'Бунақаси бўлмаган': Беларусь 'давлат терроризми'га қўл урдими? - Belarus, Rossiya, Lukashenko, Putin, yangiliklar

Протасевич, 2017 йил ва Ryanair самолёти

Сурат манбаси, Reuters

Беларусь Грециядан Литвага учаётган самолётни Минскка қўндиртирди. Аммо "бомба" топилмади. Беларусь бортидаги диссидент журналистни қўлга олиш учун самолётни қайтардими? Европа ғазабда. Экспертларга кўра, "бунақаси бўлмаган".

Ҳодиса кеча, якшанба куни Беларусь ҳаво ҳудудида юз берган.

Беларусь Ryanair ширкатининг йўловчи самолёти йўналишини ўзгартиришга муваффақ бўлган. Уни Минскка қўндиртирган.

Фаолларга кўра, расмий Минск самолёт бортида бўлган диссидент журналистни қўлга олиш учун бу ишга қўл урган.

Грециядан Литвага учаётган самолёт бир неча соат Минскда ушлаб қолинган.

Беларусь матбуоти бунинг сабабини "бомба хавфи" билан изоҳлаган.

Хабарлар ўзини оқламаган, самолёт бортида ҳеч нарса топилмаган.

Аммо самолёт Минскдан Литвага парвозини Роман Протасевич, унинг севган қизи дохил жами олти йўловчисиз давом этдирган.

Belarus police arresting protester in Minsk, 23 Sep 20

Сурат манбаси, Getty Images

Литвага учаётган ва Минскда қўлга олинган диссидент журналист Nexta-Telegram каналининг собиқ Бош муҳаррири экани айтилмоқда.

Бу Telegram канал Беларусдаги президент Александр Лукашенкога қарши сўнгги оммавий намойишларни фаол ёритиб келган.

Европа давлатлари бунга ғазабнок муносабат билдиришган, Беларусни "давлат терроризми"да айблашган.

Самолёт қарийб саккиз соатлик кечикиш билан алал-оқибат Литва пойтахти Вильнюсга келиб қўнган.

Литвага учаётган ва Минскда қўлга олинган диссидент журналист Nexta-Telegram каналининг собиқ Бош муҳаррири экани айтилмоқда

Сурат манбаси, TELEGRAM.ME

Сурат тагсўзи, Литвага учаётган ва Минскда қўлга олинган диссидент журналист Nexta-Telegram каналининг собиқ Бош муҳаррири экани айтилмоқда

Ryanair ширкати эса, ўзининг бу хусусдаги баёнотида Роман Протасевич номини тилга олмаган.

Унинг ҳибсга олинганлиги ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб Nexta нинг ўзи тарқатган.

Хабарда самолёт ва унинг йўловчилари тинтув қилингани, кейин Протасевичнинг олиб кетилгани айтилган.

Беларусь давлат ахборот агентлиги Белтанинг маълум қилишича, "бомба хавфи" туфайли самолётни MiG-29 қирувчи учоғи ҳамроҳлигида Минскка қўндириш қарорини шахсан президент Лукашенконинг ўзи берган.

"Вазиятни ўрганиш учун комиссия тузилди, "тафсилотлари тез орада жамоатчиликка маълум қилинади", - деб айтган Беларусь Транспорт вазирлиги бугун, душанба куни.

Литва Бош прокуратураси, ўз навбатида, "самолётни террористик мақсадларда олиб қочиш ва одамларга нисбатан халқаро қонунларга зид муносабатда бўлиш бўйича судгача тергов бошланганлиги"ни эълон қилган.

Вильнюс аэропорти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Вильнюс аэропортида Протасевичга қўллов

Йўловчиларнинг айтишларича, самолёт нега кутилмаганда Минскка қўндирилгани сабабини ўзларига айтишмаган.

Улардан бирининг сўзларига кўра, "Протасевич қаттиқ қўрқиб кетган".

"Боққанида, кўзлари жуда ғамгин кўринган".

Яна бир йўловчининг Франс-Пресс ахборот агентлигига таъкидлашича, журналист ўзини "ўлим жазоси" кутаётганини айтган.

Бунгача 26 ёшли журналистга қарши Беларусда учта модда бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бу моддалардан бири 15 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.

Аллақачон мазкур ҳодисага аралашишини сўраб, Европа Иттифоқи ва Натога даъватлар ҳам янграган.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири бу "ғайриодатий иш"нинг оқибатлари "жиддий" бўлиши билан огоҳлантирган.

Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская ҳам журналистни қўйиб юбориш талаби билан чиққан.

Россия раҳбарияти ҳозирча жим, расман бирор бир муносабат билан чиқмаган.

Alexander Lukashenko, 30 Oct 20

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Лукашенконинг бошқарув усули ҳали Совет даврларига бориб тақалади

66 ёшли президент Александр Лукашенко Беларусни 1994 йилдан буён бошқариб келади.

Ўтган йилги зиддиятли президент сайлови ортидан, у мамлакатидаги ҳар қандай ўзгача фикрлиликни буғиш, бостириш ҳаракатида.

Аксарият мухолифат намояндалари аллақачон ҳибсга олинганлар ёки Тихановскаяга ўхшаб, Беларусни тарк этишга мажбур бўлишган.

Роман Протасевичнинг ҳозирги аҳволи ва айнан қаерда экани тафсилотлари маълум эмас, бу ҳақда ҳалича расман хабар берилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek