Хитой ҳақ, зўр ва Ғарб ёлғончими? Dunyo Xitoy musulmonlar uyg'urlar yangiliklar янгиликлар

- Author, Флора Кармайкл
- Role, BBC News
Янги тадқиқотга кўра, палак ёзиб бораётган 350дан зиёд фейк ижтимоий тармоқ профиллари тармоғи Хитой сиёсати ва қарашларини тарғиб қилиб, Хитой ҳукумати мухолифларини обрўсизлантириш билан фаол шуғулланмоқда.
Ахборий Бардошлилик Маркази (АБМ) ҳисоботига кўра, бу тармоқдан кўзланган мақсад Ғарбни обрўсизлантириш ва Хитойнинг таъсири ва имижини хорижда кучайтиришдир.
Би-би-сига тақдим қилинган тадқиқот хулосасига кўра, бу фейк профиллар тармоғи Хитойнинг ашаддий танқидчиси муҳожиратдаги корчалон Го Вэнгуяни мазахловчи ёрқин карикатураларни тарқатди.
Карикатураларда тасвирланган бошқа зиддиятли шахслар орасида "ахборот сиздирувчи" олим Ли Мэн Ян ва Дональд Трампнинг собиқ стратеги Стив Баннон ҳам бор.
Бу шахсларнинг ҳар бири дезинформация тарқатиш, шу жумладан, Ковид-19 ҳақида ёлғон хабарлар тарқатишда айблаб келинади.

Фейк аккаунтларнинг айримлари Twitter, Facebook, Instagram ва YouTube га ҳам тарқалган бўлиб, уларда сунъий интеллект воситасида яратилган профил суратлари жойланган.
Бу тармоқ Хитой ҳукуматига тегишлилигини тасдиқловчи аниқ бир далил йўқ, аммо дезинформацияга қарши курашувчи нотижорий гуруҳ бўлмиш АБМга кўра, бу тармоқ илгари Twitter ва Facebook томонидан ўчирилган хитойпараст тармоқларга ўхшайди.
Бу тармоқлар Хитой давлат расмийлари ва давлат медиаси тарғиб қиладиган қарашларни янада кучайтирган.
Тармоқлар томонидан улашилган материалларнинг кўпи АҚШга, хусусан, у ердаги қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи ва ирқлар бўйича ўта баҳсли масалаларга қаратилган.
Бу тармоқ томонидан тарқатилган материалларда АҚШ инсон ҳуқуқлари бўйича абгор аҳволда, дея кўрсатилади. Фейк аккаунтларнинг постларида Жорж Флойднинг ўлдирилиши ва осиёликларга қарши дискреминация тилга олинади.

Сурат манбаси, Screenshot
Айрим аккаунтлар, экспертлар томонидан Хитой камида миллион мусулмонни қамагани айтилган Шинжон ўлкасидаги инсон ҳуқуқлари топталишини бот бот инкор қилади ва бу даъволарни "АҚШ ва Ғарб томонидан уйдирилган", деб атайди.
"Бу тармоқнинг мақсади хитойпараст ҳикояларни тарғиб қилиш орқали Ғарбни обрўсизлантиришдир", дейди АБМ ҳисоботи муаллифи Бенжамин Стрик.
Бу тармоқ ва "Аждаҳо спамуфляжи" деб аталган пропаганда тармоғи ўртасидаги кучли ўхшашликни "Graphika" номли ижтимоий таҳлил фирмаси аниқлади.
"Graphika"да бош суриштирувчи таҳлилчи Ира Ҳуберт янги тадқиқот ҳақида изоҳ берар экан, шундай деди: "Ҳисобот кўрсатишича, АҚШ платформаларида Байден маъмуриятининг илк ойларида "асал ойи" бўлмади. Бу тармоқ аксил Америка мазмундаги аралаш материалларни илгари сурмоқда, жумладан, Афғонистондан чиқиб кетиши олдидан АҚШнинг "мағлуб" бўлганини нишонлаш ёки АҚШ Ковид забтига олган вақтда Ҳиндистонга ёрдам бера олмаган заиф иттифоқчи экани ҳақидаги постлар."
Бу тармоқ қандай фош қилинди?
АБМ аввал аниқланган тармоқлар илгари сурган ҳештеглар харитасини тузди ва шу йўл билан таъсир операциясида қатнашаётган аккаунтларни белгилади.
Тармоқни фош қилувчи белгилар орасида пропаганда материалларини фаол тарқатиш ва бир турдаги ҳештеглардан такрор такрор фойдаланишдир. Ихтиёрий танланган фойдаланувчи исмлари бўлган янги очилган аккаунтлар ва оз сонли обуначиси бўлган аккаунтлар ҳам эътибор тортади.
Айрим профиллар оригинал постларни қўйиш учун мўлжалланган, қолганлари эса ана шу постларни тарқатади, изоҳ ёзади, қисқаси, каттароқ аудиторияга етиб бориши учун ёрдам беради.
Бу каби амалиёт кўпинча "астротурфинг" деб аталади ва у муайян шахс ёки фикрнинг кенг оммалашгани ҳақида ёлғон таассурот беради.

Сурат манбаси, BENJAMIN STRICK / CIR
Сохта одамлар
Аксарият фейк аккаунтларга сунъий ақл ёрдамида ясалган суратлар жойланади. Яъни компьютер асли йўқ одамнинг реалистик суратини чиқариб беради. Ҳақиқий одамларнинг ўғирланган суратларини олиб фойдалангандан фарқли ўлароқ, "StyleGAN" каби машина ўргануви фреймфоркларида яратилган суратларнинг манбасини топиб бўлмайди.
Фойдаланувчилар ва платформалар шубҳали аккаунтлардан янада кўпроқ эҳтиёткор бўлиб борар экан, дезинформация кампанияларида сохта профил суратларидан фойдаланиш ҳоллари кўпаймоқда.
АБМ сохта профил суратларини аниқлаш учун турли техникалардан фойдаланган. Синтетик суратларда кўзлар доим битта жойда бўлади, уларни бир чизиққа жойлаш орқали сохталарини ажратиб олиш мумкин.
Одатда профил суратларининг ихтиёрий тўпламида кўзларнинг жойлашуви турлича бўлади.

Сурат манбаси, BENJAMIN STRICK / CIR
Бошқа бир белгилари сочлар атрофида рангнинг хиралиги, тишлар бурчагининг ғалатилиги, юз атрофидаги объектларнинг хиралиги.
Тармоққа алоқадор деб ишонилган Facebook аккаунтларининг кўпчилигида исмлари туркча. Бу аккаунnлар қачондир ҳақиқий одамларга тегишли бўлган, аммо бузиб кирилиб ўғирланган, сотиб олинган ва янги профил сурати жойланган бўлиши ҳам мумкин.
Ўғирланган аккаунтлар тармоқнинг YouTube даги хитойпараст пропагандасини тарқатади. Аввал инглиз ё немис тилида пост қўйиб келган аккаунтлар йилларча нофаол бўлиб қолади ва бирдан хитойчада Хитой давлат медиаси материалларини тарқатишни бошлайди.

Сурат манбаси, BENJAMIN STRICK / CIR
АБМ ўз тадқиқот хулосаларини тегишли медиа платформаларига ҳам тақдим қилган.
Facebook тадқиқотда зикр қилинган аккаунтларни ўз платформасидан ўчирди.
Компания сўзчиси бу борада шундай деди: "2019 йил сентябрида асосан хитой тилида бўлган сиёсий кликбейтлар ва лайфстайллар қўйиб юрган спамчилар тармоғини ўчирдик. Бу тармоқ бизнинг платформада деярли ишламаган ва биз тадқиқотчилар билан ҳамкорликни давом эттирамиз ва бизнинг ходимларимиз бу ҳисоботда тилга олинган каби фаолиятларни аниқлаш ва уларга барҳам беришда давом этади."
YouTube ҳам ўз йўриқномасига амал қилмаган тармоқдаги аккаунтларни ўчирган.
Twitter ҳам АБМ томонидан аниқланган деярли барча аккаунтларни ва ўзини улар каби тутган бошқа аккаунтларни ҳам ўчирганини билдирди. Шунингдек, текширишлар давом этишини маълум қилди.
"Ахборот кампанияси кетаётганини аниқлаганимизда, яъни уларни бирор давлатга нисбат бериш мумкин бўлса, биз уларни жамоат архивимизга очамиз."
Би-би-си Мониторингнинг Хитой медиаси бўйича таҳлилчиси Керри Эллен таҳлили:
Ўтган ўн йил давомида Хитойнинг халқаро платформалардаги ҳозирлигини ошириш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланди.
Аммо Хитойнинг ўзида Facebook, Twitter ва YouTube блоклангани боис, уларга фақат VPN орқали уланиш мумкин бўлгани ҳолда мамлакат бу платформалар ўзини Ғарб кучларига қарши муносиб рақиб эканини тан олишини истайди. У нафақат хитойликлар, балки хорижликлар ҳам ўзи ҳақида ижобий гапиришини истайди.
Twitter аккаунтларидан Коммунист партия учун байроқ кўтариб чиқиш мақсадида фойдаланадиган расмийлар ёрдамида "бўри жангчи дипломатияси" пайдо бўлди. Хитой ўзини ғарбликлар тасаввур қилганидек репрессив ва авторитар давлат сифатида эмас, дунёга дўст сифатида кўрсатишни истайди.
Бир миллиарддан ортиқ интернет фойдаланувчилари билан Хитой катта миқёсли ижтимоий медиа кампаниясини ўтказиш, аксил Хитой овозларга қарши бир дунё қарши фикрларни ўртага чиқариш қудратига эга.
Аммо Хитойда инглиз тили бўйича маҳорат чеклангани боис, бу каби аккаунтлар ортида ким турганини тахмин қилиш қийин эмас. Кўпчилик хитойчадан инглизчага автоматик таржимон дастурларидан фойдаланади, натижада имловий хатолар, ғализ жумлалар пайдо бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














