Референдум: Урушда енгилаётган Путин муросасиз тарафдорларининг босимидан чиқиш йўлини топдими? Дунё, Янгиликлар

Путин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Путин
    • Author, Пол Кирби
    • Role, BBC News

Украинанинг босиб олинган тўрт вилоятида Москва томонидан қўллаб-қувватланган расмийлар Россия таркибига қўшилиш учун референдумлар ўтказишни эълон қилди.

Россиянинг Қримни аннекция қилгани акс-садоси тинмаган, лекин бу сафаргиси бошқача, чунки тўртта минтақа ҳам уруш ичида, Россия эса Қримни ўқ узмасдан эгаллаб олганди.

Нима бўляпти ва нима учун ҳозир?

Қарийб етти ойлик урушдан кейин Россия президенти Владимир Путин чекинмоқда. Украина қарши ҳужумда 24 февралдаги босқинидан кейинги ойларда Россия босиб олган ҳудуднинг бир қисмини қайтариб олди.

Путин муросасиз тарафдорлари босими остида қолган ва Қримдаги референдумни қўллаб-қувватлаш ўзига қарши танқидларга жавоб бўлади. Россия оммавий ахборот воситалари Россияга қўшилиш кенг қўллаб-қувватланаётгани даъво қилинган сўровномаларни аллақачон эълон қилмоқда, бироқ улар нохолис ёки ноқонуний, уруш кетаётган бир вақтда овоз бериш каби сохтадир.

2014 йилда Қримдаги овоз беришлар халқаро ҳамжамият томонидан сохта, деб рад этилгани каби, бу сафарги референдумни ҳам Франция ва Германия раҳбарлари қоралади.

Аммо президент Путин босиб олинган ҳудудларни Россия ҳудуди деб эълон қилиш урушнинг боришини ўзгартириши мумкин, деб ўйлаётган бўлиши мумкин, чунки шундай қилса, у Украинанинг Ғарбдаги ҳомийларига қурол-яроғ, айниқса, АҚШнинг Россия кучларига қаттиқ зарба бераётган «Himars» ракета тизимлари етказиб беришни тўхтатинг, деб бемалол талаб қила олади.

Россиялик таҳлилчи Александр Бауновнинг айтишича, Москва Ғарб Россия ўз ҳудуди деб ҳисоблаган ҳудудга ҳужум қилиш учун Украинага қурол етказиб беришдан тийилади деб умид қилмоқда.

Бу овоз беришлар нима сабабдан сохта бўлади?

Беш кун давомида, 23-27 сентябрь кунлари Украинанинг қисман ёки деярли тўлиқ Россия томонидан босиб олинган тўртта ҳудудида бевосита ёки масофавий овоз бериш орқали референдумлар ўтказилади.

Овоз бериш Россия Федерациясига қўшилиш ҳақида бўлиб, жанубдаги Херсон вилоятининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Сальдо Россияга қўшилиш "ҳудудимизни ҳимоя қилади ва тарихий адолатни тиклайди" дейди.

Вилоят пойтахти Херсон шаҳри ҳозир хавфсиз жой эмас, чунки рус аскарлари Украинанинг йирик қарши ҳужумини ушлаб туриш учун курашмоқда. Ўтган ҳафтанинг ўзида марказий маъмурият биноси қатор ракеталар ҳужумига учраган. Овоз беришларнинг хавфсиз ўтиши имконсиз.

Кейин Запорожье шаҳри бор, у Украина назоратида, шунинг учун бу минтақани қўшиб олиш учун овоз бериш унчалик маънога эга эмас.

харита

Шарқдаги Донецкнинг Россия томонидан атиги 60% ишғол қилинган ва уруш ичида, шимоли-шарқдаги Луганскнинг катта қисми Россия назоратида бўлса ҳам, у ер ҳам аста секин қўлдан бой берилмоқда.

Уруш сабабли аҳолининг аксар қисми қочиб кетган. Россиянинг Донецкдаги ҳукумати раҳбари Денис Пушилин босқиндан бир неча кун олдин оммавий эвакуация қилишни буюрган эди.

Россиянинг бу ҳудудлардаги қўғирчоқ раҳбарлари бир неча ой давомида овоз беришни ташкиллаштиришга тайёрланган бўлиши мумкин, аммо овоз беришдан уч кун олдин қабул қилинган бу шошилинч қарор умидсизликни янада кучайтирди.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига кўра: "Россия уруш бошлади, бу минтақага бостириб кирди, одамларни бомбалади, қочишга мажбур қилди ва энди улар айнан шу минтақада референдум ўтказмоқчи эмиш".

Украина Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси Юрий Сак: "Бутун маҳаллий аҳолининг Украинага қайтиш тарафдори эканлигини кўриб турибмиз, шунинг учун бу ҳудудларда партизан ҳаракатлари кўпаймоқда, шунинг учун бу референдумлар барбод бўлади", дейди у Би би сига.

Аннекциядан кейин нима бўлади?

Буларнинг барчаси 2014 йилдагидан жуда фарқ қилади. Донецк прокси-раҳбари Путинни 27 сентябрдан кейинги референдум қарорига ижобий жавоб беришга чақирди, Россияга қўшилиш масаласида "бизда ҳеч қандай шубҳа йўқ" дейди у.

Россия президенти тўртта ҳудудни ҳам аннекция қилишга қарор қилиши мумкин, бироқ Украинанинг қарши ҳужуми давом этар экан, бу ҳудудда ҳеч нарса ўзгармайди.

Россия НАТО давлатларидан Украинани қуроллантиришни тўхтатишни талаб қилиши мумкин, аммо уларнинг ҳеч бири референдум натижасини тан олмайди. Урушни ўрганиш институти таъкидлаганидек, Украина аллақачон Қримдаги Россия ҳарбий объектларига зарбалар берган ва Россия томонидан ҳеч қандай жавоб зарбаси бўлмаган.

Россия сафарбарлик қиладими?

Ҳозирча Россия президенти уруш эълон қилишдан ўзини тийиб, кампанияни "махсус ҳарбий операция" деб атаб келмоқда. Бу тўлиқ сафарбарликка тўсқинлик қилади, аммо у шундай қилиш арафасида бўлиши мумкинлиги ҳақида баъзи гаплар бор.

Тўрт вилоят ўзининг сохта референдумини эълон қилар экан, Россия парламентининг қуйи палатаси қонунга ўзгартириш киритишга шошилди, жиноят кодексига «сафарбарлик» ва "уруш вақти" тушунчаларини киритди - дезертирлик, таслим бўлиш учун қаттиқ жазолар белгилади.

Умумий мобилизация режаси столда турган бўлиши мумкин, лекин бу дарҳол бўлмайди.

Путин қолган иттифоқчиларига урушни тугатишга ҳаракат қилаётганини кўрсатмоқда. Туркия президенти ҳатто Путин имкон қадар тезроқ урушни тугатишга ҳаракат қилаётганини айтганини билдирди.

Аммо, агар бу иш бермаса, Олександр Бауновнинг ишонишича, Путин айбни бошқаларга юклаши ва Украинага бостириб киришини мудофаа урушига айлантириши мумкин, деб ҳисоблайди. Шунда Москва оддий руслар учун можарони қонунийлаштиришга ва кейинги ҳаракатларни амалга оширишга умид қилиши мумкин.

Ядровий хавф борми?

Россиялик тарғиботчилар мунтазам равишда мамлакат ядро арсеналидан фойдаланиши мумкинлиги билан таҳдид қилмоқдалар, айниқса, ҳозирда уларнинг ҳарбийлари Украинадаги жанг майдонида мағлуб бўлиб турганда. Улар, шунингдек, Ғарб раҳбарлари тўғридан-тўғри урушдан қочишга ҳаракат қилишаётганига қарамай, Украина кампаниясини НАТО билан прокси уруш сифатида кўрсатмоқдалар.

Сешанба куни Россия Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев аннекция қилинганидан кейин Россия ҳудудига ҳар қандай тажовузни "барча ўз-ўзини мудофаа кучлари" кутиб олиши мумкинлигини айтди.

Россия телевидениеси тарғиботчиси Маргарита Симонян Россия ҳудудига зарба бериш "Украина ва НАТО ва Россия ўртасида тўлақонли уруш бўлади ва бу Россиянинг қўлини ечиб юборади" деди.

Киевга яқинда ташриф буюрган Британия консерватив депутати Боб Сили ядровий таҳдид асосан Ғарбни Украинага қурол етказиб беришини тўхтатишга ундаш учун қилинаётган таҳдид деб ҳисоблайди.

Аммо у шундай бўлиши ҳам мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek