Канада борасизми? Бу давлат 1,5 миллион иммигрант келтирмоқчи? Migrant Dunyo Yangiliklar

Канаданинг янги фуқаролари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳар тўрт канадаликдан бири мамлакатга иммигрант бўлиб келган
    • Author, Робин Левинсон-Кинг
    • Role, BBC News, Торонто

Канада иммиграцияга катта эътибор бериб, ўз иқтисодида қариётган аҳолиси қолдираётган бўшлиқни тўлдирмоқчи, аммо ҳамма ҳам хориждан бунчалик кўп одамни жалб қилишга рози эмас.

Шу ой бошида федерал ҳукумат 2025 йилгача йилига 500 000 иммигрантни қабул қилиш бўйича радикал режани эълон қилди, келгуси уч йил ичида мамлакатга 1,5 миллионга яқин янги иммигрантлар келади.

Алоқадор мавзулар:

Ушбу режага кўра, Канада ҳар йили Буюк Британиядан саккиз баробар ва жанубий қўшниси АҚШдан тўрт баробар кўп доимий резидентларни (аҳоли жон бошига) қабул қилади.

Аммо яқинда ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, кўпчилик янги келганларни қабул қилиш борасида хавотирда.

Канада катта эътибор қаратади

Канада йиллар давомида аҳоли ва иқтисодиёт ўсиши суръатини сақлаб қолиш учун доимий резидентларни - мамлакатда домий қолиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо фуқаро бўлмаган муҳожирларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йили мамлакат 405 минг доимий аҳолини қабул қилди, бу ўз тарихидаги энг кўпидир.

Бунинг сабаблари қайсидир маънода оддий математикада ётади. Кўпгина Ғарб мамлакатлари сингари, Канадада ҳам туғилиш даражаси паст, аҳоли қаримоқда. Бу шуни англатадики, агар мамлакат қисқаришни эмас, ўсишни истаса, муҳожирларни жалб қилиши керак.

Ҳукумат пресс-релизига кўра, иммиграция мамлакатнинг деярли барча ишчи кучи ўсишига тўғри келади ва 2032 йилгача мамлакат аҳолисининг бутун ўсишига тўғри келиши кутилмоқда.

Шу ой бошида ҳукумат 2025 йилгача йилига 500 000 янги муҳожирни жалб қилмоқчилигини эълон қилди, бу 2021 йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.

Дунёдаги ноёб жой

Бугунги кунда ҳар тўрт канадаликдан бири мамлакатга иммигрант сифатида келган, бу G7 мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Буни АҚШ билан солиштиринг, у ерда аҳолининг атиги 14 фоизи муҳожирдир.

Буюк Британияда иммигрант аҳоли 14% га яқинни ташкил этади.

Оксфорд университетининг Миграция обсерваторияси директори Мэдлен Сампшеннинг айтишича, бу рақамлар Буюк Британия иммиграцияда ортда қолаётганини англатмайди, балки Канададан кўра "истиснолидир".

Аҳолиси Канададан икки баравар кўп бўлган кичик орол Буюк Британияда аллақачон аҳоли зичлиги анча юқори, 38 миллиондан сал кўпроқ аҳолига эга ва дунёдаги энг катта ҳудудлардан бири бўлган Канадада аҳоли ўсиши учун жой мўл.

"Умуман олганда, Буюк Британия Канада каби аҳоли сонини кўпайтиришни кўзлаётгани йўқ", дейди у.

Макмастер университети сиёсатшуноси Жеффри Кэмероннинг айтишича, Канада каби кўплаб мамлакатларда туғилиш камайиши ва аҳолининг қариши кузатилаётган бўлса ҳам, ҳар қандай иммиграция тизимининг муваффақияти халқ қўллаб-қувватлашига боғлиқ.

"Кўпчилик мамлакатлар учун чекловчи омил бу жамоатчилик фикридир", дейди у.

Мамлакатга жанубий чегара орқали кирган муҳожирлар сони рекорд даражага этган АҚШда иш жойларидан кўра кўпроқ муҳожир борлигидан хавотир олишмоқда.

Брекситдан олдин Шарқий Европадан Буюк Британияга кўчиб ўтган Европа Иттифоқи мигрантлари тўлқини миграцияга қарши норозилик уйғотди. Аммо сўнгги бир неча йил ичида, дейди Сампшен хоним, иммиграция тарафдори бўлган жамоатчилик фикри ўсди, одамларнинг фикрича, бу қисман ҳозир мамлакат муҳожирлар оқимини аввалгидан кўра яхшироқ назорат қила олиши билан боғлиқ.

Айни пайтда, Канадада иммиграцияни қўллаб-қувватлаш юқори даражага етган.

"Менимча, бунинг сабабларидан бири аҳоли иммиграция ҳукумат томонидан яхши назорат қилиниши ва Канада манфаатларига хизмат қиладиган тарзда бошқарилишига ишонади", дейди жаноб Кэмерон.

Аммо бу иммиграция муаммоси йўқ дегани эмас.

АҚШ билан чегарага муҳожирлар оқими кўпайгани сўнгги йилларда баъзи тортишувларга сабаб бўлди ва 2018 йилда янги ўнг қанот партияси - Канада Халқ партиясининг пайдо бўлиши 2019 йилги федерал сайловлар олдидан бу мавзуни миллий муҳокамаларда сақлаб қолди.

Канаданинг турли қисмлари ҳам иммиграцияга муносабат турлича.

Ҳукумат йилига 500 000 га яқин янги муҳожирни қабул қилиш бўйича ўзининг радикал режаларини эълон қилганида, иммиграция бўйича ўзи қарор қабул қилувчи Квебек провинцияси йилига 50 000 дан ортиқ одамни қабул қилмаслигини билдирди. Бу мамлакат аҳолисининг 23 фоизи истиқомат қилувчи Квебек мамлакатдаги муҳожирларнинг атиги 10 фоизини қабул қилишини англатади.

Квебек Премьери Франсуа Лего муҳожирларнинг кўпайиши провинцияда француз тилини заифлаштиришидан хавотирда эканини айтди.

"Аллақачон 50 000 киши, француз тилининг пасайишини тўхтатиш қийин", деди у.

Канадада ўсиш учун жой бор бўлса ҳам, баъзи жойларда бу ҳамон инқирозга ўхшайди. Ҳозирда аҳолининг тахминан 10 фоизи истиқомат қиладиган Торонто ва Ванкувер каби йирик шаҳарлар арзон уй-жой инқирозини бошдан кечирмоқда.

Легер ва Канада Тадқиқотлар Ассоциацияси томонидан 1537 нафар канадалик ўртасида ўтказилган сўровда ҳар тўрт нафардан учтаси янги режанинг уй-жой ва ижтимоий хизматларга таъсиридан бироз ёки жуда хавотирда эканликларини айтган. Деярли ярми, 49%, рақамлар жуда юқори эканлигини ва 31% одам эса меъёрида эканлигини айтган.

Канада ёндашуви

Канаданинг Ғарб дунёсидаги яна бир хусусияти унинг иқтисодий иммиграцияга урғу беришидир: Канадада доимий яшовчиларнинг қарийб ярми оилаларни бирлаштириш учун эмас, балки малакасига қараб қабул қилинади.

2025 йилга келиб ҳукумат бу кўрсаткични 60 фоизга етказишга умид қилмоқда.

Бунинг бир қисми Канада тизими қандай ишлаб чиқилгани билан боғлиқ, дейди жаноб Кэмерон. 1960 йилларда Канада турли мамлакатлар учун квота тизимидан ўз иқтисодиётига яхшироқ ҳисса қўшиши мумкин бўлган юқори малакали иммигрантларни қўллаб-қувватлайдиган баллга асосланган тизимга ўтди.

"Бугунги кунда ҳам худди шу тамойиллар тизимни бошқаради", дейди у Би-би-сига.

New Canadian citizens

Сурат манбаси, Getty Images

Гарчи Австралия ва Янги Зеландияда шунга ўхшаш тизимлар бўлса ҳам, бу глобал миқёсда ноёбдир.

Британияда ҳар тўртта доимий аҳолидан бири иқтисодий оқимга киришади. АҚШда Грин кардларнинг атиги 20 фоизи иқтисодий сабабларга кўра берилади. Иккала давлат ҳам ўз ҳудудига кирадиган иқтисодий иммигрантлар улушини оширмоқчилигини билдиришди, аммо иккала мамлакатнинг катта фарқи шундаки, аксарият иқтисодий иммигрантларга иш берувчилари ҳомийлик қилиши керак.

Канадада иш таклифи сизнинг умумий баллингизга таъсир қилиши мумкин, аммо бу шарт эмас.

Буюк Британия яқинда балл тизимига ўтган бўлса ҳам, Сампшен хонимнинг таъкидлашича, у иш таклифи бўлган муҳожирларни қўллаб-қувватлаган эски тизимга ўхшаб қолмоқда.

Канада ўз мақсадларига эриша оладими?

Канада нафақат бошқа йирик давлатларга қараганда кўпроқ иқтисодий тоифадаги муҳожирларни қабул қилади, балки мамлакат 2021 йилда 20,428 қочқинни қабул қилиб, қочқинларни жойлаштириш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланди.

Аммо мамлакат ўз олдига улкан мақсадлар қўйган бўлса да, тарих шуни кўрсатадики, у доим ҳам ўз умидларини оқлайвермайди. 2021 йилда Канада 59 000 га яқин қочқинни қабул қилишни кўзлаган эди - бу мамлакат қабул қилган сондан деярли уч баравар кўп мақсад эди.

Иммиграция вазири Шон Фрейзер CBCга берган интервьюсида бунинг сабаби асосан Канадада ҳам, бутун дунёда ҳам Ковид билан боғлиқ чегаралар ёпилиши билан боғлиқлигини айтди.

Канада 2023 йилгача 76 минг қочқинни қабул қилишни мақсад қилган.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek