Дайджест: Энди блогерлар солиқ тўлайдими? - Rossiya, Navalniy, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
Навальний қамалди, Европа янги санкциялар тараддудида, Британия карантиндан чиқиш ҳаракатида, Россияда вакцина кўпайиб, аҳоли камайган ва Тожикистон нима қилмоқчи - халқаро дайжест.
Россияда учинчи вакцина рўйхатга олинди

Сурат манбаси, ARTEM GEODAKYAN/TASS
Россияда 20 февраль куни "КовиВак" номли учинчи вакцина рўйхатга олинди, коронавирус инфекциясига қарши бу воситани Чумаков номидаги марказ ишлаб чиққан.
"КовиВак" вакцинасини аллергиянинг оғир шакллари билан касалланганлар ва бошқа вакциналар асоратларини кечирганлар, ҳомиладорлар ва вояга етмаганларга бериш мумкин эмас.
Россия Бош вазири Михаил Мишустин март ойининг ўрталарига бориб, янги вакцинанинг илк тўплами 120 минг дозада аҳоли учун қўллашга киритилишини билдирди.
Бунга қадар Россияда Гамалея номли марказнинг "Спутник V" ва "Вектор" марказининг "ЭпиВакКорона" вакциналари рўйхатга олинган эди.
Россия аҳолиси сони сўнгги 15 йилда рекорд даражада камайган
2020 йилда Россия аҳолиси 510,5 минг кишига камайгани 2005 йилдан буён энг паст кўрсатгич бўлиб турган рекордни янгилади.
Росстат эълон қилган маълумотларга кўра, Россияда 2020 йилнинг бошида 146,7 миллион киши истиқомат қилган, бу йилнинг бошида эса мамлакатнинг 146,2 миллион аҳолиси бор. Бу аҳолининг 2014 йил бошидан (143,7) бери энг кам кўрсаткичидир.

Сурат манбаси, EPA
Россиялик аҳолишуносларга кўра, COVID-19 эпидемияси манзарасида Россияда 2020 йилнинг сўнгги 10 ойи давомида ўлим ҳоллари 2010 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга чиққан, 2019 йилга таққослаганда эса, 10 фоизга ўсган.
"Коронавирус биз ўйлагандан ҳам xавфлироқ бўлиб чиқди. Россиянинг 16 ҳудудидаги ФҲДЁларнинг декабрь ойи ҳисоботлари натижасига кўра, 2020 йилда ўлим ҳоллари 338 минг кишига кўпайганини кўриб хулоса қилаяпмиз", - тасдиқлади мустақил демограф-эксперт Алексей Ракша.
Бу билан бир вақтда Россияда туғилиш ҳам камайган. 2020 йилнинг январь-ноябрь ойларида туғилишлар сони 2019 йилнинг шу даврига қараганда 4,4 фоизга камайган.
Ғарбда Навальний қамалиши муҳокамалари

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган хафта якунида Россия судлари мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийга берилган икки ҳукмни ўз кучида қолдирди ва Европа Иттифоқи Tашқи ишлар вазирлари душанба куни Россиядаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилишади.
Европа дипломатлари раҳбари Жозеп Боррель суд қарорларида Европа Иттифоқининг жавобини муҳокама қилишни ваъда қилди ва Россия судларини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судини Навальнийнинг жиноий жавобгарликка тортилишини эътиборсиз қолдиришда айблади.
Мухолифат раҳбарига нисбатан суд қарори сиёсий бўлганини таъкидлади.
Видеоконференцияга АҚШ Давлат департаменти Энтони Блинкен ҳам қўшилади. Европа мамлакатлари ТИВ раҳбарлари Кремлга нисбатан янги санкциялар киритиш бўйича қатъий қарорларни қабул қилиши кутилмоқда, деб ёзади Франс-пресс.
Нашрнинг қўшимча қилишича, чоралар қарорига ЕИга киришга тақиқ ва активларнинг музлатилиши кабилар ҳам қўшилиши мумкин.
Шундан сўнг таҳлилчилар унга киритиладиган рўйхат бўйича ишлайдилар. Санкциялар бўйича илк хабарлар аллақачон немис матбуотида кўрина бошлаган, деб ёзди «Дойче Велле»
Бугун БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Kенгашида ҳам Россия муҳокама қилинади.
Британия локдаундан чиқиш арафасида

Сурат манбаси, Getty Images
Борис Жонсон локдаундан чиқиш режасини тақдим қилди.
Англия январдан буён қаттиқ локдаунда қолмоқда: меҳмонга бориш, кўчада гуруҳ бўлиб кўришиш ва муҳим сабабсиз шаҳар кезиш мумкин эмас.
Мактаблар ва университетлар, озиқ-овқат дўконларидан бошқа савдо марказлари ёпилган.
Бу каби тақиқлар Бирлашган Қиролликнинг бошқа қисмларида ҳам амал қилади.
Шу билан бирга Британия Covid-19 га вакцинациялаштиришда дунё бўйича етакчилар сафида: 17,5 млн дан зиёд киши аллақачон биринчи эмлашни олганлар. Олимларнинг таъкидлашича, бу вакциналаш юқумли касалликлар ва ўлимларнинг пасайишига олиб келди.
Ижобий динамикага таяниб, душанба куни Бош вазир Борис Жонсон Англиянинг локдаундан чиқиш тартибини эълон қилади.
8 мартдан бошлаб мактаблардаги машғулотлар ва кўчада кўришишлар тақиқлари олинади, аммо битта одам билан мумкин. 29 мартдан бошлаб эса 6 кишилаб тўпланиш мумкин бўлади. Шу кундан очиқ ердаги спорт майдончаларига ҳам рухсат берилади.
Тожикистонда блогерларга солиқ солинади

Сурат манбаси, courtesy
2020 йилнинг 1 апрелдан бошлаб Тожикистонда блогерлар ва YouTube каналлари эгалари солиқ органларида рўйхатдан ўтиши шарт.
Тожикистон Солиқ бош бошқармаси раҳбари Шамсулло Кабирзода яқинда мамлакатда видеоблоглар учун солиқ жорий қилинишини маълум қилди.
Масъулнинг сўзларига кўра, ҳозирда Тожикистонда блогерларнинг 29 та саҳифа ва канали бор, улар 3 миллиондан 19 миллионгача аъзолари бўлган аудиторияга эга.
Блогерлар 1 апрелгача солиқ идораларидан рўйхатдан ўтишлари шарт, акс ҳолда қонун олдида жавобгарликка тортиладилар.
Кабирзода блогерлар учун қанча солиқ белгилангани борасида аниқ рақамларни келтирмаган.
Бироқ давлат фуқароларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти даромадидан солиқ олишга тўла ҳаққи борлигини билдирган.
«Гап блогерларга солиқ солиш ҳақида кетганида ҳеч қандай тушунмовчилик бўлиши мумкин эмас», деди расмий.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















