2020 йил – дунё таниб бўлмас даражада ўзгарди 2020 Koronavirus

Коронавирус

Сурат манбаси, .

    • Author, Ник Брайант
    • Role, BBC News, Нью-Йорк

Онам бу ҳақда дунёдаги барча учоқлар қўндирилишидан аввал, касалхоналар даҳшат маконига айланишидан аввал айтганди. 2020 йил ҳамма ишлар пачава бўлган, энг ёмон йил бўлишидан аввал.

Ўшанда касаллик эпицентри Хитой ва круиз кемалари эди. Биз ўшанда соддалик билан бу касалликни ялпи карантинсиз, шунчаки касалланганларнинг изига тушиш орқали йўқотиш мумкинлигига ишонардик. Аммо оилам билан Пасха байрамини Британияда ўтказиш учун боришга чипта буюртирганимда онам Атлантика океани оша саёҳат қилишимиз эҳтимоли жуда озлигини айтганди.

Унинг башорати тўғри бўлиб чиқди. "Она, улар бутун дунёни ёпиб қўя олмайди ахир." Менинг бу жавобим тезда кулгили бўлиб қолди.

Йил бошларида тахминан шундай ўйлардим: 2020 йил ниҳоят иқлим ўзгариши таҳдиди англаб етилган йил бўлади. Бутун Янги Йил кунлари матбуотнинг бош саҳифаларини эгаллаган Австралиядаги ўрмон ёнғинлари ўтмиш ва келажакни аввал ва кейинга айлантиради.

Сиднейдан келаётган суратлар даҳшатли эди. Опера театрининг қобиғи тутун билан қопланган. Дунёнинг яшашга энг қулай шаҳарларидан бирида одамлар кундалик ҳаётларини юзларига ниқоб тақиб ўтказаётганди.

Кўп ўтмай бу бир парча мато ҳар бир қитъадаги ҳар бир шаҳарда пайдо бўлди - бу сафар мутлақо бошқа респиратор хавфдан ҳимоя қилиш учун. Ниқоб нафақат йилнинг, балки янги даврнинг тимсолига айланди.

Ҳали дунё Ковид дегани нарсани билмас, бор эътибор Австралия ўрмон ёнғинларига қаратилганди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳали дунё Ковид дегани нарсани билмас, бор эътибор Австралия ўрмон ёнғинларига қаратилганди

Биз алғов-далғов йигирманчи йилларга тўсилган оғизларимиз, ички қўрқувимиз билан кириб бордик. Пандемия бошланмасидан аввал жуда оммабоп бўлган анти утопик фильмлар ва китобларда бир савол бор эди: ҳаётда шундай бўлиши мумкинми? 2020 йил жавоб берди: Ҳа.

Вақт ўз устига ўзи қулаб тушган, кунларни баъзида бир-биридан фарқлаб бўлмайдиган, ҳафталар қўшилиб кетган, режалар мунтазам ўзгарадиган йил бўлди бу. Ҳафталар ичида ҳаёт яна изига тушади - шу бизнинг биринчи фикримиз эди.

Кейин ойлар, кейин эса балки йиллар кетар деб ўйладик.

Бу орада биз янги воқеликка мослашдик, уйдаги меҳмонхонамиз офисга, ётоғимиз синфхонага айланди. Аксарият одамлар учун тонгда ишга бориш километр эмас, метрлар билан ўлчанадиган бўлди. Баъзилар учун ўша метрлаб масофа ҳам йўқолди. Иш жойимиз дезинфекция қилинган қўлларимизга жо бўлди.

Ковид янгича турмуш тарзини яратди - белдан юқорига кийиниш ёки умуман кийинмаслик. Қаттиқ чоралар замонида кўпчилигимиз ўз қоидаларимизни юмшатдик. Душанба оқшомида ичкилик ичиш табу бўлмай қолди. Супермаркет пештахталаридаги шоколад ҳожатхона қоғозидек тезда тугаб қолди. Айбли лаззатлар аввалгидек айбли иш бўлмай қолди. Қаерда қулайлик бўлса, ўша ерни қидирдик, бунинг учун кўп юришимиз ҳам шарт бўлмай қолди.

Айни муҳтож бўлган вақтимизда қўл бериб кўришиш билан бирга қучоқлашиш ҳам кетди. Маҳзунлик ва йўқотишларга тўла бўлган, бир-биримиздан мажбуран бегоналашган бир вақтимизда меҳр танқислиги синдромига ҳам йўлиқдик.

Қўл бериб кўришишдан чўчиб қолдик

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қўл бериб кўришишдан чўчиб қолдик

Буни қарангки, ижтимоий масофа сақлаш янги турдаги яқинликни пайдо қилди. Кўпчилигимиз кўпроқ вақтимизни яқинларимиз, оиламиз билан ўтказа бошладик. Ва эҳтимол, ҳаётимиз шахсийлашгани сари янада дилкаш бўлиб қолдик. Эҳтимол, сиз ўзини йиллаб, баъзида ўн йиллаб кўришмаган одамларини қайта топгандек ҳис қилаётганлар билан айни бир турдаги туйғуларни бошдан кечираётгандирсиз.

Онлайн топишишлар ўзига хос виртуал бошпана бўлиб қолди. Узоқ вақт давомида кўришмаган дўстларимизни ўтмишдан излаш учун бугунги кунимиздан бир лаҳза узоқлашдик. Миллиятчилик ностальгияси бугунги кун сиёсатининг моторига айланди, аммо бу шахсий хотираларни - бирга саёҳат қилишимиз мумкин бўлган, спорт мусобақаларини трибуналарда елкамиз елкамизга тегиб томоша қилган, никоҳ ва жаноза маросимларида битта ўриндиқда ёнма ён ўтирган кунларимиз ҳақидаги хотираларни уйғотди.

Ниқобланган оғизларимиз янги сўзларни - пандемия шевасида гапира бошлади. "Ижтимоий масофа сақлаш" каби янги иборалар, "Zoom қилиш" каби феъллар пайдо бўлди. Янги кўнгилочар машғулотлар пайдо бўлди. Айрим эркаклар нон пиширишни тажриба қилиб, ҳар бир пиширган нонини суратга олиб ижтимоий тармоққа муҳрлай бошлади.

Мотамлар ҳам юз ниқобида ё масофавий ўтадиган бўлди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мотамлар ҳам юз ниқобида ё масофавий ўтадиган бўлди

Мен бу ерда тасвирлаганларим коронавирус турмуш тарзини яшаётган имтиёзли озчиликнинг Ковидга юқоридан қараши ифодасидир.

Миллионлаб оилалар учун 2020 йил нон ёпишни тажриба қилиш эмас, бир бурда нонни стол устига қўйиш учун кураш йили бўлди. Нью Йоркда муҳожир оилаларнинг арзимаган рацион - сэндвич ва олма шарбати олиш учун беш соат навбатда турганини кўрдик.

Шаҳар ташқарисида ўрта синф оилалар ўзларининг BMW, Mercedes ва йўлтанламас машиналарида озиқ овқат келишини кутиб ўтирганини кўрдик. Метроларда эса уйсиз одамлар гавжум бошпаналардан касаллик сабабли қўрқиб қочиб, араваларни ётоққа айлантирганини ҳам кўрдик. Қашшоқлик касалликни қанчалик тарқатса, касаллик ҳам қашшоқликни шунчалик кўпайтирди.

Маҳаллий даражада ҳаракат қилишга мажбур бўлсак да, глобал манзарадан - шимолий Италиядаги касалхоналар Ренессанс даври картиналарида тасвирланган жаҳаннамга ўхшаб қолгани, Папа ўзининг айвонидан бўм бўш авлиё Питер майдонига қараб тургани, Нью Йоркдаги оммавий қабрларнинг Ўрта асрларга хос кўринишидан узоқлашмадик.

Аммо кўп томонлама ҳамкорлик ҳақида тинмай гапираётганимизда, стероидлар масаласида ўз бошимчаликка гувоҳ бўлдик. Янги дори ва даволаш йўллари устидаги тадқиқотлар Совуқ уруш давридаги фазо учун мусобақага ўхшаб қолди. Биз "вакцина миллатчилиги" тушунчасини муомалага киритдик, ҳукуматлар глобал манфаатга зарар бериб, узоқни кўрмасдан фақат ўз фуқароларини эмлашга диққат қаратди.

Ўзининг 75 йиллигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти четга суриб қўйилди, унинг Хавфсизлик кенгаши Вашингтон ва Пекиннинг адовати сабабли фалажланиб қолди. Аммо дунёнинг энг кучли икки давлати - на Хитой ва на АҚШ ўзи ёлғиз глобал етакчилик ролини ўйнай оларди.

БМТнинг асосий ташкилотларидан бири бўлмиш Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти глобал пандемия сиёсати тузоғига тушди, Хитойга нисбатан етарлича қаттиқ муносабатда бўлмагани учун танқид ўқига тутилди, унинг йирик донори Вашингтон маблағ ажратишни тўхтатиб қўйди.

Аёл етакчилар инқирозни яхшироқ, усталик билан бартараф қила олишига керагича кучли далиллар тўпланди. Ангела Меркелнинг Германияси, Жасинда Ардерннинг Янги Зеландияси, Цай Инвэннинг Тайвани ва Метте Фредериксеннинг Данияси.

Аксинча, популистик тўлқинлар оша ҳокимиятга келган хўрозланган президент ва Бош вазирлар бошқарган давлатларда аҳвол оғир бўлди. Дональд Трампнинг Америкаси, Жаир Болсанарунинг Бразилияси ва Борис Жонсоннинг Британияси. Бу вирусдан қутилиб бўлмади.

Пандемия вазияти оғирлашаётганига қарамасдан АҚШ президенти кўп сонли йиғилишларни уюштирди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пандемия вазияти оғирлашаётганига қарамасдан АҚШ президенти кўп сонли иштирокчи йиғилган тадбирларни уюштирди

2020 йил миллий стереотиплар қанчалик вақтни тежашини яна бир бор ёдга солди. Германия яхши эплади. Австралия ва Янги Зеландия нафақат жўғрофий жиҳатдан алоҳидаликдан наф кўрди, балки тўкис ишловчи бюрократияси ҳам иш берди. Жанубий Корея эса ўтган ўн йил ичида бир марта бўлсин Сеулда учоқдан тушган ҳар бир одам гувоҳи бўлган нарсани - 21 аср учун самарадорлик модели, бюрократик ва маданий марказ эканини яна бир бор кўрсатди.

2020 йил глобал қудратлар мувозанатида тектоник силжишлар бўлганини ҳам кўрди. Американинг инқирозга жавобини кўриш унинг реал вақтда чўкишини кўриш билан баробар бўлди. Трамп маъмуриятининг пандемияни назорат қилиши ўтган 100 йилда АҚШнинг ўз ички сиёсатидаги энг фожеали муваффақиятсизлик бўлди.

Ковид Американинг яширин касалликларини очиб юборди - ҳукуматнинг заифлиги, илм фаннинг чўкиши, ақлнинг чўкиши, ҳамма нарсани сиёсийлаштириш, икки тур реалликнинг - фактга асосланган ва ғайриилмий чўпчакка асосланган реалликларнинг вужудга келгани.

Аксинча, Хитойда вируснинг пайдо бўлиши Пекинни анча тетиклаштирди. Айниқса, яқинда унинг Австралияга ўз мушакларини қандай кўрсатиб қўйганини кўринг. Си Цзиньпиннинг назарида, Австралия Ковид 19 келиб чиқиш сабабларини халқаро текширишга чақиришда фаоллик қилмоқда. Агар бу Хитой асри бўлса, Доналд Трамп ибораси билан "Хитой вируси" шунчаки Америкага қақшатқич зарба бериш билан Хитойнинг олға интилишини тезлаштирди.

Супермаркетга кириш учун дўкон аравасида навбат кутиб турган инсонлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ковид бошқа трансмиллий таҳдидларга ҳам эътибор қаратди. Дунё пандемия билан бирга инфодемия билан ҳам курашди. Дезинформациянинг саратондек тарқалиши онлайн дунё учун офат бўлди.

Хўш, глобаллашув ҳақида нима дейиш мумкин? Дунёни боғлаган ришталар узилгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо бу 1990 йилларда айтилган, либерал демократиянинг ғалабасига элдан бурун ноғора чалган "тарихнинг поёни" тезисини ёдга солади. Совет коммунизми мағлуб бўлгач, глобаллашув суръати ошиб кетгани каби коронавирус жиловлангач, у яна аввалги тезлигини тиклаб олиши кутилмаган ўзгариш бўлмайди.

Ўзимнинг шахсий нуқтаи назаримдан келиб чиқиб айтсам, ўзим ва аёлим бу вирусга чалинган бўсак да, деразамиз ташқарисида овози тинмай ўтаётган тез ёрдам машиналари бир кун бизнинг ҳам эшигимиз тагида тўхташидан қўрқиб яшаган бўлсак да, 2020 йилга энг ёмон йил деб қарай олмайман.

Чунки атиги бир неча ой ўтиб, нафаси сиқиб, гапини тугатишга қийналган ўша ётоғимизда Флер қизимиз Ҳонорни дунёга келтирди. Бизнинг Ковид чақалоғимизни. Бизнинг карантин чақалоғимиз сал наридаги кўчада ирқчиликка қарши намойишлар ўтаётган чоғда дунёга келди. Бизнинг 2020 чақалоғимиз.

Ўтган йил зиддиятли ва кучли ҳиссиётларга бой бўлди. Қўрқув ва истак йили бўлди. Хавотир ва шодлик йили бўлди. 2020 йилни ўз ҳаётларини йўқотганларни унутмаган ҳолда, янги дунёга келганлар учун шукроналик билан, бу офатни тугатганлик учун миннатдорлик билан эслаймиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek