Қиролича Елизавета II вафоти: тарих тўхтаган лаҳза Britaniya Dunyo Yangiliklar

Qirolicha Yelizaveta

Сурат манбаси, NPG

    • Author, Жонни Даймонд
    • Role, Қироллик мухбири

Бу тарих тўхтаб турган лаҳзадир; бир дақиқа, соат, кун ёки ҳафта; бу тарих тўхтаган пайт.

Ҳаёти ва ҳукмронлиги давомида икки даврнинг икки лаҳзаси ўн йилликларни бир-бирига боғлаб турган занжирни ёритади. Ҳар бирида стул, стол, микрофон, нутқ. Уларнинг ҳар бирида ўша баланд овоз, тиниқ унлилар, омма олдида нутқ сўзлашдан олдин бироз иккиланиш... булар уни ҳеч тарк этмагандек эди.

Британия халқи урушдан кейинги оғир кунларни бошдан кечираётган бир вақтда, бир лаҳза қуёш хиралашди. Қора сочлари юқорига таралган ёш бир қиз қаддини тик тутиб ўтирар, бўйнида икки тола марварид ялтирарди. Унинг ёш териси бенуқсон, жуда кўркам. Унинг олдида ҳаёт очиларди.

У бутун дунёдаги аудиториясига бу ҳаётни ваъда қилди. У уларга шундай деди: "Мен бу вазифани ёлғиз бажаришга кучим етмайди". У улардан кўмак сўрайди.

Qirolicha Yelizaveta
Сурат тагсўзи, Икки даврдан икки лаҳза - қироличанинг 21 ёшга тўлган кундаги ва Европада Иккинчи Жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллигида қилган телевизион чиқиши

Бошқа нутқлар расмийроқдир. Орадан етмиш йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Европада уруш тугаганининг 75 йиллиги муносабати билан у ўз столида ўтирибди, унинг ўнг томонига отасининг, марҳум қиролнинг ҳарбий кийимдаги сурати қўйилган.

Унинг юқорига таралган сочлари энди оқ. Эгнида кўк кўйлак, иккита кўкрак нишон, уч тола марварид. Ўтган ўн йиллар ўз асарини қолдирган, лекин унинг кўзлари ҳали ҳам порлаб, овози ҳали ҳам аниқ. Стол деярли бўш, фақат фотосурат турибди, ўнг томонда олдида нишони бўлган қора ҳарбий қалпоқ.

"Ҳар ким ўз вазифасини бажариши керак эди", дейди у узоқ ўтмишдаги уруш ҳақида.

Tekshiruv
Сурат тагсўзи, Британия Қуролли Кучларида хизмат - 1952 йилда Гренадиер гвардиясини ва 1957 йилда RAF экипажларини текшириш

Қалпоқ ёрдамчи ҳудудий хизматнинг Иккинчи Субалтерн Виндзорга тегишли эди; ўн йиллар давомида унинг халқи ва ўзининг тақдирини белгилаб берган уруш охирлаб қолган бўлса ҳам, ёш малика Елизавета отасидан унда иштирок этишга рухсат сўраганди. Мана, орадан 75 йил ўтиб, буюк ва қаҳрамонона ғалаба муносабати билан халққа мурожаат қилмоқда, қалпоқ эса ўз ўрнида турибди.

Қалпоқ у энг кўп эъзозлаган нарса - ўша айтилган хизматни эслатиб туради: у ўн йиллар олдин ёшлигида қилган хизмати, бошқалар озод бўлиши учун давлат, Ҳамдўстлик ва Империя жон олиб, жон олаётган даврда қилган хизмати, у ўзига мерос бўлиб қолган ва ўзининг узоқ умрини бағишлаган тожнинг хизмати.

Ўша хизмат ваъдасидан 30 йил ўтгач, у камдан-кам ҳолларда айтиладиган дил сўзларини айтди: "Бу қасамёд менинг ғўрлик вақтларимда, тажрибасиз бўлганимда қилинган, - деди у ўзининг кумуш юбилейида, - Мен бундан афсусланмайман ва бир сўзни ҳам қайтариб олмайман".

Ўнлаб йиллар давомида у камгап бўлди ва омма олдида ўзи ҳақида деярли сўзламасди. У ҳеч интервью бермаган эди. Бир ёки икки марта у яқин дўсти билан суҳбатлашаётгани суратга олинган, зиддиятли бўлмаган мавзуда, масалан, қироллик заргарлик буюмлари тўплами ҳақида гапириб турганда.

Унинг сўзларидан тортишувларга сабаб бўладиган ёки унинг характерини очиб берадиган жойлари олиб ташланарди. Шунга қарамай, у жуда эҳтиёткор эди, унинг дўстлари ҳам жуда садоқатли бўлганидан, нозик нарсалар ўтказиб юборилмасди.

У ёши ўзига тенг ахборот воситасини ҳам эътиборсиз қолдирмади. Унинг тож кийиш маросими телевидение орқали намойиш этилди, Уэлс маликаси Диана вафотидан кейин халққа жонли мурожаат қилишга ҳам қарор қилди. "Ишонишлари учун мени кўришлари керак", деганди у.

Marosim va kontsert
Сурат тагсўзи, Миллатга хизмат қилиш - 1953 йилда тож кийиш ва ўша пайтдаги Бош вазир Эдвард Хит билан 1973 йилги концертда

Телерадио ва газеталардаги хабарлар, унинг яхши танланган либослардаги суратлари - булар малика бўлиш нимани англатишини кўрсатар, ҳаётини бағишлаган ишининг бир қисми эди. Аммо унинг ҳис-туйғулари ҳақида жамоатчилик муҳокамаси бўлмасди.

У ўз ҳис-туйғуларини баҳам кўришга муҳтож бўлмаган авлоддан - ва миллатдан эди. Миллат ўзгаради. У ўзгаришни истамади.

Бу ерда тақдир ва характер тўқнашади. У мамлакатда кенг кўламли ўзгаришлар бошланганда тахтга чиқди. Аммо қиролича ўзининг анъаналарни яхши кўриши, ишлар ҳар доимгидек амалга оширилиши кераклигини ва ўзгаришларни хушламаслигини очиқ айтди.

Унинг қалби қишлоқда эди ва у ерда отлар, итлар ва ҳайвонларни яхши кўрадиган ўзига ўхшаганлар орасида осудалик бор эди.

"Менимча, ачинарли нарсалардан бири, - деди у 1980-йиллар охирида, - одамлар умр бўйи бир ишга содиқ қолмайдилар, улар доимо турли нарсаларни синаб кўришади".

Монарх ва монархия ёнма-ён юради; анъанани севадиган суверен ана шу анъанага асосланган муассасани бошқарди.

Qishloqqa muhabbat
Сурат тагсўзи, Қишлоққа бўлган абадий муҳаббат - 1956 йилда шаҳзода Чарльз ва малика Анна билан Виндзор Катта боғида, 1972 йилда шаҳзода Филипп билан Шотландиядаги Балморал мулкида

Сарой дарвозалари ташқарисидаги ўзгаришлар бўрони Британияни ўзгартирарди. У Британия тарихидаги бурилиш нуқтасида тахтга ўтирди. Урушда ғалаба қозонган, аммо ундан чарчаган мамлакат энди глобал ҳарбий ёки иқтисодий куч эмас эди.

Касаба уюшмаларининг вужудга келиши, хизматларнинг жамоавий кўрсатилиши, универсал ижтимоий ҳимоя вужудга келиши давлат ва иқтисодиётни ташкил этишда туб ўзгаришлар юз берганидан далолат эди. Империячиликдан шошқалоқлик билан воз кечилди.

У ҳукмронлик қилар экан, эски тартиб - черков ва аристократия, табақаланиш ва ўз ўрнини билиш деган тушунча барбод бўлди. Молиявий муваффақият ва машҳурлик ижтимоий ютуқ ўлчови сифатида ирсиятдан муҳимроқ бўлиб қолди.

Истеъмол товарлари - музлатгичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва чангютгичлар - уйдаги ва жамиятдаги ҳаётни ўзгартирди. Аёллар меҳнатга қўшилди; эски ишчи синфи улар яшаган харобалар билан бирга супуриб ташланди; бир пайтлар яхлит ва бир хил бўлган жамият ўзгарувчан ва хилма-хил бўлиб қолди, эски мувозанат ва садоқат илдизлари қўпорилди.

Саройда ҳам баъзи ўзгаришлар рўй берди, айниқса, унинг қироличалик даври бошида - дебютантлар "мавсуми" тугади, бу эса зодагонларнинг қизлари вояга етгач, энди саройда таништирилмаслигини англатарди, янги чеҳралар тушлик ва кечки овқатга таклиф этилганлар орасида кўринарди, Британияликлар энди қироличанинг ҳаётини телевизорда кўрарди - аввалига Мавлуд кўрсатувида, кейин эса 1960 йилларнинг охирида тўлиқ метражли ҳужжатли фильмда.

Qirolicha Yelizaveta
Сурат тагсўзи, Вақт ўзгаради - 1969 йилда Лондон метросида саёҳат қилиш ва 1967 йилда илк бор рангли тасвирларда эфирга узатилаётган Исо мавлуди байрами табригига ҳозирлик

Лекин бу жуда кичик ўзгариш эди; унинг тахтдаги еттинчи ўн йиллиги якунига етар экан, монархия ритми аввалгидек қолганди, буни унинг отаси ёки ҳатто бобоси кўрганда ҳам ҳайратга тушмасди: Сандрингемдаги Мавлуд ва Янги йил, Виндзордаги Пасха, Балморалда узоқ ёзги таътил, Рангли қўшинлар, Қироллик эскоти, Инвеститур, Посбонлар алмашуви, Хотира якшанбаси.

Ўзгаришлар бошқаларга таъсир қилганда, у қаршилик кўрсатди. У мамлакат ўзгаришлар ёқасида бўлганида тожни мерос қилиб олди, саройда ўзгаришлар авж олган пайтда ҳукмронлик қилди. У характери бу билан ўзгармаслигини, урфга бўйсунмаслигини айтди. Бу қаршилик, бу чуқур ҳурмат, ҳаттоки урф-одатларга бўлган муҳаббат - унинг энг катта кучи эди ва оиласидаги парчаланишлар, эҳтимол, энг катта синов ва энг оғир инқироз бўлди.

Оила ҳар доим тождан кейин иккинчи ўринда бўлган. У ва Эдинбург герцоги дунё бўйлаб олти ойлик сафарларга жўнаганда унинг биринчи икки фарзанди, шаҳзода Чарльз ва малика Анна ҳали жуда ёш ҳолларида уйда қолди.

У бефарқ она эмас эди, лекин жуда яқин ҳам эмасди. 25 ёшида тож ва унинг масъулияти унинг елкасига тушган, у бу масъулиятни жиддий оларди. Болалар билан боғлиқ кўплаб қарорлар герцогга топширилганди.

Унинг тўрт фарзандининг учта никоҳи ажралиш билан якунланди. У никоҳга ишонарди, бу унинг насроний эътиқодининг бир қисми ва жамият жипслигини таъминловчи нарса эди. "Ажралиш, - дерди у, - бугунги жамиятимиздаги энг қора ёвузликларга сабаб бўлади".

Шубҳасиз, 1940-йиллар охирида кўпчилик томонидан қабул қилинган бу қараш вақт ўтиши билан юмшаб борди. Лекин ҳеч бир ота-она фарзандининг никоҳи барбод бўлишини истамайди. 1992 йилда у "annus horribilis" деб атаган ишлар бўлди, Йорк герцоги ва герцогиняси - малика Анна ва капитан Марк Филлипснинг, Уэлс шаҳзодаси ва маликасининг ажрашиши қайд этилди.

Унинг биринчи ўн йиллиги ватанда ва чет элда мақтовларга бой бўлди. Унинг учун халқаро сафарларда жуда кўп оломон тўпланарди. Британияда баъзилар Янги Елизавета даврини эълон қилишди, аммо қиролича бундай нарсадан дарҳол воз кечиш учун етарлича ақлли эди.

Qirolicha Yelizaveta
Сурат тагсўзи, Оилавий вақт ва шахсий йўқотиш - 1972 йилда шаҳзода Филипп ва тўрт фарзанди билан бирга. 1992 йилда Виндзор қалъасидаги ёнғин оқибатларига кўз югуртириш

1960-йиллар аста-секин совиди - қиролича ўз оиласи билан кўпроқ бўла бошлади, янги монархнинг янгилиги тугади, урушдан кейин туғилган авлод ўз ота оналарига ўхшамасди. 1970 ва 80-йилларда унинг хизмати сусаймади, лекин баъзи қироллик оиласи ишқибозлари ва оммавий ахборот воситаларининг эътибори унинг фарзандлари, уларнинг никоҳлари ва партнерларига қаратилди.

1990-йиллар ўрталарига келиб, монархия баъзилар учун халқ кайфиятидан ажралгандек туюлди; газета рукнларида қироличани бевосита танқид қилиш ва монархиянинг келажаги ҳақидаги тахминлар чиқа бошлади. Унинг ҳукмронлиги баъзида бошқа давр билан боғлангандек туюларди. Тони Блейр томонидан қабул қилинган янги, норасмий "Ажойиб Британия"даги унинг ўрни қандай эди? Анъаналар сандиғи бўлмиш сарой Лейбористлар партиясининг сайловлардаги ғалабаси билан ифодаланган ўзгаришлар талабига қандай жавоб берди?

Ушбу ғалабадан бир неча ой ўтгач, Уэльс маликаси Диана Парижда жазирама август оқшомларининг бирида вафот этди. Тез орада Кенсингтон саройи олдига ранг-баранг гуллар гилами ёйилди. Букингем саройи устидаги байроқ туширилди. Мамлакатда кўпчилик маликадан айрилганидан умидсизликка тушди.

"Бизга ғамхўрлик қилаётганингизни кўрсатинг, мэм", деб ёзилганди Daily Express бош сарлавҳасида. "Қироличамиз қаерда? Унинг байроғи қаерда?» деб сўрайди Sun. Беш кун давомида малика Балморалда қолди, шекилли, мамлакатнинг бир қисмини қамраб олган талвасалардан бехабар эди. Эҳтимол, кейинчалик сарой хабар берганидек, бу ёш шаҳзодалар Уильям ва Гаррини ҳимоя қилиш ва тасалли бериш учун қилинган эди.

Аммо унинг табиатини ҳисобга олсак, унинг ўзгаришни ёқтирмаслиги ўша пайтда қабул қилинган қарорлар ортида турган кўринади; Балморалга қарши чиқиб бўлмасди, у йўқлигида Букингем саройи устида ҳеч қачон байроқ кўтарилмаган, Қирол стандарти ҳеч қачон яримга туширилмаган.

Бу даҳшатли хато эди. У тезда пойтахтга, Букингем саройига қайтди. Атрофда тўпланган гулларга қараб тўхтади. "Биз қиролича машинадан тушганида, уни мазах қилиб, бақирмасликларига амин эмас эдик", - дейди собиқ амалдорлардан бири қиролича биографига.

Qirolicha Yelizaveta
Сурат тагсўзи, Қувонч ва фожиа: Қиролича 1981 йилда шаҳзода Чарльз ва унинг ўша пайтдаги қаллиғи Диана Спенсер, 1997 йилда Уэльс маликаси Диана вафотидан кейин шаҳзода Филипп билан гуллар орасида.

Қиролича аввалига эфирга чиқишдан бош тортди, кейин кўнди, сўнг жонли сўзлашишга рози бўлди. У Би-би-сининг Six O'clock янгиликлари олдидан халққа мурожаат қилди. Бир пайтлар телерадиокомпания раҳбарларини шошириб қўйган қиролича тайёргарлик кўришга зўрға вақт топди.

Унинг нутқи қисқа, лекин бенуқсо, мукаммал ўйланганди. У "чиқарилиши керак бўлган сабоқлар" ҳақида сўзлади; у "бувилардек" гапирди; у Диананинг хотирасини "қадрлаш" қарори ҳақида гапирди.

Бу чуқур инқироз қаъридан тортиб олинган ғалаба эди. Қироллик оиласи, Сарой ва монархия институти атрофига солчилган заҳар камайди. Унинг ҳукмронлиги даврида бир марта тақдир ва характер тўқнашуви ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлди.

Улар қироличанинг халқаро ролида яхшироқ уйғунлашган бўлар эди. Ўлимига қадар у кўп йиллар давомида сафарларга чиқмади. Аммо ўнлаб йиллар давомида у нафақат бошқа ҳеч кимга ўхшамаган глобал машҳур шахс, балки нозик таъсир воситаси ҳам эди.

Телевизор унинг ҳаётини омманинг уйигача олиб кириб қўйишидан олдин унинг ҳукмронлигининг биринчи ёрқин ўн йиллиги бемисл бўлган. Тахминларга кўра, 1954 йили унинг Австралия бўйлаб узоқ сафари пайтида мамлакатнинг учдан икки қисми уни кўриш учун келган; 1961 йилда аэропортдан Ҳиндистон пойтахти Деҳлигача бўлган йўлда икки миллион одам саф тортган; Калкуттада уч ярим миллион киши охирги императорнинг қизини кўриш учун тик туриб кутди.

Қиролича ҳеч қачон байроқни тушириш маросимида қатнашмаган бўлса ҳам, тақдир уни империянинг аста кечаётган таназзулини кўришга маҳкум этди. 1950 ва 60-йилларда кўп марта қироллик оиласининг бирор аъзоси собиқ мустамлака устидан Британия байроғи туширилаётганда туриб, охирги марта давлат мадҳиясини эшитарди.

У собиқ Британия империяси кулидан бирор арзирли нарса чиқара олиши керак эди.

Пойтахт ва мамлакат бўйлаб тарқалган саройлар ва уйларда унинг қариндошлари яшаган. Бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган унинг ҳудудий оиласи - катта ва кичик, бой ва камбағал турли миллатлар, республикалар ва монархияларга ўтмишда биргаликда нималарга эришганликларини кўрсатишга уринарди.

Ўша пайтдаги ҳукумат номидан халқаро сафарлар ташкилланар эди; улар ташқи сиёсат қуроллари эди - ошкора айтилмаса ҳам, қироличанинг таъсири Британия ва у ташриф буюрган давлатлар ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига ёрдам беришига умид қилинарди.

Бу сафарлар жозибали кўринарди - Қироллик яхтаси, Қиролича самолёти, зиёфатлар ва тантаналар - халқаро ҳаво саёҳатлари одатий ҳолга айланмасидан олдин, бу ажойиб тажриба эди. Лекин бу ҳар доим машаққатли меҳнат, кўп кун ва ҳафталар давом этадиган қабуллар, кўргазмалар, очилишлар, амалдорлар билан кечки овқатлар, давлат зиёфатлари ва сабр билан тингланган нутқлар.

Qirolicha Yelizaveta
Сурат тагсўзи, Глобал рол -1965 йилда Нил дарёси бошланадиган шаршарада Эфиопия императори Хайле Селассие билан ва 1979 йилда "Британия" қироллик яхтасидан тушиб келаётганнида Баҳрейн амири томонидан қарши олиниши

Қиролича камдан-кам ҳолларда Буюк Британиядан ташқарига таътилга чиқарди - чет элга саёҳат иш эди унинг учун. Унинг чет элга саёҳати Буюк Британиянинг у ташриф буюрган жойлар билан муносабатларида кескин ўзгаришларни кўрсатди: урушдан кейинги Германияга 1965 йили; 1986 йили Хитойни либераллаштириш; Россияга 1994 йилда, унинг қариндошларини ўлдирган большевик режими супуриб ташланганида.

1995 йилда апартеиддан кейинги Жанубий Африкага сафари ҳақида у "ҳаётимдаги энг ажойиб тажрибалардан бири" деб таърифлайди. Президент Нельсон Мандела "Тарихимиздаги энг унутилмас лаҳзалардан бири" деб жавоб беради.

2011 йилда Ирландияга қилган сафари каби ҳеч бир ташриф муносабатларни ўзгартира олмади. Бир аср давомида Британия монархи жанубда бўлмаган эди. 1911 йилда бобоси унга ташриф буюрганида, Ирландия ороли Буюк Британия ва Ирландия Бирлашган Қироллигининг бир қисми эди. Шундан сўнг қонли исён, бўлиниш ва мустақиллик келди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин бўлувчи чегара сабабли зўравонликлар содир бўлди, сўнг даҳшатли 30 йил давомида Шимолий Ирландия ва Буюк Британияда Британия ҳукмронлигига қарши зўравон террорчилик кампанияси, Британия ҳукумати томонидан қаттиқ репрессия бўлди.

Буюк Британия ва Ирландияни ажратиб турган кучли ўзаро ишончсизлик туфайли қироллик ташрифи учун ҳеч қачон фурсат бўлмаган. Хайрли жума келишувининг имзоланиши ва ҳокимиятни тақсимлаш ассамблеясининг тузилиши билан Ирландиянинг Шимолий Ирландияни ташкил этувчи олтита округга конституциявий даъвоси тугади.

Қироличанинг истагига биноан амалга оширилган давлат ташрифи давомида тарихдан қочиб бўлмади. Ирландия мустақиллиги учун курашган барча инсонлар хотирланиб, Дублин марказидаги Хотира боғида у гулчамбар қўйди ва Британия ҳукмронлигига қарши курашган эркаклар ва аёллар хотирасига ҳурмат кўрсатди.

Кечки овқат пайтида у ўз нутқини ирланд тилида бошлади ва деярли барча ирландияликларнинг қалбини забт этди. Бу нутқида у узрни сўзда айтмаса ҳам, аммо маънода ифодалади. "Ўтмишга назар ташласак, биз ҳаммамиз қилинган ишлар бошқача қилинишини ёки умуман қилинмаслигини истаган бўлар эди."

Ирландияга давлат ташрифи олдидан биографлардан бири унинг ҳукмронлиги давридаги "асосий ютуқларни кўрсатиш қийин бўлишини" ёзган. Аммо бу хулоса кейинчалик ўринсиз бўлиб қолди. Тўрт кунлик бенуқсон сўзлар ва ҳаракатлар асрлар давомидаги ёмон ният ва ишончсизликни йўқ қилишга ёрдам берди. Эҳтимол, малика ўз тожи ёки мамлакати учун бундан ортиқ хизмат қилмагандир.

Ирландия унинг кўплаб Бош вазирларини таъқиб қилган. Унинг биринчиси Уинстон Черчилл Биринчи жаҳон урушидан кейин Британия сиёсатига зарар бериш учун қайта тикланган "Фермананд ва Тироннинг даҳшатли гумбазлари" ҳақида гапирганди. Борис Жонсон Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши билан Ирландия оролидаги чегара масаласи қандай бўлиши устида бош қотиришига тўғри келди.

Уларнинг барчаси унинг тажрибасидан, Британия ва жаҳон тарихига бўлган қарашларидан фойдаланган. Унинг ўша пайтдаги Бош вазир билан бўлган ҳафталик учрашуви бирор нарса учун лоббилик қилиш ёки ҳукуматга у ёки бу тарзда таъсир ўтказишга уриниш эмас эди. У маслаҳат, далда ва огоҳлантириш учун учрашарди.

У тингларди. Унинг барча Бош вазирлари унга айтган ҳеч бир гаплари эътибордан четда қолмаслигига ишонишлари мумкин эди. Шундай қилиб, у улар билан эркин гаплаша оладиган ягона одам эди, у ҳақиқатан ҳам ҳукумат механизмини тушунарди. Доимий кураш кетадиган сиёсат майдонидаги кўплаб Бош вазирлар учун қиролича билан учрашувлар бир енгиллик, ҳамкасблари ва рақиблари атрофида бўлганидаги эҳтиёткорликдан бироз узоқлашиш фурсати эди.

"Улар менга очилади ёки нима бўлаётганини айтиб беришади, - деганди у ҳукмронлигининг ўртасида. - Агар уларда бирор муаммо бўлса, баъзида сиз шу тарзда ёрдам беришингиз мумкин."

Бу ерда у анча камтар. Бу учрашувлар ҳақида ҳукм сурган сукунатни деярли ҳеч нарса бузмасди, фақат қиролича кўрсатаётган саъй-ҳаракатларни мақташдан ташқари. Уайтхоллдаги қизил қутида сақланадиган ҳукумат ҳужжатларининг биринчи ўқувчиси у эди, улар қиролича билан ҳамма жойга, Балморалга, турли ташрифларида, қироллик поэздига, ҳатто қироллик яхтасигача олиб бориларди.

Унинг шахсий котиби 1970-йиллар бошида Ташқи ишлар вазирлиги телеграммаларини, парламент йиғилишлари ҳақидаги баённомаларни, вазирлар меморандумларини ва вазирлар маҳкамаси баённомаларини кунига уч соатлаб ўқиб берганини айтади.

Ўқилганларни у яхши эслаб қоларди. "Мен ҳайратда қолдим, - деб ёзган эди Гаролд Макмиллан, - Ҳазрати Олиялари хабарлар ва телеграммаларда юборилган барча тафсилотларни қандай эслаб қоларкин деб, мен ҳайратда эдим."

Qirolicha Yelizaveta
Сурат тагсўзи, Сиёсий жиҳатдан нейтрал, дипломатик жиҳатдан фойдали - 1985 йилда собиқ ва амалдаги бош вазирлар, 1983 йилда АҚШ президенти Рональд Рейган билан бирга

У тахтга ўтирганида, тахтнинг сиёсий роли бутунлай йўқолган эди. У монарх сифатида ўз сўзи ҳисобга олинадиган иккита соҳа сақланиб қолди: кимни ҳукуматни шакллантириш учун Бош вазир деб аташ ва парламентни қачон тарқатиш.

Ўз бошқарувининг аввалида консерватор Бош вазир сайловлар орасида истеъфога чиққанида у ким Бош вазир бўлиши ва ҳукуматни шакллантиришини белгилаган ва бу муайян даражада баҳсларга ҳам сабаб бўлганди.

Аммо консерваторлар ўз етакчиларини сайлай бошлаганларидан сўнг, бу қарорга талаб қолмади. Ўнлаб йиллар ўтгач, саройнинг бундай қарорларга аралашиши Британия сиёсатига бегона бўлиб қолди. Бу Сайловдаги рақобат кескин бўлганда, агар ҳал қилувчи ғолиб бўлмаса, саройни ҳукуматни шакллантириш учун кимни чақириш тўғрисида сиёсий қарорлар қабул қилишдан "ҳимоя қилиш" эди.

Қироличада парламентни тарқатиб юборишдан бош тортиш учун ҳеч қандай сабаб бўлмаган ва агар бош тортганда ҳам бу фавқулодда ҳаракат бўлар эди. У жуда чекланган ваколатларни мерос олганини яхши биларди.

Тожнинг сиёсий овози ҳам деярли жим эди. Кўп, жуда кўп айтилган нарса унинг лейбористлар етакчисига консерватор етакчилардан кўра яхшироқ муносабатда бўлганлиги ҳақидадир. Маргарет Тетчер билан бўлган барча зиддиятларга қарамай, қиролича унинг дафн маросимида қатнашди, бу шараф бундан олдин фақат бир Бош вазирга берилган - Уинстон Черчилл.

Унинг шахсий сиёсий эътиқоди марказга яқинроқ бўлиши мумкин; У уруш давридаги курашлар учун тинчлик давридаги ёдгорлик бўлмиш Миллий соғлиқни сақлаш хизмати ва фуқароларнинг фаровонлиги ва таълими учун масъулиятни кенгайтирилганда, у улғайган эди. 1980-йиллар бошидаги курашлар - ишсизликнинг кучайиши, катта шаҳарлардаги тартибсизликлар, бюджетнинг қисқариши ва кончиларнинг иш ташлашлари - Британиянинг бир қарашини якунлади.

Сарой матбуот котибининг 1986 йилда Sunday Times газетаси учун ўта жўшқин брифинги қиролича давлат сиёсати йўналишидан норозилигини ва, унинг сўзларига кўра, бу урушдан кейинги сиёсий консенсуснинг бузилиши эканини айтганди. Бу вазифаларидан бири борган сари бўлиниб, парчаланиб бораётган халқни бирлаштириш бўлган қироличанинг қарашларини бирмунча кўрсатади.

Ва у икки марта - жуда эҳтиёткорлик билан - Шотландия мустақиллиги бўйича баҳсларга аралашди, бир марта 1970-йиллардаги нутқида ва бир марта 2014 йилги референдум олдидан. Бу жуда сиёсий эдими? Айрим миллатчилар учун, ҳа. Аммо у ўз қироллигини парчалаш тўғрисида қарор қабул қилишга тайёрланаётганларни эҳтиёт бўлишга чақириши ажабланарли эмас.

Унинг консерватив характери унинг сиёсий ролини бажаришига таъсир қилганми? Эҳтимол, маълум даражада. Аммо сиёсий ишларга аралашган охирги монарх унинг бобоси Жорж V эди. Қиролича тахтга ўтирган вақтга келиб, сиёсий роль сўниб қолган эди. Унинг институционал тақдири бошқалар қарорини қўллаш эди. У буни бошиданоқ тушунган бўларди. Бу ерда тақдир ва характер ёнма-ён кетди.

Айнан давлат раҳбари сифатида ҳар қандай сиёсий зиддиятлардан қочиши ва монархияни урф шамолига эгишдан бош тортиши унга кўпчиликнинг севгиси ва ҳурматини қозонтирди.

Бу замонавий монархиянинг ёзилмаган буюк ролидир. Айнан шу ерда, унинг анъаналар билан ҳимояланмаган характери унинг ҳукмронлигида муҳим роль ўйнади.

Qirolicha Yelizaveta
Сурат тагсўзи, Расмий ва норасмий - 2002 йилда парламентнинг очилиш маросимига каретада бориш ва 2014 йилда шаҳзода Филипп билан кулишиб турган пайт

Унинг бобоси халқни бошқаришдан кўра унга хизмат қиладиган монархия пойдеворини қўйган, лекин кўп вақтини осмондан қушларни отиш билан ўтказган. Отасининг ҳукмронлиги қандай бўлишини тақдир белгилаб берди: у ўзи кутмаган ролни зиммасига олди ва қирол сифатида кўп вақт ҳарбий кийимда юрди.

1990-йиллардаги фалокат ва танқиддан кейин монархиянинг ҳурмати яна кўтарилди. Сиёсий ўзгаришларга бўлган катта умидлар чиппакка чиқиб, цинизм илдиз отди, сиёсий раҳбарлар масхара қилинар эди, зиддиятларга аралашмайдиган малика ўзгариш, умидсизлик ва бўлиниш туфайли парчаланиб кетган миллатнинг бузилмас бирлиги тимсолига айланди.

Бу унинг чексиз сабр-тоқати, кўп йиллар давомида омма олдида ҳис-туйғуларини кўрсатмагани, ўз фикрларини яширгани, сиёсий чап ёки ўнгга эгилмагани, урф бўлган мавзуларга аралашмагани ёки ўзига ва оиласига отилган ўқларга жавоб бермагани учун халқнинг мукофоти эди.

У иерархия туфайли эмас, балки ҳеч қачон замонавий ҳаётнинг юзаки кундалик ҳаёти билан шуғулланмагани учун ҳамма нарсадан четда қолди.

У монархия ритми - анъаналар ва маросимлар, туғилиш, никоҳ ва ўлим - баъзан ўтмишнинг йўқ қилинишидан довдираб қолганларга тасалли беришини ва ҳаёт мусибатлари барча синфлар ўртасида тақсимланганлигини эслатишини тушунарди.

У миллат ҳаётида ҳамма нарса аниқ мақсадга эга бўлиши керак эмаслигини, деярли узлуксиз ўзгаришларни бошдан кечираётган консерватив халқ учун унинг шахсияти ва лавозими ифодалаган бардавомлик беқиёс аҳамиятга эга эканлигини тушунарди.

У ўнлаб йиллар олдин ўз ҳаётини хизматга бағишлашга қасамёд қилган эди, у монархияни халқ севадиган нарсалар омборига айлантирди.

У буни қила олди, чунки унинг феъл-атвори инглизлар ўзларини энг яхши деб билишни ёқтирадиган кўп нарсаларни акс эттирди; камтарлик, шикоят қилмаслик, тежамкорлик, ақллилик, мулоҳазакорлик, барқарорлик, оддий, қуруқ ҳазил туйғуси, жаҳлга эрк бермаслик ва доимги яхши хулқлилик.

"Мен стандартларнинг охирги қалъасиман", деди у бир гал. У бошқаларга қараганда яхшироқ хулқ-атвори ёки одоб-ахлоқ қоидалари билан мақтанмасди. У ўз роли ва ҳаётини тушунтирарди. Унинг ҳаёти ва иши Британиядаги энг яхшиси бўлиши керак эди. Бу у қилган хизмат эди.

Qirolicha Yelizaveta

Сурат манбаси, CHRIS LEVINE/ JERSEY HERITAGE TRUST

Сурат манбалари: Alamy, Getty Images, Миллий портрет галереяси ва Жерси мероси фонди.