тилида гапиради. Ва у ўзига бўлган қўллаб-қувватловни сайлов арафасида халққа пул сарфлаб, жумладан иш ҳақини ошириш билан мустаҳкамлади.
Сайлов куни яқинлашар экан, зиддият кучаймоқда.
Кўп ўзаро суҳбатлар сайлов ҳақида, қўрқув ҳам бор - Туркия бир-бирига буткул қарама-қарши бўлган иккита танлов қаршисида турибди.
Ижтимоий сўровларнинг янги натижаларига кўра, жаноб Қиличдорўғли президент сайловида ғалаба қозонади, лекин парламент учун курашда президент партиялари иттифоқи олдинда кетяпти.
Кайфиятлар таранг турган бир вақтда, келгуси ҳафталар тинч ўтишига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














