Халқаро Амнистия: Толибон Шиа мусулмонларини ўлдирган Tolibon Afg'oniston

Сурат манбаси, EPA
Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига кўра, Толибон Афғонистонда Ҳазора миллатига мансуб 13 инсонни, жумладан, бир ўсмир қизни ўлдирган.
Халқаро Амнистия инсонлар август ойида Дайкунди вилоятида ўлдирилганининг далилларини топдик, дейди.
Уларнинг тўққиз нафари Толибонга сирга тушган собиқ ҳукумат аскарлари бўлганлар.
Халқаро Амнистия буни уруш жинояти деб ҳам баҳолайди.
Ушбу иддаони рад этадиган Толибоннинг Би-би-сига айтишича, Халқаро Амнистиянинг ҳисоботи ҳодисанинг фақат "бир томонини" акс эттиради.
Ҳазоралар Афғонистонда учинчи йирик этник гуруҳ ҳисобланади.
Шиа мусулмонлари бўлган Ҳазоралар аҳолисининг аксарини Суннийлар ташкил этадиган Афғонистон ва Покистонда узоқ даврдан буён таҳқирлов ва таъқиблар тутиб келинади.
Толибон гуруҳи Афғонистонда август ойида қудрат назоратини қўлига олганидан кейин Ҳазораларни қатлиом қилгани айбловлари иккинчи марта янграмоқда.
Дайкунди вилоятида ўлдирилган қолган инсонлар тинч фуқаролар бўлганлар, Толибон ҳукумат аскарларининг оилаларига қарата ўт очганида ҳалок бўлганлар.
Улардан бири 17 яшар қиз бўлган, дейилади Халқаро Амнистия ҳисоботида.
Қочишга уринган тинч фуқаролар ўлдирилганлар, дейди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти.
"Ушбу совуққонлик билан содир этилган қатллар Толибон ўзининг Афғонистонни олдинги бошқаруви пайтида содир этган айни инсон ҳақлари топталишларини яна содир этаётганини тасдиқлайди. Толибон олдинги ҳукуматнинг собиқ ходимларини нишонга олмаяпмиз, дейди. Лекин ушбу қотилликлар уларнинг ушбу даъволарига зиддир", деб айтган Амнести Интернэшнл бош котиби Агнес Калламард.
Халқаро Амнистия август ойида эълон қилган ҳисоботда Толибон июль ойида Ғазни вилоятида Ҳазора миллатига мансуб тўққиз инсонни қирғин қилгани айтилган эди.
Толибон ички ишлар вазирлиги сўзчиси Қори Саид Хўстийнинг Би-би-сига айтишича, "ушбу ҳисобот бир томонлама ва биз барча халқаро ташкилотларни ўз текширувларини келиб шу ернинг ўзида тайёрлашларига чақирамиз".
"Бу қабул қилиб бўлмас хулоса ва у шаффоф эмас", деган Толибон вакили.
Халқаро Амнистия ҳисоботига кўра, 300 тача Толибон аскари 30 август куни Даҳани Қул деб номланган қишлоққа кириб борганлар.
У ерда собиқ ҳукумат одамлари ўзларининг оила аъзолари билан турган бўлганлар.
Собиқ Афғон хавфсизлик кучларининг аъзолари ва уларнинг оиласи қочишни бошлаганлар.
Ҳисоботга кўра, Толибон уларни тутган ва ўт очишни бошлаган.
Собиқ аскарлардан бири Толибонга қарата ўт очган.
Бир Толибон жангчиси ҳалок бўлган, иккинчиси яраланган.
Халқаро Амнистияга кўра, ўртада келиб чиққан отишмада собиқ ҳукумат аскари бўлган икки эркак ҳалок бўлган.
Қолган тўққиз собиқ аскар эса таслим бўлганлар.
Ҳисоботда айтилишича, Толибон уларни шу яқиндаги дарё бўйига олиб борганлар ва қатл этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














