Ойлик оз, иш йўқ, ҳамма четга кетсам дейди - ҳаёт ҳар ерда ҳаёт dunyo Iroq yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Кўп ойлик, зўр иш ва янада яхши ҳаёт учун Ватанни тарк этган, жонингизни хатар остига қўйган бўлармидингиз? Бугун одамларни четга кетишга нима ундамоқда?
Ироқдан нега асосан курдлар қочмоқда?
Чоршанба куни Франциядан Буюк Британияга шиширма қайиқда ўтишга уриниб, Ла-Маншда ҳалок бўлган 27 нафар эркак, аёл ва болаларнинг аксарияти Ироқдан келган курдлар экани тахмин қилинмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Сўнгги ҳафталарда Беларусь ва Польша чегарасида ироқлик курдлар ҳам ҳалок бўлди, Европа Иттифоқига киришга уринган юзлаб одамлар эса совуқ ҳавода қолиб кетди.
Бу каби фожиалар кўпчиликни нефть ресурсларига эга ва нисбатан хавфсиз, барқарор ва фаровон ҳудуд сифатида танилган, Ироқнинг ярим автоном Курдистон минтақасидан кўп одамлар нега бундай хавфли сафарларга йўл олаётгани қизиқтиради.
Франциянинг шимолий қирғоқлари ва Беларусь-Польша чегарасидаги лагерларда қолиб кетган кўплаб ироқлик курдлар минтақадаги иқтисодий қийинчиликлардан қочиш ва ҳаётларини яхшилашга ҳаракат қилаётганларини айтадилар.

Сурат манбаси, Getty Images
Улар юқори ишсизлик, иш ҳақининг пастлиги ва тўланмаган маошлар, шунингдек, давлат хизматларининг ёмонлиги, кенг тарқалган коррупция ва икки асосий оила - Барзоний ва Талабони ҳамда уларнинг ҳокимиятни қарийб ўттиз йил давомида биргаликда эгаллаб турган сиёсий партиялари билан боғлиқ тармоқлардан тўйган.
"Курдистонда умид йўқ. Ҳукмрон партиялар қўллаб-қувватлайдиганлардан бошқа ҳар бир ёш кўчиб кетиши керак", деди яқинда Дункеркдаги лагерда бир йигит "Pishti News"га.
Худди шу лагердан бир аёл эрининг узоқ йиллар маҳаллий Пешмерга хавфсизлик кучларида хизмат қилганини, бироқ улар ойлар давомида маош олмагач, Европага кетишганини айтди.
"Биз [Буюк Британияга] келганимизда яхшироқ ҳаётга, фарзандларимиз учун яхши келажакка умид қиламиз."
Иқтисодий қийинчиликлар
Курдистонда беш миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, улардан 1.3 миллионга яқини ҳукуматда ишлайди.
Бу шуни англатадики, ҳукумат ўтган йил бошида давлат секторидаги иш ҳақини 21 фоизга қисқартиргани ва кейин коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқироз, нефть нархи тушиши ва Бағдод федерал ҳукумати билан бюджет маблағлари бўйича келишмовчиликлар туфайли юзага келган молиявий қийинчиликлар ортидан бир неча ой давомида давлат хизматчилари умуман маош олмагани кўп оилаларга қаттиқ таъсир қилди.
Жорий йил июль ойида иш ҳақини қисқартириш бекор қилинган бўлса-да, ишчилар ўз пулларини олган-олмагани номаълум.
Ҳозир нефть нархи ўнгланди ва иқтисод тикланмоқда, бироқ иш тақчиллиги, паст иш ҳақи ва қашшоқлик норозиликларни келтириб чиқаришда давом этмоқда.
Шу ҳафтада минглаб талабалар икки йирик шаҳар Эрбил ва Сулаймония кўчаларига чиқиб, 2014 йилда нефть нархининг навбатдаги пасайиши ва ИШИД жиҳодчи гуруҳ билан уруш бошланганидан кейин тўхтатилган ойлик грантларни беришни талаб қилишди.
"Вилоятга уйига бориш учун йўлкираси йўқ талабалар бор, бошқалари кунига уч маҳал овқатланмайди", дейди талабалардан бири AFPга.
Намойишларнинг баъзиларида ҳукумат бинолари ва сиёсий партия идораларига ўт қўйилиши билан зўравонлик бошланди. Полиция ўнлаб талабаларни ҳибсга олди.
Ҳукумат мухолифатга муносабати учун танқидга учради. Май ойида БМТ ҳукуматни саволга тутаётган ёки танқид қилаётган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва намойишчиларни нафақат қўрқитиш, уларнинг ҳаракатини чеклаш ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, балки туҳмат ва миллий хавфсизлик айбловлари билан жиноий жавобгарликка тортилишлари хавфи борлигидан огоҳлантирган эди.
Туркия билан уруш
Туркия билан шимолий чегара яқинида жанговар ҳаракатлар авж олгани ҳам Курдистондан кўчиб кетишларга туртки бўлгани ишонилади. Хабарларга кўра, баҳордан бери Беларусь орқали Европа Иттифоқига етиб олмоқчи бўлганлар орасида Дуҳок вилоятидаги Шиладзе ва унга яқин Дералокдан юзлаб одамлар бор.
Туркия-Ироқ чегарасида жойлашган тоғлар 1984 йилдан бери Туркияда курд мухторияти учун курашиб келаётган ва АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси (ПКК) исёнчи гуруҳи учун базага айланиб қолган.

Сурат манбаси, Getty Images
Турк ҳарбийлари апрель ойидан бери ПККга қарши ҳужумларини кучайтиргани, жанговар самолётлар ва дронлар ПКК ва юқори мартабали исёнчилар позицияларини нишонга олгани, турк аскарлари эса Ироқ шимолида ПКК жангариларига қарши курашаётгани хабар қилинган.
Ироқ курдлари расмийларининг айтишича, Туркия зарбалари тинч аҳолини ўлдирган ва ПКК бошчилигидаги ҳужумларда бир неча маҳаллий пешмерга жангарилари ҳалок бўлган.
"Ҳудудимиз қамалда, ПКК ва турклар қўлида. Бу ерлар яхши, лекин биз бу ерда қолишга қўрқамиз", дейди 19 ёшли ўғли Германияга кетган шиладзелик бир киши "Reuters"га.
Бош вазир Масъуд Барзонийнинг таъкидлашича, ироқлик курдларнинг Европага кўчиб кетиши "муҳожирлар муаммоси эмас, балки муҳожирлар жиноий тармоқлар томонидан эксплуатация қилиниб, Беларусь ва Европа Иттифоқи ўртасидаги низога аралашиб қолиши билан боғлиқ одам савдоси муаммосидир".
У Европа давлатларига одам савдосига чек қўйиш, шунингдек, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва иш ўринлари яратиш учун Курдистонга сармоя киритишни сўраб мурожаат қилди.
Жаноб Барзоний, шунингдек, Курдистонга ИШИД билан уч йиллик уруш туфайли ўз уйини ташлаб кетган 1 миллионга яқин ироқлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муаммоларга дуч келаётган 200 000 дан ортиқ қочқин сурияликни сақлаб туриш учун қўшимча ёрдам сўради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













