Яхши Толибон қудратда, ёмон Толибон ғазабда - video Afg‘oniston Pokiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Обид Ҳусайн
- Role, Би-би-си Урду хизмати, Ўракзай
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
17 яшарли Исрор телефони жиринглаганда қотиб ухлаб ётган эди.
Ярим тун, соат 2:00. Ўсмир қаттиқ чарчаган эди. У кун бўйи қўриқчиликда турган. Чизиқнинг нариги томонида унинг акаси яшарди. Акаси Исрорга бир гуруҳ эркаклар уларнинг уйига бостириб кириб, оталарини ташқарига судраб чиққани ва ўша ерда отиб ташлаганини айтди.
"У менга уйга тезда етиб боришимни айтди", деб эслайди Исрор. Унинг исми хавфсизлик учун ўзгартирилди.
Исрорни Покистоннинг қабилалар яшайдиган етти туманидан бири Ўракзайда учратдим. Бу туманда асосан паштун аҳоли яшайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Исрорнинг отаси ўлдирилганидан уч кун ўтиб, ИШИД Хуросондаги шўъбаси Хуросон-ИШИД (Х-ИШИД) қотиллик учун масъулиятни ўз бўйнига олди.
Х-ИШИД Исрорнинг отасини Покистон ҳарбийларининг хуфяси, деб айблади. Исрор бу даъвони рад қилади.
"Отамнинг Ўракзайда дўкони бор эди. У ўз қабиладошларига, айниқса, урушдан кейин ўз уйларига қайтганларга ёрдам берар эди", дейди Исрор.
"Унинг душманлари йўқ эди. У бу ҳудуднинг оқсоқолларидан бири эди."
Афғонистонда Толибон ва Х-ИШИД устунлик учун бир-бири билан қонли жангларга киришган.
Покистонда эса манзара анча хира.
Кучаяётган зўравонлик

Исрорнинг отасига қилинган ҳужум ягона эмасди. Ўша куннинг ўзида Ўракзайда бошқа бир одамни ҳам отишди, яна Покистон ҳарбийларига хуфялик қилгани айблови билан. Х-ИШИД бунинг учун ҳам масъулиятни бўйнига олди.
Ўракзай етти қабилавий ҳудуддан биридир. Қолган ҳудудлар - Бажур, Моҳманд, Хайбар, Куррам, Шимолий Вазиристон ва Жанубий Вазиристон.
Бу ҳудудлар аввал Британия мустамлака даври қонунларига кўра бошқарилган.
2018 йил майида бу туманлар Хайбар Пахтунхва вилояти таркибига киритилди ва аҳолиси эса Покистоннинг фуқаро аҳолисига айланди.
Исломободдаги тадқиқот маркази - Тинчлик тадқиқотлари бўйича Покистон институти (ТТПИ) тўплаган маълумотларга кўра, бу йил зўравонликлар кескин ортган.
Афғон Толибонининг "мафкуравий эгизи" Таҳрики Толибон Покистон (ТТП) асосий жавобгардир.
ТТП афғон биродарларининг йўлидан юриб, Покистонда исломий бошқарувнинг муросасиз шакли, ўз талқинларидаги шариатни жорий қилишни исташади.
ТТПИ маълумотларига кўра, Покистон Толибони ўтган йили 95 та ҳужумни амалга оширган 140 одамни ўлдирган. Бу йилнинг биринчи олти ойида эса 44 та ҳужумни амалга оширган.
Афғон Толибони Афғонистонда тез суръатда кучайиб, июль ойидан бошлаб турли вилоятларни назоратга олар экан, ТТП ҳам ўз фаолиятини кучайтирди.
Июлдан сентябргача, гуруҳ 44 ҳужумни амалга ошириб, 73 одамни ўлдирди. Ўлдирилганларнинг аксари Покистоннинг ҳуқуқ-тартибот органлари аъзоларидир.
Таҳдид ва қўрқитув
Ошкора зўравонликлардан ташқари ҳудуд ойлар давомида таҳдидлар ва таранглик ичида қолган.
Айрим одамларга Афғонистон ва Покистон рақамларидан қўнғироқлар бўлган, пул талаб қилинган.
Аҳмед (асл исми эмас) Бажур туманилик ижтимоий хизматчи ва тадбиркор. Унинг Би-би-сига айтишича, унга июль ва август ойларида турли рақамлардан тинмай қўнғироқлар бўлган.
Қўнғироқ қилганлар ўзларини Толибондан деб таништириб, пул талаб қилади.
"Улар пул сўрайди, - дейди Аҳмед. - Йўқ дейишимга қарамай, улар менга тўхтамай овозли хабарлар, "WhatsApp" орқали хабарлар юбораверди, агар пул бермасам ўзимга ва оиламга зарар беришларини айтиб таҳдид қилишди."
Аҳмед туман маъмуриятига мурожаат қилгани, фуқаровий ва ҳарбий расмийларга далилларни тақдим қилганини айтди.
"Мен уларни бу ҳақда қайта-қайта хабардор қилдим, аммо улар бундай қўнғироқлар бўлаётган биргина мен эмаслигим, Банжурда кўплаб одамларга шундай таҳдидлар бўлганини айтишди."
"Улар менга ҳар бир одамнинг хавфсизлигини таъминлай олмасликлари, ўзим эҳтиёт чорасини кўришим кераклиги, уйимга хавфсизлик камераларини ўрнатишим кераклигини айтишди."
ТТП ким ўзи?

ТТП 2007 йилда Жанубий Вазиристонда Байтуллоҳ Маҳсуд томонидан ташкил қилинган. Бу жангари гуруҳ Исломободда радикал воиз эгаллаб олган Лаъл масжидида Покистон ҳарбийлари ўтказган амалиётга жавобан пайдо бўлган. Маҳсуднинг ўзи бир пайтлар Покистоннинг жосуслик хизматига яқин деб ҳисобланган эди.
Уэст Пойнтдаги АҚШ Ҳарбий академиясида ёрдамчи профессор, доктор Амира Жадуннинг айтишича, афғон ва Покистон Толибони ўртасидаги алоқа 11 сентябрь воқеалари ва 2001 йилда Афғонистонда толиблар қудратдан ағдарилишига бориб тақалади.
Таҳлилчилар айтишича, Афғонистоннинг АҚШ етакчилигидаги ишғолидан сўнг Покистон Толибони афғон ҳаммаслаклари билан ёнма-ён уришган,
Покистоннинг қабилалар яшовчи ҳудудида афғон толибларини озиқ-овқат, бошпана ва молиявий ёрдам билан таъминлаган ва уларга иттифоқчи бўлишга ваъда берган.
Тузилганидан сўнг ТТП Покистон давлатига қарши ҳаракатни бошлаган, фуқаровий ва хавфсизлик объектларига ҳужумлар уюштирган.
Покистон армияси қасос олиб, ТТП раҳбарларини Афғонистонга сиқиб чиқарган ва 2015 йилдан буён улар Покистонга қарши "суст даражадаги" урушни амалга ошириб келган.
Ўтган июлда афғон толиблари Кобулга қараб илгарилар экан, ТТП янада яққолроқ ўзини кўрсата бошлади.
Покистон Толибони раҳбари Нур Вали Маҳсуднинг CNNга айтишича, афғон толибларининг ғалабаси "бутун мусулмон уммати ғалабаси" бўлади. У яна Покистонни ҳам огоҳлантирган.
"Бизнинг урушимиз Покистонда, у ерда мамлакат хавфсизлик кучлари билан уруш ҳолатидамиз", деди у.
"Биз Покистоннинг қабилалар яшовчи чегара ҳудудини назоратга олиб, уни мустақил қилишга умид қиламиз."

Сурат манбаси, EPA
Сингапурдан террорчилик бўйича эксперт Абдул Баситнинг ишонишича, афғон толибларининг ғалабаси ТТПни "кучайтиргани аниқ".
"Америка Афғонистонда ютқазган экан, Покистон нима бўлибди, деб ўйлашади", дейди у.
"Шунингдек, улар этник зиддиятлар ва маҳаллий аҳолининг ташвишларидан ҳам фойдаланмоқда, ТТП пуштунларнинг ўзларини қурбондек ҳис қилишларидан фойдаланади."
Аммо Покистоннинг собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси ва истеъфодаги генерал полковник Носир Жанжуага кўра, ТТП "чекинаётган ҳодисадир".
"ТТП омма орасида ҳурматини йўқотган. Покистон Америка билан елкадош, шу боис унга қарши уришиш керак, деган гаплар энди таъсирини йўқотди, Америка Афғонистонда эмас ҳозир", дейди у.
"Уларнинг зўравонлиги кучайгани шунчаки яшаб қолиш учун кураш."
Покистон армиясининг пиар қаноти ТТП ва унга алоқадор гуруҳларнинг ҳужумлари миқёсини камайтириб кўрсатмоқда.
"Террорчи гуруҳлар асосан мағлуб бўлган. Шунга қарамай, алоҳида нохуш ҳодисалар бўлиб турибди", дейди армия сўзчиси Би-би-сига.
Яхши Толибон, ёмон Толибон
Покистон давлатининг афғон толиблари билан тарихан мустаҳкам риштаси борлигини, дунёни Афғонистондаги янги режимни қабул қилишга ундаётганини кўпчилик билади.
Айни чоғда, бу давлат Покистон Толибони билан йилларча курашиб келади, бу курашда минглаб тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари аъзолари ўлган.
Бу кўпинча Покистоннинг "яхши ва ёмон Толибон" стратегияси деб аталади, афғон толиблари яхши, Покистон толиблари эса ёмон, деб ҳисобланади.
Ҳарбийларнинг қабилалар ҳудудида амалга оширган бир неча амалиётларида юзлаб минг аҳоли ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Сурат манбаси, AFP
Аммо Покистон ҳукумати мамлакат толиблари ичидаги турли гуруҳлар билан тинчлик битими учун музокара олиб боришга ҳам неча йиллардан бери уриниб келади.
Шунга қарамай, Х-ИШИДнинг қабилалар ҳудудларида пайдо бўлгани Покистон раҳбарияти учун янги бошоғриғи бўлди.
Х-ИШИД Афғонистонда ҳам Толибондан ажралиб туради ва уларни ўтган йили Доҳада тинчлик битими учун музокара қилиш учун Жиҳодни тарк этганликда айблайди.
Гуруҳ толибларни "муртад" ҳисоблаб, уларни ўзлари учун нишонга айлантириб олган.
ИШИД ҳозирда Афғонистондаги Толибон ҳукумати учун катта хавфсилик муаммосидир. Бу жиҳатдан толиблар Ғарб жосуслик агентликлари билан муштарак манфаатга эга.
"Х-ИШИДнинг ТТП (Покистон Толибони) билан мазҳабий тафовутлари бор ва уларни адашган мусулмон, Покистон, Эрон ва бошқа минтақавий кучларнинг агентлари, деб ҳисоблайди", дейди Швециядан жиҳодчилик бўйича мустақил тадқиқотчи Абдул Саид.
Аммо экспертларнинг ишонишича, ТТП ва Х-ИШИД таркибида у томондан бу томонга ўтиб турувчи ёки бир вақтда икки томонга ишловчилар бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Доктор Жадунга кўра, Х-ИШИД Покистон Толибонига солиштирганда каттароқ мақсадларга эга.
"Х-ИШИД халифалик қуриш учун ҳудуд истайди ва ўзини умматнинг қонуний етакчиси, деб билади", дейди у.
Қочқинлик
Жангари гуруҳлар кўпаяр экан, улар билан ёнма-ён яшаётган оддий аҳолининг ҳаёти ҳам оғирлашади.
Бир неча йил муқаддам Покистон армияси билан ТТПга қарши курашган бир гуруҳнинг етакчиси менга айтишича, унинг бутун оиласи Афғонистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Моҳманд қишлоғини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
"Отам шаҳид кетди, жияним шаҳид кетди, уйимиз вайрон қилинди", дейди собиқ жангари Шаҳзод (исми ўзгартирилди).
"Айрим одамларимизнинг қўли, айримларининг оёғи, яна баъзиларида ҳар иккиси йўқ. Ҳеч ким қишлоғимизни тарк этишни истамаганди, аммо яшай олмаганингиздан кейин нима ҳам қилар эдингиз", дейди у.
Бажурлик тадбиркор Аҳмед ҳам тушкун манзарани тасвирлаб беради.
"Кўпинча ўйимни ташлаб, оиламни узоқроққа олиб кетиш ҳақида ўйлайман. Аммо қаерга бораман? Умуман, уйимдан қандай қилиб кетаман", дейди у.
Ўракзайлик Исрор янада очиқ гапиради.
"14-15 йил олдин уруш бошланганда уйни ташлаб кетишдан бўлак чорамиз йўқ эди. Ота-онам икки йил олдин қайтишди, аммо ҳозир онам бева бўлиб қолди", дейди у.
"Ҳукумат ҳудудга тинчлик қайтганини айтиб, бизни хотиржам қилмоқчи. Аммо қани ўша тинчлик?"
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














