Дунё: Сурия судлари филм ёрдамида дамашқликларни ажрашишдан сақлаб қолмоқчи

A couple in a market

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Дунёдан янгилик
    • Role, Би-би-си Мониторинг

Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги судлар ажрашиш учун ариза топширган жуфтликларга филм қўйиб бериш орқали уларни бундай қарордан қайтаришга уринмоқчи. Мамлакат адлия вазири Ҳишам ал-Шаърга кўра, филм ажрашган оилаларнинг кейинги аянчли тақдиридан ҳикоя қилади.

Жаноб ал-Шаър филмда ота-онаси ажрашиши оқибатида кўчаларда сарсон қолиб кетган болаларни кўриш мумкинлигини айтади.

Хабар эълон қилингандан сўнг айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унга нисбатан киноя оҳангида изоҳ билдира бошлаган.

"Жуфтликларга 'Ўгай онаʼ филмини қўйиб беришса керак, ҳойнаҳой," ҳазил қилган бир фойдаланувчи.

"Ажрашишдан олдин 'Титаник'ни қўйиб беришларини сўрасам бўлармикан?" савол қолдирган яна бир бошқа фойдаланувчи.

Бироқ бошқа одамлар мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаган, унинг ажойиб ғоя эканини таъкидлаган.

Уруш ва ажрашиш

Мамлакат 2011 йилда фуқаролар уруши домига тушиб қолганидан буён сурияликлар орасида ажрашиш даражаси ошиб бормоқда. Бунга, асосан, мамлакат ичида кўчиб юришга мажбурлик ва иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлаётгани айтилади.

Пойтахт Дамашқдаги судлардан бирига кўра, сўнгги йилларда жуфтликлардан бирининг қаердалиги, ҳаёт ёки йўқлиги номаълум бўлган ажрим ишлари сони кўпайиб бормоқда.

Шунингдек, ҳукумат аёлларга ажрим юзасидан мустақил ариза топшириш ҳуқуқини бериши ортидан ҳам ажралаётган оилалар сони ошиб бормоқда. Бунга қадар аёл ажрашишга ариза бериш учун эридан рухсат сўрашга мажбур эди.

Нуфузли суд тизими мулозимларидан бири, ҳакам Маҳмуд ал-Маравий янги тартиблар жорий этилганидан бери «ажрашиш ҳуқуқидан фойдаланаётган аёллар» сони 70 фоизга ортганини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek