Горбачёв пиццани қандай реклама қилганди? Ўзбекистон ва дунё, янгиликлар
Совет Иттифоқининг охирги лидери Михаил Горбачёв ўз мамлакатини дунёга очиб, Совуқ урушнинг тугатилишига ҳисса қўшган.
Аммо у пицца рекламасида ҳам чиққанини билармидингиз?
1997 йили Михаил Горбачёв АҚШдаги Пицца Хат ширкати рекламасида қатнашганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Михаил Горбачёв - тинчлик одами ва қайта қуриш меъмори
Совет Иттифоқининг собиқ президенти Михаил Горбачёв 92 ёшида Москва марказий клиник касалхонасида вафот этди.
Михаил Горбачёв Совуқ урушни тугатиш учун ҳаммадан кўпроқ ҳаракат қилган инсон сифатида дунёда чуқур ҳурмат қозонди. Аммо собиқ Иттифоқ давлатларида кўпчилик уни мамлакатнинг парчаланишида айблаб келди.
1985 йилда, Горбачев КПСС Марказий Қўмитасининг Бош котиби лавозимини эгаллаган вақтда 54 ёшида Сиёсий бюронинг энг ёш аъзоси эди ва ундан олдин мамлакатни бошқарган кекса аппаратчилардан ажралиб турарди.
Леонид Брежнев, Юрий Андропов ва Константин Черненко бошқарувининг 20 йиллик даврида Совет Иттифоқи чуқур турғунликка юз тутди.
1970-йилларда нефть долларларининг кириб келиши совет халқига оддий, аммо илгари мисли кўрилмаган фаровонлик даражасини берди. Бироқ режалаштириладиган иқтисодиётнинг таркибий муаммолари ҳал этилмади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Чириш ва чўкиш
Совет иқтисодиёти ёғ ўрнига қурол ишлаб чиқарди. Истеъмол товарлари, жумладан, асосий озиқ-овқат тақчиллиги Совет Иттифоқида кундалик ҳаётни заҳарлаб, одамларни узоқ навбатда туришга мажбур қилди.
1980-йиллар бошларида жаҳон бозорида нефть нархининг тушиши норентабел корхоналарнинг ишни давом эттиришни қийинлаштирди. Айни шу вақтда, Совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирди ва у ерда тезда қонли партизан уруши ботқоғига тушиб қолди.
Уруш, халқаро изоляция, урушдан кейинги ўн йилликларда амалга ошмай қолган коммунистик мўл-кўлчилик ваъдалари - буларнинг барчаси совет халқининг ҳокимиятга бўлган ишончига путур етказди. Бу ишончсизликнинг кўринишлари кўп эди: ичкиликбозлик, давлат мулкини ўғирлаш ва режимга бўйсунмасликнинг тобора ошкора тус олаётгани.
Горбачевнинг бош котиб сифатидаги ўтмишдошларидан бири Юрий Андропов винтларни маҳкамлаш орқали тизимни сақлаб қолишга ҳаракат қилди: ишлаб чиқаришдаги интизомни кучайтирди (милиция кун давомида узрсиз сабабсиз ишда бўлмаганларни жазолади), коррупционерларнинг алоҳида гуруҳлари устидан суд жараёни томошалари кўрсатилди, диссидентлар таъқиб қилинди.
Аммо Андропов энг юқори лавозимда бор-йўғи 15 ой бўлган, шундан 10 ойдан камроғида ишлаганди ва вафот этди. Унинг ўрнига келган, аллақачон кексайган ва касалванд одам бўлмиш Константин Черненко ҳам ҳам кўп яшамади. Ўз ватандошлари борлигини ҳам сезмаган раҳбар сифатида тарихда қолди.
Горбачёв ўз ҳокимиятининг энг юқори чўққиларида "қайта қуриш" деб атаган катта ислоҳотлар дастурини бошлади.
Сталинизмдан кўнгил қолиши

Сурат манбаси, Getty Images
Михаил Сергеевич Горбачев 1931 йил 2 мартда Ставропол ўлкасида деҳқон оиласида туғилган. Унинг оиласи, гарчи кўпчилик янада ёмонроқ аҳволга тушиб қолган бўлса ҳам, Катта Террордан қочиб қутула олмади. Унинг онаси томонидан бобоси 1937 йилда троцкичилик учун ҳибсга олинган - айблов шу қадар асоссиз бўлганки, у ҳатто бир йилдан кейин ҳибсдан озод қилинган.
Кейинчалик Горбачев бобоси билан содир бўлган воқеа бўлажак Бош котибни Совет тузумига бўлган қарашларини ўзгартиришга мажбур қилганини таъкидлади. Аммо бу анча кейинроқ бўлади.
Сталин даврида кўпчилик бундай фикрларни ичида сақлашни ва «ишончсиз» қариндошларидан узоқ бўлишни афзал кўрарди.
Би-би-си билан суҳбатда Горбачев мактабда битирув иншосининг мавзуси Сталин бўлганини эслайди. Бобосининг ҳибсга олиниши ёш колхозчининг ижтимоий зинапояга ишонч билан кўтарилишига тўсқинлик қилмади.
1948 йилда Горбачёвнинг комбайнчи отаси ўрим-йиғимдаги жонбозлиги учун Социалистик Меҳнат Қаҳрамони юлдузи, унинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган ўсмир ўғли эса Меҳнат Қизил Байроқ ордени билан тақдирланди.
Фаол Горбачёв19 ёшида Коммунистик партия аъзолигига тавсия этилган ва Москва давлат университетининг нуфузли юридик факультетига ўқишга қабул қилинган. Бундан ташқари, имтиҳонларсиз - яъни академик муваффақият учун эмас, балки йигитда умидли кадрни кўрган партия маъмуриятининг кўрсатмаси билан.
Москвада ўқиш Горбачёв учун янги уфқларни очди. Сталин 1953 йилда вафот этди. Горбачёв бошқа мамлакатлардан келган талабалар билан учрашди ва дўстлашди - у чехословакиялик Зденек Млинаржни (Горбачёв ҳокимиятга келишидан анча олдин) яқин дўстим дерди, Млинарж
Совет танклари томонидан бостирилган 1968 йилги "Прага баҳори"нинг меъморларидан бирига бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Москва давлат университетида Горбачев бўлажак турмуш ўртоғи Раиса Титаренко билан учрашди. 1953 йилда улар турмуш қуришди.
"У билан ишласа бўлади"
Университетни тугатгач, дипломли адвокат ўз ватанига, Ставрополга кетди, лекин маҳаллий прокуратурада узоқ ишламади. У тезда комсомол ишига кўтарилди.
Партия иерархияси сафларида изчил кўтарилиб, 1966 йилда Горбачев КПСС Ставропол ўлка қўмитасининг биринчи котиби, 1971 йилдан эса Марказий Қўмитанинг аъзоси бўлди.
Вилоят ҳудудида Кавказ минерал сувлари санаторийлари бор эди, Сиёсий бюронинг кекса аъзолари мунтазам равишда келиб соғлиғини тикларди. Горбачёв Москвадан келган ҳурматли меҳмонларни кутиб олиш ва уларга қулайлик яратиш учун зарур алоқаларни ўрнатди. КГБ раиси Юрий Андропов шахсан унга ҳомийлик қилган деб ишонилади.
1978 йил 19 сентябрь куни кечқурун Константин Черненко ҳамроҳлигида дам олиш учун кетаётган Леонид Брежневнинг махсус поезди Минеральная Водада тўхтади. Ўша пайтда "Қизил тошлар" санаториясида бўлган Андропов Горбачевни у ерга олиб борди. Шундай қилиб, КПСС Марказий Қўмитасининг тўртта бош котиби бир вақтнинг ўзида перронда учрашди. Айнан ўша пайтда Горбачевни пойтахтга кўчириш масаласи ҳал қилинган деб ишонилади.
Ўша йилнинг 27 ноябрида Горбачёв Марказий Қўмитанинг Қишлоқ хўжалиги бўйича котиби, 1980 йил октябрь ойида эса Сиёсий бюро аъзоси бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Истиқболли ёш сиёсатчи бир неча марта чет элга саёҳат қилган ва ҳориж унга ёқди. Унинг фикрича, Совет Иттифоқи "чириётган капитализмдан" кўп нарсани ўрганиши мумкин.
Худди шу жойда, Ғарбда, бир нечта тарихий танишувлар бўлиб ўтди.
1984 йил декабрь ойида Лондонда Горбачёв Буюк Британия Бош вазири Маргарет Тетчер билан учрашди. Тетчер Би-би-сига берган интервьюсида айтганидек: "У билан ишласа бўлади".
Канадада Горбачёв Совет элчиси Александр Яковлев билан дўстлашди, у унинг ислоҳот ишларида асосий иттифоқчисига айланади.
Очиқлик ва қайта қуриш
1985 йил 11 мартда ҳокимият чўққисига чиққан Горбачев яқинлашиб келаётган ўзгаришлар ҳақида сигнал беришга шошилмади. Ленинградга сафари чоғида у оломон орасига чиқди - бу Совет раҳбарлари учун жуда ноодатий ҳаракат эди.
Горбачёв аввалгиларидан фарқли равишда рафиқаси билан мунтазам равишда омма олдида кўриниш берарди. Бу унга Ғарбда инсоний қиёфасини шакллантиришга ёрдам берди. СССРда латофатли ва билимдон Раиса Максимовна (ўша йилларда улар ҳазиллашганидек, "совет раҳбарининг биринчи хотини, ўзидан каттароқ") турли реакцияларга сабаб бўлди. Кўпчилик унинг сиёсий ролини бўрттириб кўрсатишга мойил эди ва консерваторлар ҳам, "қайта қурувчилар" ҳам унинг эрига ёмон таъсир қилаётганига амин эдилар.

Сурат манбаси, ТАСС/Юрий Лизунов
Янги раҳбарнинг биринчи шиори «жадаллаштириш» - биринчи навбатда технологик янгиланиш эди. Аммо у тезда бошқа мақсадлар - «ошкоралик» (давлат институтларининг очиқлиги ва шаффофлиги, оммавий ахборот воситаларининг уларни танқид қила олиши), "янгича фикрлаш" ва ниҳоят, "қайта қуриш" ҳақида гапира бошлади.
Очиқлик сиёсати 1986 йил апрель ойида Чернобил АЭСдаги фалокатда синовдан ўтказилди. Бир неча кун давомида радиоактив чанг булути тарқалиб кетаётганда, Украина, Белоруссия ва Россиянинг катта қисмлари аҳолиси бехабар эди ёки хавфдан қандай қочиш кераклиги ҳақидаги миш-мишлар билан яшашга мажбур бўлди.
Горбачевнинг оммавий ичкиликбозликка қарши уриниши ислоҳотчининг машҳурлигига зарба бўлди ва салбий иқтисодий оқибатларга олиб келди.
Ғарб билан яқинлашиш
Горбачёв иқтисодий ислоҳотлар ҳарбий харажатлар юкини камайтиришни талаб қилади ва бунинг учун Ғарб билан дўстона муносабатлар ўрнатиш зарур деб ҳисобларди.
1980-йилларнинг биринчи ярмида Брежневнинг «разрядка»си Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг янги кескинлашуви билан алмашди, биринчи навбатда, Афғонистон ва Польша воқеалари ва Жанубий Корея «Боинг»и ҳалокати туфайли. Қўшма Штатлар ва Англияда СССРга нисбатан қатъийроқ сиёсат тарафдори бўлган раҳбарлар ҳокимиятга келди.

Сурат манбаси, Getty Images
Энг муросасиз АҚШ президенти Роналд Рейган бўлиб, у ўз чиқишларидан бирида Совет Иттифоқини "ёвуз империя" деб атади.
Горбачёв ва Рейган ўртасидаги 1985 йил охирида Женевада бўлиб ўтган учрашув музни эритишга ёрдам берди. Мавжуд барча келишмовчиликларга қарамай, ҳар икки раҳбар ўзаро тушунишга ва ядровий қуролларни қисқартириш жараёнини бошлашга муваффақ бўлишди.
Режимни обрўсизлантириш
Шу билан бирга, Совет Иттифоқида очиқлик сиёсати жинни шишадан чиқариб юборди.
Совет халқи узоқ вақтдан бери ўзларидан яширинган нарса ҳақидаги ёқимсиз ҳақиқатни билиб ола бошлади: Сталин қатағонлари кўлами, Молотов-Риббентроп пактининг махфий протоколлари, номенклатуранинг ҳашаматли ҳаёти, Афғонистондаги йўқотишлар ва бошқалар.

Сурат манбаси, ТАСС/Игорь Зотин
Мамлакатни озиқ-овқат ва уй-рўзғор буюмлари билан таъминлашдаги узилишлар янада кучайди. Очиқлик шароитида норозилик ошкора тарқала бошлади.
Эркинлик ва очиқликдан республикаларнинг СССР таркибидан ажралиб чиқиши ва моноэтник давлатларни (баъзан куч билан) барпо этиш тарафдори бўлган миллиятчилар ҳам фойдаланди. Тоғли Қорабоғ, Фарғона водийси, Днестрбўйида миллатлараро тўқнашувлар содир бўлди.
1989 йилда Совет раҳбарияти биринчи марта халқ депутатлари қурултойига нисбатан рақобатли сайловлар ўтказиб, жамоатчилик қўлловини олишга ҳаракат қилди.
Одатда зерикарли Совет давлат телевидениеси қурултой мажлисларини тўғридан-тўғри кўрсата бошлаганида, бепоён мамлакатдаги миллионлаб одамлар ўзларини экранлардан узоқлаштира олмадилар.
Одамлар демократик ўзгаришлар учун партия раҳбариятининг ожизлигини ҳис қилдилар.
"Бу деворни қулатинг"
Шунга ўхшаш ҳаракат, ундан-да тезроқ, ўша йили Шарқий Европада кучайиб борди. Маҳаллий коммунистлар Москва маслаҳати билан ҳайдалган мухолифат билан яширин тарзда мулоқотни бошладилар, эркин сайловларга рози бўлишди ва мағлуб бўлишди.
Бу жараён совуқ урушнинг энг кўзга кўринган рамзи Берлин деворининг қулаши билан якунланди.
«Жаноб Горбачёв, бу деворни қулатинг!» деди Роналд Рейган 1987 йилда Ғарбий Берлиндаги энг машҳур нутқларидан бирида.
1989 йил 9 ноябрь, бир кечада Рейганнинг орзуси амалга ошди. Чегарадаги назорат пунктлари очилиб, шарқий немислар деворни бузиб ташлашга киришдилар. Германия ниҳоят 1991 йилда
расман бирлашди, аммо бу вақтга келиб ГДР тақдири аллақачон муҳрланган эди ва Горбачёв чегаранинг ҳар икки томонида немисларнинг севгисини абадий қозонган эди. 1990 йилда Совет қўшинларини Афғонистондан олиб чиққани учун у тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланди.
1989 йилги инқилоблар Руминиядан ташқари Шарқий Европанинг барча мамлакатларида «бахмал» бўлиб чиқди. Йил охирида диктатор Никола Чаушеску бошланган норозилик намойишларини куч билан бостиришга ҳаракат қилди. Уриниш муваффақиятсизликка учради, Совет Иттифоқи Чаушескуга ёрдам бермади, ўз армияси унга қарши чиқди. Диктатор қўлга олинди ва отиб ташланди.
Коммунистлар куч билан ҳокимиятни сақлаб қолишга муваффақ бўлган мамлакат Хитой бўлиб чиқди. 1989 йил июнь ойида Пекиннинг Тянанмен майдонидаги намойишлар армия томонидан шафқатсизларча бостирилди.
Қирғин тасвирлари Совет Иттифоқидаги жамоатчилик фикрига катта таъсир кўрсатди ва кўпчиликда Кремлда ўтирган эски тартиб тарафдорлари ҳам худди шундай чоралар кўришга қодирмикан, деган савол туғилди.
======
Немезида
Очиқлик ва демократлаштириш Горбачёвнинг душманига айланган одамни тарбиялади. 1987 йилда Москва шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиблигидан ҳақорат билан туширилган Борис Ельцин, бир ярим йил ўтгач, партия аппаратчиларининг фитналарига қарамай, Москва миллий-ҳудудий округидан депутат этиб сайланди.

Сурат манбаси, ТАСС/Анатолий Морковкин
1991 йил июнь ойида Ельцин халқ томонидан РСФСР президенти этиб сайланди ва Горбачёв мақтана олмайдиган мандатга эга бўлди.
1990 йил март ойида Горбачев СССР президенти этиб сайланди, лекин фуқаролар томонидан эмас, балки қонунийлиги ноаниқ сьезд томонидан сайланди. КПССнинг етакчи роли тўғрисидаги конституциянинг 6-моддаси кучда бўлган вақтда, Москва, Ленинград, Свердловск ва Болтиқбўйи давлатларидан ташқари уюшган мухолифат бўлмаган шароитда депутатлар сайланди, депутатларнинг учдан бир қисми жамоат ташкилотлари вакиллари эди.
Кўпгина тарихчиларнинг фикрича, Горбачёвнинг асосий хатоси унинг умуммиллий сайловларгача бормаганлигидир.
У ёки бу республикада сепаратистик ҳаракатларни куч билан бостиришга уринишлари кўпайгани маҳаллий коммунистларнинг ниҳоят таъсирини йўқотишига олиб келди. Уларнинг ўрнини янги сиёсатчилар эгаллаб, мустақилликни тобора қаттиқроқ талаб қила бошлади.
Ельцин 1991 йил 12 июнда РСФСРнинг давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияни имзолаб, бу жараёнга қўшилди.
1991 йил апрель ойида иттифоқ раҳбарияти республикалар билан муносабатларни шартномавий асосга ўтказиш ва уларга кўпроқ мустақиллик бериш учун Ново-Огарёво музокараларини бошлади.
1991 йилги давлат тўнтариши
Иттифоқ шартномасини имзолаш 20 августга белгиланган эди. Бир кун аввал саккиз шахс, улардан олти нафари Горбачёвнинг яқин доиралари вакиллари бўлиб, давлат тўнтаришини уюштириб, фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Москвага қўшин киритди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Горбачев Қримда изоляция қилинди.
Уч кундан сўнг, Ельциннинг қаттиқ позицияси, фитначиларнинг қатъиятсизлиги ва Оқ уйни ҳимоя қилиш учун чиққан москваликлар туфайли тўнтариш барбод бўлди.

Сурат манбаси, ТАСС/Utyyflbq Хамельянин
Горбачев ўз вазифаларига қайтди, аммо кузатувчиларнинг фикрига кўра, қуруқ сояга айланди. Ҳақиқий ҳокимият Ельцин қўлида эди, Иттифоқ депутатлари қурултойи ўз-ўзидан тарқатиб юборилди, КПСС фаолияти тўхтатилди, республикаларнинг аксарияти мустақиллик эълон қилишга шошилди.
Горбачевнинг ислоҳ қилинган Иттифоқни бошқа ном остида сақлаб қолишга бўлган умидсиз уринишлари жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмади.
1 декабрь куни бўлиб ўтган референдумда фуқароларнинг 90,3 фоизи тўлиқ суверенитет учун овоз берган Украинанинг позицияси ҳал қилувчи роль ўйнади.
8 декабрь куни Россия, Украина ва Белоруссия раҳбарлари Беловежская пушчада йиғилиб, СССРни тарқатиб юбориш тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Горбачевнинг бошқа йўли қолмади. 21 декабрда Олмаотада қолган республикалар ҳам шартномага қўшилди.
1991 йил 25 декабрда Горбачев телевидение орқали истеъфога чиқишини эълон қилди ва у нафақат СССРнинг биринчи, балки охирги президентига айланди.
Истеъфодан кейин
Собиқ Иттифоқ ҳудудида кўпчилик ҳали ҳам мамлакат парчаланганидан афсусда. Постсовет Россиясининг иккинчи президенти Владимир Путин сингари улар бу воқеани ХХ асрнинг энг катта геосиёсий фалокати деб ҳисоблайдилар, натижада оғриқли иқтисодий ислоҳотлар ва баъзи жойларда қуролли тўқнашувлар содир бўлди.
Бунда кўпчилик Горбачёвни айблади. 1996 йилда у Россияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари сурди, аммо 1 фоиздан кам овоз олди. Кузатувчиларнинг ҳеч бири бошиданоқ уни аутсайдер деб ҳисобламаган эди.
Горбачевнинг Россиядаги танқидчилари унинг тез-тез чет элга сафарлари, у ерда Нобел мукофоти совриндори сифатида тақдирлангани ва пиццадан тортиб дизайнер сумкаларигача реклама роликларида суратга тушишга тайёрлигидан норози эди.
1999 йилда Горбачевнинг севимли рафиқаси Раиса лейкемиядан вафот этди.
Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Владимир Путин сиёсатини танқид қиларди, лекин босиқлик билан. Ягона ҳокимиятнинг зарарли эканлиги ҳақида гапириб, "Ягона Россия" партиясини КПСС билан таққослаб, оммавий ахборот воситаларининг бостирилишини қоралаган Горбачев, шунга қарамай, Россиянинг иккинчи президентининг ташқи сиёсатини бир неча бор маъқуллаган.
Горбачёв банкир ва асли КГБдан чиққан Александр Лебедевнинг кўмаги билан ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳолатларини фош қилиш билан танилган "Новая газета" акциядори бўлди.
2019 йилда Би-би-сига берган интервьюсида 88 ёшли Горбачёв яна ядровий қурол хавфи ҳақида огоҳлантирди.
"Оммавий қирғин қуроллари ва биринчи навбатда ядровий қуроллар мавжуд экан, хавф жуда катта, - деди Горбачев. - Барча давлатлар ядро қуролларини йўқ қилиш кераклигини эълон қилишлари керак. Биз ўзимизни ва сайёрамизни қутқарамиз".
Михаил Горбачевдан бир қизи, икки невараси ва чевараси қолди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














