Ғарб давлатлари мусулмон уйғурлар боис Хитойни жазолашга қарор қилишди - video Xitoy uyg‘urlar musulmonlar dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ ва Канада бир тўхтамга келишди. Биргаликда хитойлик бир қанча мулозимларга қарши санкция жорий этишди.
Хабарларга кўра, расмий санкциялар асосан мусулмон уйғурлари ҳуқуқларининг топталишига жавобан қўлланган.
Хитой Шинжонда барпо этган лагерлар тармоғида аксарияти уйғурлардан иборат бир миллионга яқин мусулмонни сақлаб тургани ишонилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сўнгги йилларда у ердаги қийноқлар, мажбурий меҳнат ва жинсий зўравонликларга оид хабарлар ўртага чиққан.
Хитой зўравонликларга оид даъволарни изчил равишда рад этиб келади.
Лагерларни "экстремизмни жиловлаш" мақсадида ташкил этилган "қайта таълим бериш марказлари" эканини таъкидлайди.
Хабарларга кўра, Хитой сўнгги янгиликни ҳам бежавоб қолдирмаган, ўз томонидан европалик мулозимларга санкция киритган.

Сурат манбаси, Getty Images
Британия Ташқи ишлар вазири эса, уйғурларга нисбатан қилинаётган муносабат "энг оддий инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши" эканини айтган.
Европа Иттифоқи сўнгги бор Хитойга ўз санкцияларини 1989 йилги Тяньанмэнь ҳодисаларидан кейин киритган.
Ўшанда майдонга йиғилган демократпараст намойишчилар ўққа тутилган.
Саёҳат чеклови ва банк ҳисобларининг музлатилишини ҳам ўз ичига олувчи янги санкциялар Шинжондаги қатор юқори мартабали мулозимларни кўзда тутади.
Бу мулозимлар мусулмон уйғурлари ҳуқуқларини жиддий равишда поймол этишда айбланишган.
- Чэнь Минго - Шинжон жамоат хавфсизлиги бюроси раҳбари (маҳаллий полиция кучлари);
- Ван Миншань - Шинжон Коммунистик партияси доимий ҳайъати аъзоси. Европа Иттифоқига кўра, у уйғурларнинг ҳибсга олинишини назорат қилишга масъул асосий сиёсий лавозимни эгаллайди.
- Ван Цзюньчжэн - давлатга қарашли ва ярим ҳарбий Шинжон ишлаб чиқариш ва қурилиш корпуси ташкилотининг партия котиби.
- Чжу Хайлунь - Шинжондаги Коммунистик партия раҳбарининг собиқ ўринбосари. У лагерлар фаолиятини назорат қилишда муҳим "сиёсий лавозим"ни эгаллаганликда айбланади.
- Шинжон ишлаб чиқариш ва қурилиш корпусининг жамоат хавфсизлиги бюроси - у лагерь-ҳибсхоналарни бошқариш илова корпус сиёсатини амалга оширишга масъул, деб кўрилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Британия Ташқи ишлар вазири Шинжондаги мусулмон уйғурларга қарши зўравонликларни "замонанинг инсон ҳуқуқларига оид энг ёмон инқирозларидан бири", деб атаган.
"Менимча, ҳамкорларимиз билан бирга - жами 30 киши ҳаракатга киришиб, Хитой ҳукуматига халқаро ҳамжамият энг оддий инсоний ҳуқуқларнинг жиддий ва изчил равишда топталишига кўз юммаслиги, масъулларни жавобгарликка тортиб учун биргаликда ҳаракат қилиши борасида яққол ишора бераяпмиз", - деб айтган Доминик Рааб парламентдошларига.
АҚШ Давлат котиби эса, ўз баёнотида Хитой "геноцид ва инсониятга қарши жиноят" содир этаётганини баён қилган.
Маълум бўлишича, АҚШ Ван Цзюньчжэн ва Чэнь Минголарга "бошқа жиддий ҳуқуқбузарликлар қаторида ўзбошимча ҳибслар ва оғир жисмоний зўравонликларга алоқадорликлари" учун санкция қўллашга қарор қилган.
Санкциялар Хитойнинг мусулмон уйғурларга муносабати юзасидан халқаро эътибор кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Расмий Пекин кеча, душанба куни дастлаб Европа Иттифоқи томонидан эълон қилинган санкциялар "ёлғон экани ва янглиш маълумотларга асосланган"ини баён қилган.
Бунга жавобан, Европадаги "Хитой суверенитети ва манфаатларига жиддий зиён етказувчи, ёмон ният билан ёлғон ва янглиш маълумот тарқатувчи" 10 киши ва тўрт ташкилотга санкция киритишини айтган.
Хитой санкцияси остига тушганларнинг мамлакатга кириши ёки у билан иш юритиши тақиқланиши айтилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













