Қирғизистон: Боласига ВИЧ юқтирилган онага давлат $20 минг доллар товон тўлайди - суд қарор қилди O‘zbekiston VICH SPID OITS dunyo yangiliklar

Магеррам Зейналов иллюстрацияси
    • Author, Наргиза Рисқулова
    • Role, Би-би-си, Бишкек

Жорий йилнинг баҳорида фарзанди 14 йил муқаддам касалхонада ОИВ юқтириб олган 42 ёшли қирғиз аёл давлат идораларига қарши судда ғалаба қозонди ва боласига вирус юқишига шифокорлар айбдор эканлиги - инфекция, эҳтимол, қон қуйиш ёки укол қилиш чоғида юққанини асослашга муваффақ бўлди.

Майрам* давлат етказилган зарар учун маҳаллий ўлчовларга кўра катта сумма - 2 миллион сўм (20 минг доллардан ортиқ) тўлаши керак бўлган ягона шахсдир. Касалхонада вирус юқтириб олган 390 нафар бола ота-оналарининг аксарияти - Қирғизистонда ОИВ билан касалланган болаларнинг ярми жуда кам товон пули олган ёки суд қарорини кутмоқда.

Уларнинг болаларига 2006 ва 2007 йилларда асосан Қирғизистон жанубидаги Ноокат, Қорасув ва Ўш шаҳарларидаги касалхоналарда вирус юққан. Уларнинг 45 нафари улғаймай вафот этган. Кўплаб болалар ва уларнинг ота-оналари бир неча йил ўтгач, ОИВ инфекцияси юқтирилганини билиб қолган, улар жамиятда уялтириш ва камситишларга учради, қариндошлари улардан воз кечди ва улар ўз ҳаётларидаги фожиа қандай содир бўлганлинини ҳалигача аниқлашга уринмоқдалар.

Майрам судларда ҳақиқат ва адолатга эришишга интилаётган кўплаб оналарда умид уйғотди. Мана, уларнинг баъзиларининг ҳикоялари.

"Мен ё ўғлим ва ё эримни танлашим керак эди, мен ўғлимни танладим"

50 ёшли Мира* ўз ҳаётини икки қисмга - ўз фарзандини 10 йил олдин ОИВ билан касалланганини билганидан олдинги ва кейинги ҳаётига ажратади. Ўша пайтда унинг ўғли Эрмек* атиги тўрт ёшда эди, унга касалхонада гўдак пайтидаёқ касал юқтирилди.

"Иситма ва диарея билан қишлоқ касалхонасига ётқизилганимизда ўғлим атиги 17 кунлик эди. У оғирлашиб, комага тушди, бизни тез ёрдам машинаси вилоят Ўш касалхонасининг жонлантириш бўлимига олиб боришди. Ўшанда шифокорлардан миннатдор эди, ўғлим умрбод касал бўлиб қолганини эса билмасдим", дейди Мира.

Магеррам Зейналов иллюстрацияси

Эмизикли ўғли билан биргаликда бешта чақалоқ реанимация бўлимида эди ва уларнинг ҳаммаси ОИВ инфекциясини юқтирган.

Кейинчалик судда инфекция шифокорлар ёки ҳамширалар бепарволиги туфайли юқтирилгани аниқланди. Кейин Мира 2007 ва 2008 йилларда фақат Ўшнинг ўзида 80 та шундай касаллик юқтирилганини билиб олди.

Бир неча йил ўтгач, болаларнинг ота-оналари қон таҳлили ўтказилганда касалхоналар инфекция манбаи бўлгани аниқланди.

2005 йилдан 2018 йилгача 50 та суд иши қўзғатилди. Уларда 14 нафар тиббиёт ходими иши кўрилди, улардан тўрт нафари вилоят судида оқланди, учтаси озодликдан маҳрум этилди, қолганлари шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди ёки жарима билан қутулди. Кейинчалик, маҳкумлар ҳукм устидан шикоят қилиб, Қирғизистон Олий судига мурожаат қилишди. Мира адолатни қарор топтира олмади, ўғлини касал қилган шифокор ва ҳамширалар озодликда ва ишлаб юрибди.

"Бизнинг ишимиз судда тугатилди, чунки улар айбдор кимлигини аниқлай олмадилар, аммо эсимда, ўғлим комада бўлганида унга осма укол орқали 50 миллиграмм дори қуйилган, кейин улар игнани тортиб олиб, дорининг бироз қисмини тўкиб ташлаб, кейинги болага ўша игнани санчганди", деб эслайди Мира.

Миранинг ўғли касал бўлиб қолган йилларда (исмини ошкор қилишни истамаган) вилоят болалар касалхонасида ишлаган шифокорлар, ўша йилларда минтақадаги барча шифохоналар кўп марталик ишлатиладиган шприцдан бир марталикка энди ўтаётган вақт эди деб эслашади. Кўпинча шприцлар ва катетерлар беморларнинг ўз маблағлари ҳисобига сотиб олинар, касалхоналар яхши таъминланмас эди. Мира ҳанузгача унга ўғлининг касаллиги ҳақида айтишган ҳолатни кўзида ёш билан эслайди. Ўшанда у касалхонада ичак инфекциясидан даволанаётган эди. Бола чақалоқлик даврининг катта қисмини касалхонада ўтказган, ҳар уч ойда бир даволанган", деб эслайди Мира.

"Болам ўша пайтда болалар касалликлари ҳақидаги даҳшатли фильмлардаги каби касал эди, унинг оёқ ва қўллари нозик, боши эса катта эди. У менинг кўз ўнгимда ўлаётгандек туюларди, мен шифокорлардан унга нима бўлганини аниқлашни илтимос қилдим Улар ундан барча мумкин бўлган тестларни олишди ва кўп ўтмай худди шу даҳлизда ёш шифокор ҳукм ўқиётгандек қисқа қилиб айтганди: болангизда ОИВ бор", энди кўз ёшларсиз гапирди Мира.

Магеррам Зейналов иллюстрацияси

Энди у ОИВни аввалгидек ҳукм деб билмайди, аммо ўша вақтда Мира телевизорда эшитган эди: "ОИВ - йигирманчи аср вабоси". Бу касаллик унга гўё узоқ ва номаълумдек туюлганди. Мира эрта турмушга чиққан, узоқ тоғли қирғиз қишлоғида яшади ва етти фарзандни вояга етказди, унинг ҳаёти уйи ва эр-хотин деҳқончилик қиладиган далада ўтди.

"Шифокорнинг сўзларини эшитганимда кўзларим чақнаб кетди, худди бошимга бирон нарса билан ургандек турардим, ҳушимни йўқотдим ва уйғонганимда ўғлимнинг палатасида ётардим, атрофимни шифокорлар ўраб олганди, улар мени ОИВ ўлимга олиб бормаслигига ишонтиришди", дейди Мира.

Аммо энг қийини олдинда эди: Миранинг эри уни ўғлининг касаллигида айблади. Унинг ОИВга топширган тести салбий чиққани ҳам эри фикрини ўзгартирмади. У боласини касалхонага ётқизгани ва реанимация бўлимида яхши қарамаганликда хотинини айблади, у ўғлига давлат ғамхўрлик қилиши керак деб талаб қилди.

"Икки ой давомида уришдик, жанжаллашдик, мен қўлимдан келганча уни ишонтиришга, тушунтиришга уриндим, уни шифокорларга олиб бордим, улардан тушунтиришларини сўрадим. Аммо уни ишонтиролмадим ва ё ўғлим ва ё уни танлашим керак эди, мен ўғлимни танладим. Ўшандан бери у болаларини бир марта ҳам кўргани келмади, гўё ҳамма болалар моховдек," деб эслайди Мира кўзларида ёш билан.

Шундай қилиб Мира еттита боласи билан ёлғиз қолди, у иш қидириб Ўш шаҳрига (Қирғизистон жанубидаги иккинчи йирик шаҳар) кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Касалхонада боласи ОИВ юқтирган кўплаб бошқа оналарни худди шундай тақдир кутар эди. Уларнинг аксариятидан оилалари, эрлари ва жамоатчилик воз кечган. 2011 йилда уларнинг баъзилари ҳаттоки Қирғизистон парламенти биноси ёнида норозилик намойишларини ўтказиб, депутатлардан касал болаларини олиб кетишни талаб қилишган. Кейин бу оналар товон сифатида сигир олишди.

Мира ўғлига давлат нафақасини олиш учун ижтимоий ёрдамга мурожаат қилганида, эри билан яшаган бутун қишлоқ унинг аҳволи тўғрисида билиб олди.

"Ҳужжатларни тўлдириш учун боргандим, рўйхат китобидаги "пропискам" ўчирилиб, устидан кимнингдир исми ёзилганини кўрдим. Улар мен билан ғалати гаплашдилар, кўзларимга қарамадилар. Орқамдан шивирлардилар. Гўё мени ўчириб ташлашган эди, мен ҳеч қачон ўзимни бу қадар хўрланган ҳис қилмаганман", дейди Мира.

"Энг ёмони - севги"

46 ёшли Гуля* ҳали ҳам ўғли олти ойлигида касалхонага ётқизилгани учун ўзини айблайди. Уни иситма билан туман касалхонасига ётқизишди, сўнг вилоят касалхонасига ўтказишди. Кейин яна туманга. Умуман олганда, улар касалхонада бир ойдан кўпроқ вақт ётганини эслайди Гуля.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази маълумотига кўра, 2006 ва 2007 йилларда 23 нафар бола ОИВ инфекциясини Ноокат туман касалхонасида юқтирган. Туманда ОИВ билан касалланган жами 180 бола бор, уларнинг баъзилари вирус ҳақида фақат бир неча йил ўтиб билган. Ўшанда Ноокат шифохонаси бош шифокори Асамадин Марипов Би-би-сига тиббиёт муассасаларининг аянчли таъминоти ҳақида гапириб берганди.

"Касалхоналарнинг 70-80 фоизида канализация, ҳожатхона ва иссиқ суви йўқ, шприц ва катетерларнинг етишмаслиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, бизни айблаганда буни ҳеч ким ҳисобга олмайди", дейди Марипов.

Касалхонада Гулядан катетерни 247 сўмга сотиб олишни сўрашди - у тез-тез бу суммани эслаб қолади ва ўғлининг касал бўлмаслиги учун қанча пул керак бўлишини айтади. У биринчилардан бўлиб нимадир нотўғрилигига шубҳа қилди ва бонг ура бошлади.

Магеррам Зейналов иллюстрацияси

"Ўғлим тез-тез касал бўлиб турарди, ундан ҳар турли анализлар олишди, ҳаттоки суяк тўқималаридан ҳам, кейин эрим Россияда ишлаётганини билиб, у келиши кераклигини айтишди, сўнг ўғлим ўлиши мумкинлигини айтишди. Ўшанда ўғлимнинг аҳволини билдим", дейди Гуля.

Гулининг ҳам, унинг эрининг ҳам қон таҳлили натижалари салбий чиқди, аммо эр-хотин жанжал ва судлашувлар туфайли бирга яшай олмай қолди. Гуля болаларни олиб, ота-онасиникига бориши керак эди, мактабдаги ўқитувчилигини ҳам ташлади. Фақат икки йил ўтгач, эри Россиядан қайтиб келганида ва ўғлининг касаллигини қабул қилганида, у билан ярашди. Уларнинг ярашишига суд ҳам ёрдам берди. Суд айбдорларни қисман аниқлади ва биринчи инстанцияда улар ғалаба қилдилар. Суд 150 минг сўм (1500 доллар атрофида) миқдорида маънавий компенсация тўлашни тайинлади. Кейинчалик ушбу ҳукм устидан Олий судга шикоят қилинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, касал болаларнинг оналарига бетартиб шаклда компенсация тўланган, чунки улар инфекция тўғрисида дарҳол эмас, кейинги беш йил давомида билишган. Судга даъво қилган биринчи ота-оналар судда 1000-2000 доллардан ютиб олишлари ёки жамоат уйларига эга бўлишлари мумкин эди. Қолганлари эса ҳеч вақосиз қолди.

Гулянинг айтишича, уни энг қийин пайтлар кутмоқда: "У улғаймоқда, шу йиллар давомида у шифокор бўлишни орзу қилар эди, аммо яқинда олдимга келиб: "Менга ўхшаган одам шифокор бўла олмас экан", деди. Яқинда армияга чақирилади, унга мумкин эмас, биз уни ҳарбий хизматдан озод қилишимиз учун ҳужжатларни йиғишимиз керак бўлади, лекин энг ёмони - муҳаббат. У ОИВ юқтирмаган қизни ёқтиради, мен уни дарҳол тўхтатиб, улар бирга бўлолмасликларини айтдим", дейди андуҳ билан Гуля.

Магеррам Зейналов иллюстрацияси

Гуля ва унинг оиласи ҳамма бир-бирларини яхши биладиган жамоада яшайди. Ўғлининг ОИВ билан касалланганлиги тўғрисида нотаниш одамлар, масалан, касаллиги сабабли уни синфга олишни истамаган биринчи ўқитувчиси бир неча бор ошкор қилган. Гуля ўғлини камситилишдан ҳимоя қилиб, кўп ҳаракат қилади, аммо барибир баъзи синфдошлари ўғлининг орқасидан нимадир гапиради.

"Бизнинг ёшлар узоқ учрашиб юрмайди, агар йигит ва қизни бирга кўришса, ўша заҳоти совчи юборишади, кейин тўй. Албатта, қиз дўстининг ота-онаси унга бермайди. Ким ҳам қизини ОИВ билан касалланган одамга турмушга беради - мен ҳам масъулиятни ўз зиммамга олмайман", дейди Гуля.

Доимий равишда даволаниб юрса (бу кунлик дориларни ва мунтазам текширувларни назарда тутади), ОИВ билан касалланганлар ўз жуфтига ва болаларига (туғиш ва эмизишда) вирус юқтирмайди, аммо ҳеч ким шундай бўлмайди юз фоиз кафолат беролмайди. Шунинг учун, ўспиринлар кўпинча ўз ҳолатларини тенгдошларидан, дўстларидан ва қиз дўстларидан яширади ва биров билан учрашишни бошлаганлар дори истеъмол қилишни тўхтатиб қўяди.

"Ўғлимнинг ўзаро ёрдам гуруҳидаги катта ёшли дўсти қиз унинг касаллигини билиб қолмаслиги учун дори ичмаслигини айтди. Ва агар унга уйлана олмаса, у ўз жонига қасд қилмоқчи. Мен энди ўғлимни ОИВ билан касалланган қизни топиш ва унга уйланиш кераклигига ишонтиряпман", дейди Гуля.

Гулининг яна бир ташвиши - ўғлининг даволанишни қандай давом эттиришидир. ОИВни даволаш ҳукумат томонидан бепул амалга оширилади, аммо ножўя таъсирлари кўп бўлгани учун бола кўпинча касал бўлиб қолади. У ҳозир ҳар ойда давлатдан 4000 сўм (50 доллардан кам) миқдорида нафақа олади. Аммо 18 ёшга тўлганида, нафақа ҳам тўхтайди. Гуля давлат унинг ўғли ва бошқа болаларга бутун ҳаёти давомида ОИВ билан курашишига ёрдам бериши керак, деб ҳисоблайди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, яшаш учун минимал иш ҳақи 5843 сўмни ташкил этади (ойига тахминан 69 доллар). Қирғизистонликларнинг қарийб 20 фоизи 2019 йилда қашшоқлик чегарасида яшаган, аммо Жаҳон банки пандемия ва карантин оқибатлари туфайли уларнинг сони 2021 йилда 35 фоизгача ўсиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Шу билан бирга, Россияда миллионга яқин қирғизистонликлар ишлайди ва яшайди, чунки ўз ватанларида иш йўқ. Россияда, агар муҳожирнинг ОИВ билан касаллангани ошкор бўлса, миграция қонунларига мувофиқ мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.

Сенга яна қанча қолди?

Бахтигул Исроилова, "ОИВ билан касалланган аёлларнинг Мамлакат тармоғи" асосчиси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши раиси, ҳозирги кунда ОИВ билан касалланган болаларнинг эҳтиёжлари ва талаблари бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда.

Магеррам Зейналов иллюстрацияси

Бахтигул 2018 йилда ўзининг ОИВ-мусбат ҳолатини ошкор қилган ва ОИВ билан касалланган аёлларнинг ҳуқуқларини очиқ ҳимоя қилган Қирғизистондаги биринчи одамдир.

2011 йилда у эридан ОИВ юқтирган. Мен бу ҳақда фақат ҳомиладорлик пайтида, Қирғизистондаги барча ҳомиладор аёллар учун мажбурий бўлган ОИВ тестидан ўтганимда билдим. Ўшанда Қирғизистонда бу касалликнинг асосий тарқалиш йўли укол бўлган, жуфтидан касаллик орттирганлар оз эди, энди бундай одамлар ҳам кўпаймоқда. Бахтигул миграция ҳам ОИВ билан касалланганлар кўпайишига ёрдам беради, деб ҳисоблайди.

"Ўша пайтда мен акушер эдим ва ҳатто репродуктив саломатлик бўйича тренинглар ўтказардим ва кўпинча ОИВдан қандай ҳимояланиш кераклигини гапирардим. Мен 38 ёшда эдим ва эримдан узоқ кутилган болани кутардим. Шу боис, касаллигим ҳақида айтишганда карахт бўлиб қолдим, ҳатто ўз жонимга қасд қилмоқчи эдим, лекин мени бу йўлдан 10 ёшли қизим борлиги тўхтатди", дейди Бахтигул.

Бахтигул ўзи ҳам илгари ишлаган туғруқхонада уялтириш ва камситишларга дуч келди, ҳамкасблари эса унга ва боласига ёмон муносабатда бўлди. У қандай қилиб ҳамширалар хонани кварцлаганда (бактерия ва микробларни ўлдириш учун ультрабинафша нур билан хонани тозалаш) болани қўлига ҳам олишни истамай, унинг устига шунчаки мато ёпиб қўйишганини даҳшат билан эслайди.

"Кесарча кесиш билан туққанимдан икки кун ўтиб, кўкрагим боғланган ҳолда мендан барча масъулиятни ўз зиммамга олиб, касалхонадан чиқишни сўрашди. Болага ҳатто таблеткалари ҳам берилмаган, эҳтимол шифокорлар ҳам ўқимаган, аммо буни эслашнинг ўзи оғир. Ота-онам мен билан гаплашмай қўйгани аҳволимни янада оғирлаштирди. Мен ўзимни мохов, хавфли ва атроф-муҳитга таҳдиддек ҳис қилардим", дейди Бахтигул.

Бахтигул қизи соғлом туғилиши учун кўплаб қийинчилик ва тўсиқларни бошдан кечирди. Ҳомиладорлик пайтида унга аборт қилишни таклиф қилишди, аммо у рад этди. У қўлидан келган ҳамма ишни қилди, ўзи билган шифокор ва ҳамшираларни чақириб, болага касаллик юқиши олдини олиш учун нима қилиш кераклигини сўради. Бахтигул фақат бир ярим ёшли қизининг қон таҳлили салбий натижа кўрсатгандан кейингина енгил нафас олди (ОИВ билан касалланган оналарнинг болалари, агар уларнинг 18 ойликдан кейин қон таҳлили салбий чиқса, рўйхатдан ўчирилади. Би-би-си изоҳи).

"Қизимнинг касал бўлиб қолмаганлиги мўъжиза, албатта. Аммо мен ўз мисолим билан ОИВ билан касалланган ҳолда ҳам яшашингиз, ишлашингиз, соғлом болалар туғишингиз мумкинлигини кўрсатишни истадим. Мен иккиюзламачиликдан чарчаб, ўз ҳолатимни ошкор қилдим: ҳатто лойиҳаларда ОИВ билан касалланганлар билан мен билан бирга ишлайдиган одамлар ҳам камситишларга йўл қўйганлар. Мен ўзим ОИВ билан касалланганимни ошкор қилганимда, кўплаб танишлар ўз асл қиёфаларини кўрсатди; баъзилари ҳатто бутунлай юз ўгирди", дейди Бахтигул.

Бахтигул ўз ҳолатини ошкор қилиш уни кераксиз махфийликдан халос этишига ишонган, аммо у ўша пайтда юридик факультетда таҳсил олаётган болаларининг, айниқса, тўнғич қизининг хавфсизлигидан хавотир оларди.

"Қизим, менинг хавотиримга жавобан, агар кимдир онам касал бўлганлиги сабабли мен билан гаплашмай қўйса, бу бизнинг эмас, уларнинг муаммоси, деди", дейди Бахтигул фахр билан.

Унинг тўнғич қизи ҳозир адвокат бўлиб ишламоқда, одамларга, шу жумладан, ОИВ билан касалланганларга ўз ҳуқуқлари учун курашишда ёрдам беради. Бахтигул судда компенсация ютиб олган Майрамни жуда яхши намуна дейди. Жамиятда эса онанинг ғалабасини турлича қабул қилишди.

Кўпчилик соғлиқни сақлаш ходимларини ҳимоя қилди, оғир иш шароити ва шифокорларнинг кам маоши ҳақида гапирди.

Бу воқеада оналарни айблайдиганлар ҳам бор.

Ўн йилдан ортиқ вақт давомида боласи касаллик юқтириб олган оналар адолатга эриша олмагач, судлардаги янги кураш учун куч йиғмоқда.

*Исмлар ўзгартирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek