Мариуполлик Анна: Эрим бошқа эркак топ деди - Видео Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Oilaviy arxivdan
Би-би-сининг "Панорама" дастури Мариуполь қуршови ва мариуполликлар ҳақида махсус кўрсатув тайёрлади. Улардан бири "Азовсталь" заводи ертўлаларида омон қолган Анна, ўғли Святослав ва эри Кирилло ҳақида.
Би-би-си мухбири Ҳилари Андерссон, мариуполликлар билан суҳбатларга олти ой сарфладик, дейди.
Инсонлар ўз бошларидан ўтказган оғир кўргуликларни ҳикоя қилиб бердилар.
Алоқадор мавзулар:
- Мариуполлик аёл: Умримда бунчалик даҳшатли манзарани кўрмаганман - Видео
- Украина: Сателлит суратларда Мариупол яқинида қазилган оммавий қабрлар акс этган
- Путин бошлаган уруш Украина болаларини қандай аҳволга солди?
- Грознийдан Ҳалаб ва Украинагача: Россиянинг қаршиликка жавоблари
- Видео. Россия Украина урушига 100 кун тўлди: кунпаякун шаҳарлар ва озиқ-овқат инқирози
25 яшар Анна Мариуполда француз тили ўқитувчиси эди.
Унинг ҳаёти ҳавас қилгулик, ҳаётида ҳамма нарсаси бор эди, дея ҳикоя қилади Би-би-си мухбири.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ва бир куни Аннанинг дунёси остин-устун бўлди.
Мариуполь уруш марказига айланди.
Кирилло кўнгилли бўлиб урушга қўшилди.
Азов денгизи соҳилида барпо этилган "Азовсталь" металлургия комбинатининг ерости бункерлари Россия босқинининг дастлабки кунлариданоқ мариуполликлар учун бошпанага айланди.
Анна ўғли билан "Азовсталь" ертўласига кириб яширинди.

Кирилло эса комбинатнинг бошқа томонида жанг қиларди.
Бутун Мариуполь Россия қўшинлари қуршовида қолди, бироқ Украина ҳимоячилари қуролли қаршилик кўрсатишдан тўхтамадилар.
Россия Украин ҳарбийларидан бир неча марта таслим бўлишни талаб қилди, лекин улар рози бўлмадилар.
"Азовсталь" гўё жаҳаннамга айланди. Россия бомбалари ёмғирдек ёғилди.
Ер остида аёллар, болалар, кексалар ва ярадор жангчиларга қийин бўлди.
Анна боласига таглик йўқлиги, ейишга атиги бир қошиқ макарон, сув ва тузи қолганини айтади.

Сурат манбаси, Shaxsiy arxiv videosi
Украина ҳарбийлари металлургия комбинати ертўлаларида 1000 тача тинч аҳоли жон сақлаётганини хабар қилдилар, тинч фуқароларнинг завод ҳудудидан чиқиб кетишларига Россия йўл қўйиб беришини талаб қилдилар.
Ниҳоят икки ярим ойлик зулматдан кейин Анна ўғли билан ташқарига чиқди.
"Ниҳоят биз осмонни кўрдик. Икки ярим ой давомида "шу ерда ўлсак керак", "бошқа қуёш ва осмонни кўрмасак" деган хаёллардан кейин юзингга шамол ураётгани, кўксингни тўлдириб нафас олаётганингга ишонмасдинг", деб эслайди ўша куни Анна.
Бироқ Кирилло ҳамон ичкарида, у ярадор эди.
Аннага эридан хабар келди.
"У тирик қолмайман. Бошқа эркак топ, Святославга бошқа ота топ, деди. Мен Святославнинг отаси бўлолмайман, илтимос, унга яхши ота танла", деди, хотирлайди Анна.
Россия жангда ғалаба қилганидан кейин юзлаб Украина аскарлари, улар орасида Кирилло ҳам асирга тушдилар.
У ҳамон Россия тутқуни.
Анна ўғлининг отаси қайтишини орзу қилади.
"Агар суюкли инсонинг ҳар тун ёнингда бўлса, бир шиша шаробинг бўлса, пицца буюртма берсанг, биргаликда теле сериал томоша қилолсанг, ҳаётинг қанчалар оғир бўлишидан қатъи назар, бу ҳаётингдаги энг бахтли лаҳзалардир. Бу дегани сен чиндан ҳам бахтиёр одамсан", дейди Анна.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















