Россия: Жин ҳайдаш учун энди кимларга рухсат берилади? - Rossiya dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, OLEG VAROV/TASS
- Author, Анастасия Лотарева
- Role, Би-би-си
Энди Россияда истаган диний уламо жин ҳайдай олмаслиги мумкин. Бунинг учун саккиз саҳифадан иборат янги тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди. Россия "ҳамма нарсани тартибга солмоқчи"ми?
Рус православ черкови (РПЧ) жинларни қувиб чиқариш амалиётини тартибга солувчи ҳужжатни эълон қилди.
Би-би-си Рус хизмати бу ҳужжатни ўрганиб, илоҳиётшунос, руҳоний, диншунос ва жин чиқарувчилар (экзорцистлар) билан православлар жинни қандай қувиб чиқариши, янги қоидаларнинг нимаси янгилиги ва нега РПЧ учун "дам солиш"ни тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида суҳбатлашди.
Экзорцист Петр кечқурун тўққиздан кейин қабристонда учрашишни таклиф қилади: бунгача у "жин қувиш" билан банд бўлади.
У қабристон деганда "Сокол" метро бекатидан унча узоқ бўлмаган ердаги Биринчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ёдгорлик ва парк мажмуасини назарда тутади.
У ерда инқилобдан олдин, Совет Иттифоқида деярли йўқолган Братское қабристони бор эди, ҳозир бу жой кўп ёдгорликлар бўлган кичкина боғ, у ерда одамлар болаларини аравачада олиб, итлари билан сайр қилиб юради.
Петр Биринчи жаҳон уруши қаҳрамонлари обелиски - қанот ёзиб турган лочин ҳайкали ўрнатилган ва учбурчак ичида тилларанг кўз чизилган устун олдида учрашув белгилади.
"Сиз масонлар рамзига қараяпсизми?" деб сўрайди узун бўйли, қалин, кулранг соқолли одам. Гап бошлашдан олдин, Петр ўз шартларини айтади: ҳеч қандай диктофон, суратга олиш бўлмайди. "Радиация тарқатувчи" смартфонни ўчиришни алоҳида сўради.
У телефонимнинг "шайтоний" логосини ёқтирмай, "ҳеч қачон "iPhone" ишлатманг" деб маслаҳат беради.
Петрнинг қўлида спорт сумкаси бор, ўзининг айтишича, унда "жин чиқариш учун" зарур бўлган барча нарсалар ва кичкина тугмачали телефон бор. У ўз фамилиясини айтишдан бош тортди: "Худонинг қули Петр, шу кифоя".
Технологияларга ишонмаслигига қарамай, Петр ўз хизматларини мутлақо замонавий усулда таклиф қилади: Интернетда жияни очиб берган "бизнес саҳифаси" ёрдами билан.
Петрнинг айтишича, у диний маълумотга эга, аммо мансаби йўқ, чунки у кўп йиллар давомида таниқли ва мўътабар рус православ монастирларидан бири бўлган "Оптина пустынь"да хизмат қилган ва схиархимандрит Илийнинг руҳоний фарзанди экан.
89 ёшли схиархимандрит Илий (Ноздрев) "Оптина пустынь" биродарларининг ва Москва патриархи Кириллнинг руҳоний отаси ҳамдир.
Схиархимандритни қачон охирги марта кўргани ва у билан суҳбатлашгани ҳақидаги саволга Петр у билан "кўринмас" мулоқот қиляпман деб жавоб берди.
Шундан сўнг, у кутилмаганда бўйинга илинадиган хочни кўрсатишни сўради ва "ҳаёт берувчи хоч"га дуо ўқийман деди.
Петрнинг айтишича, у жин чиқариш амалиётини тартибга солиш тўғрисидаги янги ҳужжат ҳақида эшитган, аммо у бунга мутлақо қизиқмайди.
Унинг сўзларига кўра, "бу масалалар"ни Патриархия ҳал қилмайди, гап "низом ва муассасалар эмас, балки имон ва руҳоний кураш" ҳақида кетмоқда.
"Кўряпсизми, сиз билан муҳокама қилишга мутлақо ҳеч нарса йўқ", дея хулоса қилди-да, кескин бурилиб, хиёбон бўйлаб метро томон юрди.
Бошқа бир "схиархимандрит Мирон (Пепеляев)нинг марҳамати билан 20 йиллик тажрибага эга бўлган православ экзорцисти" нафақат одамни нопок руҳлардан тозалаш, жинларни уйдан қувишни, балки "бизнес, суд ва маъмурий муаммоларини ҳам ҳал қилишни" таклиф қиладиган одам "сиёсатни ёқтирмаслиги"ни гаплашишдан бош тортади.
Дунёдаги ҳамма нарсани тартибга солиш
2020 йил охирида Россия православ черкови диншунослик ва диний таълим бўйича комиссияси раиси ва Рус православ черкови ташқи алоқалар бўлими бошлиғи, митрополит Волоколамский Иларион федерал телеканалдаги жонли эфирда диндорлар жин чиқариш маросимини ўзлари ўтказмасликлари керак деди.
Ушбу маросимни барча руҳонийлар ўтказиши мумкин эмас - бунинг учун архиерейнинг фотиҳасини олиш керак. Митрополит алоҳида таъкидлашича, "руҳий касалликни жин кириши билан адаштириб юбормаслик керак".
Рус православ амалиётида экзорцизм кўпинча "отчитка" деб номланади ва "кишидан ёвуз руҳларни ҳайдаш мақсадида" афсун ибодатлари ўқиладиган махсус черков маросими сифатида таърифланади.
Бошқа маҳаллий православ черковларида жинларни қувиб чиқариш амалиёти қўлланилади, аммо ҳаммасида эмас: Александрия ва Антиохия патриархатлари, Польша, юнон православ черковларида фақат "сувга чўмиш орқали жин ҳайдаш" мавжуд (ҳамма православ черковларида ёвуз руҳларни қувиш учун дуо ўқиш бор).
Аммо рус православ черкови тушунчасида, жинлар катта одамлардан ҳайдалганда, улар ушбу черковларда "отчитка" қилмайдилар.
Рус православ черкови жин чиқариш тўғрисида камдан-кам ҳолларда ошкора гапиради, бу борада руҳонийлар орасида якдиллик йўқ, бу масала мунозарали бўлиб қолмоқда.
Совет даврида, аниқ сабабларга кўра, "отчитка" деярли қилинмасди - чунки буни ўтказадиган одамнинг ўзи йўқ эди.
1990-йиллар бошларида "отчитка"лар роса оммалашди ва черков раҳбарияти томонидан деярли назорат қилинмади, бу нарса уларнинг ғашига тегарди.
"Башоратгўй оқсоқоллар" ёки "шайтонқувар руҳонийлар" номи билан машҳур бўлган монастирлар ёки ибодатхоналар кўплаб одамларни ўзига жалб қилди, лекин улар кўпинча ҳукмрон епископларнинг "таъқибига" дуч келишди.
Бу масала жамоатчилик эътиборига камдан-кам ҳолларда тушарди, масалан, Сергий (Романов) ёки Иоанникий (Эфименко) сингари экзорцистларга диний хизмат билан шуғулланиш тақиқланганда уларга қарши дунёвий ҳокимият томонидан ҳам жиноий ишлар қўзғатилди.

Сурат манбаси, VYACHESLAV PROKOFYEV/TASS
2021 йил 10 апрелида Иларион тез орада жин чиқариш амалиётини тартибга солувчи ҳужжат чиқиши кутилаётганини айтганди.
У ушбу ҳужжат устида уч йил давомида ишлангани, аммо эълон қилинишдан олдин унинг мазмуни ҳақида гапирмаслигини айтганди.
Би-би-си Рус хизмати саккиз саҳифалик қоидалар лойиҳаси билан танишишга муваффақ бўлди.
Ҳужжатда "жин кириши" ёки "жин уриши" каби тушунчалар аниқ таърифланмаган: жинларга дучор бўлиш ҳолати руҳий касаллик ҳолати билан таққосланади.
Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, касаллик пайтида православ насронийлар маросимда қатнашадилар, тўпланадилар, жин кирганда эса "отчитка" ўтказилади.
Ҳужжатнинг катта қисми Ўрта асрлардан тарихий мисоллар келтиришдан иборат.
Маросимнинг амалий қисмини батафсил тартибга солиш ваъдасига қарамай, муаллифлар учта аниқ тавсия билан чекланган: жин қувиш учун учун епископдан ёзма рухсат олиш; бунинг учун экзорцистлар ҳам, уларнинг раҳбарлари ҳам "ҳақ" олмаслиги; руҳий касалликни жин тегишдан фарқлай олиш.
Руҳонийлар буни қандай фарқлаши ҳақида ҳеч гап йўқ, аммо "девиант хулқли одамлардан "жин чиқариш"га йўл қўймаслик" алоҳида таъкидланган.
Жин киришининг ўзига хос белгиларидан фақат "муқаддас нарсадан қўрқиш" зикр этилган - яъни хоч, муқаддас сув, авлиёлар қабрлари ва бошқаларга тегина олмаслик.
Лойиҳа муаллифлари, шунингдек, "сохта жин уриши ҳақида гапирадиган, руҳоний ҳаёт ҳақида бузуқ ўйлайдиган одамлардан жин чиқариш маросимини ўтказишга йўл қўймаслик" ҳақида кўрсатма беради, аммо қандай белгилар орқали сохта жин киришини ҳақиқийсидан ажратиш мумкин, бу ҳақда бирорта аниқ маълумот йўқ.
Ўзи 2015 йилдан 2020 йилгача илоҳиётшунослик масалалари ва таълими бўйича комиссия котиби сифатида ишлаган илоҳиётшунос Андрей Шишков ушбу ҳужжатнинг пайдо бўлиши сабаби Москва ва Бутун Рус патриархи Кирилл маъмуриятида "дунёдаги ҳамма нарсани тартибга солишга уриниш тенденцияси борлиги" деб айтади.
"Епископлик барча амалиётларни бошқаришни истайди, - деб тушунтиради у. - Россияда кўп йиллар давомида турли харизматик ва бошқариш қийин бўлган руҳонийлар фаолият кўрсатиб келмоқда, масалан, қувилган Сергий (Романов) фаолияти маълум, у "отчитка" ўтказган, шундан сўнг епархия уни диний хизматдан четлатган. Бу каби руҳонийлар атрофида кучли ғоявий уюшган жамоалар пайдо бўляпти."
Шишковнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда диний ҳужжатларнинг сифати "ўртамиёна" бўлиб қолди: улар мураккаб вазиятларда руҳонийларга ёрдам бериш учун эмас, балки улар устидан епископликнинг назоратини кучайтириш учун тайёрланмоқда. Янги ҳужжатлар руҳонийни жазолаш учун сабабларни яна кўпайтиради.
Шишковнинг сўзларига кўра, Рус православ черковидаги сўнгги тенденциялардан бири "руҳонийлар ва психологлар, айниқса психиатрларнинг қарама-қаршилиги"дир. Психологлар ва психиатрлар рақобатчи ҳисобланади. "Православ психологлари" деб номланганлардан эса "ё кўпроқ православ ёки кўпроқ психолог бўлишга қарор қилиш" талаб қилинади.
Мисол тариқасида Шишков Сретенская семинариясидаги катта тарбиявий психологик блокга эга бўлиши лозим бўлган пасторал маслаҳатлар бўлими атрофидаги зиддиятларни келтиради. Руҳоний протоиерий Павел Великановга қарши турли консерватив танқидлар тўпланиб, натижада у Сретенская семинариясининг фан бўйича проректори лавозимидан четлатилди.
Душман излаш
Би-би-си Рус хизматининг ҳужжат қоидаларига изоҳ бериш сўровига жавобан Рус православ черковининг ташқи алоқалар бўлими протоиерий Павел Великановга мурожаат қилишни айтди.
Великановнинг айтишича, руҳий саломатлик фанлари ютуқларини эътиборсиз қолдириш "ақлсиз иш бўлади". Аммо у "ҳеч қандай регламент руҳонийга тиббий даволашни талаб қиладиган руҳий касалликлар соҳаси - психологик соҳани руҳоний иштирокини талаб қиладиган руҳоний соҳалан фарқлашга ёрдам бермайди" деб ҳисоблаб, комиссия томонидан тайёрланган ҳужжатни аҳамиятсиз ҳисоблайди.
Великановнинг фикрига кўра, буларнинг барчаси черков ҳаётининг турли даражаларида, университетлардаги ўқув семинарларидан тортиб умумчерков конференцияларида доимий муҳокама предметига айланиши керак.
Руҳоний шуни таъкидлайдики, жин чиқаришга бу қадар катта эътибор ижтимоий касалликнинг муҳим белгиси ҳисобланади.
"Инсонга доимий хос бўлган инфантил онгнинг ҳамма нарсада ёвуз руҳлар айбдор деган қарорга келиш жуда осон, - дейди у. - Бирор киши, масалан, ғазабланса, биз уни жиннилик қиляпти деймиз, лекин умуман олганда унинг ичига кимдир кириб олган у, ўша айбдор бўлгани учун эмас, балки ҳиссиётга қул бўлган одам, худди шундай иблисдан фарқ қилмайди, савол туғилади: кимни кимдан ҳайдаб чиқарамиз?"
"Ушбу мавзуга ҳаддан ташқари эътибор берилса, христианлик шаманизмга айланади, - дейди руҳоний. - Бундай нарсалар жуда жозибали, бироқ улар христиан эътиқодини йўқ қилади, уни оддий сеҳрга айлантиради."
Унинг айтишича, "насронийлик насронийлик бўлиб қолишини истайдиган" одамларни бундай ишларга берилишлар безовта қилади.
"Экзорцизм ҳеч қачон православликка киритилмаган, - дейди ўз навбатида диншунос Борис Кнорре. - Мистицизмга берилмаган одамлар учун бу умуман тасаввурга сиғмас нарса, масхара қилиш учун сабаблар, жуда даҳшатли."
У мисол тариқасида зиёратчиларнинг "отчитка" учун борганларида тасвирга олинган кўплаб видеофильмларни келтиради.
Қидирув натижаларидаги биринчи видеода Орёл вилоятидаги Шаховодаги протоиерий ва Муқаддас Учлик ибодатхонаси бош руҳонийси Игор Суханов тутатқи билан қичқираётган ҳижобли ёш аёлнинг бошига уради.
Руҳонийнинг "ВКонтакте" даги профилида у «Орёл епархиясининг расмий экзорцисти ва схиархимандрит Илий (Ноздрин)"нинг руҳий фарзанди эканлиги айтилган.
Би-би-си Рус хизматига Орёл епархиясида айтишларича, Суханов ҳақиқатан ҳам "бу иш билан шуғулланган", аммо экзорцист лавозими ёки унвони йўқ. Шунга қарамай, епархия Суханов епископдан "отчитка" учун фотиҳа олганини тасдиқлади.
Кнорре бундай ҳужжат илгари тайёрланмаганига ҳайрон, чунки бу амалиёт тобора оммалашиб бормоқда. Диншуносларнинг фикрига кўра, Рус православ черковининг ҳар иккинчи епархиясида экзорцист бор.
Шу билан бирга, иерархлар узоқ вақт давомида фақат архимандрит Герман (Чесноков) ҳақида гапиришган.
У Рус православ черкови томонидан "нопок руҳларга чалинганларни даволаш" маросимини ўтказишга расман рухсат берилган ягона руҳоний эди.
Ўтган йилнинг 8 августида архимандрит Герман коронавирус инфекцияси сабабли вафот этди.

Сурат манбаси, ANDREI RUSOV/TASS
"Архимандрит Герман "эски гвардия" одами эди, - дейди Кнорре. - Аксарият экзорцистлар ўта содиқ тарафдорларга эга, бу эса черков ичида мустақил анклавларни ҳосил қилиши мумкин. Улар шу қадар кучайиши мумкинки РПЧ сиёсатига ҳам қарши чиқиши мумкин. Сергий Романов ишида бу кўринди".
Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, бу ҳар қандай епархия учун молиявий фойдали бўлган амалиётдир, шунинг учун епископлар мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда: зиёратчиларнинг чексиз автобуслари келадиган, катта хайрия маблағлари оладиган руҳонийларни сақлаб қолиш, шу билан бирга, жин ҳайдовчиларга жуда кўп мустақиллик бермаслик".
Диншунос олим уларнинг куч ишлатар тузилмаларга таъсирини алоҳида таъкидлайди: "Хавфсизлик хизмати ходимлари ташқи дунёда душманлар кўплигига, жин қувувчилар эса руҳий оламда душманлар кўплигига ишонади. Бундай кураш кайфияти икки тоифа учун хос. Мистик фикрлайдиган одамлар руҳий душманликнинг ғоявий сиёсий тимсолини топишга ҳаракат қиладилар. Куч ишлатар тизим ходимлари эса черковга борганда, у ердаги тасаввурларни яхши қабул қиладилар."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













