АҚШ Ироқдан чиққач, унинг ўрнини Эрон эгаллайдими? Янги хавотирлар AQSh Iroq IShID dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY
- Author, Фрэнк Гарднер
- Role, Хавфсизлик масалалари бўйича мухбир, Би-би-си
Аввал Афғонистон, энди Ироқ. Ироқ Бош вазири Оқ уйга Президент Жо Байден билан учрашиш учун бораркан, "АҚШ Ироқ стратегик мулоқоти" доирасида шу йил охиригача АҚШнинг жанговар кучлари мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши эълон қилинди.
Бу ҳолат икки муҳим саволни ўртага чиқаради: АҚШнинг чиқиб кетиши мамлакатда нимани ўзгартиради, Яқин Шарқни қўрқувда тутган Лондону Тринидад ва Австралиядан ўзига тарафдорлар жалб қила олган ИШИД нинг мамлакатга қайтиши учун эшикларни очиб бермайдими?
АҚШ етакчилигида Ироқнинг босиб олинганидан 18 йил ўтиб, Ироқда Американинг 2500 нафар ҳарбийси ва ИШИДга қарши урушаётган сони очиқланмаган Махсус амалиёт кучлари қолган.
Атиги учта базада жойлашган ҳарбийлар Ироқ босиб олингандаги 160 минг аскарнинг жуда оз қисмидир. Аммо улар ҳам Эрон қўлловидаги жангариларнинг ракета ва дрон ҳужумларига ҳамон нишон бўлмоқда.
АҚШ ҳарбийларининг ҳозирги асосий иши ИШИД жиҳодчиларининг тартибсиз ва қаттол ҳужумларига қарши курашаётган Ироқ хавфсизлик кучларига ёрдам бериш, уларни ўқитишдир.

Аммо АҚШ ҳарбийларининг мамлакатдаги ҳозирлиги баҳсли масала.
Эрон қўлловчи сиёсатчи ва жангарилар, айниқса, АҚШ томонидан Эрон Инқилоб қўриқчилари Қудс кучлари раҳбари генерал майор Қосим Сулаймоний ва Боғдоддаги аэропортда Ироқ шиа жангарилари қўмондони ўлдирилиши ортидан АҚШ ҳарбийларининг чиқиб кетишини истайди.
Ҳатто холис ироқликлар ҳам ватанларида хориж кучлари бўлишини истамайди. Хорижий босқин ҳақидаги тушунча анча ҳассос саналади.
Вашингтонда айримларни бу қаноатлантиради, аммо "Ироқни Эроннинг қўлига топшириб қўйиш" ҳисобига эмас.
АҚШ, Президент Жо Байден таъбири билан, Яқин Шарқдаги "доимий уруш"дан ўзини четга тортишни истайди. АҚШ кучлари тезликда Афғонистондан чиқиб кетар экан, АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўз эътиборларини Осиё Тинч океан ва Жанубий Хитой денгизига қаратмоқда.
Ислом давлати 2.0?
ИШИД қайта жонланиши ва тарих такрорланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
2011 йили Президент Барак Обама АҚШ қўшинлари Ироқдан олиб чиқиб кетилишини эълон қилди.
Ўшандан бери оз сондаги қўшинлар қолган бўлса ҳам, бу қисқаришга Ироқдаги сиёсий алғов далғовлар ва чегара оша қўшни Суриядаги фуқаролар уруши қўшилиб, ИШИД учун иккинчи йирик шаҳар Мосулни олиш ва бир Европа давлатига тенг ҳудудни эгаллаб олишига роса боп шароит яратган эди.
Бу яна такрорланиши мумкинми? ИШИД 2.0 АҚШнинг жанговар дастагидан маҳрум бўлган, руҳи сўник Ироқ армиясини яна бир бора суриб ташлаши мумкинми?

Бунинг эҳтимоли бир неча сабабга кўра паст.
Ўша вақтда ИШИД Ироқ сунний мусулмонларнинг Бош вазир Нури ал Маликийнинг ҳаддан ташқари тарафкаш шиа ҳукуматидан норозилигидан фойдаланиб қолган эди. Маликий мамлакатни 2006-2014 йилларда бошқарди ва суннийларни кўп соҳалардан четлатди ва уларнинг ИШИДга қўшилишини осонлаштирди.
Бугунги сиёсий мувозанат, мукаммал бўлмаса ҳам, Ироқнинг ўзаро рақиб этник гуруҳларини қаноатлантиради.
ИШИД мағлуб қилингандан бери АҚШ ва Британия Ироқнинг аксилисён кучларини тайёрлаш учун катта куч ва вақт сарфлади ва бу тайёрловлар НАТО ёрдамида давом этмоқда.
Учинчидан, ИШИДнинг стратегик етакчилари эътиборни Ироқдаги яхши қуролланган хавфсизлик кучларига эмас, Африка ва Афғонистондаги бошқарилмайдиган ҳудудларга қаратаётган кўринади.
"ИШИДнинг ҳужумларини, афтидан, Ироқ ҳукумат кучлари қайтара олади", дейди Бриг Бен Бэрри. Британия армиясининг собиқ офицери ва ҳозирда Стратегик тадқиқотлар халқаро институтида мудофаа ишлари бўйича таҳлилчи.
"Аммо Ироқ суннийлари билан сиёсий келишувга келинмас экан, исённинг асосий сабаблари сақланиб қолаверади", дейди у.
ИШИД 2014 йили бутун минтақа бўйлаб чақмоқ тезлигида омадли ҳаракат қила олди, чунки Ғарб Ироқдаги ҳолатга эътибор қаратмай қўйганди.
Натижада уни енгиш учун 80 мамлакатнинг беш йиллик коалицияси, миллиардлаб доллар маблағ керак бўлди. Ҳеч ким булар тағин такрорланишини истамайди.
Оз сондаги Америка қўшинлари қолса ҳам, АҚШнинг чиқиб кетишига қарамай, Ғарб ИШИД ёки бошқа жиҳодчи гуруҳ Ироқдан халқаро ҳужумлар, айниқса, Ғарбга қарши амалга оширишда трамплин сифатида фойдаланиши эҳтимолига жиддий қарайди.
"Агар АҚШ ИШИД Ироқда тайёрланиб, АҚШнинг Ироқдан ташқаридаги манфаатларига ҳужум қилишини пайқаб қолса, якка ўзи бўлса ҳам, жавоб қайтаради", дейди Бэрри. Чунки Кўрфаздаги катта ресурслари билан Пентагон бундай қилишга имконияти етарли.
Эроннинг узоқ давом этган ўйини
Бу ерда каттароқ ва узоқ муддатли манзара Эрон фойдасигадир.
1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан бери у АҚШ кучларини қўшни давлатлардан ҳайдашга ва минтақада етакчи куч бўлишга уриниб келади.
Эрон Теҳронга нисбатан ишончсизлик юқори бўлган ва АҚШ ҳарбийлари саккиз давлатда ҳозир бўлган, жумладан, АҚШнинг қудратли бешинчи флоти жойлашган Баҳрайн каби араб кўрфаз давлатларида деярли муваффақият қозонмади.

Сурат манбаси, AFP
Аммо АҚШ етакчилигида Саддам Ҳусайн режимининг 2003 йилда ағдарилгани Эрон таъсири кенгайишидаги асосий тўсиқни олиб ташлади ва Эрон ўшандан буён имкониятни бой бермай келаётир. У шиа жангариларини Ироқ хавфсизлик тизимига муваффақиятли жойлаштира олди ва унинг иттифоқчилари парламентда кучли овозга эга.
Суриядаги фуқаролар уруши ҳам Эроннинг ўша ерда ҳарбий ҳозирлиги учун шароит яратди. Унга қўшни Ливанда ҳам Эроннинг иттифоқчиси Ҳизбуллоҳ кучли таъсирга эга.
Эрон узоқ муддатли ўйин ўйнамоқда. Унинг етакчилари эса ошкора ва яширин босимни ушлаб турса, Яқин Шарқни Америка учун ҳарбий томондан арзимайдиган минтақага айлантириб қўйишга умид қилади.
Натижада АҚШ базаларига доимий ракета ҳужумлари юз бермоқда ва Эрон АҚШ қўшинларини мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилиб чиққан намойишларни қўллаб қувватламоқда.
АҚШнинг Ироқдаги жанговар амалиётларини тўхтатувчи ҳар қандай битим Теҳрон учун тўғри томонга ташланган қадам саналади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek














