Янгиликлар. Тошкент: АҚШ Афғонистонда эплолмаган ишни Ўзбекистон уддаламоқчи

Учрашув вакиллари
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тошкентда тўпланган Афғонистонга бевосита чегарадош давлатлар ва Россия махсус вакиллари ушбу учрашувдан кўзлаган бош мақсадлари - Афғонистонга тинчлик келтириш эканлигини айтдилар.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мавзуси узоқ йиллардан бери ҳам халқаро, ҳам минтақавий минбарлардан бот-бот такрорланади, аммо амалда кутилган натижаларга эришилмаган.

Ҳозирги ҳолат эса янада умидсиз ва оғир.

Шундай ҳолатда Афғонистон қўшнилари ва Россия қандай қилиб бу мамлакатга узоқ муддатли тинчлик келтиришмоқчи?

Алоқадор мавзулар:

Бир ярим йил олдин Афғонистонда бошқарувни қўлга олган Толибонни дунё тан олгани йўқ. Толиблар эса илк ваъдаларига қарамай, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини кескин чеклашда давом этмоқдалар.

Қизлар юқори ўрта ва олий таълимдан мосуво бўлишди, аёллар кўплаб соҳаларда ишлай олишмайди. Хотин қизларнинг ҳатто маҳрамсиз сафарга чиқишлари ҳам тақиқланган.

Тошкентда гапирган Ўзбекистон вакиллари ҳам айни масалаларга алоҳида эътибор қаратишди.

"Афғонистонга қўшни давлатлар аёллар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг озодлигини таъминлаш энг асосий масалалардан бири эканлигини, Афғонистоннинг бугунги де факто ҳукумати ушбу тақиқлаш қонунини олиб ташлаши ва тез кунда аёлларга ўқиш, таълим олиш ва озод ишлаш имконини қайтариб бериши кераклигини айтиб ўтдилар" - деди Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев.

Учрашувдан махсус видеомизни томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон вакилининг урғулашича, учрашув қатнашчилари Толибон ҳукуматидан халқаро ҳамжамиятга берган ваъдаларини бажаришлари зарурлигини талаб қилишган.

Жаноб Эргашев Афғонистон халқи ҳозиргидек оғир иқтисодий аҳволда қолган бир пайтда, Ғарбга ҳам талаб билан чиқишганини билдирди.

"Бу (қўшни) мамлакатлар вакиллари мажлис давомида Афғонистон Марказий Банкининг хорижий пулларини озод қилишни, уни Афғонистон халқига қайтариб бериш зарурлигини ва бу пуллар ҳозирги оғир ижтимоий, иқтисодий, гуманитар шароитда афғон халқи учун катта дастак бўлишини билдирдилар" - деб айтган Ўзбекистон вакили.

Бироқ қўшни давлатлар талабига Толибон ёки Ғарб, хусусан, АҚШ вакиллари қандай муносабат билдиришгани маълум эмас.

Яқинлар ичида энг яқин

Ўзбекистон ва Толибон вакиллари

Сурат манбаси, TWITTER/AHMADULLAHWASIQ

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон учун Афғонистон билан дўстона муносабатлар ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий аҳамиятга эга.

Ўзбекистон - Толибон қудратга келганидан кейин ҳам Афғонистон билан жипс алоқаларни ушлаб турган ўта кам сонли мамлакатлардан бири.

Бироқ Тошкент вакиллари ҳам икки ўт орасида.

Бир тарафдан, Ғарб Толибон ҳокимиятни қўлга олиши билан Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб доллар пулларини музлатди ва дунё давлатлари ҳали Толибонни тан олишмаган.

Айни дамда, Толибон ҳам кун сайин хотин-қизлар ҳуқуқларини чеклашни кучайтирмоқда.

Толиблар ҳокимиятга келган илк паллаларда ўзгаришганини, 1990-йиллардаги бошқарувлари пайтида жорий этган ўта кескин чекловларга қайтмасликларини айтишганди. Бироқ амалда бундай бўлмади.

Тошкентдаги тадбирда илгари сурилган талабларга ҳам Ғарб, ҳам Толибон тарафининг қандай жавоб беришлари муҳим. Чунки уларнинг жавобий ҳаракатлари қўшниларнинг ҳозирги саъй-ҳаракатлари қанчалик муваффақият қозониши ё қозонмаслигини ҳам белгилаши мумкин.

Афғонистон имкониятми?

Ўзбекистон ва Толибон вакиллари

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон - Толибон билан яхши алоқадаги ўта кам сонли давлатлардан бири.

Марказий Осиё бугун Россия, Хитой ҳамда Ғарб санкциялари остидаги Эрон ва Афғонистон ўртасида тиқилиб қолган минтақа.

Шундай ҳолатда, Жанубий Осиёга ва у ердан очиқ уммонга чиқиш учун Афғонистон муҳим транзит ҳудуд саналади. Яъни Марказий Осиё газ қувурлари, электр симлари ва поезд ё автомобиль йўллари Жанубий Осиёга Афғонистон орқали ўтади.

Шу қаторда, Афғонистон йўлининг очилиши Россия ва Хитой учун ҳам янги йўлак бўлади ва нафақат Ўзбекистоннинг геосиёсий транзит мавқеини оширади, балки Россияга қарамликдан бир қадар қутқариши ҳам мумкин.

Ўзбекистон узоқ йиллик иҳоталаниш ва қаттиққўл бошқарув ортидан, ниҳоят, 2016 йили минтақа давлатлари билан яқин қўшничилик сиёсатини танлади.

Аммо орзулар ва режалар қандай бўлмасин, улар кўп шартларга тақалиб қолмоқда.

Дейлик, Толибон аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ваъдаларини бажариши, уларнинг ҳукумати халқаро миқёсда тан олиниши зарур.

Толиблар, шу қаторда, мамлакатда тинчликни ҳам таъминлай олишлари керак бўлади.

Ва ниҳоят, шартлар бажарилса, Ғарб, хусусан, АҚШнинг муносабати ўзгариши муҳим.

Тошкентдаги учрашувда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Покистон, Хитой ва Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари иштирок этишган.

Тадбирда Толибон вакиллари қатнашмаганлар.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.