Эй бола, кўзларимга қара! Нигоҳлар учрашганда миямизда нималар бўлади? O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Кўзларни қадимдан кўнгил кўзгуси, деб аташган. Бир кўнгил бошқасига боққанда қизиқарли, баъзан жуда ғалати ўзгаришлар содир бўлиши эса, бежизга эмас экан. Олимлар ўрганишди.
Кинотеатрларда шундай саҳналарни тез-тез учратамиз: икки киши, одатда эркак ва аёлнинг нигоҳлари одамлар билан тўла хонада тўқнашади ва улар орасида нимадир юз беради, учқун чиқиб кетгандай бўлади.
Олимларнинг тушунтиришича, бошқаларнинг нигоҳи мияда англанмаган реакцияларни келтириб чиқаради - қизиқарли ва баъзан тушунарсиз.
Беш йил олдин ушбу янгиликни кўплаб нашрлар эълон қилган эди: италиялик психолог Жованни Капуто оддий тажриба ўтказди, унда иштирокчилар хира ёритилган хонада 10 дақиқа давомида бир-бирларининг кўзларига қараб ўтиради. Шу билан бирга, бошқа бир гуруҳда - назорат гуруҳида, иштирокчилар бўш девор қаршисида ўтирди.
Натижа ҳайратланарли эди: 10 дақиқалик "қараш" одамларнинг ажралиш ҳолатини бошдан кечиришига олиб келди, яъни улар ўзлари билан содир бўлаётган нарсаларни бошқаларга бўлгандек идрок эта бошладилар.
Қарама-қарши ўтирган одам юзида иштирокчилар ўзларининг юзларини ёки қариндошларининг юзини ёки ҳатто қандайдир йиртқич ҳайвонни кўришди. Шу билан бирга, гўё кимдир атрофдаги барча товушларни бўғиб қўйгандай, хонанинг ранг-баранглиги йўқолиб, оқ-қора бўлиб қолди.
10 дақиқа деворга қараб ўтирган иштирокчиларда эса бундай бўлмади.
Сиз ҳам нигоҳингиз тўсатдан бошқа одамники билан тўқнашганда худди шундай ғалати ҳолатни бошдан кечиргандирсиз: сиз ҳам, у ҳам бир-бирингизга қараб туришингиз ва иккалангиз ҳам буни тушунишингиз қизиқарли эффект туғдиради. Севги ташвишлари баъзан шундай бошланади.
Аммо, албатта, нигоҳлар туташуви доим ҳам жиддий туйғуга айланадиган ўзаро хушёқишни англатмайди. Қолаверса, бундай алоқа оддий суҳбат ёки ишбилармонлик музокараларининг ажралмас ва табиий қисмидир. Бироқ бу деярли ҳар доим муҳим қисм саналади.
Биз инсонни, унинг кимлигини, шу жумладан, унинг нигоҳидан - тўғридан-тўғри кўзимизга қараяптими ёки у билан гаплашаётганда бошқа томонга қарамоқчими, шу билан баҳолаймиз.
Кўчада биз нотаниш одамларни учратганимизда ва улар ҳатто бизга қарамасдан ўтиб кетганда ҳам биздан қочишаётгандек ёқимсиз туйғу пайдо бўлиши мумкин.
Бу бизнинг кундалик тажрибамиз. Аммо психологлар ва неврологлар ўнлаб йиллар давомида кўз билан алоқа қилиш хусусиятларини ўрганмоқдалар ва уларнинг тадқиқотлари натижалари жуда қизиқ. Кўриниб турибдики, бундай алоқалар бизнинг фикрларимизга, бизга қараётган бошқа одам ҳақидаги тасаввуримизга таъсир қиладиган кучга эга экан.

Сурат манбаси, Getty Images
Аллақачон маълум бўлган ва тажрибалар тасдиқлайдики, бошқанинг қарашлари эътиборимизни тортади ва ўзига жалб қилади. Шу билан бирга, биз атрофимизда содир бўлаётган воқеалардан фаромуш бўла бошлаймиз, ҳамма нарса кулранг тусга буркангандай туюлади (фильмдаги каби!).
Бегона одамнинг нигоҳи миямиздаги бир қатор жараёнларни қўзғатади, чунки биз энди кўзимизга қараб турган одамнинг ақлига дуч келганимизни англаймиз. Бошқа одамнинг ўз манфаатлари, ўз кун тартиби борлиги биз учун аниқроқ бўлади ва биз ҳушёр тортамиз.
Агар сиз қачондир ҳайвонот боғида катта маймунлар билан турсангиз ва уларнинг нигоҳига дуч келсангиз, ғалати, ҳатто бир оз қўрқитадиган туйғуни сезасиз: маймун сизни баҳолаётгандек, сизни кузатиб тургандек, сизнинг ичингизни кўраётгандек бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Аслида, ҳатто тасвирий портретлар ҳам миямизда шунга ўхшаш жараёнларни қўзғатади, уларда тасвирланган одам тўғридан-тўғри кўзимизга қарайди (Мона Лиза эффектини эсланг). Портрет билан ижтимоий алоқа? Нега ундай бўлмасин.
Биз кимнингдир диққат марказига тушганимизни англаган пайтимиз, бу бизни чалғитувчи таъсирга эга бўлиши, эътиборимизни жамлашга халақит қилиши хайратланарли эмас. Бундан ташқари, олдимизда тирик одам бўлиши шарт эмас, балки экрандаги видео тасвир ҳам халақит бериши мумкин.
Шу каби тадқиқотлар кўрсатдики, бизни ушлаб турган нигоҳ бизнинг ишчи хотирамизга (маълумотни қисқа вақт мобайнида сақлаш ва ишлатиш қобилиятига), тасаввуримизга ва кераксиз маълумотларни саралаш қобилиятимизга таъсир қилиши мумкин.
Эҳтимол, сиз ўз фикрларингизни жамлаш учун бошқа одам билан кўз алоқасини тўхтатганингизда бу каби туйғуларни ўзингиз сезмаган ҳолда бошдан кечиргансиз.

Сурат манбаси, Getty Images
Баъзи психологлар ҳаттоки болаларга савол беришда четга қараб гапиришни маслаҳат беришади, чунки улар болалар шу тарзда жавобларга эътибор қаратиши мумкин деб ўйлашади.
Бундан ташқари, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, нигоҳлар тўқнашуви бизнинг шеригимизни қандай қабул қилишимизга ҳам таъсир қилади. Масалан, биз одатда қарашимиздан қочмайдиган ва кўпинча бизни кўзимизга тик қарайдиган кишини ақлли, ҳалол ва самимийроқ деб биламиз (ҳеч бўлмаганда Ғарб маданиятида). Ва биз бундай одамларнинг сўзларига кўпроқ ишонишга мойилмиз.
Аммо, албатта, жуда яқин кўз алоқаси бизга ноқулайлик туғдириши мумкин ва тикилиб қарайдиган одамлар, кўзларимизга тик боқиб, ҳатто қўрқувни келтириб чиқариши мумкин.
Бир тадқиқотда психологлар кўз билан алоқа қилишнинг энг нормал давомийлигини аниқлашга ҳаракат қилишди ва уни ўртача 3 сония деган хулосага келишди (тажриба иштирокчиларининг ҳеч бири бундай алоқа 9 сониядан ошишини истамади).

Сурат манбаси, Getty Images
Бир-биримизга қарашнинг яна бир аниқланган таъсири шуки, бу одамлар билан тўлган хонада бошқа одамнинг нигоҳи нега шунчалик ўзига жалб қилишини тушунтириши мумкин. Яқинда ўтказилган бир тадқиқот шуни кўрсатдики, бундай пайтда иккита шахсиятнинг бирлашуви юз беради: бизга қараган одамни ташқи томондан ҳам, шахс сифатида ҳам ўзимизга ўхшаш деб ўйлаймиз.
Атрофдагилар ҳеч нарсага аҳамият бермай гаплашаётганда, бу сизнинг нигоҳларингиз учрашувини янада яқинлаштиради. Аммо бу ҳаммаси эмас.
Агар сиз кўз билан алоқа қилишни давом эттирсангиз ва шеригингизга яқинлашсангиз, сизнинг кўз гавҳарингиз ҳам худди бошқа одамнинг кўз гавҳари билан синхрон равишда кенгайиб кетгандай туюлиши мумкин, гўё бир-бирига мослашиб кетгандек. Бу қандайдир ижтимоий тақлидми? Айни пайтда жуда романтик.
Бироқ кўз гавҳарининг бундай ўзгариши ҳақида олимлар улар шунчаки шерикнинг кўзидаги ўзгарувчан ёрқинликка мослашади (масалан, қарама-қарши одамнинг кўз гавҳари кенгайганда унинг кўзлари қораяди), деб ишонишади. Қизиқ назария, албатта...

Сурат манбаси, Getty Images
Одам ҳиссий қўзғалишни, шу жумладан, жинсий қўзғалишни ҳис қилганда кўз қорачиғи кенгайиши анча аввал аниқланган. Эҳтимол, шунинг учун қорачиғи кенгайган одамларнинг юзлари янада жозибали кўринар - ҳеч бўлмаганда, бизнинг миямиз бунга жавоб беради.
Бир пайтлари аёллар кўз қорачиғини кенгайтириб, нигоҳни ўткир қилиш учун ҳаттоки заҳарли белладонна мевалари шарбатини кўзларига томизарди (ва у галлюцинациялар ва кўриш бузилишларига олиб келарди).
Аммо инсон кўзига қараганимизда бизга нафақат қорачиқлар сигнал беради. Балки, сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, биз кўз ҳаракатларидан кўплаб ҳис-туйғуларни ўқий оламиз.
Инсон кўзларини катта очиши ёки қисиши мумкин. Масалан, нафрат бизни кўзларимизни қисиб қўяди, бу эса юзимизга жуда аниқ ифода югуртириб, атрофдагиларга сигнал беради: "Уҳ-уҳ-уҳ... Қандай жирканч".
Бизнинг кўзимиздаги яна бир муҳим элемент - бу лимбал ҳалқалардир (қорачиқ атрофидаги қуюқ ҳалқалар, кўзнинг рангли қисми). Сўнгги илмий кузатувларга кўра, бу ҳалқалар кўпинча ёш ва соғлом одамларда учрайди, шунинг учун улар жозибадорликнинг сабаби бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Ушбу тадқиқотларнинг барчаси шуни кўрсатадики, кўнгил кўзгуси бўлган кўзлар ҳақидаги эски иборада гап кўп. Тан олинг, бир-бирингизнинг кўзингизга қараган вақтингизда ҳайратланарли нарса бор.
Кўзлар миямизнинг атрофдаги дунёнинг бевосита таъсирига очиқ бўлган ягона қисмидир, дейдилар. Бошқа одамнинг кўзига қараганингизда, бу ҳақда ўйланг: эҳтимол бундай дақиқада сиз унга энг яқин одамдирсиз.
Психологияни оммалаштирувчи ва бир нечта китоблармуаллифи Кристиан Жаррет БританияПсихологик Жамиятининг Research Digest блогини юритади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













