Ироқ урушига 20 йил: Уруш қандай қилиб бу мамлакатни пароканда қилди? Iroq Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, JEREMY BOWEN / BBC
- Author, Жереми Боуэн
- Role, BBC News
2003 йил мартидаги босқин Ироқ ва унинг аҳолиси учун фожиа бўлди.
Бунинг яққол далили Сурия чегарасидан унча узоқ бўлмаган Синжар шаҳри яқинида эҳтимолий оммавий қабр топилганидир.
Алоқадор мавзулар:
Ироқнинг энг кўп жабр кўрган жамоаларидан бири бўлмиш язидийлардан тирик қолганлари қабр бор деб гумонланган мармар кони ўрни қазилаётганда кузатиб туришарди. Ҳудуд ўраб қўйилган сим тўсиқлар бўйлаб исломий жиҳодчи гуруҳ Ислом давлати (ИД) томонидан ўлдирилган ўнлаб одамларнинг суратлари илиб қўйилган. Улар кон яқинидаги Зилолий қишлоғидан бўлишган. 2014 йил 3 августида бу ердан 1800 нафар одам олиб кетилган ва ўлдирилган.
Язидийлар ҳам Қуръонни, ҳам Библияни муқаддас деб эътиқод қилишади; уларнинг дини ислом ва христианлик таъсирида шаклланган. ИД уларни кофир санаб, қирғин қилган. Буларнинг бари америкалик ва британияликлар мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг юз берган бўлса ҳам, ушбу қирғин билан Ироқнинг босиб олиниши ҳамда ундан кейинги йилларда юз берган фожиалар ўртасида алоқадорлик бор.
Қабр очилишини кузатиб турганлар орасида язидий жамоаси бўлмиш Кочодан бўлган шайх Наиф Яссо ҳам бор эди. Бу жамоа ҳатто Зилолий жамоасидан ҳам баттарроқ азоб уқубатларни бошдан кечирган. Унинг айтишича, Кочонинг 1250 нафар аҳолисининг 517 нафари ИД томонидан ўлдирилган.
Зилолийда эркаклар зўрлик билан оилаларидан ажратиб олиб кетилган ва кон олдида отиб ташланган. Ўша вақтда 16 ёшда бўлган Софиян Солиҳ қабр очилиши тепасида кузатиб турганлардан яна бири. У зилолийлардан тирик қолган икки эркакдан бири. У отаси, акаси ва яна 20 30 нафар эркак билан бошқа бир гуруҳ қандай отиб ташланганини кўриб турган. Уларнинг таналари кон тапасидан пастга ағанар эди. Кейин уларнинг навбати келди.
"Улар отишдан аввал қўлларимизни орқага қайириб боғлашди. Сўнг олиб бориб, ерга ётқазишди."

Сурат манбаси, CARA SWIFT/ BBC
Софияннинг отаси ва акаси ўлдирилган. У тирик қолишига бошқа таналар унинг устига тушиб, тўсиб қўйгани ёрдам берган.
ИД ўзининг севимли тактикасини қўлларди. Улар эркакларни ўлдирар, аёлларни эса чўри қиларди. Болалар эса оналаридан ажратилиб, қайта тарбиялаш йўли билан ИД сафига қабул қилинарди. Очилаётган қабр тепасида турган аёллардан бири боласи қандай қилиб ўзидан тортиб олиниб, жиҳодчи оилага бериб юборилганини эслаб йиғлайди.
Ҳудуд ёнидаги сим тўсиқ олдида турган 20 ёшлар атрофидаги аёл Суад Довуд Чатто қўлида лавҳа ушлаб олган. Унда унинг катта оиласидан ўлдирилган тўққиз нафар эркак ва йўқолган икки аёлнинг сурати бор. Унинг айтишича, жиҳодчилар у 16 ёш эканида уни бошқа аёллар билан бирга олиб кетган ва Сурияда тутқунликда сақлаган. ИД қулаб, озод қилингунгача - 2019 йилгача у ўша ерда қолди.

Сурат манбаси, CARA SWIFT/ BBC
"Улар ваҳший эди, бизни узоқ вақт кишанда ушлаб туришди. Овқатланаётганда ҳам қўлларимиз боғлиқ бўларди", дейди у.
"Улар мени кўп марта никоҳлашди... қулларни никоҳлашарди. Ҳеч кимни аямадилар. Ҳаммамизни зўрлашди. Кўз ўнгимизда одамларни ўлдиришди. Ҳамма язидий эркакларни ўлдиришди - саккиз амакимимни ўлдиришди. Кўп оилаларни йўқ қилишди".
Ҳудуддан бир неча қоп инсон суяклари топилди. Яна ўнлаби қазиб олинишини кутиб ётибди.
2014 йил ёзида ИД Ироқ бўйлаб ҳужум бошлаганда, АҚШ ва Буюк Британия мамлакатдаги ишғолни тугатган эди. Жиҳодчилик мафкураси аслида бу ишғолдан анча олдин мавжуд эди ва 11 сентябрь ҳужумларига сабаб ҳам бўлганди.
Аммо Усома бин Лоден ва жиҳодчи экстремистлар мафкураси йўқ бўлмади, аксинча 2003 йилда бошланган бетартиблик ва шафқатсизлик даврида қаттол жиҳодчилар кўпайиб кетди. Америкаликлар ва сунний қабилалар ўртасидаги иттифоқ туфайли вақтинча пароканда бўлган Ал-Қоида янада ваҳший ИДга айланди.
Бу йил Ироқдаги вазият аввалгига нисбатан барқарорроқ. Бағдод, Мосул ва бошқа шаҳарлар анча хавфсизроқ. Аммо ироқликлар босқин оқибатларини ҳамон ҳис қилмоқда. Бу воқеалар миллионлаб одамлар ҳаётига таъсир қилди, уларнинг ватанини тубдан ўзгартириб юборди.
Аччиқ ҳақиқат шуки, ишғол масаласи уни бошқарган АҚШ ва унинг яқин иттифоқчиси Буюк Британиядаги сиёсий ва ижтимоий баҳслардан тушиб қолди. Ваҳоланки, босқиндан кейин содир бўлган воқеалар учун америкаликлар ва инглизлар ҳам масъулдир, оқибатлар уларга ҳам таъсир қилмоқда.
Ироқнинг золим ҳукмдори Саддам Ҳусайн ағдарилишга лойиқ эди - у минглаб ироқликларни қамоққа ташлади, ўлдирди, ҳатто курд исёнчиларига қарши кимёвий қурол ишлатди. Аммо муаммо бунинг қандай амалга оширилишида эди. АҚШ ва Буюк Британиянинг халқаро қонунларни писанд қилмагани ва Буш маъмурияти Ироқ режими ўзгариши натижасида юзага келган ҳокимият бўшлиғини тўлдириш бўйича режа ишлаб чиқа олмагани сабабли мамлакат зўравонлик ичида қолди.
Саддам диктатурасидан кейинги ўтган 20 йил Ироқ халқи учун аввалги азоб-уқубатларга қўшимча бўлди.

Сурат манбаси, .
Яқинда бир тарихчи таъкидлаганидек, Ал-Қоиданинг 2001 йил 11 сентябрдаги террор ҳужумидан Ироқ ишғолигача бўлган 18 ой давомида АҚШни "қўрқув, куч ва такаббурлик" эгаллаб олган эди.
Жаҳон Савдо Марказининг эгизак миноралари вайрон қилинганидан бир неча кун ўтгач, F-15 қирувчи учоқлари Манхэттен устидан патруллик қилаётганда мен Нью-Йоркда эдим. Бу сайёрадаги энг йирик ҳарбий куч террор ҳужумига қандай жавоб қайтаришни кўриб чиқаётган вақтда Америка қудратининг гўё намойиши эди.
Террор ҳужуми ортидан Жорж Буш "Ал-Қоида" ва унинг жиҳодчи ҳамкорларига қарши уруш эълон қилди. Буюк Британия Бош вазири Тони Блер ўз қўллаб-қувватловини билдириш учун Атлантика океани оша "Конкорд"да Вашингтонга учиб борди. Унинг фикрича, Британиянинг дунёдаги таъсири учун энг яхши кафолат унинг Оқ уйга яқинлигидир.
Улар Афғонистондаги "Ал-Қоида» тармоғига қарши тезда ҳаракат бошладилар. Йил охиригача АҚШ бошчилигидаги коалиция «Ал-Қоида» етакчиси Усома бин Лодинни экстрадиция қилишдан бош тортган Толибон режимини ағдариб ташлади. Кобул Америка учун етарли эмас эди.
Президент Буш ва унинг маслаҳатчилари АҚШга глобал таҳдидлар бор деб ҳисобларди. Улар АҚШга қарши бўлган давлатлар "Ал-Қоида» ва унинг шериклари билан иттифоқ тузиши мумкин деб ўйлашарди. Уларнинг назарида энг катта нишон Ироқ бўлиши керак эди. Саддам Ҳусайн 1990 йилда ўз қўшинини Қувайтга олиб кирганидан бери Америка учун бошоғриқ бўлиб келди. Америкаликлар ҳеч қандай далилсиз Саддам ва "Ал-Қоида" ўртасида алоқа бор деб даъво қилишди, бироқ бу алоқа йўқ эди. Ироқ раҳбари, дунёвий диктатор бўлмиш Саддам диний экстремистларни таҳдид деб биларди.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ президентининг отаси катта Жорж Буш 1991 йилда халқаро коалиция ироқлик босқинчиларни Қувайтдан чиқариб юборгач, Саддамни ҳокимиятдан ағдармасликка қарор қилганди. Ироқни узоқ вақт ҳарбий ишғол қилиб туриш ботқоққа ўхшарди, камига уларда режимни ағдариш учун БМТ маъқуллови ҳам йўқ эди.
Ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганида мен Бағдодда эдим. Мен билган режим амалдорлари Саддам диктатураси сақланиб қолганига ҳеч ишонолмасди.
Орадан ўн икки йил ўтиб, 2003 йилда, Американинг ғазаби ва такаббурлиги сабабли кичик Буш отаси кўрган реалликни кўра олмади. АҚШ ва Буюк Британия БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Ироқни ишғол қилиш ва режимни ўзгартиришга рухсат рухсат ололмади. Буш ва Блэр аввалги резолюциялар ўзларига зарур ваколатни беришини даъво қилишди.
Уларнинг даъволарини қабул қилмаганлар орасида БМТ Бош котиби Кофи Аннан ҳам бор. Босқиндан 18 ой ўтиб Би-би-си билан суҳбатда у бу БМТ Низомига "тўғри келмайди", бошқача айтганда, ноқонунийдир деди. Франция ва бошқа НАТО иттифоқчилари босқинга қўшилишдан бош тортди. Тони Блэр Буюк Британиядаги оммавий норозиликларни эътиборсиз қолдирди. Унинг урушга кириш қарори кейинги сиёсий фаолиятига жиддий таъсир ўтказмай қолмади.
Урушга кириш қарори ҳар қандай президент ёки бош вазир учун ўта жиддий қарор саналади. Жорж Буш ва Тони Блэр ўзлари истаган урушни бошлашди, юз минглаб одамлар ҳалок бўлди. Тез орада босқинчиликни оқлаш учун келтирилган даъволар асоссиз бўлиб чиқди. Тони Блэр қаттиқ туриб таъкидлаган оммавий қирғин қуроллари Саддамни реал хавф сифатида кўрсатар эди. Бу нафақат разведканинг, балки раҳбариятнинг ҳам муваффақиятсизлиги бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Америкаликлар урушни бошлаб берган ялпи ҳаво ҳужумларини "шок ва ҳайрат" деб атади. Жорж Буш атрофидаги неоконсерваторлар демократия ва минтақавий барқарорликни қурол билан ўрнатиш мумкин деб ўзларини ишонтиришарди. Уларнинг фикрича, АҚШнинг улкан қудрати нафақат Американи ҳимоя қилиши, балки Яқин Шарқни барқарорлаштириб, Сурия, Эрон ва ундан ташқарида демократияни тарқатиши керак эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Саддам бир неча ҳафта ичида ағдарилди. Ироқликлар миннатдор бўладиган кайфиятда эмас эди. Саддам ҳукмронлигининг сўнгги ўн йиллигида уларнинг аксарияти БМТ мандатидаги санкциялар туфайли хонавайрон бўлган эди, камига бу санкциялар асосан АҚШ ва Британия томонидан илгари сурилган эди. Америкаликлар, инглизлар ва уларнинг иттифоқчилари кўчаларга тинчлик келтира олмади. Кейинги даҳшатли йиллар катта ўғирликлар, қасос ҳужумлари ва жиноятлар билан бошланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Босқинчиларга қарши қўзғолон мазҳаблараро фуқаролар урушига айланди. Америкаликлар ҳокимиятни этник ва диний жиҳатдан мамлакатдаги уч асосий гуруҳ ўртасида: шиалар, курдлар ва суннийлар ўртасида тақсимлагаганда ироқликлар бир-бирига қарши исён кўтарди. Қуролланган жангарилар бир-бири билан ва босқинчилар билан уруша бошлади, ўртада тинч аҳоли ҳалок бўлди.
Жиҳодчи гуруҳлар тартибсизликдан фойдаланиб қолиш ва хорижликларни ўлдириш учун мамлакатга кириб келди. Асли иорданиялик зўравон сунний экстремист Абу Мусъаб аз-Зарқовий ишғолга қарши қўзғолонни мазҳаблараро фуқаролар урушига айлантириш учун мақсадли ҳужумларни бошлади. Шиалар ҳам бунга қараб турмади, қарши жавоб қайтарди.
2003 йилги босқинда қанча ироқлик ҳалок бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди. Барча ҳисоб китоблар улар юз минглаб бўлганини кўрсатади. Зўравон мазҳабпарастлик тўлқини Яқин Шарқда давом этмоқда.

Босқиннинг геосиёсий оқибати ҳанузгача воқеалар ривожига таъсир кўрсатмоқда. Америкаликлар ўзлари истамаган ҳолда минтақадаги кучлар мувозанатини Эрон фойдасига ўзгартириб юбордилар. Улар Эрон Ислом Республикасига қарши қалқон ҳисобланган Саддам Ҳусайнни ағдариб ташладилар. Унинг йўқ қилиниши Теҳронга яқин шиа сиёсатчиларга куч берди. Эрон томонидан қуроллантирилган ва тайёргарликдан ўтган жангарилар Ироқдаги энг қудратли кучлардан бири бўлиб, ҳукуматда одамлари бор.
Яна бир бало бошланишидан қўрқиб қолган АҚШ ва Буюк Британия 2011 йилги Араб қўзғолонларига, айниқса, Сурияда президент Башар ал-Ассаднинг ўз халқига қарши куч ишлатишига индамай қараб турди.
Аҳолиси тез ўсиб бораётган Ироқдаги тартибсизликлар одамларнинг Европага ноқонуний олиб ўтилишини кучайтирмоқда. Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ироқликлар кичик қайиқларда Ла-Маншни ноқонуний кесиб ўтиб келган тўртинчи йирик миллий гуруҳдир. Буюк Британия Қочқинлар кенгашининг ҳисоботига кўра, иши кўриб чиқилганларнинг аксарияти қочқин сифатида бошпана олган.
Америка ва Британия раҳбарлари ҳозир ишғол ҳақида ўйламаяпти, аммо бошқалар буни унутишгани йўқ. Россия халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш чақириқларини эътиборсиз қолдириб Украинага бостириб киргач, Глобал Жанубнинг аксарият қисми бу масалада бетараф бўлиб қолгани сабабларидан бири АҚШ, Буюк Британия ва Ғарб Ироқни ишғол қилишда ана шу ҳуқуқни ўзлари топтаганликларидир.

Ўтган 20 йил қанчалик ёмон ўтганининг муҳим белгиси Саддамга бўлган соғинч нафақат унинг сунний жамоаси, балки аксар ироқликларда кузатилаётганидир. Одамлар ҳеч бўлмаганда эски диктатор вақтида чегара қаерда эканини билишарди. Саддам ўзи душман деб билган ҳамманинг, шу жумладан, ўз куёвининг ҳам қотили бўлган эди.
Мосул яқинидаги лагерда дизель ёқилғиси учун навбатда турган 48 ёшли Муҳаммад исмли сунний Бағдоддаги шиа ҳукумати ва босқиндан кейинги мазҳаблараро қотилликлардан ёзғириб гапиради.
"Биз Саддам ҳукмронлиги бир кунга бўлса ҳам қайтишини истаймиз. Саддам диктатор эди ва бу яккаҳокимият эди - бу тўғри. Лекин у одамларни шиа, сунний, курд ёки язидий эканлигига қараб ўлдирмаган."

Сурат манбаси, CARA SWIFT/ BBC
Ироқда умид аломатлари йўқ эмас. Баъзи шаҳар ва қишлоқлар ҳали ҳам вайрона аҳволда, аммо улар ўзларини хавфсизроқ ҳис қилмоқдалар. Яхши тайёргарликдан ўтган аксилтеррор бўлинмалар ИД жиҳодчиларини ушлаб турибди, лекин барибир улар вақти вақти билан ҳали ҳам портлаш ва пистирма уюштиришга муваффақ бўлмоқда. Бироқ дўконлар сотувчилари йилнинг энг гавжум вақти бўлган Рамазон ойи тинч ўтишидан умидвор.
Узоқ муддатда Ироқ учун босқиннинг энг катта оқибати ҳокимиятни этник ва диний чегаралар бўйича тақсимловчи, Америка ўрнатган сиёсий тизим бўлиши мумкин. Бироқ бу Ироқ сиёсатчилари қўлида коррупция учун катта имконият очади.
2003 йилдан бери ўғирланган деб ишониладиган маблағ миқдори 150 миллиард доллардан 320 миллиард долларгача боради. Ўғирликдан улуш олмаган барча мазҳаблардан бўлган ироқликларнинг аксарияти доимий электр узилишлари, сифатсиз сув ва етарли тиббий ёрдам кўрсатилмайдиган, қачонлардир Европадагидек юқори даражада бўлган касалхоналарда даволанишга мажбур. Аксарият кўчаларда мактабга бориш ўрнига ишлаётган ёки тиланчилик қилаётган болаларни кўрасиз. Илгари Ироқ Яқин Шарқдаги энг яхши таълим тизимларидан бирига эга эди.
Ироқнинг сўнгги бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданий ҳаммасини яхшилашга ваъда берди. Унинг энг катта муаммоси - мамлакатни ичкаридан еб битираётган касаллик - коррупцияга қарши кураш бўйича берган ваъдасини бажаришдир. У ҳатто Ироқ ғазнасига қайтарилаётган мусодара қилинган банкнотлар уюми ўртасида туриб телечиқиш ҳам қилди.
Лекин энг муҳими бегуноҳ қурбонлардир. Нафақат ўлганлар, балки босқин ва унинг оқибатлари ҳаётига катта таъсир кўрсатган миллионлаб ироқликлар ва бошқа Яқин Шарқ аҳолисидир.

Сурат манбаси, CARA SWIFT/BBC
Синжар яқинидаги оммавий қабрда язидий фаоллар халқаро ҳимоя сўраб мурожаат қилишди. Омон қолганларнинг айтишича, 2014 йилда геноцидни амалга оширган ИД жиҳодчилари ироқча акцент билан гаплашган, уларнинг баъзилари яқин атрофдаги Тел-Афар шаҳридан.
Синжар тоғига қочиб омон қолган 25 ёшли язидий фаол Фарҳод Баракат ҳамон қўшниларидан қўрқишини айтади. Унинг сўзларига кўра, ўша қотиллар "уларни ўраб турган уруғлар ёки қабилалардан, араб уруғларидан эди. Қандай шунақа бўлиши мумкин? Бизни ўлдирганлар, язидий аёлларни зўрлаганлар ироқликлар эди".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













