Янгиликлар: Бахмут кимга ўтади? Бу Россия ва Украина учун нимани англатади? Urush, Dunyo

Baxmut

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Жеймс Ландэл
    • Role, Би-би-си

Бахмут вайрон бўлди.

Етти ойдан ортиқроқ вақт давомида Украина шарқидаги бу саноат шаҳарчаси Россия кучлари томонидан яксон қилиб ташланди.

Шаҳарча ҳокими ўринбосари Александр Марченконинг айтишича, шаҳарчада ҳозир атиги бир неча минг одам қолган ва улар ҳам газсиз, электрсиз, сувсиз ҳолда ертўлаларда яшамоқда. "Шаҳарча деярли яксон қилинди, - дейди у Би би сига - Соғ қолган бирорта бино йўқ."

Шундай экан, нега украин ва руслар бу вайрона устида урушиб ётибди? Нега икки томон ҳужум қилиш ва ҳимояланиш учун минглаб аскарларини қурбон бериб бўлса ҳам, бутун уруш мобайнида энг узоқ давом этган тўқнашувни яна давом эттирмоқда?

Ҳарбий таҳлилчилар Бахмутни стратегик аҳамияти баланд эмас демоқда. У гарнизон жойи ҳам эмас, транспорт тугуни ҳам ёки аҳолиси катта марказ ҳам эмас. Урушдан илгари у ерда 70 000 атрофида одам яшаган. Шаҳарча ўзининг тузи, гипс конлари ва винолари билан машҳур эди. Географик жиҳатдан у қадар катта аҳамиятли эмас. Ғарб расмийларидан бири айтганидек, Бахмут 1200 км.ли фронт чизиғидаги кичик бир тактик ҳодиса холос".

Аммо, шунга қарамай, Россия бу ерни олиш учун катта ҳарбий ресурсларни сарфламоқда. Ғарб расмийларининг ҳисобларига кўра, Бахмут атрофида 20 000 дан 30 000 гача рус аскари ўлган ёки жароҳатланган.

dafn marosimi

Сурат манбаси, Getty Images

Кремлга рамзий бўлса ҳам, ғалаба керак. Россия кучлари ўтган йили ёзида Северодонецк ва Лисичанск шаҳарларини олгандан бери анча вақт ўтди. Ўшандан бери улар қўлга киритган ҳудудлар арзимас бўлган ёки жараён жуда секин.

Россияга кремлпараст пропагандачиларни боқиш учун бирор нарса керак. Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази раиси Сергей Кузан Би би сига шундай дейди: "Улар ҳарбий эмас, сиёсий миссия учун урушмоқда. Руслар сиёсий мақсадга етиш учун минглаб одамларини қурбон қилишда давом этади."

Россия қўмондонлари ҳам Бахмутни ҳарбий сабабларга кўра олишни истайди. Улар бу шаҳар эгалланса, яна ҳудудларни босиб олиш учун трамплин бўлади деб умид қилишади. Украина Мудофаа вазирлиги декабр ойида билдирганидек, шаҳарнинг эгалланиши "русларга каттароқ шаҳарлар - Краматорск ва Славянскка йўл очади".

Яна бу ердаги ҳужумлар марказида турган "Вагнер" ёлланма жангарилар гуруҳи масаласи ҳам бор.

Гуруҳ раҳбари Евгений Пригожин Бахмут учун ўзи ва шахсий армияси обрўсини тикиб қўйган. У ўз жангчилари оддий рус армиясидан кўра яхшироқ ҳаракат қила олишини кўрсатишга уриняпти. У минглаб маҳкумларни гуруҳ сафига қўшиб, уларни Украина мудофаасига қарши улоқтирмоқда, кўпчилиги ўлиб ҳам кетди.

Агар Пригожин бу ерда муваффақият қозона олмаса, унинг Москвадаги сиёсий таъсири пасаяди. У Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан зиддиятга борди, унинг тактикасини танқид қилди, энди ўқ-дорилар етишмаслигидан шикоят қилмоқда. Жаноб Кузаннинг айтишича, бу икки шахс ўртасида Кремлда таъсир ўтказиш учун сиёсий кураш бор, "бу кураш ҳозир Бахмут ва унинг атрофида кечмоқда".

aholi

Сурат манбаси, Getty Images

Хўш, нега Украина минглаб аскарларини йўқотиб, Бахмутни бунчалик қайсарлик билан ҳимоя қилмоқда?

Асосий стратегик мақсад - бу жангдан Россия армиясини заифлаштириш учун фойдаланиш. Ғарб расмийларидан бири очиқ айтди: "Россия тактикаси туфайли Бахмутда Украина кўплаб русларни ўлдириш учун ноёб имкониятга эга бўлмоқда".

НАТО манбаларининг ҳисоб-китобларига кўра, Бахмутда ҳар бир украиналикка беш нафар рус тўғри келади. Украина Миллий хавфсизлик вазири Олексий Даниловнинг айтишича, бу кўрсаткич бундан ҳам юқори, яъни еттидан бирга тенг.

Бу рақамларни текшириш имконсиз. Сергей Кузан Би би сига шундай деди: "Бахмутни тутиб турар эканмиз, душман кучларини кўпроқ йўқ қиламиз, душманга улар бизга берган зарардан кўра кўпроқ зарар берамиз». Шаҳарни ҳимоя қилиш орқали Украина, шунингдек, фронт чизиғининг бошқа жойларига жойлаштирилиши мумкин бўлган Россия кучларини банд қилиб қўяди.

Россия каби Украина ҳам Бахмутга сиёсий аҳамият бермоқда. Украина президенти Володимир Зеленский шаҳарни қаршилик тимсолига айлантирди. Декабрь ойида Вашингтонга ташриф буюрганида, у бу ерни "жанговар руҳимиз қўрғони" деб атади ва АҚШ Конгрессига Бахмут байроғини топширди. "Бахмут учун кураш бизнинг мустақиллик ва озодлик учун урушимиз йўналишини ўзгартиради", деди у.

Baxmut uchun jang

Сурат манбаси, Getty Images

Бахмут йиқилса чи? Россия ғалабага даъво қилади, бу унинг учун руҳий кўтаринкилик берадиган ноёб лаҳза бўлади. Украина эса сиёсий, рамзий йўқотишга дучор бўлади. Украиналиклар "Бахмутни ушлаб турибмиз!" деб ижтимоий тармоқларда бақиролмайди. Аммо бу ҳарбий жиҳатдан катта аҳамиятли бўлишига жуда озчилик ишонади. АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, "Бахмутнинг қулаши руслар бу кураш йўналишини ўзгартирганини англатмайди".

Стратег ва Австралиянинг собиқ генерали Мик Рян Россиянинг тезкор ҳужуми бўлмайди, деб ҳисоблайди: "Украиналиклар саккиз йил давомида тайёрланган Краматорск ҳудудларидаги мудофаа зоналарига чекинадилар. Бу шаҳар Бахмутга қараганда анча баланд ва яхши ҳимояланган мудофаа ҳудудидир. Краматорск ҳудудидаги ҳар қандай ҳужум руслар учун Бахмут учун юриш каби қонли бўлиши мумкин.»

Бахмут жангидаги энг муҳим нарса, ҳар бир томон қанча қурбон берганлиги ва бу урушнинг кейинги босқичи учун нимани англатишидир. Россия келгусидаги ҳужумлар учун салоҳиятини йўқотадиган даражада йўқотишларга учрадими? Ёки Украина баҳорда қарши ҳужумга ўта олмайдиган даражада йўқотишларга учрайдими? Ана шу кўп нарсани ҳал қилади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002