Ковид чеклови боис тўйга атиги 10000 меҳмон келди Covid-19 Malayziya

Сурат манбаси, facebook.com/officialkunan
Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб жуда кўп инсонларнинг маҳалла эмас, дунёга дув-дув гап бўладиган тўй ўтказиш орзусини чиппакка чиқарди.
Аммо Малайзиядаги бир тўй соҳиблари "меҳмонларнинг сони 20дан ошмасин" деган чекловни бузмаслик ҳамда ўзларини табрикламоқчи бўлган 10000 дан ортиқ меҳмон қутловларини олишнинг уддасидан чиқдилар.
Нега 10000 дан ортиқ?
Чунки тўйхона атрофида камида 10 минг машина санашган ва ҳар бир автомобиль ичида камида икки меҳмон бўлган.
Бу қанақа тўй бўлди, дейсизми?
Меҳмонлар фақат автомобилида тўй мезбонлари олдига яқинлашадиган, машинадан тушмасдан табрик ва туҳфаларини ҳадя қилиб, қўлига тўй ноз-неъматлари тугилган тугунни олиб ўтадиган тўй.
Келин-куёв пойтахт Куала-Лумпурдаги муҳташам Путражайя саройи ташқарисида ўтиришди, меҳмонлар эса ўз автомобилларида секин ўтиб кетаверишди.
Машиналарнинг ойналарини туширишга рухсат берилмади, меҳмонлар фақат ичкаридан қўл силкиб ўтаверишди.
Келин-куёв оддий оиланинг фарзандлари эмас эди - куёв Тенгку Муҳаммад Ҳафиз Малайзиядаги таниқли сиёсатчи, собиқ Вазирлар Маҳкамаси аъзоси Тенгку Аднаннинг ўғли, айни ўша кун сиёсатчи ўзининг таваллуд кунини ҳам нишонлади.
Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Instagram пост
Жаноб Тенгку Аднанни мамлакатдаги таъсири кучли одам деб билишади, у ўғлининг тўйи ҳақидаги хабар ва фотоларни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида бўлашди.
Эрталабдан бери 10000 дан зиёд машина келганини менга айтишди, деб ёзди ота Фейсбукда.
"Мен ва менинг оилам учун бу катта шараф. Тушунганингиз учун, автомобилингиздан тушмасдан туриб тўйимизда қатнашганингиз учун ҳаммангизга раҳмат", деб ёзди Тенгку Аднан.

Сурат манбаси, facebook.com/officialkunan
Меҳмонларнинг фақат қўлини силкиб автомобилида ўтишининг ўзи уч соат вақтни олган.
Малайзия маҳаллий матбуоти хабар қилишича, ижтимоий масофа сақлаш талабларига тўла риоя қилган ҳолда аввалдан тайёрлаб қўйилган тўй ноз-неъматлари меҳмонларга автомобиль ойнаси оша узатилган.
Аммо бу шодлик узоққа чўзилмагани чатоқ бўлди: тўйнинг эртаси куни куёвнинг сиёсатчи отаси $500,000 лик коррупция жиноят ишида айбдор деб топилди, жаримага тортилди ва яна бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.
Мухбирларнинг ёзишларича, Малайзия ҳам шу кунларда Covid-19нинг янги тўлқинига дуч келган.
Шу вақтгача мамлакатда қарийб 92000 коронавирус юқиши ҳолати тасдиқланган, 430 дан зиёд киши ҳаётдан кўз юмган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












