COVID-19: Келаси йил қишида ҳаёт изига тушади, дейди вакцина яратувчиси – коронавирус, янгиликлар (видео)

Prof Ugur Sahin
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Янги COVID-19 вакцинасининг таъсири ёзда сезиларли даражага чиқади ва ҳаёт келаси қишгача ўз изига тушади, дейди уни кашф қилган олимлардан бири.

"BioNTech" ҳамтаъсисчиси профессор Угур Шаҳин бу йил қиш оғир келиши, чунки вакцина унгача инфекциялар сонига кераклича таъсир қилмаслигини айтди.

Ўтган ҳафта "BioNTech" ва унинг вакцина яратиш бўйича ҳамкори "Pfizer" бошланғич таҳлиллар уларнинг вакцинаси 90 фоиз одамни Ковид 19га чалинишдан ҳимоя қилишини кўрсатганини маълум қилган эди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Тахминан 43000 одам синовларда иштирок этган.

Британия бу йил охиригча 10 миллион доза қабул қилиши кутилмоқда. Яна 30 миллион дозага буюртма берилган. Вакцина уч ҳафта оралатиб икки дозада бир кишига қилинади.

Парваришлаш уйларидаги кексалар ва хизматчилар биринчи бўлиб эмланади, сўнг соғлиқни сақлаш хизмати ходимлари ва ёши 80дан ошганларга навбат келади. Сўнг одамлар ёшига кўра навбатга кўйилади.

Би би сининг Эндрью Марр Шоусида профессор Шаҳин вакцина қабул қилганлар орасида бир биридан касаллик ўтиши камайиши ва симптомлар ривожланмаслигига ишонишини айтди.

Унинг айтишича, вакцина касаллик юқишини икки баробар қисқартиради ва бу жуда катта таъсирга эга бўлади.

"Бундай жуда юқори даражада самарали вакцина касалликнинг одамдан одамга юқишини камайтиришига аминман, эҳтимол 90 фоизмас, 50 фоиздир, аммо шу ҳам пандемия кўламини юқори суръатда камайтиради", деб қўшимча қилади у.

Душанба куни дунёни биринчи эффектив вакцинаси яратилгани эълон қилингач, Оксфорд университети тиббиёт профессори Сэр Жон Белл ҳаёт баҳорга бориб изига тушишини тахмин қилаётганини айтганди.

"Эҳтимол буни биринчи айтаётган одамдирман, аммо буни бир қадар ишонч билан айтяпман", деди у.

Аммо профессор Шаҳин бунинг учун кўпроқ вақт кераклигини айтди.

Агар ҳаммаси режалангандек кетса, вакцина "шу йил охири ва келаси йил бошларида" етказиб берила бошлайди, деди у.

Апрелгача дунё бўйлаб 300 миллион дозада вакцина етказиб бериш кўзланяпти, "ана шу касаллик тарқашига таъсир қила бошлашимизга имкон беради", дейди проф. Шаҳин.

Унинг айтишича, катта таъсир кейин келади. "Ёз бизга ёрдам беради, чунки ёзда инфекция даражаси камаяди ва энг муҳими келаси йил кузи ва қишигача юқори суръатда эмлашларни амалга оширамиз."

Проф. Шаҳин келаси кузгача эмлаш учун барча тайёргарликларни кўриб қўйиш керак, деб таъкидлади.

Кучайтирувчи иммунизация

Вакцина қарияларда ҳам худди ёшларда бўлганидек самарали бўладими, деган саволга проф. Шаҳин келгуси уч ҳафтада бу борада яхшироқ ғоя билан чиқишини айтди.

Prof Ugur Sahin (L) and Dr Özlem Türeci

Сурат манбаси, © BioNTech SE 2020

Унинг айтишича, вакцинанинг иккинчи дозасидан кейин иммунитет қанча вақт сақланиши ҳали номаълум.

Аммо агар бир йилдан сўнг иммунитет сезиларли камайса, кучайтирувчи иммунизация "унчалик мураккаблик туғдирмаслиги керак", дейди у.

Проф. Шаҳиннинг айтишича, вакцинанинг шу пайтгача аниқланган "асосий ножўя таъсирлари" инъекция қилинган жойда бир неча кун енгил ёки ўрта даражада оғриқ бўлиши мумкин. Синовда иштирок этган айрим иштирокчиларда қисқа муддат тана ҳарорати бироз кўтарилиши кузатилган.

"Ўрганишларни тўхтатишга сабаб бўладиган даражада бошқа бирор жиддий ножўя таъсирларни аниқламадик", деб қўшимча қилди у.

Унинг вакцинаси ҳозирда охирги синовлардан ўтаётган 11 вакцинадан биттасидир.

У охирги хавфсизлик синовларидан ўтмагунча ва Дори ва Соғлиқни сақлаш маҳсулотлари давлат агентлигидан рухсат олмагунча Британияда қўлланмайди. Агентлик раҳбари вакцина ҳозир жуда зарур бўлса ҳам, унинг хавфсизлигига қўйиладиган талаб камайтирилмайди, деб айтди.

Бу орада Лейбористлар ҳукуматни интернетдаги анти вакцина пропагандага қарши етарли чора кўрмайтганликда айбламоқда ва бу борада фавқулодда қонун қабул қилишни талаб қилмоқда.

Улар вакцина ҳақида уйдирма қўрқитувчи маълумотларни ўчиришни истамаган ижтимоий тармоқ компанияларига қарши жиноий ва молиявий жазолар тайинлашга чақирмоқда.

Соя Соғлиқни сақлаш вазири Жонатан Ашворт тармоқлардаги бундай маълумотлар "одамларнинг хавотири, ташкилотлар ва ҳукуматларга ишончсизлигидан фойдаланаётгани, заҳар ва зарар тарқатаётгани"ни айтди.

У унинг партияси ҳукумат билан биргаликда жамиятда ишонч шакллантириш ва вакцинани ҳамма қабул қилишига эришиш учун ишлашни исташини айтди.

Ҳукумат вакцинага қарши контентларга қарши курашишга "ўта жиддий қараётгани" ва Facebook, Twitter ва Google дан "катта масъулият" кутишини билдирди.

Аксар ижтимоий тармоқлар сохта контентларни хато ва баҳсли эканидан огоҳлантиради, агар хизмат шартларига мувофиқ келмаса, постларни ўчиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek