Дрон ҳодисаси - Украина ташқи ишлар вазири: Россия Қримдан тепиб чиқарилиши керак Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

"Reaper" дронлари кузатиш ва маълумот йиғиш учун қўлланиладиган учоқ ҳажмидаги мосламалардир.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, "Reaper" дронлари кузатиш ва маълумот йиғиш учун қўлланиладиган учоқ ҳажмидаги мосламалардир.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Америка Қўшма Штатларининг дрони Россия қирувчи учоқлари билан юзма-юз келиши ортидан Қора Денгизга қулаган. Вашингтон бу ҳодиса ортидан Россияни хавфли йўл тутишда айблаб чиқди.

Тўқнашувдан олдин Россия қирувчи учоқлари дроннинг ҳаводаги йўлига ёқилғи сепишгани айтилади. АҚШга кўра, дрон халқаро ҳаво ҳудудида учаётганди.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитро Кулебанинг Би-би-сига айтишича, Россия Қримни тарк этмагунча, бу каби ҳодисалар давом этаверади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу каби ҳодисаларни бартараф этишнинг ягона йўли Россияни Қримдан тепиб чиқариш, деди Украина Ташқи ишлар вазири.
Сурат тагсўзи, Бу каби ҳодисаларни бартараф этишнинг ягона йўли Россияни Қримдан тепиб чиқариш, деди Украина Ташқи ишлар вазири.

"Қора Денгиз ҳам хавфли ҳудуд бўлиб қолаверади. Бу каби ҳодисаларни бартараф этишнинг ягона йўли Россияни Қримдан тепиб чиқариш", - деди у.

Айни дамда у ушбу ҳодиса ортидан юзага келган дипломатик можаро чуқурлашмаслигига ишонч билдирди.

Дрон ҳодисаси бўйича АҚШ ва Россиянинг изоҳлари бир-бирига зид янграмоқда.

Пентагон билдиришича, шикастланган "MQ-9 Reaper" дрони "уча олмайдиган ҳолат"га келганидан кейин ерга қайтарилган.

Россия ўзининг иккита "Су-27" қирувчи учоқлари дрон билан қандайдир контакт қилганини рад этди.

Асосий савол, таҳлилчиларга кўра, Россия АҚШ дрони ишини шунчаки издан чиқаришга уринганми ёки атайлаб уни уриб туширмоқчи бўлганми?

Америкалик ҳарбий расмийларга кўра, ҳодиса Марказий Европа вақти билан 07:03да юз берган ва қарама-қаршилик 30-40 дақиқа давом этган.

Баёнотда айтилишича, тўқнашувдан олдин қирувчи учоқлар бир неча марта дронга "хавфли, табиатни заҳарлайдиган ва нопрофессионал тарзда" ёқилғи сепишган.

BBC

Пентагон сўзчиси Генерал Пат Райдернинг мухбирларга айтишича, тўқнашувда Россия учоқлари ҳам шикастланган бўлиши мумкин. Унга кўра, ҳодиса ортидан учоқлар қўнишга муваффақ бўлган.

"Reaper" дронлари кузатувчи учоқлар бўлиб, қаноти кўлами 20 метрга тенг.

Генерал Пат Райдерга кўра, унинг билишича, Россия дронни қўлга кирита олмаган.

Россия мудофаа вазирлиги ушбу дрон транспондерларини ўчириб қўйган ҳолда учаётган бўлгани ва "кескин манёвр" қилиши ортидан қулаган. Транспондерлар - дроннинг учишини кузатишга имкон берувчи узатгич мосламаси.

Лондондаги Кингс Коллеж уруш тадқиқотлари профессори Майкл Кларк Би-би-сига бу тасодифий ҳодиса бўлгани эҳтимоли юқори эканини айтди.

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

"Бирон учувчи бошқа учоқнинг парраги билан, ўз ҳаёти ва учоғини жиддий хавф остига қўймасдан, атайлаб тўқнаша олади деб ўйламайман", - деди Профессор Кларк.

Мазкур ҳодиса Украина уруши туфайли Россия ва АҚШ ўртасида тўғридан-тўғри зиддият келиб чиқиши хавфи ошиб бораётганига ишора қилди.

Ҳодисага норозилик билдириш учун АҚШ Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антоновни чақириб олди.

Учрашув ортидан Россия давлат матбуоти Антоновнинг иқтибос келтирган ҳолда Москва дрон ҳодисасини "провокация" деб қабул қилиши, ҳамда "АҚШ армиясининг бизнинг чегараларимизга яқинликдаги номақбул фаолияти бизни хавотирга солди" дея хабар тарқатди.

Таҳлилчиларга кўра, агар дрон атайин уриб туширилган бўлса, бу Кремлнинг АҚШ қандай жавоб беришини синаб кўриш ҳаракати бўлган бўлиши мумкин.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002