Янгиликлар. Афғонистон: Толибон ниманинг хаёлида ёки Ўзбекистоннинг хавотирлари бежизга эмасми? Янги тафсилотлар O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, ANADOLU
- Author, Келли Нг
- Role, BBC News, Сингапур
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Афғонистон: Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди - ИШИД Ўзбекистон билан чегарадош Балхда шов-шувли ҳужумга қўл урди
- Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?
- Ўзбекистон, президент Мирзиёев Толибонни гапга кўндира оладими?
Aйб Толибондами?
БМТнинг таъкидлашича, Толибоннинг аёлларга нодавлат ташкилотларда ишлашини чеклагани ортидан Афғонистон иқтисодидаги заиф жонланиш ҳам йўққа чиқиши мумкин.
Афғон аёлларининг ташкилотда ишлашига тақиқ қўйилгани сабабли БМТга Афғонистон учун қилинаётган хайриялар кескин камайиб кетиши мумкин, дейди БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД).
Дастур тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, камбағалликда яшаётган аҳоли икки баробарга кўпайган.
Толибон эса гуманитар ёрдамни сиёсийлаштирмаслик керак демоқда.
2021 йил Толибон ҳокимиятни босиб олгач, Афғонистон иқтисоди инқироз томон кетди, аввалги режимга ажратилган хорижий фондлар музлатиб қўйилди.
34 миллион одам, яъни аҳолининг 90 фоизи аллақачон камбағаллик даражасида яшамоқда. Ҳар уч афғондан иккитаси кейинги овқатни қачон ейишини билмайди.

Сурат манбаси, .
БМТТД ҳисоботига кўра, БМТнинг турли агентликлари орқали мамлакатга берилаётган хорижий ёрдам ва хавфсизлик шароити яхшилангани, коррупция даражаси пасайгани ва Толибон томонидан солиқ тушумлари самарали жамғарилгани умид уйғотган.
Аммо ҳисоботда таъкидланишича, "аёллар ишлай олмаса, иқтисод юришиб кетолмайди. Келгусидаги иқтисодий ўсиш аёллар ва қизлар таълими чеклаб қўйилгани учун бўғилиб қолаверади."

Сурат манбаси, Reuters
Ўтган йили Толибон афғон аёлларига ноҳукумат ташкилотларда ишлашни тақиқлаган эди. Шунингдек, қизлар ўрта мактаб, аёллар эса университет таълимидан четлаштирилди.
2021 йил август ойида Толибон Афғонистон устидан назоратни қайта қўлга киритгач, халқаро ҳамжамият Толибондан хавфсизлик, бошқарув ва инсон ҳуқуқлари, жумладан, қизлар таълимига рухсат бериш бўйича ваъдаларини бажаришини талаб қилгани сабабли Афғонистоннинг чет элдаги миллиардлаб долларлик активлари музлатиб қўйилди.
Ўшандан бери БМТ ва бошқа ноҳукумат ташкилотлар афғонларни очликдан қутқаришда муҳим роль ўйнади.
Янги хавотирлар
Аммо БМТ сўровида қатнашган 127 миллий ташкилотнинг 94 фоизи декабрь ойида аёллар меҳнатига тақиқ жорий қилинганидан кейин ўз фаолиятини тўлиқ ёки қисман тўхтатганини айтган.
150 га яқин нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ва ёрдам агентликлари ўз фаолиятини тўлиқ ёки қисман тўхтатган.
Толибон молия вазирлигининг юқори мартабали мулозимларидан бири Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Ёгита Лимаеҳга аёлларга нисбатан ўрнатилган қоидалар мамлакатнинг "ички иши" эканлигини, ҳукумат иқтисодий вазиятни яхшилаш устида ишлаётганини айтди.
"Жойдаги барча инсонпарварлик ёрдамлари ва хайриялар фақат шу масалалар билан боғлиқ бўлмаслиги керак", деди вазирликнинг умумий даромадлар бўйича раҳбари Майраж Муҳаммад Майраж.
"Ислом нуқтаи назаридан, уйда ўтирган аёлларимизга ғамхўрлик қилиш биз эркакларнинг бурчимиздир".
Жаноб Майражнинг айтишича, аввалги ҳукуматда "кўп коррупция ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш" бўлган.
"Биз бўлимларимиздаги бюрократия ва коррупция каби нопок ишларни чекладик - шу сабабли бизда даромадларни йиғиш тизими жуда яхши бошқарилади.
"Бизга ёрдам эмас, савдо-сотиқ ҳам керак, - деди у. - Халқаро ҳамжамият келиши ва биз билан ҳамкорлик қилиши керак".
Айни пайтда бир миллиондан ортиқ ўғил ва қиз болалар ўз оилаларини боқиш учун мактабни ташлаб кетишга мажбур.
Саид Али Акбар ва унинг акаси Али Сино шулар жумласидандир. Улар атиги 150 афғони (2$ дан камроқ) ишлаб топиш учун Кобулда ҳар куни тўққиз соат пайвандлаш билан шуғулланади.
"Менга мактаб жуда ёқади. Уни соғиндим. Ишим оғир, лекин ҳозир кўникиб қолдим", дейди 11 ёшли Саид Али Би-би-сига. У ўтган йили олтинчи синфни ташлаб кетган.
Иқтисодиёт инқирозга учрагач, бу болаларнинг отаси ишсиз қолган, ҳозир Эронга иш излаб кетган. Уларнинг онаси Лайло кўчада тиланчилик қилади.

Сурат манбаси, .
"Болаларим ишлаётганидан қўрқаман. Ҳозир уларнинг ўрганиш ва кимдир бўлиб етишиш вақти. Аммо ҳаётимиз оғир. Мен иш топишда қийналяпман, болалар оилани боқишлари керак", дейди Лайло Би-би-сига.
БМТТД ҳисоботига кўра, Афғонистондаги 5,1 миллион хонадоннинг қарийб 84 фоизи озиқ-овқат учун кредит олишга мажбур.
БМТТД маълумотларига кўра, экспортнинг ўсиши, бюджет даромадларининг кутилаётган кўпайиши ва инфляциянинг пасайиши каби тикланишнинг илк нишоналари 2022 йилда 3,7 миллиард доллар халқаро ёрдам кўрсатилгани билан боғлиқ эди.
БМТТД моделлари кўрсатишича, агар ёрдам 30 фоизга камайса, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 2023 йилда 0,4 фоизга камайиши ва 2024 йилда инфляция ўсиб 10 фоиз атрофида бўлиши мумкин.
Бу вақтга келиб, аҳоли жон бошига даромад 2020 йилдаги 512 доллардан прогноз қилинган 306 долларга тушиши мумкин.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












