Ўзбекистон: Advice.uz билан қонунбузар ҳокимларни жиловлаб бўладими?

www.advice.uz портали

Сурат манбаси, www.advice.uz

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўзбекистонликларга бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган www.advice.uz порталини ишга туширди.

Адлия вазирлиги маълум қилишича, www.advice.uz Интернет саҳифасида Ўзбекистоннинг меҳнат, оила, ижтимоий ҳимоя, солиқ, уй-жой, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа соҳалардаги қонунчилиги ҳақида маълумот олиш мумкин.

Ушбу портал Буюк Британиянинг машҳур "Citizens Advice" тармоғи тажрибалари асосида яратилгани хабар қилинди.

Вазирлик келажакда Ўзбекистоннинг ҳар бир туман ва шаҳрида "Advice.uz"нинг маслаҳат бюроларини очишни мўлжаллаётгани, у ерда оддий одамлар турли ҳаётий масалалар юзасидан бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари мумкинлигини айтмоқда.

Ушбу портал Ўзбекистонни ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясидаги 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастури ижроси доирасида йўлга қўйилган.

Давлат дастурида Адлия вазирлигига фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган "Advice.uz" интерактив ахборот порталини ташкил этиш вазифаси юкланган эди.

www.advice.uz порталида Ўзбекистоннинг меҳнат қонунчилиги ҳужжатлари билан ҳам танишиш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларини менсимайдиган ҳоким "мени қурилиш ёки ободонлаштириш ишларига мажбурласа, нима қилишим керак?", деган саволга жавоб топиш мумкин.

Аммо Ўзбекистонда ҳамма ҳам Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эмас: бунга Интернет нархи ва саводхонлик таъсири сезилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek