Жинсий тегажоғ раҳбаридан шикоят қилгани учун қамалди

Baiq Nuril Maknun is sentenced to six months in prison for violating a controversial law against spreading indecent material in November 2018

Сурат манбаси, AFP

Индонезиялик муслима ўқитувчининг мактаби директори бўлган эркак устидан жинсий тегажоғлик ҳақида қилган шикояти ўзининг қамалишига олиб келгани оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилди.

Индонезия олий маҳкамаси Баиқ Нурил Макнунни олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Ўтган йили ноябрида қуйи маҳкама Баиқ Нурил Макнунни "беадаб материал"ни тарқатишда айбдор деб топган олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Бу ҳукмдан норози бўлган аёл Индонезия Олий Судига аппелляция шикояти билан мурожаат қилган, бироқ олий маҳкама олдинги ҳукмни ўз кучида қолдиришга қарор қилди.

Ҳодиса 2015 йилда рўй берган.

Баиқ Нурил Макнун Индонезиянинг Ломбок оролидаги Матарам шаҳридаги мактабда дарс берган.

Мактаб директори бўлган эркакнинг жинсий яқинликни истаб қилган тегажоғликлари жонига тегиб кетганидан Баиқ Нурил директорнинг ўзининг мобил телефонига қилган қўнғироғидан бирини ёзиб олади.

Ушбу аудио ёзув мактабда ишлайдиган ходимлар орасида тарқалиб кетади ва маҳаллий маориф бўлими раҳбарияти ҳам бундан хабар топади.

Шунингдек, аудио ёзув социал тармоқларда кўп тарқалади.

Лавозимидан бўшатилган мактаб директори Баиқ Нурил Макнун устидан полицияга шикоят қилади, аёлни ўрталаридаги суҳбатни ёзиб олиб тарқатишда айблайди.

Олий Суднинг энг сўнгги қарорига кўра, Баиқ Нурил Макнун Индонезиянинг Электрон маълумотлар ва уларни тарқатиш ҳақидаги қонунида кўзда тутилган "беадаб материални тарқатиш"да айбдор деб топилган, аппелляция судида ўзининг айбсизлигини исботлайдиган янги исбот-далил тақдим этмаган.

Олий суд аёлни 500 миллион Индонезия рупияси(35000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага ҳам тортган.

Баиқ Нурил эса телефон суҳбатини ўзига нисбатан бўлаётган жинсий тегажоғлик ҳолатини исботлаш мақсадида ёзиб олганини, ўзи тарқатмаганини, аудио ёзувни бир дўсти мобил телефонидан кўчириб олганини айтган.

Сўнгги ҳукм Индонезия жамиятида кўпчиликни ғазаблантирди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари олий суд қарорига норозилик билдирмоқдалар.

Мамлакат қонунчилигига биноан, президент олий суд қарорини бекор қилиши мумкин.

Бироқ Макнун хоним адвокатлари президентга мурожаат қилмоқчи эмасликларини, чунки у жиноят содир этмаганини айтганлар.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, олий суд қарори жинсий тегажоғликдан жабр кўраётган аёлларга "хавотирли мужда йўллайди".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek