БМТга кўра Ҳиндистон аҳолиси 2023 йилда Хитойникидан ўзади - Дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Стефани Ҳегарти
- Role, Би-би-си
БМТ маълумотларига кўра, келгуси йилда Ҳиндистон 1,4 миллиард аҳоли билан Хитойни ортда қолдириб, дунёдаги энг кўп аҳолига эга давлатга айланади.
Жорий йилнинг ноябрига қадар сайёрамизда 8 миллиард одам яшайди.
Аммо аҳоли сони ўсиши аввалги суръатда эмас.
Бу ҳозирда 1950 йилдан бери энг паст кўрсаткич бўлиб, БМТ маълумотларига кўра, 2080 йилларда чўққисига чиқиши, тахминан 10,4 миллиард одам бўлиши кутилмоқда. Баъзи демографлар бу олдинроқ бўлиши мумкинлигига ишонишади.
Аммо дунё аҳолиси нотекис ўсиб бормоқда.
Алоқадор мавзулар:
Келгуси 30 йил ичида биз кўрадиган ўсишнинг ярмидан кўпи саккизта давлатга тўғри келади - Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзания.
Шу билан бирга, дунёнинг баъзи ривожланган мамлакатларида туғилиш коэффициенти ҳар бир аёлга тўғри келадиган 2,1 боладан пастроқ бўлганлиги сабабли аҳоли сони аллақачон камайиб бормоқда. Ҳисоботда айтилишича, 61 мамлакатда аҳоли сони 2050 йилга бориб камида 1 фоизга қисқаради.
Дунёдаги энг паст туғилиш кўрсаткичларидан бири (бир аёлга 1,15 бола) бўлган Хитой аҳоли сони келгуси йилда қисқариши кутилаётганини эълон қилди - бу аввал ўйланганидан анча эртароқдир. Ваҳоланки, 2016 йилда мамлакат бир бола сиёсатидан воз кечиб, эр-хотинларнинг икки ёки ундан ортиқ фарзанд кўришлари учун имтиёзлар жорий қилинган эди.
Ҳиндистон аҳолиси ўсишда давом этар экан, у Хитойни деярли ортда қолдириб, дунёдаги энг кўп аҳолига эга бўлади.
Бутун дунёда туғилиш даражаси пасаймоқда, ҳатто аҳоли сони ўсиб бораётган кўплаб мамлакатларда ҳам. Бунинг сабаби шундаки, кўпроқ одамлар фарзандли бўлса ҳам, аммо алоҳида ҳар бир оилада аввалги авлодларга қараганда камроқ фарзанд бор.
Ўсиш, шунингдек, асосан тиббиёт ва илм-фан ютуқлари билан боғлиқ, яъни кўпроқ болалар балоғатга етади ва кўпроқ катталар кексаликка етади. Бу тенденция давом этиши мумкин, яъни 2050 йилга бориб дунёда ўртача умр кўриш 77,2 йил атрофида бўлади.
Аммо бу модель шуни англатадики, 65 ва ундан катта ёшдаги дунё аҳолиси улуши бу йилги 10 фоиздан 2050 йилда 16 фоизгача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Шунга қарамай, тақсимот нотекис бўлади, Шарқий Осиё ва Ғарбий Европанинг баъзи мамлакатларида қаришнинг экстремал ҳолатлари кузатилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















