Мариуполлик аёл: Умримда бунчалик даҳшатли манзарани кўрмаганман - Видео Ukraina Dunyo Yangiliklar

Март ойидаги Мариуполь четидаги оммавий қабр
Сурат тагсўзи, Март ойидаги Мариуполь четидаги оммавий қабр
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия босқинидан олдин Украинанинг Қора денгиз соҳилидаги кўркам шаҳри Мариуполда қарийб 500 минг аҳоли яшаган. Украина расмийлари тахминича, камида 25000 мариуполлик ўлдирилган, 5 мингдан 7 минггача инсон жасади ҳамон вайроналар остида.

Би-би-сининг "Панорама" дастури Мариуполь қуршови ва мариуполликлар ҳақида махсус кўрсатув тайёрлади.

Алоқадор мавзулар:

Би-би-си мухбири Ҳилари Андерссон, мариуполликлар билан суҳбатларга олти ой сарфладик, дейди.

Инсонлар ўз бошидан ўтказган оғир кўргуликларни ҳикоя қилиб бердилар.

Россия қўшинлари Мариуполни икки ой қуршов қилдилар.

Украинанинг "Азов" батальони ва бошқа ҳарбий қисмлари аскарлари охиригача қуролли қаршилик кўрсатдилар, охирида "Азовсталь" металлургия заводи остидаги ертўлаларда қолдилар.

Охири ярадор сафдошларининг оғир аҳволини енгиллатиш мақсадида Россия кучларига таслим бўлдилар.

Ўшангача аввал бутун шаҳар, сўнг "Азовсталь" ҳудудини қаттиқ бомбардимонларга тутилди.

Мариуполь бугун вайроналарга айланган, ер билан яксон қилинган биноларнинг 90 фоизи турар-жой биноларидир.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Тинч аҳоли Мариуполь драма театри ертўласига яшириндилар, бино олдидаги майдонга катта ҳарфлар билан "Болалар" деган ёзувни ёздилар.

Шу билан бомба ташлаётган учувчиларга қуролсиз одамлар борлигини билдирмоқчи бўлдилар.

Бироқ Россия драма театри биносига икки авиа бомба ташлади, бинони Украина ҳарбийлари динамит қўйиб портлатдилар, деб чиқди.

Оқибатда 300 га яқин инсон ҳалок бўлди.

Драма театри ертўласида бўлганлар орасида олти яшар Артём ҳам бор эди.

Портлаш оқибатида икки ёшли синглиси Настя вайроналар остида қолганини, кавлаб олишганида ҳушидан кетганини кўрган.

"Настянинг овози чиқмасди. Умуман гапирмасди. Кейин кўзини очиб, 'Она' деди. Кейин биз ўликларнинг устидан юриб кетдик", дейди Артём.

Мариуполга яна бир даҳшатли ҳужум шаҳар туғруқхонаси биносига бўлди.

Мариуполда вайрон этилган биноларнинг 90 фоизи турар-жой биноларидир
Сурат тагсўзи, Мариуполда вайрон этилган биноларнинг 90 фоизи турар-жой биноларидир

Россия Украина ҳарбийлари туғруқхонани ўзларининг қароргоҳига айлантирдилар, деб даъво қилди, туғруқхонага авиа бомба ташлади.

Оқибатда беш инсон ҳалок бўлди, камида 17 киши яраланди.

БМТ ва ЕХҲТ туғруқхонага ҳужумни Россия содир этганини қайд этдилар, бу уруш жинояти ҳисобланишини эълон қилдилар.

Ҳалок бўлганлар орасида ҳомиладор Ирина бор эди.

У маҳаллий дўконда ишлар, уч кундан кейин кўзи ёрийди, деб кутишаётганди.

Портлашда қаттиқ яраланган Иринани бошқа шифохонага олиб ўтдилар.

Оксана унинг ҳаётини асрашга ҳаракат қилди.

"Болани чиқариб олишганида, у ҳаёт аломатларини кўрсатмасди. Мен умримда бунчалик қўрқинчли манзарани кўрмагандим. Ёш аёлнинг жасадини қора қопга солдик. Кўкрагининг олдига чақалоғининг жасадини қўйиб, қоп оғзини ёпдик", деб эслайди Оксана.

Ольга урушдан олдин ҳисобчи, Валерий билан оила қурган эди.

Ольга рақс тушишни яхши кўрарди.

15 март тунида Ольгалар уйининг эшиги тақиллади.

Очишганида 80 ёшлардаги Ольганинг ота-онаси туришар, қўрқувдан қалтирар эдилар.

Уларнинг уйига бомба келиб тушган ва ёнғин ичида қолганди.

Ольга ота-онасини ичкарига киритди, ўзлари билан бирга уй ертўласида ухлашни таклиф этди.

Лекин кексалар кўнишмади, Ольга ота-онасига асосий уйлари ичида ухлаш учун жой тайёрлаб берди.

Ольга ва Валерий урушдан олдин
Сурат тагсўзи, Ольга ва Валерий урушдан олдин

Кечки соат 10 яримларда бомбардимонлар тингандек бўлди.

Эри Валерий ертўладан юқорига чиқиб ухламоқчи бўлди.

Тунги соат 3:30 ларда Ольга самолёт овозидан уйғониб кетди.

Бир неча сониядан кейин уй портлаб, ертўлани ҳам босиб қолди.

"Эримнинг "Ольга, менга ёрдам бер! Мени қазиб чиқар!" деганини эшитдим. Ўзим белимгача кўмилиб қолган, жойимдан қимирлолмас эдим. Орадан бироз вақт ўтиб, эримнинг хириллай бошлаганини эшитдим. Кейин у жимиб қолди."

Тонг отганида ҳам Ольга жойидан қимирлолмас, ёлғиз ўзи тирик қолганди.

"Яшагим келмай қолди. Тезроқ ўлсайдим, дедим. Учи ўткир тошни олиб, билагимни кесдим. Роса қон оқди, лекин анчадан кейин қон қотиб қолганини кўрдим. Ўйладим: бу нарса мени ўлдирмадими, тирик қолишим учун бир сабаби бўлса керак".

Ниҳоят, уйи вайроналари остида саккиз соат қолганидан кейин Ольгани оёғига ип боғлаб чиқариб олишди.

Бугун у ногиронлар аравасида юради.

Мариуполь атрофида янги қабрлар март ойидан пайдо бўла бошлади.

Сунъий йўлдошдан олинган фото суратларда янги қабристон кенгайиб борганини кўриш мумкин эди.

Украина расмийлари ҳар бир қабрда нечта инсон жасади кўмилгани номаълум эканини айтадилар.

Чунки Россия назоратидаги масъуллар жасадларни оммавий қабрга кўмаётганларини маҳаллий одамлар хабар қилган эдилар.

Бир қабр остида бир неча инсон жасади дафн этилган бўлиши мумкин.

Жуда кўп инсонлар яқинларининг тақдири нима бўлганини билмайдилар, қабрларда фақат рақам ва жасад жинси ҳақидаги ёзув бор.

Би-би-си сунъий йўлдош суратлари таҳлил қилинган июнь ойидан буён Мариуполь четида 1500 янги қабр пайдо бўлганини аниқлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek