Иқлим ўзгариши: Хитой ўрмонлари ўйлаганимиздан кўра кўпроқ углерод ютади

Logs

Сурат манбаси, SPL

Хитойнинг жуда фаол тарзда дарахтларни кўпайтириши унинг иқлимга ўтказаётган салбий таъсирини юмшатишда жуда муҳим роль ўйнаётган бўлиши эҳтимоли катта.

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи атмосферадаги углеродни ютиш даражаси аввал паст баҳолаб келинган мамлакатдаги икки ҳудуддаги янги ташкил қилинган ўрмонларни аниқладилар.

Биргаликда ҳисоблаганда, бу икки ҳудудга Хитойдаги углерод "ютилиши"нинг 35 фоиздан сал кўпроқ қисми тўғри келади, дейди тадқиқотчилар.

Тадқиқот ердаги кузатувлар ва сунъий йўлдош орқали олинган маълумотларга асосланган бўлиб, "Nature" илмий журналида эълон қилинди.

Углерод ютувчилар исталган бир резервуар - торф ерлари ёки ўрмонлар бўлиб, углеродни ўзидан чиқаргандан кўра кўпроғини ўзига сингдиради ва шу билан атмосферадаги CO2 гази концентрациясини камайтиради.

Хитой дунёдаги атмосферага энг кўп карбонат ангидрид чиқарувчи мамлакатдир, бу борада унинг ҳиссаси 28 фоизни ташкил этади.

Аммо яқинда Хитой 2030 йилгача бу газ эмиссияси ўз чўққисига чиқиши ва 2060 йилгача нейтраллашиши ҳақида маълум қилди.

Мамлакат бу мақсадга қандай етиши тафсилотлари аниқ эмас, аммо у қазилма ёқилғиларни ишлатишни камайтириш ва айни чоғда атмосферадан углеродни ажратиб олишни ҳам назарда тутиши аниқ.

"Хитой Президенти Си Цзиньпин яқинда эълон қилган 2060 йилгача Хитойнинг углерод эмиссиясини ноль даражага тушириш режаси энергия ишлаб чиқаришдаги улкан ўзгаришларни ва қуруқликдаги углерод ютувчиларни кўпайтиришини тақозо қилади", дейди Пекиндаги Хитой Фанлар академиясининг Атмосфера физикаси институтидан (АФИ) профессор, тадқиқот муаллифларидан бири И Лю.

"["Nature"даги] мақолада тилга олинган ўрмонлаштириш бу мақсадга эришишда роль ўйнайди", деди у Би-би-сига.

Хитойнинг яшиллашуви бир қанча вақтдан бери кўриниб бормоқда. Охирги ўн йилликларда чўллашув ва тупроқ нураши олдини олиш ҳамда қоғоз ва ёғоч саноатини ривожлантириш учун миллиардлаб дарахт экилди.

Yunnan forest

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой ўз ўрмонларини асраш ва кенгайтиришнинг йирик

Охирги тадқиқот бу янги кўчатлар ўсгач, қўшимча пайдо бўлган дарахтлар қанча карбонат ангидридни ютишини аниқлаштирган.

Охирги таҳлилда бир неча манбадан олинган маълумотлар ўрганилган. Улар ўрмончиликдаги ўзгаришлар бўйича рақамлар, ўсимликлар ва сув миқдорининг сунъий йўлдош орқали олинган ўлчовлари; касмосдан туриб қилинган CO2 гази кузатувлари ва ерда бевосита атмосферадан олинган намуналаридир.

"Хитой дунёдаги энг йирик CO2 гази чиқарувчилардандир, аммо унинг ўрмонлари бу газнинг қанчасини ютиши аниқ эмас", дейди АФИдан Цзин Ван. У мақоланинг етакчи муаллифларидан бири.

"Биз Хитой Метеорология маъмурияти тўплаган CO2 маълумотлардан фойдаланиб, Хитой ўрмонлари қаерда ва қанча миқдорда CO2 газини ютаётганини аниқлай олдик."

Аввал етарлича баҳоланмаган иккита углерод ютувчи ҳудуд Хитойнинг жануби ғарбида жойлашган - Юннан, Гуйжоу ва Гуанси вилоятлари ҳамда шимоли шарқида жойлашаган Ҳейлунцзян ва Цзилин вилоятларидадир.

Хитой жануби ғарбидаги қуруқлик биосфераси ҳозиргача ягона энг катта углерод ютувчи бўлган - улар йилига 0.35 петаграмм углерод ютади. Бу Хитой қуруқлик ҳудудида углерод ютилишининг 31.5 фоизидир.

Бир петограмм миллиард тоннадир.

Тадқиқотчилар айтишича, Хитой шимоли-шарқидаги биосфера мавсумий бўлиб, у углеродни фақат уйғоқ мавсумлардагина ютади, қолган вақтда, аксинча, чиқаради. Унинг йиллик баланси 0.05 петаграмм бўлиб, Хитойдаги қуруқлик углерод ютилишининг 4.5 фоизидир.

Бу рақамларни умумий манзарага қўйсак, Хитой 2017 йилда қазилма ёқилғилардан фойдаланиш оқибатида атмосферага умумий 2.67 петаграмм углерод чиқарган бўлади, деб қўшимча қилади олимлар.

Профессор Пол Палмер тадқиқотнинг Эдинбург университетидаги ҳаммуаллифидир. Ўрмоннинг углерод ютиш ҳажмидан одамлар ҳайратга тушиши мумкин, дейди у. Аммо космосдан ва атмосферанинг ўзидан бевосита олинган маълумотларнинг мувофиқ келиши таҳлил хулосаси тўғрилигига ишонч пайдо қилишини таъкидлайди профессор.

"Бу каби дадил илмий баёнотлар жуда катта далиллар билан дастакланиши керак ва биз айни шуни амалга оширдик", дейди Ерни кузатиш Миллий марказидан (NERC) бир олим "BBC News"га.

Хитойдаги углерод цикли ҳақида ишончли ва изчил тасвир ҳосил қилиш учун биз ердан ва ва сунъий йўлдошдан олинган маълумотлардан биргаликда фойдаландик."

Biomass artwork

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Биомасса миссияси углероднинг Ердаги заҳирасини аниқлашга ёрдам беради

Британиянинг Шеффилд университетидан профессор Шон Кеган Ердаги углерод балансини ўрганади, аммо бу тадқиқотда иштирок этмаган.

У Хитой шимоли-шарқида углерод ютилиши кўрсаткичидан ҳайратланмагани, аммо жануби-ғарб кутилмаган бўлганини айтди. Аммо у дарахтлар ўсишдан тўхтагач, ўрмоннинг углеродни ютиши секинлашиши ва тизим нисбатан турғун ҳолатга келишини таъкидлади.

"Бу мақола космосдан олинган турли маълумотлар бизнинг ердаги ўрганишлардан олган сийрак маълумотларимизга асосланган углерод цикли бўйича ҳисоб-китобларимизга бўлган ишончни қанчалик кучайтиришини кўрсатади", дейди у.

"Бу Париж битими бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда давлатларга янги авлод космик сенсорлардан фойдаланиш имкониятини намойиш қилади."

Профессор Кеган Европанинг режаланаётган Биомасса миссиясида иштирок этаётган етакчи олим. Ушбу миссия орбитадан туриб ўрмонларни ўрганувчи радар космик кемадир. У углероднинг дарахтларда, тупроқ ёки исталган бирор жойдаги заҳирасини аниқ айтиб бера оладиган бўлади.

Бу борадаги режаланган яна бир сунъий йўлдош лойиҳаси Европа Иттифоқи Сентинел миссияси (ҳозирги номи CO2M) атмосферадаги CO2 газини ўта юқори аниқликда ўлчай олади.

Ричард Блэк иқлим ўзгариши ва энергия масалаларини ўрганувчи Энергия ва Иқлимни кузатиш нотижорий маркази директори.

"Хитой углерод эмиссиясини нолга олиб келиш истагини билдирган экан, бунинг учун мамлакатнинг углерод ютиш ҳажмини билиш жуда аҳамиятли. Шу жиҳатдан тадқиқот муҳим бўлган", дейди у.

"Шунга қарамай, гарчи ўрмонларнинг углерод ютиш даражаси ўйлаганимиздан каттароқ бўлиб чиққан бўлса ҳам, буни ноль даражадаги эмиссияга етиш учун осон йўл деб қарамаслик керак. Бир томондан, углерод ютилиши фақат CO2 газларининг эмас, бошқа иссиқхона газларининг ҳам чиқарилишини компенсациялаши керак. Бошқа томондан, Хитой ўрмонларининг углерод баланси бошқа ҳудудлар, дейлик, Калифорния, Австралия ва Россиядаги иқлим ўзгариши таъсири сабабли йўққа чиқиши мумкин."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek