Қозоғистон Украина борасида Россиянинг "ғазабини" келтирдими? Икки давлат нега элчиларни чақирди? Rossiya, Putin, Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг Қозоғистондаги элчиси атрофидаги воқеалар ривожи "ғазаб" уйғотганини билдирди. Россия расмийси оҳангидан норози бўлган Қозоғистон ТИВ Россиянинг Остонадаги элчиси чақирди. Қозоғистон парламенти депутати Россиядан Қозоғистон давлатчилигини ҳурмат қилишни талаб қилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петр Врублевский руслар ҳақида айтган гапидан кейин яна Қозоғистонга қайтиб келиши ғазаб уйғотишини ёзди.
Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петр Врублевский август ойида берган интервьюсида "болалар тирик қолиши учун Украинада иложи борича кўпроқ русларни ўлдиришга ҳаракат қиляпмиз", деб жавоб бериши Қозоғистон ва Россия ўртасида дипломатик можарога сабаб бўлди.
Алоқадор мавзулар:
Жамоатчиликдаги акс-садодан сўнг Врублевский Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва айтган сўзлари учун узр сўраганди.
Элчи Врублевскийнинг Украинадаги таътилдан сўнг Қозоғистонга қайтиб келиши Россия томонинг ғазабини қўзитган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги 4 октябрь куни Қозоғистоннинг Москвадаги элчисини чақириб норозилик изҳор қилди.
5 октябрда эса Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида вазирликнинг расмий вакили Мария Захарованинг ҳиссиётли баёноти чоп қилинди.
Захарова Украина элчисига дипломатик этикетларга тўғри келмайдиган сўзлар билан таъриф берган.
"Ўшанда Россия томони зудлик билан "дипломатни" чиқариб юборишни талаб қилганди. Бунга жавобан П.Ю.Врублевский қисқа муддат ичида Қозоғистонга қайтиб келмайдиган бўлиб чиқиб кетиши ваъда қилинганди", дейди Мария Захарова.
Россия мулозими расмий Остона ваъдасида турмаганидан афсус билдирган ва шу муносабат билан Қозоғистон Республикасининг элчиси Е.Б.Кошербаевни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, бундай ҳолатни қабул қилиб бўлмаслигини билдиришганини айтган.
Захарова Қозоғистон томони "Киев неонацист режими измида юрмасдан" Украина элчисини қисқа муддатда чиқариб юбориш чораларини кўриши кераклигини таъкидлаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими баёнотида "элчи" сўзи ўрнига ҳақоратли сўзларни қўллаган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров "Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг изоҳи Қозоғистон ва Россиянинг тенг ҳуқуқли стратегик ҳамкор сифатида иттифоқчи муносабатлари руҳига мос келмаслигини", таъкидлаган.
Смадияровнинг айтишича, шу муносабат билан Россиянинг Қозоғистондаги элчиси Алексей Бородавкин Қозоғистон ТИВга чақирилган.
Можарога сабабчи бўлган элчи Петр Врублевский эса, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг айтишича, Украина томонининг қарори билан Қозоғистонни тарк этади.
"Украина элчиси Қозоғистонни тарк этади. Украина Ташқи ишлар вазирлиги янги элчи тайинлаш ҳақида яқинда бизга мурожаат юборди. Ҳозир ушбу мурожаат кўриб чиқилмоқда. Унинг исталмаган мақоми борлиги учун Врублевский билан Ташқи ишлар вазирлиги ёки давлат идоралари билан режалаштирилган учрашувлари йўқ. Бу борада биз Украина томони билан тўлиқ ҳамфикрмиз, икки томон ҳам ўз мажбуриятларини бажарди. Шунинг учун Украина томонидан бизга савол йўқ. Элчини чақириб олиш қарори Украина Ташқи ишлар вазирлиги томонидан, унинг шахсий ташаббуси билан қабул қилинди", дея Айбек Смадияровдан иқтибос келтиради КазТаг хабар агентлиги.
Қозоғистон парламенти депутати Азат Перуашев Россиядан Қозоғистон давлатчилигини ҳурмат қилишни талаб қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг баёнотига муносабат билдирган депутат бундай изоҳ ва Қозоғистон элчисига кўрсатилган муомалани "ноўрин ва хунук" деган.
"Умуман олганда бу каби оҳанг Россия ва Украина ўртасида кечаётган урушга боғлиқ эканлигини биз тушунамиз. Аммо Қозоғистон ҳеч ким билан урушмаяпти, шунинг учун бизнинг вакилларимизни ҳурмат қилишни, давлатчилигимизни ҳурмат қилишни талаб қиламиз", деган депутат Азат Перуашев.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














