Ўзбекистон: "Гей ва ОИТС бўлганим учун Россияга ишлашга бора олмаяпман"

ВИЧ

Сурат манбаси, Getty Images

27 ёшли Рахмат (исми ўзгартирилган) бундан 2 йил олдин оила қурган. Отаси вафот этган, онаси нафақада. Ўгай акаси ва унинг оиласи билан бир ҳовлида яшашади. Ўзи заводда ишчи, ҳар куни тумандан шаҳарга қатнаб ишлайди. Ойлик оз, шароити оғир. Россияга кетиб ишлашни истайди, аммо...

Қолган умримни муҳтож бўлмасдан ўтказишни хоҳлайман

- ОИТСга чалинганман. Бу касаллик билан ҳеч қаерга чиқиб бўлмайди, дейишаяпти. Ўзбекистонда ойлик кам, тор ҳовлида кўпчилик бўлиб яшаш қийин бўлаяпти. Келишмовчиликлар бўлаяпти. Ишлаган пулим эса тирикчиликдан ортмаяпти. Уй солишим керак. Қаерга бориб ишласам, яхши пул топсам бўлади? - дея Би-Би-Си ўзбек хизматига мурожаат билан чиқди шахси сир сақланишини сўраган муштарий.

Рахмат Россияга бориш ишлаш йўлларини суриштирган, аммо ишлаш учун рухсат берувчи хужжатни расмийлаштириш жараёнидаги тиббий кўрикдан чўчийди.

"Қон олишса, ОИТС касаллигим чиқиб қолади, қайтариб юборишади. Борган ҳаражатимга куяман. Озми-кўпми умримни яхши, мухтож бўлмасдан ўтказишни хоҳлайман", - дейди у.

Оғир касалликка чалинган Рахмат моддий қийинчиликдан кўра, руҳий ҳолатдан эзилаётганини айтади. Ундан ОИТСга қандай чалингани ҳақида сўрадик, у билан ўтмиши ва ҳозирги ҳаёти ҳақида қисқача ёзишдик.

Қонингиз тоза чиқмади, дейишди

"Ишга киришимдан олдин бир қизга унаштирилдим. Бироз вақт ўтиб, тўйимиз бўладиган бўлди. Ҳамма нарсани тайёрлаб, тўй куни белгиланди, таклифномалар тарқатилди. Биз никоҳдан ўтиш учун туман шифохонасига бориб, қон топширдик. Жавоби бир хафтадан кейин чиқади, дейишди.

Кейинги хафта поликлиникадан "қонингиз тоза чиқмади, қайта топширинг" деб қўнғироқ қилишди. Қайта топширдим. Натижаси ёмон: "сизда ОИТС мавжуд" дейишди.

Уйда жанжал бўлди, гап тез тарқади, маҳалладагилар, ҳамма эшитибди. Тўй куни аниқ эди.

Шифокорлар "уйланмоқчи бўлган қизни огоҳлантиринг, унга юқтирасиз", дейишди. Шу билан бирга агар қиз рози бўлиб тилхат ёзиб берса, никоҳ қоғози беришларини айтишди.

Мен қиз билан гаплашдим, унга касаллигимни очиқ айтиб хоҳласанг тег, дедим. Касаллигимга ишонқирамади. Унинг оиласидагилар бизнинг уйимиздагилар билан гаплашишди. Тўй куни аниқ эди, қайтара олишмади, у менга турмушга чиқишга рози бўлди.

Менимча, "тўйи қайтган қиз" бўлмаслик, оилам шарманда бўлмасин, маҳалладагилар ғийбат қилмасин, деб рози бўлди.

Лекин бу касаллик менда қандай пайдо бўлиб қолгани сирлигича қолди".

Менга ОИТС «йигитим»дан юққан эди

Ўзбекистонлик гей ҳикояси

Сурат манбаси, Getty Images

"Мен гейман. Бу ҳам касалликми, билмайман. ОИТС менга гей йигитимдан юқди. У билан 4 йил учрашиб юрдим. Ўзи озғин эдим, янада озиб кетдим. Ўшанда касаллигини билганимда юрмас эдим.

ОИТСга чалинганимни билганимда хаётга, ҳеч нарсага қизиқишим қолмаганди. Ҳозир ҳам шундай. Анча вақт ўзимни ўлдиришни ўйладим, лекин онамни ўйлаб бундай қилолмадим.

Шифокорлар "сизда бу касалликнинг 2-босқичи" дейишди. Ҳозир ОИТС марказидан Ҳиндистоннинг дорисини олиб ичаяпман. Марказдагилар бу дорини бир умр ичасиз, дейишган. Бошида ҳар ярим йилда, кейинчалик йилда бир текширувга боришимни айтишган.

Шу томонини ҳам ўйлайман, Россияга ишлашга кетсам, дорини қаердан олиб ичаман?!"

Гей эканлигимни билишса, ўлдиришади

Рахматдан унга касалликни юқтирган йигит ҳақида сўрадик.

"У билан интернетда танишганман. У пайти кўп нарсага ақлим етмасди. Учрашувга оқшом кетиб, эрталаб келардим. Ҳеч ким сезмасди.

Ўзи болалигимдан эркакларга қизиқиш кучли, негадир кўнглим хоҳлайди. Ҳеч воз кечолмаяпман...

Баъзида учрашиб турамиз. У ҳам ОИТСни кимдандир юқтирган. Дори ич дейишган, ичмаяпти. У ҳам уйланган. Хотини билан алоқада бўларкан, аёли яқинда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Ундан олдин қон топширганида қони "тоза" чиқибди. Менга шундай деди, ҳарҳолда.

Тўйдан кейин мени хотинимни ҳам текширтирдик, уни ҳам қони ҳам "тоза" чиқди. Унга ўтмаслиги учун фақат презирвативдан фойдаланаяпмиз.

"Йигитим" билан ҳам ҳам учрашаяпмиз. Аммо шу пайтгача гейлигимни ҳеч ким билмайди, билишса мени ўлдиришади".

Касаллик ҳамма орзуларимни йўқ қилди

"ОИТС марказидаги шифокорлар расмий никоҳдан олдин хотинимга мени ёнимда "Нари борса 10 йил яшайди, тегасанми?" деди.

Мен ўша ерда карахт бўлиб қолдим.

Америкага бориб ишламоқчи эдим. Техникаларга, ихтироларга қизиқардим. Чет тилларини ўрганишни истардим...

ОИТС ҳаммасини йўққа чиқарди.

Четга кетишни истайман, кета олмайман. Пул топишни, эркин яшашни истайман, иложим йўқ.

Буларни ҳамма билишидан ва бошқа босимлардан қўрқаман..."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek