Янгиликлар: Толибон Зуҳрани ‘қатл этади’ми? - Video Афғонистон Afg'oniston Tolibon Dunyo Yangiliklar

Afg'on xotin-qizlari

Сурат манбаси, BRITISH COUNCIL TEACHERS

    • Author, Кейт Уэст ва Мелани Стюарт-Смит
    • Role, File on 4
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Толибон қўлига ва ҳаётнинг ҳукмига ташлаб кетилган одамларнинг тақдиридан жиддий хавотирлар юзага чиқмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Мени қатл қилишларига аминман, бундай экстремист жамиятда менинг характерим, менинг карьерам бўлган аёлга яшаш осон эмас", дейди Зуҳра.

Алоқадор мавзулар:

2021 йили Толибон ҳокимиятни олгандан бери ҳаёти хавфда қолган ва кўчирилишга ҳақли бўлган 1500 нафар одамдан атиги тўрт нафари Британияга етиб келган. Би-би-си ўзини Афғонистонда ташлаб кетилган ҳис қилган минглаб одамлардан бири Зуҳра билан суҳбатлашди.

"Мени қатл қилишларига аминман, бундай экстремист жамиятда менинг характерим, менинг карьерам бўлган аёлга яшаш осон эмас", дейди Зуҳра Би-би-сининг 4 дастуридаги "File"га.

Зуҳранинг (асл исми эмас) "Британия кенгаши"да ишлаб, бахтли ва мамнун бўлиб яшаганига ҳам кўп бўлгани йўқ. Уч йил давомида у афғон фуқаролар ва диний етакчиларга инглиз тили ва британ қадриятларини ўргатди.

Зуҳра "Афғонлар учун инглиз тили" лойиҳасининг юзи сифатида сараланган ва Facebook ва YouTube'да "Британия кенгаши"нинг реклама роликларида чиққач, анча танилган эди.

"Бирор гуруҳга биринчи марта дарсга кирсам, ўзимни танитишга ҳожат йўқ эди, ҳамма мени бир кўрганда танирди", дейди.

Зуҳра толиблар 2021 йил августида ҳокимиятга келгач, Афғонистонда қолиб кетган 100дан ортиқ ўқитувчилардан бири эди. Уларнинг британияликлар билан ишлагани уларни ҳоин ва жосус сифатида кўришлари учун етарли.

Унинг интернет орқали машҳурлиги уни жиддий хавфга қўяди. У оиласи билан жойдан жойга кўчиб, яшириниб яшамоқда.

"Кўчага бемалол чиқа олмайман, қиёфамни ўзгартиришим керак, бурқа кийишим керак, - деб тушунтиради у. - Бир кун мени пайқаб қолишади ва кейин нима бўлишини билмайман."

Афғон фуқароларни кўчириш дастури (Afghan Citizens Resettlement Scheme - ACRS) 20 йил давомида британияликлар билан ҳамкорлик қилган афғон фуқароларни Британияга хавфсиз кўчириш мақсадида ишлаб чиқилган.

ACRS дастурининг биринчи йилидаги бир қисм - 3 йўлак учун 1500 ўрин бор бўлиб, Британия кенгаши ўқитувчилари дохил учта махсус гуруҳларни қамраб олади.

Tolibon

Толибон томонидан ўқитувчиларга хавф борлигига қарамай "Британия кенгаши" уларни Кобулдан охирги эвакуация учоғи парвоз қилишига беш кун қолгунга қадар огоҳлантирмаган.

"Британия кенгаши"нинг айтишича, "Британия ҳукумати фақат Британия кенгаши ходимлари аризаларини кўриб чиқмоқда. Бу категорияга бизнинг офис ишчиларимиз кирган, ҳамкорларимиз (шу жумладан, ўқитувчилар) эмас. Биз эвакуацияга ҳуқуқи бўлган барчани ариза беришга даъват қилдик. Айрим ҳамкорларимиз ана шу пайтда ариза берганини ҳам биламиз."

Лейбористлар партияси сўзчиси Дэн Жарвис қолган афғонларни қўллаб-қувватламоқда.

У Би-би-сига шундай деди: "Бу одамлар биз таклиф билан чиққанимизда, бизга қўшилган одамлардир. Бутун ҳукумат кеча кундуз ишлаб бу одамларни хавфсиз жойга олиб чиқиши шараф масаласидир. Чунки биз шундай қилмасак, улар ҳалок бўлишади".

Афғон дастури бўйича масъулият Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги зиммасидадир.

Ички ишлар вазирлиги сўзчиси шундай дейди: "Британия ҳукумати бошқа давлатлардан кўра кўпроқ афғонларни дастаклашга сўз берган. Биз деярли 23000 нафар хавф остидаги афғонларни, шу жумладан, кўчирилишга ҳақли минглаб афғонларни мамлакатдан олиб чиқдик.

"Ҳақли афғонларни кўчиришни қўллаб-қувватлаш асосий устувор вазифа бўлиб қолмоқда ва биз уларни хавфсиз олиб чиқишни таъминлаш учун БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги, ҳамкорлар ва Афғонистоннинг қўшни давлатлари билан ишлашни давом эттирмоқдамиз".

Айни пайтда, Зуҳра аризаси ҳақида Буюк Британия ҳукуматидан сўнгги марта эшитганига икки ой бўлди.

У бу ишлар тезда ҳал бўлмаслигини билади. Ўзининг айтишича, у ҳали ҳам умидвор. "Бу мен учун ҳам, оилам учун ҳам имконият дарчаси бўлади, чунки ота-онам, укаларим мен туфайли хавф остида. Мен уларни хавфсиз жойга олиб боришга мажбурман, лекин ACRS менинг оила аъзоларимни қўллаб-қувватлайдими ёки йўқ, билмайман."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek