Коронавирус, ким айбдор: Одамми ёки кўршапалак? - O'zbekiston, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Short-nosed fruit bat, Thailand

Сурат манбаси, Science Photo Library

Сурат тагсўзи, Кўршапалаклар Ер юзида 50 миллион йилдан ортиқроқки яшаб келишади
    • Author, Ҳелен Бриггс
    • Role, Би-би-си нинг Атроф-муҳит масалалари бўйича мухбири

Коронавирус, ким айбдор: Одамми ёки кўршапалак? - Олимлар яна бир бор шу саволга қайтишди. Аммо келган хулосалари нима бўлди? Ҳалокатли вирус одамлар орасида қандай тарқалди?

Вақти-вақти билан доктор Матье Бургарел қишлоқ оқсоқолларидан муқаддас ғорларга бориб, арвоҳларни тинчлантириш учун назр қилишга ижозат сўрайди.

Юзига ниқоб, устига комбинезон ва қўлига уч қават қўлқоп кийганча, у арқон нарвон орқали пастлаб, ғорнинг тор бўлмалари аро ўтиб, зулмат қаърига шўнғийди.

Кўршапалакларнинг таниш ҳиди ҳамма жойда анқийди, уларнинг нажаси қават-қават бўлиб ғор сатҳини қоплаган, янги ёққан қор устидан юриб кетаётгандек бўласиз, гўё.

Аҳён-аҳёнда бирор кўршапалак уйқудан чўчиб уйғонадию, қанот қоқиб ёнингиздан елпиб ўтади.

Зимбабвенинг бу қисмида яшовчи аҳоли кўршапалакларни "қанотли аждарлар", "учар каламушлар" ёки оддий қилиб "ёвузлар", деб атайди.

Дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби, учар сут эмизувчилар ҳақида бу ерда ҳам хато тасаввурлар ҳукмрон.

Ёввойи табиат экологи учун улар гўзал, ажойиб жонзотлардир. "Улар ҳайтарланарли. Одамлар ўзлари билмаган нарсалардан қўрқади," дейди у.

Вақти-вақти билан доктор Матье Бургарел қишлоқ оқсоқолларидан муқаддас ғорларга бориб, арвоҳларни тинчлантириш учун назр қилишга ижозат сўрайди.

Cave, Zimbabwe

Сурат манбаси, M Bourgarel/Cirad

Сурат тагсўзи, Ғорлар кўршапалаклар уяси

Доктор Бургарел француз тадқиқот институти "Cirad"да вирус ахтарувчи бўлиб ишлайди. У ўз ҳамкасблари билан Зимбабве университетида ишлар экан, кўршапалаклардан ва уларнинг нажасидан бирор намуна келтириш учун ғорларга борди.

Лабораторияга қайтгач, олимлар кўршапалак вируслари генетик кодини аниқлайдилар. Улар аллақачон турли коронавирусларни кашф қилдилар, бу вируслар орасида Ковид-19 ва Сарс оиласига мансублари ҳам бор.

Бу тадқиқот кўршапалакларда учрайдиган вирусларнинг генетик тузилиши ва турларини ўрганиш борасидаги халқаро харакатларнинг бир қисми бўлиб, одамлар уларга чалинганда тезда чора кўриш учун ўтказилмоқда.

"Маҳаллий аҳоли бу кўршапалак маконларига экинларига ўғит сифатида ишлатиш учун кўршапалак тезаги йиққани тез-тез бориб туради. Шунинг учун кўршапалакларда бўладиган патогенларни ўрганиш ниҳоятда муҳим, чунки улар одамларга ўтиши мумкин," дейди Зимбабве университетидан доктор Элизабет Гори.

Going into the cave

Сурат манбаси, M Bourgarel/Cirad

Сурат тагсўзи, Олимлар кўршапалаклар яшайдиган ғорларга махсус ҳимоя либосларида киришади

Кўршапалаклар бўйича экспертлар бу жониворлар ҳақида тарқалган, уларнинг консервациясига хавф туғдирувчи асоссиз тушунча ва мифларни йўқотиш учун "Кўршапалакларни айбламанг", шиорида акция бошлаган. Уларнинг айтишича, кўршапалаклар сайёрамиздаги энг кам қадрланадиган ва нотўғри тушуниладиган жониворлардан биридир.

Улар узоқ вақтлардан бери нафрат ва маданий хурофот нишони бўлиб келган, инсонлар бошига тушган кўплаб кўргуликлар учун айбланган. Ковид даврида кўршапалаклар ҳақидаги мифлар ва улардан қўрқиш янада кучайди.

Кўршапалаклар ҳақида фактлар

  • Кўршапалаклар уча оладиган ягона сут эмизувчилардир.
  • Ҳашаротхўр кўршапалаклар экинларга етадиган зарарни камайтириб, АҚШ фермерларига йилига 3.7 миллиард доллар наф келтиради.
  • 500 дан ортиқ ўсимлик тури кўршапалаклар ёрдамида чангланади.
  • Кўршапалаклар яшаш жойининг вайрон қилиниши, иқлим ўзгариши, ов ва бошқа босимлар сабабли бемисл хавф остидадир.

Манба: "Bat Conservation International"

Дунёдаги бугунги тартибсизлик ва хавотирни келтириб чиқарган вируснинг аниқ манбаси ҳозиргача тугал топилгани йўқ. Аммо аксар олимлар бу вируснинг ҳайвондан одамга, айниқса, кўршапалакдан ўтган бўлиши мумкинлиги борасида ҳамфикрдир. Аммо бу кўршапалакларни айблаш учун асос бермайди. Бу жониворлар билан кўпроқ контакт қилганимиз, ана шу муаммонинг илдизидир.

Кейинги йилларда пайдо бўлган касалликлар инсоннинг табиатни яксон қилиши билан бевосита боғлиқ. Ўрмонлар ва ўтлоқлар ўзлаштирилиб, мол боқилар, соя экилар ёки йўл ва турар-жойлар қурилар экан, ёввойи ҳайвонлар борган сари одамлар ва уй ҳайвонларига яқинроқ яшамоқда, бу эса вируснинг ўтиши учун имкон беради.

Кўршапалаклар, бошқа кўплаб ҳайвонлар каби хавфли касалликлар ташиши мумкинлиги инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир," дейди Португалиянинг Порту университетидан Рикардо Роча.

Аммо у кўршапалак турлари сони ҳисобга олинса (1400 ёки ундан кўпроқ), инсонга юқадиган вируслар сони бошқа жонзотлар - қушлар, уй ҳайвонлари ва кемирувчиларники билан бир эканини таъкидлайди.

Forest loss, Borneo
Сурат тагсўзи, Ўрмонзорлар жадаллик билан йўқолиб бормоқда

Олимларнинг ҳисоблашича, янги пайдо бўлаётган юқумли касалликларнинг ҳар тўрттадан учтаси одамга ҳайвондан ўтган. 2002 йилда сирли касаллик Сарс Хитойда пайдо бўлиб, дунё бўйлаб 800 одамни ўлдирганда, бу воқеа хавфдан огоҳлантирув бўлган эди.

2017 йили тадқиқотчилар Хитойнинг Юннан провинциясидаги олис ғорларда яшовчи тақа кўршапалаклар колониясини топдилар. Айнан шу кўршапалакларда Сарс вирусининг генетик қисмлари аниқланган. Улар ўшанда шунга ўхшаш вирус яна пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар, шундай бўлиб чиқди ҳам.

Аммо у ёки бу ҳайвон турини айблашдан аввал биз ўзимизнинг табиат билан муносабатимизни баҳолашимиз керак, дейди доктор Роча. У кўршапалакларнинг соғлом экотизим ва инсон учун аҳамиятини таъкидлайди.

Bats, Mexico
Сурат тагсўзи, Мексика ғорларидаги кўршапалаклар

Кўршапалаклар экинларни босадиган ҳашаротларни назорат қилади. Тропик ўлкалардаги ўсимликлар, жумладан, какао, ванил ва дуриан дарахтлари чангланишини таъминлайди. Улар тропик ўрмонларда дарахтлар уруғларини тарқатиб, иқлим исишига қарши курашда ёрдам беради.

Кўршапалаклар ёмонотлиқ қилинса, "даҳшатли оқибат" юзага келиши мумкин, зеро касалликнинг ҳайвондан одамга ўтиши одамнинг ҳайвонга яқинлашуви оқибатидир, аксинчаси эмас, дейди Глазго университетидан доктор Дэвид Робертсон. Ковид-19нинг ўтмишдошлари кўршапалакларда бошқа ҳайвон турларига ўтиши эҳтимоли билан ўн йиллар давомида бўлган, дейди у.

Ковид сабабли кўршапалакларга қарши кураш бўлгани ҳақида хабарлар бор. Жумладан, Перу, Ҳиндистон, Австралия, Хитой ва Индонезияда улар махсус ўлдирилган.

Egyptian fruit bat
Сурат тагсўзи, Кўршапалаклар асрлар давомида инсон билан ёнма ён яшаб келган

Олимлар хато тушунча билан ҳаракат қилиш хавф остидаги кўршапалак турлари учун жиддий оқибатлар келтириши, касаллик тарқалиши хавфини орттиришидан огоҳлантирмоқда.

"Асосий хавотир шундаки, аксар кўршапалак турлари қирилиб кетиш хавфи остида, калта ўйлаб қилинган озгина кескин ҳаракатлар ҳам тузатиб бўлмас зарар бериши, инсонлар учун муҳим экотизимларга фожиали оқибатлар келтириши мумкин," дейди Кэмбриж университетидан Дуглас Макфарлейн.

Кўршапалаклар асрлар давомида инсон билан ёнма-ён яшаб келган. Бу ҳар иккисига наф берган.

Португалиядаги Коимбра университет шаҳарчасида кўршапалаклар 18-асрда қурилган кутубхонада уч асрдирки яшаб келади.

Улар қўлёзмаларга зарар берадиган ҳашаротлар билан озиқланади. Шом вақти борсангиз, улар деразалардан чиқиб, кўча устида гир айланиб учаётганини кўрасиз.

Рикардо Рочанинг айтишича, кўршапалаклар экотизимни соғлом сақловчи мураккаб табиий тармоқнинг ажралмас бир қисмидир.

"Ҳозирги оғир дамдан чиқаришимиз керак бўлган хулоса шуки, табиатга зарар бериш, ўзимизга зарар беради," дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek