Коронавирус қишда қанчалик ёмон бўлади?- Koronavirus

Коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Жеймс Галлахер
    • Role, Би-би-сининг соғлиқни сақлаш ва илм-фан бўйича мухбири

Қиш яқинлашиб, мавсум алмашаркан, коронавирус пандемияси биринчисидан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкинлигидан хавотирлар кучайиб бормоқда.

Коронавирусли қишни олдиндан башорат қилиш қийин ва ҳали кўпгина жиҳатлар қоронғу бўлса-да, бир томондан хавотирга соладиган, иккинчи тарафдан эса, кўнгилни хотиржам қиладиган айрим сабаблар бор.

Шимолий ярим шарда қишнинг қанчалик ёмон келиши фақат коронавирус эмас, балки қишда пайдо бўладиган бошқа вируслар, ўзимизни қандай тутишимиз ҳамда ҳукуматлар олиб бораётган сиёсатнинг қанчалик муваффақиятли ё-да муваффақиятсиз бўлишига боғлиқ.

Бундан ташқари, бир вирус келтириб чиқарган инфекциянинг бошқа вирус томонидан блокланишига доир нисбатан янги илмий маълумотлар ҳам бор. Аммо бунинг коронавирусда қанчалик иш бериши ҳали охиригача ўрганилмаган.

Коронавирус қишда кўпроқ тарқаладими?

Бу саволга ҳозирча расман жавоб берилмаган бўлса ҳам, бошқа вируслар ҳақидаги маълумотларга таянган ҳолда, "ҳа" деб жавоб беришимиз мумкин.

Covid-19ни келтириб чиқарган янги коронавирусдан ташқари, шамоллаш симптомларига сабаб бўладиган яна тўрт хил коронавирус мавжуд. Бундан ташқари, грипп, риновирус ҳамда нафас йўлларига таъсир ўтказувчи РСВ (Респиратор-синцитиал вирус) вируслари ҳам бор.

Лондондаги Гигиена ва Тропик (иссиқ мамлакатлар-таҳр.) касалликлар институтидан доктор Рэйчел Лоунинг айтишича, қишда авжига чиқадиган бошқа вирусларга қарайдиган бўлсак, мавсумий таъсир ҳақида сўз юритиш ўринли.

"Аммо бунинг сабаби об-ҳаво шароитларими ёки одамларнинг ҳаракатларими, бу ҳақда аниқ хулоса йўқ", дейди олима.

Барча вируслар совуқ ҳавода инсон танасидан ташқарида узоқроқ вақт яшайди. Британия ҳукуматининг Фавқулодда вазиятлар учун илмий-маслаҳат гуруҳи (Sage)га кўра, коронавирус учун идеал ҳарорат +4 градус.

Қолаверса, қишда вируснинг фаоллигини пасайтирадиган Қуёш ультрабинафша нурлари кам бўлади.

Қишда кўп вақтни ёпиқ бинода ўтказамиз; деразалар ёпиб қўйилгани учун ҳаво айланиши кам. Бутун бу омиллар коронавируснинг тарқалишига ёрдам беради.

Британия Тиббиёт Академияси тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, энг пессимистик тахминларга кўра, бу йил қишда мамлакатда 250 мингдан ортиқ ўлим ҳолатлари бўлиши мумкин.

Вирусга чалинган одамнинг қанча одамга юқтиришини ҳисоблаш учун қўлланиладиган "R" (репродукция-таҳр.) даражаси бунда асосий рол ўйнаши айтилади.

Ҳозирда 1 дан пастда бўлган "R" сонининг қишда 1.7га кўтарилиши кутилади.

Карантиндан аввал Британияда "R" они 3 дан баланд бўлган.

Лондон Империя коллежидан профессор Кэнди Барклейнинг айтишича, одамларнинг хавотирларида жон бор.

"Иккинчи тўлқин юз бериши эҳтимоли баланд. Жамоа иммунитети даражасига чиққанимиз йўқ ва иккинчи тўлқин учун қиш жуда қулай вақт. Ҳозирда катта бир мавҳумлик олдида турибмиз ва иккинчи тўлқин ёмонроқ бўлиши мумкин", - дейди британиялик олим.

Ҳозирда Британия аҳолисининг 5 фоизи коронавирусга чалингани, 95 фоиз аҳолининг вирусга қарши ҳеч қандай иммунитети йўқлиги айтилади.

Вирус назоратдан чиқиб кетганида нималар бўлишини АҚШ мисолида кўрса бўлади.

Грипп ва бошқа вируслар

Қишда коронавирус билан бирга грипп инфекцияларининг ҳам тарқаши борасида хавотирлар мавжуд.

Аммо бу борада аниқ маълумот йўқ ва нормал қоидалар қанчалик иш бериши ҳозирча номаълум.

ateşte ısıtılan ayaklar

Сурат манбаси, Getty Images

Коронавирус пандемияси боис кўрилган чоралар - қўлни тез-тез ювиш, ижтимоий масофа, тиббий ниқоб, уйдан ишлаш ва ҳоказо) бошқа вирусларнинг тарқалишига ҳам таъсир кўрсатади.

Масалан, Гонконгда коронавиурс сабаб киритилган чекловлар бошқа вирусларнинг тарқалишини ҳам жиловлаган.

Ҳозирда қиш мавсумини бошдан кечираётган Австралияда эса грипп деярли қайд этилмагани ёки одатдагидан кечроқ бошланганини кўриш мумкин.

Профессор Барклейнинг айтишича, "ижтимоий масофа гриппни камайтирган бўлиши мумкин, аммо бунга ишониб қололмаймиз".

Коронавиурс симптомларига ўхшаш иситма ва йўтани келтириб чиқарадиган грипп авж оладиган бўлса, кўпроқ одамни тест қилишга тўғри келади.

Шунинг учун ҳам Британияда тестлар сонини кунига 500 мингга чиқаришў ва имкон қадар кўпроқ одамни гриппга қарши эмлаш чоралари кўрилмоқда.

koronavirüs

Сурат манбаси, Getty Images

Вируслар қўшилиб кетса нима бўлади?

Илмий доираларда энг кўп қизиқиш уйғотган мавзулардан бири Sars-CoV-2 номи берилган янги коронавируснинг қишда бошқа вируслар билан қандай алоқага киришиши мавзусидир.

Нафас йўлларига таъсир кўрсатувчи вирусларнинг ҳаммаси инсон организмидаги айни жойларни нишонга олади - бурун, томоқ ва ўпкадаги ҳужайралар. Бу эса вируслар ўртасида рақобатга олиб келиши мумкин.

Тадқиқотларга қаралса, юқумли инфекцияларнинг бири иккинчисини "ўйиндан чиқариб юборган" ҳолатларни кўриш мумкин.

BBC

Мисол учун, 2009 йилда тарқаган бир вирус Европада чўчқа гриппининг ёйилишини кечиктирган бўлиши мумкин, деб ишонилади.

Зотан, бир инфекцияга нисбатан пайдо бўлган иммунитет тизими иккинчи инфекцияни ҳам тўхтатиб қолишга қодир.

Глазго Университети профессори Пабло Мурсианинг айтишича, бир инфекция инсонга юққан пайти иммунитет тизими реакция кўрсатади ва яллиғланиш пайдо бўлиши мумкин.

"Худди шу илк реакция маълум муддат организмни айрим вируслардан ҳимоя қила олади", - дейди профессор.

Бироқ худди тадқиқотларнинг ўзи баъзи вируслар бир вақтнинг ўзида биргаликда тарқала олишини ҳам кўрсатмоқда. Хўш, бу мураккаб манзарада янги коронавирус қандай ҳаракат қилиши мумкин?

"Қўлимиздаги маълумотлар гриппнинг бир вақтда бошқа турдаги инфекциялар билан қўшилиб юқиши камдан-кам юз берадиган ҳодиса эканини кўрсатмоқда. Шунинг учун ўйлайманки, Sars-CoV-2 билан грипп қўлишиб кетмайди", дейди доктор Мурсиа.

Ҳар икки вирусдан бирданига зарарланиш ҳоллари жуда камлиги айтилади. Бундай ҳолатлар битта вирусдан зарарлангандан кўра ёмонроқ оқибатларга олиб келиши маълум.

Айни пайтда доктор Мурсианинг айтишича, коронавируснинг бошқа турлари РСВ (Респиратор-синцитиал вирус), аденовирус ва баъзи парагрипп вируслари билан бир вақтда инфекцияга сабаб бўлгани кузатилган.

"Бугунги кунимиздан ва келажакдан хавотирдаман", дейди у.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek