Ўзбекистон ва дунё: Коронавирус пайти кимлар ва қандай чилла тутиши керак?

BBC
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон ҳам ўзининг 34 миллионлик аҳолисини уйда ўтиришга ундаркан, баъзи тоифа одамлар ҳатто уйдагиларидан ҳам ўзларини ажратишлари лозим бўлади.

Ҳозир бутун дунёда айни шу тоифа инсонларга иложи бўлса ўзларини 3 ойгача бошқалардан ўзларини ажратиш , яъни чилла тутиш тавсия қилинмоқда.

Ўзбекларда чақалоқ ёки янги келин-куёвлар учун азалий 40 кунлик чилла бор.

Бироқ коронавирус чилласи илмий жиҳатдан фарқланади ва ўз қонун-қоидалари бор.

Энг асосийси, қайси тоифа одамлар 3 ойгача ўзларини бошқалардан ажратишлари керак?

Коронавирус кимларни кўпроқ ўлдирмоқда? Видео:

Кимлар хавф остида?

Би-би-си Саломатлик муҳаррири Мишель Робертс хавф остидаги гуруҳларни алоҳида ажраади:

•Саратон касалига чалинган ва кимёвий терапия (химиотерапия) олганлар;

•Иммун тизимини босувчи, яъни иммуносупрессия дориларини қабул қилганлар;

•Тана узвлари трансплантация қилинган, яъни кўчириб ўтқазилганлар;

•Юрак касали бор ҳомиладор аёллар;

•Оғир нафас йўллари ҳасталиги бор инсонлар - пуфакчали (ўсмали) фиброз, астма ва сурункали обструктив ўпка касалига чалинган одамлар;

•Оғир комбинацияли иммунитет етишмаслигидан азият чекаётганлар.

Бу одамлар 12 ҳафта ёки 3 ойгача ўзларини бошқалардан ажратишлари керак.

Коронавирусдан ўлим ҳоллари паст, яъни 1-2% бўлса-да, юқорида келтирилган касаллар ва 70-80дан ошган кексалар орасида ўлим кўрсаткичлари беш бараваргача баланд бўлаётгани айтилади.

Коронавирус чилласи қандай тутилади?

Коронавирус чилласи чақалоқ ё келин-куёвга тутиладиган 40 кунлик удумдан буткул фарқли.

Унда фақат тиббий тавсия ҳамда хулосаларга таянасиз:

•Юқорида эслатилган касаллар ва кексалар доим уйда қолишади;

•Бозор, дўкон ва дорихонага ва, умуман, кўча-кўйга чиқмайдилар;

•Биров билан юзма-юз кўришиш мумкин эмас;

•Меҳмонга бориш ёки уйда меҳмон кутиш йўқ;

•Фақат шифокор ёки касалга қаровчи шахс барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда, қўлларини совунлаб ювиб ёки антисептик билан тозалаб, юзларига ниқоб тақиб, буинсонларнинг олдига киришлари мумкин, холос;

•Йўтали ё ҳарорати бор ҳеч ким уларнинг ёнига яқин келмайди.

Уйдагилар нима қилишсин?

Ўзбекистонда оилалар катта, баъзан уч авлод, ота-она, келинлар ва неваралар кўпчилик бўлиб, бир уйда яшашади.

Шу боис уйдагилар ҳам баъзи чоралани кўришлари керак:

•Юқорида эслатилган бирон касалга чалинган бемори бор ёки кекса ота-онаси билан яшайдиган хонадон вакиллари иложи бўлса, уйдан ишлашлари лозим.

•Жамоат транспортига иложи борича чиқишмасин;

•Қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан юзма-юз алоқани йиғиштириб турган маъқул;

•Кекса ота-онаси ва юқоридаги бошқа касалга чалинган оила аъзосидан ўзини икки метр узоқда тутишсин.

•Битта хонада, ошхона ёки ҳаммомда улар билан узоқ муддат бирга қолишмасин;

•Хоналар, ошхона ва ҳаммом ҳам деразаси очилиб, ҳаво алмаштириб турилиши керак;

•Иложи бўлса, битта хонага бирга кирманг, иккита ҳожатхона ёки ҳаммом бўлса, алоҳида фойдаланинг;

•Сочиқ каби шахсий гигиена буюмлари алоҳида бўлиши муҳим.

•Чойнак-пиёла, қошиқ, коса ва ликопчаларни алоҳида қилган маъқул.

•Эшик тутқичлари, бошқалар қўли тегадиган буюмлар ва хонтахта устини тозаловчи моддалар билан хавфсизлантириб туриш жоиз.

Ачом-ачом йўқ

Нафақат юқорида қайд этилган сурункали касалга чалинганлар, балки кексалар (65-70 ёшдан ошганлар), юрак қон томир ва қанд касали бор инсонлар ҳам ўзларини бошқалардан иҳота қилишлари фойда беради.

Коронавирус ёш болаларда, хусусан, 9 ёшга тўлмаганларда анча енгил ўтаётгани ва ўлим ҳоллари деярли учрамаётгани ҳам қайд этилди.

Бу, албатта, жуда яхши хабар.

Аммо ёш болани бирон сурункали касалга чалинган ва кекса қариндошлардан узоқ тутиш даркор.

"Бувижон, бобожон" деб уларнинг бағрига ўзини отган невара билмасдан, кексаларга коронавирус юқтириши эҳтимолини кўзда тутиш лозим.

Ёш болада енгил ўтган касаллик кекса ё касал одамни қулатмайди, деган кафолат йўқ.

BBC