Хитой: Уйғур имомлари Шинжондаги тазйиқлар нишонига айланишмоқда - Xitoy uyg‘urlar musulmonlar dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жоэл Гюнтер
- Role, BBC News
Уйғур ҳуқуқлари гуруҳининг янги тадқиқотига кўра, Хитой 2014 йилдан буён Шинжонда амалга ошираётган тазйиқ ва таъқиблари давомида камида 630 нафар имом ёки бошқа мусулмон диний пешволарни қамоққа олган ва ё тутиб турибди.
Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси (УИҲЛ) амалга оширган ва Би-би-сига тақдим қилган тадқиқотда аниқланишича, 18 нафар мулла тутқунликда ўлгани ҳақида далиллар мавжуд.
Қамоққа олинган аксар муллаларга "экстремизмни тарғиб қилиш", "жамоат тартибини бузиш учун одамларни тўплаш" ва "бўлгинчиликка ундаш" каби айбловлар қўйилган.
Қариндошларининг гувоҳлик беришича, бу каби айбловлар ортидаги асл сабаблар кўп ҳолларда ваъз ўқиш, намоз ўқиш учун жамоат тўпланиши ёки шунчаки имом сифатида вазифасини бажаришдир.
УИҲЛ бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган гуруҳ "Барча учун адолат" билан ҳамкорликда суд ҳужжатлари, қариндошлар гувоҳликлари, ОАВ хабарлари асосида 1 046 мулланинг тақдирини кузатган. Бу муллаларнинг кўпи уйғурлардир.
1 046 нафар мулланинг бари муайян вақтларда тутиб турилгани хабар қилинган бўлса ҳам, Хитой ҳукумати Шинжонда ахборот тарқалишини қаттиқ назоратга олгани боис, улар ҳақидаги маълумотларни текшириш кўп ҳолларда имконсиз.
630 нафар имомдан камида 304 нафари Хитойнинг уйғурларни тутиб туриш учун ташкил қилгани айтиладиган "қайта ўқитиш" лагерлари тармоғига эмас, қамоқхоналарга юборилган кўринади.
Уларнинг қамоқ муддатлари ҳақидаги суд ҳужжатлари ва гувоҳликлардан Шинжонда анчайин қаттиқ жазолар тайинланаётганини кўриш мумкин: 96 фоизи камида беш йилга, 26 фоизи 20 йилгача ёки ундан кўпроққа, 14 нафари бир умрга қамалган.

Сурат манбаси, Getty Images
Уйғур фаоли Абдували Айюбнинг тадқиқотига асосланган маълумотлар, шунингдек, "Xinjiang Victims Database" ва "Transitional Justice Database" ҳам тўлиқ эмас, уларда ҳам Шинжондаги имомларнинг бир қисми қамраб олинган.
Аммо у Шинжонда таъқиб қилинаётган диний шахсиятлар тақдирини бир қадар ёритади ва Хитойнинг уйғурларнинг диний анъаналарини йўқ қилиш ва уларни Хитой маданиятига қўшиб юбориш уринишлари ҳақидаги даъволарни тасдиқлаши мумкин.
Хитой бу даъволарни рад қилиб, Шинжондаги "қайта ўқитиш" дастуридан кўзланган мақсад уйғур ва бошқа мусулмон озчиликлар орасидаги диний экстремизмни йўқотиш эканини таъкидлаб келади.
Динни экстремизмга боғлаш
Хитой мамлакат шимоли-ғарбидаги турли этник туркий халқлар яшайдиган Шинжонда миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмонларни лагерларда мажбурий сақлаб келаётгани ишонилади. Давлат ушбу ҳудудда инсон ҳуқуқларини бузиш, жумладан, мажбурий меҳнат, стерилизация ва зўрлашда айблаб келинади.
Шинжонда тутқунликда ушлаб турилганларнинг кўпи "қайта ўқитиш" мажмуалари - қамоқхонага ўхшаш лагерларга жўнатилмоқда, у ерда улар номаълум муддатгача ҳеч қандай айблов қўйилмасдан сақланади. Бошқалари эса расман қамоққа ҳукм қилинади, уларнинг сони ва тайинланаётган жазолар оғирлиги 2017 йилдан бери ошиб бормоқда.
Тутиб турилганлар ва айбловлар ҳақидаги очиқ маълумотлар жуда оз, аммо борлари ҳам давлат қандай қилиб Шинжондаги одатий диний амалларни экстремизм ва сиёсий бўлгинчиликка боғлаётганини кўрсатади.
Шинжоннинг Қаба туманидан қозоқ имом 51 ёшли Окен Маҳмудга берилган қамоққа олиш ҳақидаги хабарномада у "экстремизмни тарғиб қилиш"да айбланган. "Xinjiang Victims Database"да тўпланган гувоҳликларга кўра, унинг оила аъзолари айтишича, у жума намозида имомлик қилгани ва масжидда никоҳ ўқигани учун қамоққа олинган.
Маҳмудни қамоққа олиш ҳақидаги илк хабарномада у "никоҳ ўқиш, таълим, жамоат бошқаруви, шунингдек, экстремизмга алоқадор материалларни тайёрлаш ва тарқатиш ҳақидаги қонунларни бузган"и айтилган. Унинг қамоқ муддати, хабар беришларича, 8 йилдан 10 йилгачадир.

Ҳами префектурасидан бўлмиш 58 ёшли расмий имом Боқисан Мирзан ҳам "экстремизм тарғиботи"да айбланиб, қамалган. Мирзан 2018 йил августида қўлга олинган, 2019 йил майига қадар изоляторда сақланган, сўнг 14 йилга Бингтон Урумчи қамоқхонасига ҳибс қилинган. Мирзаннинг оила аъзолари айтишича, унинг ягона айби имом бўлганидир.
Атуш шаҳридан имом ва нуфузли уламо Обиддин Айюбга илинган айбни кўрсатувчи ягона калит бошқа бир хитойлик расмийга қарши суд ишида баён қилинган бир-икки қатор жумладир. Ўша расмий тутқунгоҳдаги касалхонада ётган Айюбни кўргани унинг ўғлига рухсат берганликда айбланган. Шу ҳужжатда 2017 йили қамоққа олинганда 88 ёш бўлган Айюб "диний экстремист", деб айтилган.
Айюбнинг жияни Марям Муҳаммаднинг Би-би-сига айтишича, имом "кўнгли очиқ, меҳнаткаш, саҳоватли, маданиятли ва билимдон бўлган, ёшларни нафақат диний, балки бутун мактаб дарсларини тўлиқ ўзлаштиришга чақирган."
Ҳозир АҚШда бўлган Марям унинг қарийб 60 нафар қариндоши Айюб қамалгандан бери тутиб турилгани, улар орасида эри ва имомнинг барча саккиз нафар боласи ҳам борлигини айтади.

Шинжонда "умуман айб ҳисобланмайдиган ишлар" учун "юридик жиҳатдан асоссиз" баҳоналар билан экстремизмда айбловлар эълон қилинмоқда, дейди Жорж Вашингтон университетида Хитой қонунчилигига ихтисослашган профессор Даналд Кларк.
"Экстремизмни тарғиб қилиш айбловини қабул қилиш қилмасликни бир четга қўя турайлик, бу айблов учун ишонарли фактлар борми ўзи - шу масалани олайлик, - дейди у. - Қўйилаётган айбловларга қарасангиз - соқол қўйиш, маст қилувчи ичимлик ичмаслик ёки хорижга сафар қилиш - бундай фактнинг ўзи йўқ."
Имомларнинг бундай нишонга олинишининг асл сабаби "уларнинг жамоанинг уюштира олишидир", дейди УИҲЛда дастур раҳбари Питер Ирвин.
"Давлат узоқ вақт давомида имомлар билан эҳтиёткор муносабатда бўлиб келган, чунки уларнинг таъсирини билган. Ўтган бир неча йилдаги қамоққа тиқиш ва тутиб туришлар ҳудудда уйғур маданияти ва динини чеклаш учун ўттиз йилдан бери амалга ошириб келинаётган сиёсатнинг кульминацияси бўлди."
Хитой ҳукумати сўзчиси Би-би-сига айтишича, Шинжонда "мисли кўрилмаган диний эркинлик мавжуд".
"Шинжонда радикаллашувга қарши тадбирлар диний экстремизмнинг тарқалиши олдини самарали олмоқда ва радикаллашувга қарши глобал тадбирларга катта ҳисса қўшмоқда", дейди у.

"Қайта ўқитиш"нинг бошланиши
Хитой шимоли-ғарбидаги туркий этник гуруҳларни нишонга олиш янги ҳодиса эмас. Мусулмон озчиликлар 1950 ва 1970-йилларда узоқ вақт қатағон қилинган, мусҳафлар ёқилган, масжид ва мақбаралар оёқости қилинган, анъанавий кийим ва соч турмаклари тақиқланган.
1980-йилларда нисбатан очиқлик ва жонланиш кузатилди. Зарарланган масжидлар таъмирланди, янгилари қурилди; диний байрамларга рухсат берилди; имомлар ва бошқа диний пешволарга четга сафар қилишга рухсат этилди; Қуръон нуфузли уйғур олими Муҳаммад Солиҳ Ҳажим томонидан биринчи марта уйғурчага ўгирилди.
Аммо 1990 йилда Шинжоннинг Барен шаҳарчасида уйғур жангариларининг исёни Хитой ҳукуматининг таъқибларини кучайтирди ва 20 йил давомида назоратнинг қаттиқлашувига сабаб бўлди. Ҳукумат расмийлари таъсирли жамоат фаоллари сифатида кўрадиган имомлардан ҳукуматга садоқатни кўпроқ намойиш қилиш талаб қилина бошлади.
2000-йиллар бошларида имомлардан давлат таъсис қилган расмий таълим курсларига қатнашиш талаб қилинди. Бу курслар бугунги кунда бутун оммани мажбуран қамраб олаётган "қайта ўқитиш" дастури ибтидоси бўлди. "Human Rights Watch"га кўра, 2001 ва 2002 йилларда тахминан 16 000 имом ва бошқа диний пешволар "сиёсий қайта таълим" олган.

Сурат манбаси, Getty Images
Улар орасида Турсун ҳам бор. Унинг жияни айтишича, у 2001 йили айрим дуоларни арабчадан уйғурчага таржима қилиб, масжиддаги жамоасига тарқатгани учун қўлга олинган имомдир.
Турсуннинг "меҳнат орқали қайта таълим" лагеридаги икки йиллик умри унинг расмийлар қўлидаги 20 йиллик уқубатлари бошланиши бўлди, дейди унинг Хитойдан ташқарида яшовчи жияни Би-би-сига. Турсун 2002 йили меҳнат лагеридан озод қилинган, аммо полиция босими тўхтамаган ва тез-тез икки ҳафталик "ўқитиш"ларга олиб кетиб туришган. Сўнг, 2005 йилда у яна қўлга олиниб, тўрт йилга ҳукм қилинган.
"Суддан бизга ҳеч қандай расмий маълумот беришмади, - дейди жияни. - Полиция бўлимига бориб суриштиришдик, у ерда унинг қамалгани ва қайси қамоқхонада экани ҳақида қўлда ёзилган қоғоз беришди."
Турсун 2009 йили озодликка чиқди, аммо қаттиққўл сиёсатчи Чен Цюаньго Шинжонга раҳбар бўлиб, уйғурларга қарши қатағон авж олгач, 2017 йили яна қамалди.
Бошқа имомлар билан бўлгани каби, Турсуннинг бутун оиласи ёппасига босимга учради, дейди жияни. У ўшандан сал аввал Хитойдан чиқиб кетган экан.
"Тоғам ва келинойимнинг қамалгани ҳақида эшитгач, онам ва қариндошларим ҳам қамалгани хабари келди. 14 ёшдан катталарнинг бари олиб кетилган, - дейди у. - Ўтган тўрт йилда уларнинг қаерда сақланаётгани, айниқса, онам ҳақида маълумот топишга уриниб келяпман."

Бир ойча аввал Турсуннинг жияни онаси 13 йилга, укаси эса беш йилга қамалганини билиб олди. Уларга нима айб қўйилганини билмайди. Унинг отаси аллақачон бир умрлик қамоқни ўтаяпти. У 2008 йили "ноқонуний ваъз ўқиш" ва "бўлгинчилик"да айбланган", дейди у.
"Онам оддий уй бекаси эди, уни 13 йилга қамашди, тоғамни қанчага қамашганини тасаввур ҳам қила олмайман", дейди у.
"Имомда кўзга кўринмас таъсир кучи" бўлгани учун қамашган, деб қўшимча қилади у. "Давлат уларни руҳан синдириш учун, йўқ қилиш учун ҳар нарса қиляпти. Нафақат диний етакчиларни, балки тинчгина динига амал қилиб юрганларни ҳам ёки уйғурлигидан фахрланганларни ҳам. Уларни топиб, йўқ қилиш учун уриниб ётишибди."
Тутқунгоҳга кетганларнинг айримлари изсиз йўқолган. Маълумотларда номи келган 18 нафар имом изоляторда ёки ундан кейин ўлган.
Шинжондаги расман рухсат этилган Шинжон Ислом институти битирувчиси, давлат маъқуллаган диний журналнинг бош муҳаррири, икки фарзанднинг отаси Нурғози Малик 2018 йил ноябрида ўлгани хабар қилинди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Хитой расмийлари унинг ўлими ҳақида оила аъзоларига айтган, аммо жасадини бермаган. Бу каби хабарлар бошқа жойларда ҳам тарқалган. Маликнинг дўстлари ва қариндошлари Қозоғистонда унинг жанозасини ўқишган.
Яширин ибодат

2019 йил охирларида "қайта ўқитиш" лагерлари жиддий халқаро эътибор тортиб турган бир пайтда, Хитой ҳаммани бу лагерлардан озод қилганини айтди. Жуда катта рақамларни кўрсатишди. Улар уй қамоғига ёки Шинжондаги бошқа назорат остидаги ҳудудларга ўтказилган. Ҳуқуқ фаоллари айтишича, уларни шунчаки расмий қамоқхоналарга ўтказишган.
Кўп минглаб одамлар қамоқларда қолаётганини кўрсатувчи далиллар бор. "New York Times" ва бошқа ахборот ресурслари хабарига кўра, 2017 ва 2018 йилларда қамоққа олишлар сони кескин ошган - камида 230 минг одам. Бу ундан бир йил аввалгидан 200 000 га кўпдир.
Хитой ҳукумати маълумотига кўра, 2017 йилда бутун мамлакатда жиноят айблови билан ҳибсга олинганларнинг 21 фоизи Шинжонга тўғри келган, ваҳоланки, бу ҳудудда Хитой аҳолисининг атиги 1.5 фоизи яшайди.
"Қайта ўқитиш" тизимларидан фарқли ўлароқ, расмий қамоқ чораси ҳужжатларни пайдо қилади. Аммо суд ҳужжатларини "бирор ердан топиб бўлмайди", дейди "Xinjiang Victims Database" ортидаги тадқиқотчилардан Жин Бунин.

Сурат манбаси, Getty Images
Бунинга кўра, 2018 йил Шинжонда чиққан жиноят ҳукмларининг 7 714 тасигина маълум. Ваҳоланки, бу ҳудудда ўша йили 74 348 та жиний иш бўйича ҳукм ўқилган. Диндор уйғурларга қарши "экстремизмни тарғиб қилиш" ва "сиёсий бўлгинчилик" айбловлари билан чиқарилган жиноят ҳукм ҳужжатларини деярли кўриб бўлмаслиги Хитой атай из қолдирмасликка уринаётганини кўрсатади.
Агар расмий ҳужжатлар ошкор бўлса, қўйилаётган айблар қанчалик майдалиги билан одамни даҳшатга солиши мумкин.
Ҳозир ҳукумат ҳужжатларидан ўчирилган, аммо "Xinjiang Victims Database"да сақланиб қолган 2018 йилдаги бир ҳукмда "экстремизмни тарғиб қилганлик" учун қамоқ муддатининг аллақачон 10 йилини ўтаб қўйган 55 ёшли уйғур фермер қамоқда "яширинча намоз ўқиш усулидан фойдалангани" учун қамоқ муддати икки баробарга узайтирилган.
Исмоил Сиддиқ қамоқда яширинча ибодат қилган. Буни камерадоши чақиб берган ва "ноқонуний диний фаолият", "этник нафрат ва дискриминацияга ундаш"да айбланган. Иккинчи айблов уйғурлар бир бири ҳақида чақимчилик қилмаслиги керак, деган гапи учун бўлган. У 2038 йили озод қилиниши керак энди.
Лагерларда сақланаётганлар бир неча ой ёки йилдан сўнг озод қилиниши мумкин. Аммо у ердан чиқиш озодлик дегани эмас.
Шинжондан қочган уйғурлардан Муҳаммаднинг Би-би-сига айтишича, унинг отаси кўп йиллар тинч имомлик қилганидан сўнг, 2017 йили қамалган. Муҳаммад оила аъзолари ҳақидаги хабарларни Шинжондаги яқин қариндош бўлмаган бошқа танишларидан олиб туради. Аммо Муҳаммад тўрт йилдан бери отасидан дарак ололмаган.
Яқинда у отасининг озод қилинганини эшитди. Муҳаммад йиллар ўтиб, отаси билан гаплашишни хаёл қилди. У танишидан отасини топиб, телефон орқали боғланишга ёрдам беришни сўради.
Белгиланган куни Муҳаммад "WeChat" аккаунти орқали танишидан хабар олди. У Муҳаммаднинг отасини топганини, аммо отаси ўғли билан ҳозир гаплашмагани маъқуллигини айтган. Таниши бу хабарни йўллагач, Муҳаммадни блоклаб қўйган.
Айрим исмлар ўзгартирилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













