Янги ҳисобот: Хитой сиёсати боис уйғурларда туғилиш бир неча миллионга қисқариб кетиши мумкин - video dunyo Xitoy musulmonlar uyg'urlar yangiliklar

Уйғур оиласи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шинжоннинг қадимий Қашғар шаҳри. Хитой бу ерда ҳам туғилишни қаттиқ назорат қилаётганликда айбланади
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Хитой ҳукуматининг туғилишни назорат қилиш сиёсати туфайли келаси 20 йил ичида Шинжон аҳолиси учдан бирига қисқариши мумкин.

Бунга германиялик тадқиқотчининг янги таҳлиллари далолат қилаётир.

Унинг янги ҳисоботида айтилишича, ўша пайтгача минтақада туғилиш 2.6 миллиондан 4.5 миллионтагача камайиши эҳтимоли бор.

Айрим Ғарб давлатлари туғилишни назорат қилишга қаратилган мажбурий чора-тадбирларини ҳам назарда тутиб, Хитойни Шинжон аҳолисини геноцид қилишда айблашади.

Расмий Пекин бу айбловларни рад этади, туғилишнинг камайишига бошқа омиллар ҳам сабаб бўлаётганини айтади.

Лондонда маҳкама Хитой мусулмон уйғурларга қандай зулм қилаётганини ўрганади - BBC News O'zbek

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Янги тадқиқот Андриан Зенц томонидан олиб борилган.

Унинг ҳисоботи Хитойнинг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа этник озчиликларга қарши тазйиқларининг минтақа аҳолисига узоқ муддатли таъсири ўрганилган илк илмий иш бўлган.

Унда айтилишича, Хитойнинг минтақада олиб бораётган туғилишни назорат қилиш сиёсати боис, 2040 йилга бориб, Шинжон аҳолисининг сони 8.6-10.5 миллионни ташкил этади.

Бу Пекиннинг репрессив сиёсатидан аввал хитойлик тадқиқотчиларнинг ўзлари тахмин қилган рақамлардан қарийб 3 миллионга кам, деганидир.

Андриан Зенцнинг янги ҳисоботи ҳақида Буюк Британиянинг нуфузли Рейтер ахборот агентлиги биринчи бўлиб хабар берган.

Тадқиқотчининг худди шу агентликка айтишича, "тадқиқот ва таҳлиллари Хитойнинг уйғурларга нисбатан узоқ муддатли режалари ортидаги асл мақсадларни ошкор қилади".

Унинг ўз ҳисоботида ёзишича, "шинжонлик масъуллар ҳали 2019 йилгача миллий озчиликлар яшовчи тўртта жанубий префектурадаги туғиш ёшида бўлган аёлларнинг камида 80 фоизини спирал ёки бичиш орқали туғмас қилиш режасида бўлишган".

Кескин камайиш

Экспертлар Хитой Шинжонда камида бир миллион уйғур ва бошқа мусулмон озчилик вакилларини ҳибсга олганига ишонишади.

Хитой ҳукумати, бундан ташқари, минтақа аҳолисини камайтириш ва уларни ассимиляция қилиш ҳаракатида эканликда ҳам айбланади.

Орада масъулларнинг Шинжоннинг миллий озчиликлар кўп яшаб келган ҳудудларига атайдан хан хитойликларни кўчириб келаётгани ва уйғурларни мажбуран бошқа жойларга кўчираётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Андриан Зенцнинг ўз ҳисоботида ёзишича эса, Хитойнинг туғилишни назорат қилиш сиёсати Шинжоннинг асосан уйғурлар истиқомат қилувчи жанубида хан хитойликларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Шинжон

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Хитой ҳозир Шинжон аҳолисини камайтириш мақсадида эканига оид айбловларга ҳам юз тутган

Ҳозир у ерда хан хитойликларнинг фоизи 8.4% бўлса, бу рақамлар 2040 йилга бориб, қарийб чорак фоизга етиши эҳтимоли бор.

Хитой томонининг расмий статистикасига таянилса, 2017-2019 йиллар оралиғида Шинжоннинг этник озчиликлар яшовчи ҳудудларида туғилиш қарийб тенг ярмига қисқарган.

Расмий Пекин ўтган ҳафта оилаларга учтагача фарзанд кўришга расман рухсат берган.

Ҳукумат қароридан аввал аҳолини рўйхатга олиш ишлари бутун мамлакат бўйлаб туғилиш кўрсаткичи кескин камайиб кетганини кўрсатгани хабар берилганди.

Бироқ сиздирилган ҳужжатлар ва Шинжондан олинган суҳбатлар расмий Пекин минтақада тескари сиёсат юритаётганига, кўп туққан аёлларнинг ҳибсга олингани ёки бошқача йўллар билан жазоланаётганига далолат қилади.

Андриан Зенцнинг минтақага оид маълумотлар, дастурий ҳужжатлар ва гувоҳликларга асосланган бундан аввалги ҳисоботида эса, ҳомиласини олдиришдан бош тортганлиги учун шинжонлик аёлларга ҳибс билан таҳдид қилингани, яна бошқаларига мажбуран ҳомиладорликдан сақловчи воситалар ўрнатилгани ёки уларнинг жарроҳлик йўли билан бичилгани ҳақида сўз боради.

Хитой уйғур аҳолиси сонини атайдан камайтираётганига оид айбловларни кескин рад этади.

Масъулларнинг иддао қилишларича, энг аввало бутун мамлакат бўйлаб оилаларнинг қанча фарзанд кўриши борасида қатъий чеклов амал қилади.

Бундан ташқари, "Одамлар даромадининг ортиши ҳам уларга оилаларини яхшироқ режалаштириш имконини бермоқда".

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Рейтер ахборот агентлигига "Шинжонда "геноцид", деган нарса мутлақ бўлмағур гап" эканини айтган.

Вазирлик ўз баёнотида, "буни АҚШ ва Ғарбдаги ўзларига қарши кучларнинг ғаразли ниятлари ва Хитойдан қўрқиш туйғусининг ифодаси" ўлароқ талқин этган.

Андриан Зенц Вашингтонда жойлашган "Victims of Communism Memorial Foundation" жамғармаси тадқиқотчиси бўлади.

"Анти-коммунист" мазкур ташкилот "ҳали ҳам тоталитар тузумлар остида яшаётганлар эркинлигини ҳимоя қилиш йўлида иш олиб бориб келаётгани"ни айтади.

Рейтер ахборот агентлигининг маълум қилишича, унинг янги тадқиқоти ва методикасини демографик таҳлил, туғилишнинг олдини олиш сиёсати ва инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро қонунчилик масалалари билан шуғулланиб келаётган ўндан ортиқ эксперт билан бўлишган.

Экспертлар ўзларига таҳлил ва хулосаларнинг тўғри эканини айтишган.

Улардан баъзилари эса, бир неча ўн йиллик демографик башоратларга кутилмаган омиллар таъсир қилиши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантиришган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek