Сейсмик ўзгаришлар: 2020 йилда Ковид 19 дунёни қанчалар ўзгартирди - Янгиликлар

Illustration showing two people with thought bubbles

2020 йил бошқа бирор йилга ўхшамади. Коронавирус 67 миллиондан ортиқ одамни зарарлади, 80 фоиз иш ўрнига таъсир қилди, миллардлаб одамни карантинга тиқди.

Пандемия бўлмаганда 2020 йил қандай йил бўларди? Суюкли яқинларимиз билан бўлишга қанча қўшимча вақтимиз бўларди? Қанча туғилган кун, тўй ва бошқа муҳим воқеаларни ўтказиб юбордик?

Инқироз ҳар биримизга шахсан таъсир қилар экан, дунё бўйлаб янгиликбоп ҳодисаларни ҳам шакллантирди.

Мана дунёнинг тўрт қитъасида юз берган ва пандемия таъсир қилган воқеалар.

1. АҚШ сайлови

Illustration showing Donald Trump at a rally, Joe Biden wearing a mask, and post boxes, over a map of North America

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

Президентлик сайлови мутлақо бошқача кўриниш олиши керак эди. Сайлов кампанияси йўлаклари бўйлаб сершовқин, тиғиз митинглар, чиқишлар бўлиши керак эди.

Аммо пандемия сабабли номзодларнинг шахсан учрашувлари кечиктирилди, Жо Байден Демократик партиядан номзодликни деярли бўш хонада қабул қилиб олди. Оқ уйда ўтажак тадбирларнинг бир қанча қатнашчиларига Ковид юқди. Президентнинг ўзи ҳам тест натижаси ижобий чиққач, касалхонага учди.

Экспертлар Дональд Трамп сайловда ютқазишининг бир қанча сабаблари борлигини айтишади, аммо унинг пандемияни жиловлашдаги хатолари энг катта сабаб бўлди.

"Пандемия Трампга қаттиқ зарар бергани аниқ", дейди Эмори коллежида сиёсатшунослик профессори Алан Абрамовиц. Жаноб Трамп керакли чораларни кўра олмади ва қайсидир даражада ижтимоий масофа сақлаш ва ниқоб тақиш каби жамоат соғлиғи бўйича йўриқномаларни писанд қилмади, натижада ўзгарувчан штатларда аҳолини ўзидан узоқлаштириб, Байденга имконият яратиб берди, дейди у.

Буни қарангки, қўшимча қилади профессор, одамлар одатда инқироз вақтида президент томонда турарди. "Агар жаноб Трамп пандемияга жиддий ва самарали муносабатда бўлганда, у сайловни осонгина ютиб олар эди."

Пандемия, шунингдек, иқтисодий пастлашга ҳам сабаб бўлди. Бу эса лавозимдаги президент рейтингига салбий таъсир қилади.

1984 йилдан буён президентлик сайловлари натижаларини тўғри прогноз қилиб келаётган "13 калит" тизимини яратган тарихчи Алан Лихтман бир қанча омиллар, жумладан, узоқ муддатли ва қисқа муддатли иқтисодий аҳволни ҳисобга олган ҳолда августда Байденннинг ғалабасини башорат қилган эди.

"Айнан Трампнинг пандемияга жавоби унинг мағлубиятига олиб келди", дейди Америка университети тарих профессори Лихтман. "Трамп пандемияга паст баҳо берди ва инфекция тарқалиши олдини ололмади ва шу билан у қисқа муддатли ва узоқ муддатли иқтисодий калитларни йўқотди."

Ковид 19 сабабли Демократик партия сайлов кампаниясининг асосий қисмини онлайн шаклда ўтказди. Бу эса Байденга қўл келди.

Joe Biden accepts the Democratic nomination at the virtual DNC

Сурат манбаси, Getty Images

"Байден гапирганда адашиб кетиши, хато гапириб юбориши билан эсда қолган", дейди Виржиния университетида "Sabato's Crystal Ball" сиёсий таҳлил хабарномаси муҳаррири Майлс Коулман.

Пандемия сабабли жаноб Байден нофаол позицияни эгаллади, сайлов эса "Трампга кўпроқ ёки камроқ овоз берилиши" билан ҳал бўларди, "икки номзоддан бирини танлаш билан эмас".

Аммо, Коулман қўшимча қилади, Республикачилар анъанавий сайлов кампаниясини давом эттирдилар бу эса "яхши интернети бўлмаган, сайловчиларга эшикма эшик бориб учрашга тўғри келадиган қишлоқ жойлардаги оқ танли бўлмаганлар овозини ютиб олди."

Ниҳоят, проф. Лихтманнинг ишонишича, пандемия сабабли сайловга қатнашганлар сони охирги бир аср давомида энг кўп бўлди. Пандемия "миллий фавқулодда ҳолатни юзага келтирди... Менимча ана шу сайловни ҳам Трамп тарафдори, ҳам Байден тарафдори бўлган америкаликлар ҳаётидаги муҳим воқеага айлантириб қўйди.

2. Гонконг намойишлари

Illustration showing Carrie Lam, Joshua Wong, Nathan Law and Agnes Chow, with a Hong Kong flag, over a map of southern China and the surrounding area

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

2019 йили дунё Гонконгдаги қайталланувчи туганмас инқироз гувоҳи бўлди. Халқаро молиявий марказда деярли ҳар ҳафта демократия учун намойишлар бўлди, уларда полиция билан тўқнашувлар кузатилди, кўздан ёш оқизувчи газ, ҳатто ўқ отар қуроллардан фойдаланилди.

Ўша вақтда бу намойишчиларни Пекин ва айрим бизнес ташкилотлари қораласа ҳам, аҳолининг аксар қисми хайрихоҳ муносабатда эди. Бу 2019 йил охирларидаги маҳаллий сайловларда демократия учун гуруҳлар яққол ғалаба қозонганидан ҳам кўриш мумкин. 2020 йилгача Гонконг кўчалари асосан тинч бўлса ҳам, аммо ҳаракат бостирилди, демократия тарафдори бўлган депутатлар истеъфо берди ёки мамлакатдан бутунлай чиқиб кетди. Нима ўзгарди?

Январь ойида Ҳонгконгга кириб келган пандемия сабабли намойишлар камайди, дейди талаба фаоллардан Жои Сиу. "Ҳонгконгликлар вируснинг қанчалик таҳликалилигидан хабардор эди. 2003 йилда биз Сарс эпидемиясини кўрганмиз."

Аммо пандемиянинг биринчи ва иккинчи тўлқини нисбатан тез жиловланди. Асосий ўзгариш жамоавий йиғилишлар бўйича қаттиқ тартиб ўрнатилгани бўлди. Бу эса намойиш учун ҳам жазо беришга йўл очар эди.

Нотр Дам университетидан сиёсатшунослик профессори Виктория Хуининг айтишича, расмийлар доим ҳукуматга қарши намойишларни тўхтатишни ўйлаган ва пандемия уларга жамоат соғлиғи баҳонасида чора кўриш имконини берди. Бир неча демократ фаолларга жарима солинди ва ижтимоий масофа сақлаш йўриқномалари асосида намойишлар тақиқиланди.

Сиу хонимнинг айтишича, аввалига кўпчилик рухсатсиз намойиш ўзказиш учун таваккал қилиб кўрди, чунки "қамалмаслик ёки судда ютиб чиқиш учун имконият бор эди."

"Аммо ҳозир, жамоавий йиғилишлар тақиқланган, полиция эса демократия учун намойишга қатнашатёгандек кўринган ҳаммани жазолай олади ва 260 доллар миқдорида жарима солади."

Ҳукумат кўрилаётган чоралар касаллик олдини олиш учун экани, аниқ илмий хулосаларга таянишини айтади.

Protesters light candles during the 31st anniversary of the Tiananmen Massacre. Thousands gathered for the annual memorial vigil in Victoria Park to mark the 1989 Tiananmen Square Massacre despite a police ban citing coronavirus social distancing restrictions.

Сурат манбаси, Getty Images

Шундай қилиб, Гонконгнинг демократия учун ҳаракатини чекловчи икки катта ўзгариш бўлди - кенг қамровли миллий хавфсизлик қонуни қабул қилинди, парламент сайловлари кечиктирилди.

Миллий хавфсизлик қонунига кўра, ҳукуматга қарши "нафрат қўзғаш", бошқа давлатларни Хитой расмийларига қарши санкция қўйишга чақириш, намойишларда муайян шиорлардан фойдаланиш ва ҳақоратлар учун бир умрлик қамоқ жазоси белгиланди. Пекин Гонконгнинг яхлитлиги учун шундай қонун керак деб айтиб келаётган эди, аммо айрим кузатувчиларнинг фикрича, қонунннинг май ойида қабул қилингани "унга ҳам Ковид 19 таъсир қилгани"ни кўрсатади.

"Пекин дунё бу пайтда ўзи билан ўзи овора эканини чамалаган", дейди профессор Ҳуи.

Қонуннинг таъсири дарров билинди. Айрим демократик гуруҳлар бўлиниб кетди, намойишчиларни қўллаб пешлавҳа илиб қўйган дўконлар ҳам шиорларни олиб ташлади. Фаоллар норозилик билдиришдан қаттиқ қўрқиб қолди, дейди Сиу хоним.

Қонунни дастакловчилар эса у бир йил давом этган зўравон намойишлардан кейин тинчликни тиклади дейдилар.

Орадан бир ой ўтиб, касалликнинг учинчи тўлқини асносида ҳукумат - соғлиқни сақлаш бўйича экапертларнинг хавфсиз шаклда сайловни ташкиллаш мумкинлиги ҳақидаги гапларига қарамай - депутатликка сайловлар бир йилга кечиктирилишини эълон қилди. Ҳукумат "инфекциянинг улкан хавфи"ни назарда тутиб, сайловни кечиктириш зарур, бутун дунёда ўнлаб сайловлар кечиктириляпти деди.

Шунга қарамай, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу сиёсий чора бўлганига ишонишади, чунки демократик гуруҳлар сайловда ғалаба қилиши мумкин эди. Шундан кейинги бир неча ойда бир қанча демократ сиёсатчилар полиция томонидан айбланди ёки бутунлай дисквалификация қилинди.

Ноябрда Ҳонгконгнинг барча демократ депутатлари норозилик билдириб, истеъфо берди, биринчи марта қонун чиқарувчи орган мухолиф овозларсиз қолди.

3. Эфиопиядаги Тигрей инқирози

Illustration showing Debretsion Gebremichael and Abiy Ahmed over an illustration of armed fighters in a truck

Сурат манбаси, Getty Images / BBC

Африкадан ташқарида кўпчилик 2020 йилгача Эфиопия шимолидаги Тигрей ҳақида эшитмаган эди.

Аммо ноябрь ойида Эфиопия ҳукумати ва минтақавий партия Тигрей халқ озодлик фронти (ТХОФ) ўртасида тўқнашув келиб чиқди. Юзлаб одам ўлгани, 40 000 одам қўшни Суданга қочгани ҳақида хабарлар чиқди. Жанглар бутун минтақадаги барқарорликка рахна солиши ҳақида хавотирлар пайдо бўлди.

Бу инқирозни келтириб чиқарган сабаблардан бири Ковид 19 боис миллий сайловларнинг қолдирилиши ортидан келиб чиққан келишмовчиликни ҳукумат ҳал қила олмагани бўлди.

"Сайловнинг қолдирилиши урушнинг энг асосий сабабларидан бири бўлди", дейди "Addis Standard" бош муҳаррири Цедале Лемма.

Янги Бош вазир Абий Аҳмад етакчилигида Эфиопия 2018 йилдан демократик ислоҳотларни бошлаган эди. Миллий сайловларнинг 2020 йил август ойига белгилангани "ўн йиллаб сиёсий майдондан четлатилган" кўпчилик мухолиф гуруҳлар учун бир имконият бўлган эди, дейди у. "Ҳамма ҳаяжонда эди."

"Сиёсий рақиблар ўртасида доим зиддиятлар бўлган ва айримлар сайловдан кейин зўравонликлар бошланиши ҳақида хавотир билдирган эди. Шунга қарамай, одамлар сайлов зиддиятларни аритишига умид қилаётган эди."

Март ойида пандемия бошлангач, сайлов комиссиясининг сайловни кечиктириш ҳақидаги илк қарорини кўпчилик мухолиф гуруҳлар қабул қилган эди. Аммо, ҳукумат белгилаган сентябрдаги муддат яқинлашганда конституцион инқироз пайдо бўлди.

Ҳукумат келгусида нима қилиш борасида мухолиф партиялар билан муроса қилишни эплай олмади, дейди Цедале. Бунинг ўрнига юридик кенгаш сайловни номаълум муддатга - пандемия тугагунгача кечиктирди. Парламентнинг юқори палатаси буни қабул қилди. Палатада эса ҳокимиятдаги партия ҳукмрон эди. Бу эса ҳукуматнинг рақиблар олдидаги легитимлигини юқотди.

An Ethiopian girl stands at the window of a temporary shelter, at the Village 8 refugees' transit camp, which houses Ethiopian refugees fleeing the fighting in the Tigray region, near the Sudan-Ethiopia border, Sudan, December 2, 2020

Сурат манбаси, Reuters

Ҳалқаро инқироз гуруҳининг Африка бўйича дастури директори Комфорт Эро "пандемия ва сайлов юзасидан қарор шундоғам чўғланиб турган зиддиятга ёғ сепди" дейди.

Эфиопия хукумат ва вилоятлар ўртасидаги таранглик, зўравонликлар хавфи боис аллақачон мўрт ўтиш босқичида эди, дейди у. Мухолифат сайловларнинг кечиктирилишини "Бош вазирнинг рақиблар билан ҳисоблашмай, ўзбошимчалик билан қарор чиқариши" деб тушунди.

Бунга жавобан, шундоғам Бош вазир билан анчадан буён зиддиятда бўлган ТХОФ федерал ҳукумат қарорига зид равишда 9 октябрда ўз сайловини ўтказди.

"ТХОФ марказий ҳукуматни бўлак тан олмай қўйганди ва ўз навбатида марказий ҳукумат ҳам ТХОФни тан олмади. Улар бир бирини делегитимлаштирди, шундан сўнг уруш вақт масаласи бўлиб қолганди холос", дейди Цедале.

Эфиопия қўшинлари Тигрей марказини эгаллаб, ғалаба қозонганликларини эълон қилди, аммо уруш минтақанинг турли қисмларида давом этди. БМТ бу урушнинг "тинч аҳолига даҳшатли зарари"дан огоҳлантирди. Тўқнашув "фожеали, қайғули... биз муроса асосидаги сиёсатни шакллантиришдек олтин фурсатни қўлдан бой бердик", дейди Цезале.

4. Исроилдаги сиёсий инқироз

Illustration showing Netanyahu and Gantz over a map of the Middle East

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

Апрел ойида сиёсий кузатувчилар пандемия Бенямин Нетаняҳунинг сиёсий каръерасини сақлаб қолгани ҳақида гапира бошлаган эди.

Жаноб Нетаняҳу эндигина рақиби Бенни Ганц билан коалицион ҳукумат тепасида бешинчи муддат Бош вазир бўлишга қасамёд қилган эди. 2019 ва 2020 йилларда уч марта сайловлар ўтказилганига қарамай мамлакат қарийб бир йил сиёсий мавҳумлик ичида яшаганди. Бирорта ҳам партия ҳукуматга келиш учун етарли ўринга эга эмасди.

Аслида мартдаги сайловларда жаноб Ганц ҳукумат тузиш учун биринчи бўлиб таклиф қилинди, чунки уни жаноб Нетаняҳуни кетказиш учун бирлашган, бироз фарқ билан кўпчилик депутатлар қўллаётган эди.

Шунга қарамай, мухолифат "ҳукумат тузишга қийналди, чунки улар жуда фарқли партиялардан шаклланган бўлиб, ўта ўнгчи миллатчилардан тортиб, сўлчи коммунистларгача бор эди", дейди "Ҳаарец" газетаси шарҳловчиси Аншел Пфеффер.

Сўнг пандемия бошланди. Жаноб Нетаняҳу ҳамон муваққат етакчи сифатида ишлаётганди.

"Одамлар бирдан фавқулодда вазият эканини пайқаб қолишди ва Нетаняҳу Ковидга қарши чораларни бошлаб юборди. Фақат угина фавқулодда ҳолатда малакатни бошқара олишини айтди", дейди Пфеффер. "Пандемия Нетаняҳу учун сиёсий жиҳатдан айни вақтида бошланди, Ганцга босим ўтказиб, уни ўзига қўшилишга кўндиришга ёрдам берди."

Нетаняҳу Бош вазир бўлганда ҳукуматда ҳеч қачон у билан бирга ўтирмасликка ваъда берган жаноб Ганц ўзининг бу қарорини "одатдаги ҳолат эмасди" деб оқлади.

Коалицион ҳукумат шартларига кўра, Нетаняҳу ва Ганц навбати билан Бош вазир бўлади. Аввал Нетаняҳу бошлаб беради. Бу келишув жаноб Нетаняҳунинг ғалабаси бўлганини айтади таҳлилчилар. У мухолифларининг бир неча ой аввал коррупция айбловлари сабабли лавозимни тарк этиш талабини рад қилган эди. У ўзига нисбатан айтилаётган пора олиш, фирибгарлик, келишувни бузиш каби айбловларни рад қилган.

Protesters speak through megaphones during a demonstration against Israeli Prime Minister Benjamin Netanyahu's alleged corruption and his handling of the coronavirus disease (Covid-19) crisis, in Tel Aviv, Israel October 22, 2020

Сурат манбаси, Reuters

Пандемия Нетаняҳуга нафас рослашига имкон берди, дейди "Globes"да дипломатик масалалар бўйича мухбир Тал Шнайдер. "Саҳна ортидаги бутун муаммо жиноят айбловлари эди, у вақтдан ютмоқчи кўринади."

Аксинча, жаноб Ганц сиёсий хавф бўлмай қолди, чунки у ҳукуматда Нетаняҳу билан иттифоқ тузиб, "сайловчиларини чув туширган" бўлиб кўриниб қолди

Коалицион ҳукумат узоқ турмади, саккиз ой ўтиб, давлат бюджети устидаги келишмовчилик сабаб бузилди.

Исроиллик сайловчилар март ойида ўзларининг икки йил ичидаги тўртинчи сайловини ўтказишади ва жаноб Нетаняҳу эса "катта ғалаба" билан қайтишини айтмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek