Коронавирус юқмайдиган одамлар – сиз ҳам улар орасидами? Koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Jeyms Gallaher
- Role, BBC
Тадқиқотчилар таъкидлашича, баъзи одамлар вирусга аниқ чалинганига қарамай, касаллик аломатлари мутлақо кузатилмайди. Уларнинг Ковид инфекциясига чидамлилигини ўрганиш янада самарали вакциналар ишлаб чиқарилишига ёрдам бериши мумкин.
Лондон Университет коллежи жамоаси пандемия бошланишидан аввал баъзи одамларда Ковидга қарши иммунитет борлигини айтган эди.
Бу, эҳтимол, уларнинг танаси аввал коронавирусга ўхшаш вирусга чалингани ва натижада иммунитет шакллангани билан боғлиқ.
Ана шундай ҳимояни таъминлаш учун вакциналарни янгилаш уларни янада самаралироқ қилиши мумкин, дейди тадқиқотчилар.
Олимлар пандемиянинг биринчи тўлқини даврида шифохона ходимларини диққат билан кузатиб боришди, улардан мунтазам равишда қон намуналарини олишди.
Юқори хавфли муҳитда бўлишига қарамай, тадқиқот иштирокчиларининг ҳаммаси ҳам Ковид билан касалланмаган. "Nature" журналида чоп этилган натижалар шуни кўрсатдики, баъзи одамлар шунчаки вирусдан сақланишга муваффақ бўлишган.
Аммо ҳар ўнинчидан бирига инфекция юққани аниқ эди, бироқ касаллик аломатлари кузатилмаган, тест натижаси ҳам мусбат чиқмаган ва қонида Ковидга қарши антитанача ишлаб чиқармаган.
Уларнинг иммунитети вирус илдиз отишидан олдин уни енгишга муваффақ бўлган - бу "абортив инфекция" дейилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Қон намуналари шуни кўрсатдики, бу одамларда аллақачон (пандемиядан олдин ҳам) Ковид билан касалланган ҳужайраларни танийдиган ва ўлдирадиган ҳимоя Т ҳужайралари бўлган.
Тадқиқотчилардан бири доктор Лео Сведлингнинг айтишича, уларнинг иммун тизими янги касаллик билан курашишга "тайёр".
Ушбу Т-ҳужайралар вируснинг бошқа қисмини аниқлай олади, аксарият замонавий вакциналар эса иммунитет тизимини вируснинг бошқа томонини танишга ўргатади.
Вакциналар асосан Ковид вируси ташқи юзасини қоплайдиган тож оқсилига қаратилади. Бироқ, аниқланган ноёб Т-ҳужайралар вируснинг ичини кўради ва унинг ўз ўзини репликация қилиши учун зарур бўлган оқсилларни топа олади.
"Соғлиқни сақлаш ходимлари орасида ҳали пандемия бошланмасдан бурун вирус танада ўзини намоён қилмасидан олдинроқ уни назоратга оладиган Т ҳужайралари бўлгани эҳтимоли катта", дея қўшимча қилди доктор Сведлинг.
Вируснинг ушбу ички оқсиллари барча коронавирус турларидаги, шу жумладан, шамоллаш аломатларини келтириб чиқарувчи кенг тарқалган бошқа вируслардаги оқсилларга ўхшайди.
Бу шуни англатадики, ушбу оқсилларни вакцина билан нишонга олиш барча коронавируслар ва янги Ковид вариантларига қарши ҳимояни яратиши мумкин.
Жамоанинг таъкидлашича, ҳозирги вакциналар одамларнинг жиддий касалликланиши олдини олишда жуда яхши, аммо уларнинг Ковид инфекциясини юқтириши олдини олишда унчалик самарали эмас.
Профессор Мала Майни менга шундай деди: "Менимча, улар яхшироқ уддалай олишини кўрдик.
Бу Т ҳужайралар орқали улар инфекциядан ҳам, касалликдан ҳам ҳимоя қила олади ва вируснинг янги вариантларини ҳам яхшироқ таний олишига умид қиламиз."
Гарчи деярли ҳамма бу оддий шамоллаш коронавируслари билан касалланган бўлса да, аммо ҳаммада ҳам зарур ҳимоя Т ҳужайралари пайдо бўлмаган. Эҳтимол, тиббиёт ходимлари иш вақтида вирусларни кўпроқ юқтириши мумкин ва шунинг учун уларнинг баъзиларида ана шундай ҳимоя пайдо бўлган.
Ридинг университетидан доктор Александр Эдвардс шундай дейди: "Ушбу тадқиқот натижалари бошқа турдаги вакцинани ишлаб чиқишда аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Умид қиламанки, бу тадқиқот вакциналарни такомиллаштиришга ёрдам беради, чунки ҳозир керакли барча вакциналарга муҳтожмиз".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















