Коронавирус бўлган одамларга у қайта юқмайди деган кафолат йўқ - Дунё ва Ўзбекистон O'zbekiston

Вирусга текшириш

Сурат манбаси, Reuters

ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) коронавирус юқтирган одамларни вирусдан ҳимояланган, деб бўлмаслигини айтмоқда.

Одатда, бирон вирус юқтирган инсонда ўша вирусга қарши муайян иммунитет шаклланади.

Аммо коронавирус ҳақида ҳали бундай, деб бўлмайди.

"Covid-19 бўлиб, тузалиб, аксилтаначалар шаклланган одамлар яна қайта вирусни юқтирмаслигига бирон далил йўқ" - дейди ЖССТ ўз баёнотида.

ЖССТнинг огоҳлантиришича, ҳукуматлар энди Covid-19 бўлган одамларда вирусга қарши иммунитети бор ва улар ишга қайтишлари ёки жамоат транспортидан бемалол фойдаланишлари мумкин, деган хавфсизлик гувоҳномаларини бермасликлари лозим.

ЖССТ бунинг оқибатида янги касаллар сони ошиб кетишидан хавотирда.

Дунёда 2.8 миллиондан кўпроқ инсон коронавирусни юқтирди, қурбонлар сони 200 мингдан ошиб кетган.

Аксилтанача бор, ҳимоя йўқми?

Лабораторияда

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Коронавирусни қайта юқтириш мумкинми?

Ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, коронавирус юқтирган одамларда аксилтанача бор, бироқ айримларда бу аксилтанача даражаси жуда паст.

Бундан келиб чиқадиган фаразларга кўра, бемор тузалиши учун унинг танасидаги иккинчи ҳимоя механизми, яъни Т-тўқималари ёки Т-лимфоцитлари ўта муҳим.

Чунки улар тўқима иммунитетини бошқаради ва бегона тўқималарни яксон этади.

Бироқ ЖССТ баёнотига кўра, янги SARS-CoV-2 коронавирусини юқтирган инсон қонида пайдо бўладиган аксилтаначалар бу одамнинг қайтадан айни вирусни юқтирмаслигини кафолатлаши ҳали исботланмади.

Коронавирус илк пайдо бўлган кезларда Осиёда, хусусан, Японияда вирусдан тузалиб чиққан одамлар уни қайтадан юқтириб, яна касалхонага тушган ва ҳатто оламдан ўтгани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди.

Кейинроқ олимлар бу беморлар қайта юқтирмаган, балки танасидаги вирус қайта қўзиган бўлиши мумкиндир, деган фаразни илгари суришган.

Бироқ вирус тобора кўпроқ ўрганиб бориларкан, унга оид янгидан-янги ҳақиқатлар ҳам очилиб бормоқда.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek